Асосий мавзулар
13 май 2023

Муҳаммад Солиҳнинг қизил олмаси – Бу дунё эшигининг калити Марказий Осиёдир

2022 йил  22 Июл кун  ўзбек шоири ва сиëсатчиси Муҳаммад Солиҳни  Туркиянинг Ёлова шаҳридаги «Турк Дунёси сиёсатчилари учрашуви» номи остида халқаро конференцияга таклиф қилишди.

Муҳаммад Солиҳ у ерда  ўқиган  нутқ бугун дунëда янгидан формалашаëтган сиëсий фазода долзарблик касб қилгани боис Элтуз уни тўлиғича сизнинг эътиборингизга тақдим этади.

ҚИЗИЛ ОЛМА

2021 йилда Турк дунёсида муҳим воқеа юз берди. “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши”нинг номи “Турк давлатлари ташкилоти” деб ўзгартирилди.

Бу ҳолат баъзилар учун аҳамиятли бўлиб кўринмаслиги мумкин, лекин узоқ йиллар Турк Иттифоқини орзу қилган биз каби хаёлпарастлар учун бу муҳим воқеа бўлди.

Совет мафкураси биз, Марказий Осиё туркларига “туркий халқлар” деб лақаб қўйди. Тилимиз учун “туркий тил” иборасини ишлатдилар. Бу атамалар араб миллатини “арабий”, форс миллатини “форсий” дейиш каби бемаъни эди.

Турк дунёси интеграцияси йўлидаги илк қадам 2009 йилда Бокуда қўйилган эди. Бир ташкилот тузилди. Биз жуда хурсанд бўлдик. Лекин бу тузилган ташкилот ҳам руслар ўйлаб топган “Туркий тилли давлатлар кенгаши” номи билан аталди.

Ниҳоят, 2019 йилда ушбу ташкилот ўз номини олди: “Турк давлатлари ташкилоти”.

Бу биз учун ҳақиқатан ҳам муҳим воқеа эди. Чунки бу турк менталитетидаги катта ўзгаришларнинг рамзий инъикоси эди. Бу – “биз туркий эмасмиз, биз туркмиз” дегани эди.

Ҳа, сўнгги йилларда турк жамиятларида бу ўзгаришни кузатмоқдамиз. Бу ўзгаришнинг ташқи ифодаси сифатида Иккинчи Озарбайжон ва Арманистон урушини кўрсатишимиз мумкин. Бу урушда турк халқлари ягона халқ сифатида қардош Озарбайжон томонида туришди. Бу яхши бир ҳодиса эди.

Албатта, бизнинг идеалимиз, истагимиз – Қизил олмадир. Аммо бу истакни амалга ошириш учун ҳиссий суҳбатлардан аниқ лойиҳаларга ўтиш вақти аллақачон келган. Турк дунёси биздан Буюк Бирлашиш жараёнини амалда бошлашимизни кутмоқда…

Яқинда Қорақалпоғистон маркази Нукус шаҳрида радикал шиорлар билан кўчага чиққан оломон бизга бир дарс берди. Гарчанд бу оломон кўтарган шиорлар биз учун янги эмас эди. Ўн йиллар давомида маригиналлар тарафидан кичик минбарлардан айтилиб келаётган гаплар эди. Шахсан мен бунга ҳеч қачон эътибор бермаганман. 

Фақат бу шиорлар илк даъфа муайян акцияга айланиб, бир неча минг кишини кўчага олиб чиқди ва бу акцияга маҳаллий бошқарувдан ҳам баъзи мулозимлар очиқ ёки гизли дастак бердилар. Бу ишнинг ҳушёр торттирадиган жиҳати шу эди.

Бу можора орқасида «бегона бармоқ» борми-йўқми, бир куни бу ифшо бўлади, албатта. 

Аммо шу нарса аниқки, Турк Дунёси Интеграцияси сўзда эмас, амалда бошланмас экан, Совет КГБ си тарафидан қўйилган «авто-ном» миналарни душманларимиз истаган пайтда портлатишлари мумкин. 

Бу бир ваҳима эмас. Бунинг ваҳима эмас, реаллик эканини Нукус оломони ошкора ўртага қўйди.

Чунки Ўзбекистон режимининг зулмидан шикоят қилиб майдонга чиқиш билан Ўзбекистон давлатини парчалашга чақириб майдонга чиқиш бошқа-бошқа нарсалар.

Мен шуни билдирмоқчиман: Нукусда юз берган воқеалар аввалги йилларда бошлатилган баъзи фикрий ташаббусларимизни долзарб ҳолга келтирди. Хусусан, Турк Дунёси Интеграцияси хусусида ўтказилган тор доирадаги мажлисларимизда тилга олинган масалаларни тортмага қўйиб, ухлаш пайти эмаслиги бирдан аён бўлди. Бугун  бу масалаларни тор доирадан чиқариб, жамоатчилик билан пойлашишга қарор қилдим.Ақлимнинг прагматик бурчаги  «бундан фойда борми?», дея иродамни тушовлашга интилса, унинг ҳиссий бурчаги «ҳар ҳолда, бундан зарар бўлмайди», дея таскин бермоқда. Мен бу таскиндан илҳомланиб, Турк Дунёсига оид орзу-ниятларимни ўртоқлашишга журъат этдим.

ИЛК ОДИМ

Совет Иттифоқи парчаланганда Турк Дунёси интеграциясини бошлаш учун катта имконият пайдо бўлди. Аммо биз бу имко-ниятдан фойдалана олмадик.

Тўғри, Турк Дунёси конгресслари деярли ҳар йили ўтказилиб турди,  бу маданий ва ижтимоий жиҳатдан яхши бошланиш эди. Аммо биз яна “АҚШ нима дейди, Россия нима деркин?» қабили-даги андишалар билан лойиҳалар бўйича сиёсий қарорлар ола олмадик. Ва натижада 90-йилларнинг бошларида мода бўлган «Адриатикадан Хитой деворгига қадар Турк дунёси» шиори рақибларимиз учун масхара манбаига айланди.

Бугун масхара қилганлар жим. 

Нега? 

Чунки Дунё конъюнктураси Турк Дунёси фойдасига ўзгарди. Ва Турк Дунёсида уйғониш белгилари пайдо бўла бошлади.  

Фақат…

Биз, Турк Бирлигини 90-йиллар бошидан бери тарғиб қилаёт-ганлар, ҳамиша бир нарсани таъкидладик: Турк Бирлигини амалга оширишнинг биринчи босқичи «Умум Алифбо» ва «Умум Тил»га эга бўлиш керак, дедик.

Исмоил Гаспирали «Тилда, Фикрда, Ишда бирлик» деркан, тилни биринчи ўринга тасодифан қўймади. 

Турк Дунёси бир Умумий Тилсиз глобал лойиҳаларни муҳока-ма қилиши, уларни амалга ошириши қийин. 

Афсуски, Марказий Осиё Турк давлатларининг кирилл алифбо-сидан лотинга ўтиш жараёни кутилган натижани бермади. Йўл-бошчиларининг эгосини қондириш учун тилчиларимиз уларга «хос ва мос алифбо» яратишга уриндилар. Ва Умум Алифбо юзага чиқмади.

Хўш, энди Турк Дунёсининг умумий тили нима бўлади? 

Бўлса, у қандай бўлиши керак?

Умумий тил 300 миллиондан ортиқ аҳолининг тили бўлиши керак.

Бу тил бир-биримизни тушунишимизда, илмда, сиёсатда, ижтимоий хаётда, маданий, диний ва бошқа жабҳаларда ўзимизни ифодалай оладиган, лексик жиҳатдан бой ва зариф тил бўлиши керак.

Албатта, барча Турк шевалари сўзга бой ва зарифдир.

Озарбайжон шевасида ёзилган Насимий ва Фузулий шеърлари, Қозоқ шевасидаги Абай ва бошқа шоирлар тили, туркман Маҳтумқулининг шеваси, Чиғатой (ўзбек) Навоий ёки Манас достони янграган қирғиз шеваси – ҳаммаси бой ва гўзал-дир.

Фақат Умум тилимиз бу тиллардан фарқли яна бир муҳим хусусиятга эга бўлиши керак.

Бу тил турк қавмлари (халқлари) тарафидан энг кўп қўллани-ладиган, қулай тил бўлиши керак. 

Шундай тил бизда бор, бу Туркия туркчасидир.

Бу тилнинг Умум Тил сифатида қўлланилиши учун бошқа сабаблар ҳам бор:

1. Дунёда 300 миллионга яқин турк яшайди. Уларнинг ярмидан кўпи ўғуз лаҳжасида сўзлашади.

Бу гуруҳга аввало, 85 миллион аҳолиси билан Туркия киради. Кейин озарбайжонлар (Эрон Озарбайжонлари дохил), кейин Туркманлар(Ироқ туркманлари дохил), Гагаузлар, Қрим турклари, Хоразмликлар (Ўзбекистон) ва бошқа қабилалар – жами 150 миллион.

2. Туркия туркчаси энг кўп гапириладиган тиллардан биридир, дунёда еттинчи ўринни эгаллайди. Бугун Америкада, Осиё ва Африка қитъаларида туркча ўргатилади ва ўрганилади.

Туркия Туркчаси Турк дунёсининг Умумий Тили бўлиши керак. Бу тил шу мақомга лойиқдир.

Турк дунёси учун «Турк эсперанто»сини ихтиро қилишнинг ҳожати йўқ.

Мен бир ўзбек турки сифатида бу таклифни айтяпман. Агар Туркия турки бу таклифни айтса, Туркия бошқа турк давлатларига “Акалик” қилаяпти, дейишлари аниқ. Шунинг учун бу таклиф Туркия ташқарисидаги турклардан чиқиши керак.

Мана менинг таклифим: Туркия Туркчаси Турк дунёсининг уму-мий тили бўлиши керак. Энди бўлажак Турон Конфедерациясининг ожизона силуетини чизишга уриниб кўрайлик.

ТУРК ДУНЁСИ ИНТEГРАЦИЯСИ

Тарих давомида давлат ва жамиятлар ўз мақсадларини рўёбга чиқариш ва ўз мавжудлигини муҳофаза қилиш учун маълум мезонлар асосида тузилган иттифоқлар ва минтақавий бирлашма-лар тузиб, яқиндан ҳамкорлик қилиб келган. Бугун ҳам бундай ҳамкорлик турли номлар остида давом этиб келмоқда. 

Европа, Осиё ва Америкада кенг ёки тор доирадаги уюшмалар ташкил этилган, уларнинг баъзилари фаол ишламоқда, баъзилари эса фақат қоғозда.

Давлатлар одатда ўз кучларига куч қўшиш, умумий рақибларга қарши муваффақиятли курашиш, иқтисодий, ҳарбий ва маданий муаммоларга собит ечим топиш, тинчликни таъминлаш каби мақ-садларда бундай иттифоқларга   йўналадилар.

Тарихдаги икки тарафли иттифоқлар бугунги кўптарафли итти-фоқларнинг илк намунасидир. Бундай иттифоқ ва ҳамкорликларсиз жаҳон миқёсида сиёсий, иқтисодий ва маданий фаолиятни амалга оширишни тасаввур қилиб бўлмайди.

Турли конфессиялар (иттифоқ, федерация, конфедерация) шамсияси остида кўплаб сиёсий, иқтисодий, тарихий ва маданий омиллар таъсирида шаклланади. Бундай тузилмаларнинг энг танилган мисоли Европа Иттифоқидир. Мавжуд муаммоларга қара-май, Европа Иттифоқи муваффақиятли лойиҳа саналади.

Европа Иттифоқи моделидан ташқари, «Миллатлар Ҳамдўст-лиги», «Араб Давлатлари Иттифоқи» ва «Осиё – Тинч Океани Иқтисодий Ҳамкорлиги» каби кўплаб бошқа иттифоқ/шериклик лойиҳалари ишлаб чиқилган. Бу лойиҳаларнинг барчаси замирида бир хил тамойил ва мақсад бўлса-да, уларнинг қамраган соҳалари турлидир.

Ҳамкорликнинг муваффақият даражаси кучга, мослашувчан-ликка, тарихий муштараклик ва айниқса томонларнинг умумий қадриятларига боғлиқ.

Умуман олганда, узоқ вақт ҳамкорликда бўлган давлат ва жамиятларнинг ўзаро иттифоқ тузишлари табиий ҳолдир. Лекин айрим ҳудудларда бу жараёнлар қийин ва узоқ вақт талаб этади. Бунга Марказий Осиё ёки умуман Турк Дунёси жўғрофиясини мисол келтириш мумкин.

Қадим замонлардан буён бу ҳудудда буюк давлатларнинг қурилишига замин яратган яқин этник, иқтисодий ва маданий алоқаларга эга бўлган жамиятлар томонидан тузилган кичик давлатлар мавжуд бўлган.

Буюк давлатлар деркан, энг аввало, хун, гўктурк, мўғул, татар, ўзбек, қозоқ, қирғиз, уйғур каби турк ва мўғул қавмлари томонидан ташкил этилган давлатлар назарда тутилади.

Бу давлатлар Шарқдан Ғарбга ёйилиб, ўз таркибига кирган халқларнинг маданий хусусиятларини ўзларида акс эттирган. Уларнинг барчаси кучли марказий бошқарув тизимларига эга бўлса-да, давлатни ташкил этган этник жамоаларга сезиларли иқтисодий ва маданий автономия берилганди. Шу боис, ЕвроОсиё даштларида ташкил топган буюк давлатларни федератив ёки конфедератив тузилма сифатида таърифлаш мумкин.

Бу давлатларда марказий ҳокимиятнинг минтақавий ва этник хусусиятларга дахл қилмаслиги, бирлашган халқларнинг ички бошқаруви, эътиқоди, маданий фаолияти бутунлай ўз ихтиёрига берилиши анъана бўлган. Кейинчалик минтақага бостириб кириб, бу ерларни ўз таркибига қўшиб олган Россия империяси, дастлабки даврларда минтақавий хусусиятларга, маданий ва диний ҳаётга нисбатан камроқ аралашган бўлса ҳам, вақт ўтиши билан марказий ҳукуматнинг босимини кескинлаштира бошлади. 

19-аср ўрталаридан бошлаб этник ассимиляция Россия империясининг давлат сиёсатига айланди. Чор Россиясининг емирилиб, Совет Иттифоқининг барпо этилиши ва унинг Идил-Урал, Кавказ ва Марказий Осиё минтақаларида ҳаддан ташқари кучайган ассимиляция сиёсати, иқтисодий ва сиёсий тазйиқлар туфайли катта маданий ҳалокатга олиб келди.

Советлар Иттифоқи дастлаб халқлар федерацияси сифатида ташкил этилганини даъво қилган бўлса-да, ўта марказлашган ва золим тузум сабабли минтақа халқларининг тарихий ҳамкорлик тажрибаси, этник қариндошлик алоқалари ва маданий шериклиги режали тарзда йўқ қилинди. 

Бу ришталар шу қадар узилдики, Шўролар парчаланиб, уларнинг ўрнида мустақил республикалар ташкил этилгач, улар орасидаги тарихий ва маданий бирлик деярли унутилди. Фақат яқин қўшни бўлган халқлар бир-бирини бироз яқиндан билишарди.

Марказий Осиё халқларининг этник, тарихий ва маданий алоқаларига зарар етказилиши натижасида улар 1991 йилдан кейин яна бир жойга тўпланиб, оддий ҳамкорлик моделларини ишлаб чиқишда ҳам катта муаммоларга дуч келишди. Чунки ассимиляция сиёсати этник қариндошликни зиддиятли ҳолга кел-тирганди, маданиятларни бузиб, ўзаро ишончга путур етказганди.

Ҳолбуки, бу халқлар яқин вақтгача бир тилда гаплашган, айни маданиятга соҳиб бўлган халқлар эди. 

Лекин барибир тарихий шуурни бутунлай йўқ қилиш мумкин эмасди. Иқтисодий эҳтиёжлар ва жўғрофий шароитлар минтақа халқларини ҳамкорлик ва шерикликка йўналтирди. 90-йилларнинг бошидан бошлаб турли номлар остида ҳамкорликнинг турли моделлари таклиф қилинди. Аммо уларнинг ҳеч бири доимий ва функционал бўла олмади.Бу муваффақиятсизликка сабаб кўп эди. 

Албатта, таклиф этилаётган лойиҳалар тарихда синаб кўрилган сиёсий, иқтисодий, геосиёсий ва маданий воқеликларга асослан-ганди. Фақат бу лойиҳалар минтақа давлатлари раҳбарлари томонидан гоҳ ички сиёсат қуроли сифатида, гоҳ қўшниларга зулм қилиш, гоҳида фақат ўзларининг сиёсий даъволарига замин яратиш мақсадида қўлланилди. 

Натижада кўплаб кузатувчилар бу минтақада муқим бир ҳамкорлик моделини яратиб бўлмайди деган хулосага келди.

Лекин ҳақиқатан ҳам шундайми? 

Бу минтақадаги давлатлар ўртасида доимий ҳамкорлик/итти-фоқ ўрнатиб бўлмайдими? 

Агар уни ўрнатиш мумкин бўлса, у қандай бўлиши керак?

Фикримизча, минтақада шериклик/иттифоқ ўрнатиш борасида мавжуд имкониятларнинг салмоқли қисми синаб кўрилмаган ва масала жиддий қабул қилинмаган. 

Бундан ташқари, сиёсий элиталар ҳам бу масалага ижобий қарамаган ва оқибатда фуқаролик жамияти кучидан фойдаланил-маган.

Нега бу масалага оптимистик қарашимиз кераклигини, ҳатто, нега бу иттифоқнинг ташкил этилиши муқаррар эканлигини қуйида бир неча мисол билан тушунтирамиз.

МИНТАҚАНИНГ НОМИ ТАЪРИФИ

Биз сўз юритаётган минтақанинг таянчи – Шарқ-Ғарб йўналишида Мўғулистондан Можористонгача чўзилган Буюк дашт/Евро-Осиё даштидир. 

Минтақанинг тарихий номи манбаларда “Турон” сифатида қайд этилган. 

Ҳозирги кунгача етиб келган қадимги ва ўрта аср манбаларида Турон номи Сибирнинг Марказий ва Жанубий қисмларини ҳам ўз ичига олади. Ўрта асрларнинг охирларида (ҳатто янги асрда ҳам) Турон тушунчаси остида одатда келиб чиқиши Урал-Олтойга бориб тақаладиган  халқлар тушунилган.

Ўтган асрда Можористонда нашр қилина бошлаган «Turan» журнали ҳам кейинги ўзгаришларга муҳим ҳисса қўшди. Қисқаси, Турон тушунчаси ҳозирги кўринишида ЕвроОсиё материгининг тахминан Шимолий-Жанубий ва Шарқ-Ғарбий ўқлари бўйича ўрта қисмини ўз ичига олади. Ва у яна Идил-Урал, Буюк дашт, Кавказ каби кичик минтақалардан, Ўрта Осиё Турк Республикалари /Туркистон, Ўрта ва Жанубий Сибир, Мўғулистон ва Шарқий Туркистондан иборатдир.

Бугунги кунда бу ҳудуд турк манбаларида «Турк дунёси» ёки «ЕвроОсиё» деб юритилади. Бу иккала тушунча ҳам тарихий ва жўғрофий воқеликни тўлиқ акс эттирмайди. 

Айниқса, охирги пайтларда ЕвроОсиё таърифи ҳаддан ташқари сиёсийлашгани боис асл маъносидан узоқлашди. Ҳатто Россияда неоевроОсиёчи гуруҳлар Турон ўрнига ЕвроОсиё-Россия таърифини қўллаб, терминологик чалкашликни юзага келтирди ва минтақага кейин кирган Россияни минтақанинг асосий унсури сифатида кўрсата бошладилар. 

Бу ёндашув тарихий ва этнологик асосга эга эмас. 

1920-йилларда кенг тарқалган классик ЕвроОсиё ёндашуви бунинг бир Турон эканлигини ва рус маданиятининг славян-турк-мўғул синтези эканлигини эътироф қилади. 

Шундай экан, жўғрофий жиҳатдан «Евросиё бўзқири» деб аталган Буюк даштни «Турон дашти» деб таърифлаш тўғри ёндашувдир. 

Бинобарин, жўғрофий ёки сиёсий таърифларни (уларнинг аксарияти сунъий равишда яратилган)  четга суриб, тарихий манба-ларда тилга олинган ва минтақа аҳолисининг азалдан қўлланиб келаётган “Турон” номини қўллаш янада тўғрироқ бўлади, деб ўйлаймиз. 

МИНТАҚАНИНГ МАДАНИЙ ЎЗАГИ

Турон тупроқлари қадимдан турли халқларга мезбонлик қилган. Урал-Олтой тил гуруҳига мансуб қавмлар бу халқлар орасида мутлақ кўпчиликни ташкил қилса-да, турли даврларда келиб чиқиши эрон ва славян тил гуруҳига мансуб этник унсурлар ҳам кузатилган. 

Тадқиқотларга кўра, бу гуруҳлар маҳаллий Турон халқлари билан бир синтез ҳосил қилган эди. Улар яшаган давр мобайнида муаммо кам бўлган, муҳим этник ва мазҳаблараро урушлар бўлмаган. Минтақадаги урушларнинг асосий сабаби доим иқтисодий ёки сиёсий бўлган.

Турон халқлари, асосан, тили, дини, тарихи ва маданияти муштарак бўлган қариндош халқлардир. Маданий қадриятлар деярли бир хил,  сиёсат, ҳуқуқ, иқтисод ва санъат каби соҳалардаги амалиётлар ҳам бир хил. 

Бунинг сабаби, бу халқларнинг келиб чиқиши бир хил ва улар айни шарт-шароитда аждодлар меросини давом эттиришган.  Минтақа халқлари билан турли этник элатларга мансуб жамоалар азалдан бирга яшаб келганлигидан ўзаро муносабатларда қадриятлар ҳам умумийлашиб кетган.

Тарихда Туркистон деб аталган тупроқларда бугунги кунда 5 та республика мавжуд. Улардан тўрттаси турклар (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон)дан ва бешинчиси аҳолисининг анчагина қисми яна турклардан ташкил топган Тожикистондир.

Туроннинг жануби-ғарбий қисмида, Кавказ, Онадолу ва Ўрта ер денгизи минтақаларида Туркия, Озарбайжон ва Шимолий Қибрис Турк Жумҳурияти жойлашган. 

Энди 1990 йиллардан бери Озарбайжон-Туркия муносабатла-рининг рамзи сифатида қўлланилган “Бир миллат, икки давлат” шиори бугунги кунда “Бир миллат, етти давлат”ни ифодаламоқда.

Энди Турон ижтимоий-маданий тузилмаси ичида “турк” кимлиги ўзининг аввалги мавқеини тикламоқда. 

Совет даврида шафқатсиз ассимиляция ва идентификацияга дучор бўлган турк халқлари, айниқса, ёш авлод бу ўзликка эга чиқмоқда. Бу мавзу Турк Республикалари ва Мухтор ўлкаларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва сон-саноқсиз гуруҳларнинг ижтимоий тармоқларида жонли тутилмоқда. 

Турон Иттифоқи, Турк Иттифоқи, Турк Конфедерацияси ва ҳоказо номлар остида Турон халқларининг тўлиқ ёки қисман бирлашуви йўлида фаолият юритувчи ташкилотлар ўз фаолиятини институционал равишда амалга оширишга интилмоқдалар.

ЖЎҒРОФИ ЎРНИ

Турк дунёсининг ғарбий учи Кавказ ва Онадолуда Қора денгиз ва Ўрта ер денгизига таянади. 

Марказий Осиё минтақаси типик континентал иқлимга эга. Бу минтақа ўлкаларининг денгизга чиқиш йўллари йўқ, Инсон ва юкларнинг ҳаракатланиши бир нечта давлат ҳудуди орқали тран-зитни талаб қилади. Бу ерларда табиий ресурсларнинг тақсимла-ниши Орол денгизи ва катта дарёлар мисолида кўрилганидек, бир неча мамлакатлар учун умумийдир. Шу боис, сув ресурсларидан фойдаланиш, транспорт йўлакларини яратиш, энергетика лойиҳа-лари каби ҳаётий муҳим лойиҳалар минтақа давлатларининг яқин ҳамкорлигини тақозо этади.

ГЕОСИЁСИЙ ЎРНИ

ЕвроОсиё материгининг ўрта қисмини, Шимол-Жануб ва Шарқ-Ғарб ўқларида ташкил этувчи Турон тупроқлари геосиёсий нуқтаи назардан муҳим стратегик аҳамиятга эга. Айниқса, Марказий Осиё минтақаси буюк давлатлар (АҚШ, Россия ва Хитой) ўртасида ўзига хос “мувозанат нуқтаси”ни ташкил этади. Бу минтақа дунё тинч-лиги ва дунё ҳукмронлиги нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга бўлганлиги учун геосиёсий назарияда «ҳартленд» (дунёнинг юраги) деб аталади.

Геосиёсий нуқтаи назардан Афғонистон ҳам ушбу минтақа доирасида кўриб чиқилиши керак.

Минтақадаги Россия-Хитой рақобати ҳаммага маълум. Бу икки девдавлат ўртасидаги минтақа давлатларининг интеграциялашуви ва Турон иттифоқининг ташкил топиши дунё тинчлигига, истиқро-рига катта ҳисса қўшиши мумкин.

Геосиёсат нуқтаи назаридан Марказий Осиёнинг диққатга сазовор бир жиҳати бор: ташқаридан бостириб кирган ишғолчилар кучлар бу ерда доимий тинчлик ўрната олмаган, аммо минтақа ичида тузилган давлатлар қисқа вақт ичида кучайиб, собит тинч-ликни таъминлаган.

 Жумладан, минтақага бостириб кирган Искандар қўшинлари бу ерларнинг бир қисмини тезда босиб олган бўлсалар-да, бу ерларда ҳукмронлик қила олмади ва минтақа халқларининг мада-ниятида из қолдирмадилар. 

Кейинги даврда минтақага келиб, бир муддат ҳукмронлик қилган Россиянинг аҳволи ҳам бундан фарқ қилмайди. Россиянинг минтақадаги ҳукмронлигининг нисбатан узун умрига иккита муҳим сабаб бор эди. 

1. Москвада жойлашган рус давлати асосан турк-мўғуллар таъсирида ривожланиб, унинг Шарқ ва Жанубдаги кенгайиши турк миллатига мансуб элита ва савдогарлар туфайли амалга оширил-ди. 

2. Минтақада марказий давлатнинг йўқлиги ва кўплаб майда давлат тузилмаларининг мавжудлиги ишғолчиларга қарши кураш-ни қийинлаштирди.

Аммо тарихан Россия бу ерларда жуда узоқ вақт қола олмади. Бугунги кунда Россия бу ерда давлат сифатида фаол бўлишга ҳаракат қилса-да, рус миллатига мансуб аҳоли аста-секин минтақа-ни тарк этмоқда.

Бу минтақада ерлилар тарафидан ташкил топган давлатлар жуда қисқа вақт ичида тез суръатлар билан кенгайиб бутун Осиёда тинчлик ўрнатардилар. Минтақада биринчи машҳур буюк давлатни барпо этган Хунлар даврида ҳам, Кўктурклар, Хазарлар, Қорахонлилар, Ғазнавийлар, Чингизхон ва бошқалар мисолида ҳам Турон давлатларининг бу хусусиятини кузатишимиз мумкин.

Жаҳон иқтисодиётининг қон томири бўлган «Ипак йўли» ҳам ана шу буюк давлатлар ҳукмрон бўлган даврларда ривожланган-лиги тарихчилар томонидан тасдиқлангандир. 

Ўрта аср манбаларида бу давлатлар ҳукмронлиги даврида минтақада ҳукмронлик қилган тинчлик ва иқтисодий тараққиёт ҳақда кўп тилга олинади.

МИНТАҚАВИЙ ХАВФСИЗЛИК

Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон каби Марказий Осиё давлатлари кўп йиллар давомида диний радикализмнинг ўчоғи бўлиб келган Афғонистон билан умумий чегарага эга. Бу мисол ҳам хавфсизлик соҳасида яқин ҳамкорлик муҳимлигини кўрсатади. Шу билан бирга, Россия ва Хитой ўртасидаги рақобат (гарчи улар дўстона риторикада бўлса-да) қаттиқроқ ўлчамларга етиб бормаслиги учун бу икки давлат ўртасида жойлашган давлатлар интеграцияси муҳим аҳамиятга эга.

Турон давлатларининг интеграция/интеграция жараёнининг биринчи босқичида барча мамлакатларни қамраб олган ҳамкор-лик лойиҳалари ишлаб чиқилиши, бошқарув ва марказлашув нуқ-таи назаридан қўшма институтлар ташкил этилиши лозим.

Ушбу босқичда ҳамкорликни ривожлантириш керак бўлган соҳалар қуйидаги асосий сарлавҳалар остида таҳлил қилинди:

БИРИНЧИ БОСҚИЧ

Минтақада товарлар, хизматлар, шахслар ва капиталнинг Эркин ҳаракатланиши.

Бугунги кунда Турон минтақасида, айниқса Марказий Осиёда иқтисод, маданият, демографик муаммолар ва сиёсий тинчлик олдида турган энг муҳим муаммо ва тўсиқлар мана шу соҳададир. 

Эркин ҳаракатга эхтиёж бу минтақада дунёнинг бошқа қисм-ларига нисбатан кўпроқдир. Чунки бу ердаги чегаралар асосан турли миллат ва маданиятларни эмас, балки бир миллатнинг қисмларини, бир хил халқларни ва ҳатто баъзи жойларда бир хил оилаларни ажратиб турибди. Шу боис, эркин ҳаракатланишни  барча соҳаларда таъминлаш – минтақавий интеграциянинг асосий шартидир.

Минтақавий транспорт коридорларини/транспорт маршрутларини йўлга қўйиш. 

Минтақада денгиз йўлларининг йўқлиги ҳудуд шароитига мос юк ташишни тақозо этади. Бу соҳада мавжуд инфратузилма етарли эмас ва улар бугунги кун талаб ва шароитларидан келиб чиққан ҳолда янгиланиши керак.

Мудофаа саноати ва ҳарбий соҳаларда ҳамкорлик ва қўшма стратегияни ишлаб чиқиш.

Марказий Осиё давлатларининг интеграциялашувига салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан бири мудофаа тизимларида асосан Россияда ишлаб чиқарилган ҳарбий техника қўлланилаётганидир. Марказий Осиё қуролли кучлари Россиядан ўқ-дори ва эҳтиёт қисмлар етказиб берилишига қарамдир. Бу қарамликни тугатиш нафақат минтақа давлатларининг иқтисодий ва сиёсий мустақил-лигига, балки минтақавий интеграция жараёнига ҳам ёрдам беради.

Бундан ташқари, минтақа узоқ вақтдан бери жанубдан террор таҳдиди остида. Вақти-вақти билан Россиядаги радикал шовинист ва ирқчи доираларнинг минтақага таҳдидлари ҳам тилга олинади. Агар уларга маригинал гуруҳлар сифатида қаралса, келажакда жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. 

Турон бўйлаб ҳалигача мавжуд бўлган бошқа тўқнашув зоналари (Кавказ ва Анадолуда) ҳам бор. Маълумки, Марказий Осиё давлатларининг Россия ва Хитой билан чегара муаммолари ҳам бор. Буларнинг барчаси мудофаа соҳасида мавжуд таҳдид-ларни бартараф этишда ҳамкорликни тақозо этади. Бу ҳамкорлик мудофаа саноати, ҳарбий тайёргарлик, қўшма ҳарбий машғулот-лар ва қўшма операцияларни қамраб олиши керак.

Энергетика соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва уйғун-лаштириш.

Минтақа энергия ресурсларига бой; нефт, табиий газ, электр энергияси ишлаб чиқариш ривожланган. Бироқ, бу ресурслар бир текис тақсимланмаган ва мамлакатдан мамлакатга фарқ қилади. Минтақавий давлатларнинг бу борадаги сиёсати бўйича коорди-нация (мувофиқлаштирув) йўқ. Демак – устувор вазифа сифатида – нефт, табиий газ ва сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида қўш-ма кенгаш ва қўмиталар ташкил этилиши ҳамда тегишли масала-лар бўйича мазкур муассасаларда минтақа манфаатларини ҳисоб-га олган ҳолда қарорлар қабул қилиниши шарт. 

Минтақавий ахборот етказиб бериш тизимини ривожлан-тириш.

Бу тизим – интеграциянинг асосий омилларидан биридир. Ривожланиш жараёнида умумий назорат ва бошқарув механизми яратилиши мумкин.

Минтақавий Банк Тармоғини (МБТ) ташкил этиш.

Иқтисодий интеграцияни таъминлаш жараёнида тадқиқот-ларнинг банк қисми жуда муҳим. МБТ умумэътироф этилган халқаро банк амалиётига асосланган тенглик, ихтиёрийлик ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишни таъминлайди. Ҳамкорликнинг белгиланган йўналишлари: қўшма инвестиция лойиҳалари ва экспорт операцияларини молиялаштириш (шартлар ҳар бир алоҳида ҳолат бўйича келишиб олинади), тажриба алмашиш, жумладан, семинарлар ва бизнес-форумлар ўтказиш, ўзаро манфаатли масалалар бўйича мунтазам маслаҳатлашувлар, потенциал мижозлар ҳақида доимий маълумот алмашиш ва истиқболли лойиҳалар ва уларни амалга ошириш билан боғлиқ рисклар тўғрисида ҳисоботлар тайёрлаш.

Турк банк тизими тажрибасидан банк фаолиятини ривожлан-тириш ва қўшма тармоқни ташкил этиш жараёнида фойдаланиш мумкин.

                   Божхона иттифоқининг ташкил этилиши.

Божхона иттифоқи интеграция жараёнининг илк босқичидаёқ майдонга чиқади ва у жараённинг энг муҳим тамойилларидан биридир. Товар ишлаб чиқариш, импорт ва экспорт жараёнларини тезлаштириш, минтақалар иқтисодиётининг янада самарали ишла-ши ва ривожланиши, шериклик инфратузилмасини йўлга қўйиш мақсадида Божхона иттифоқига устувор аҳамият берилиши керак.

Демак, товарларни ташиш, уларнинг божхона соҳасидаги муносабатларини ривожлантириш жараёнида вужудга келадиган минтақавий муносабатлар халқаро ҳуқуқда қабул қилинган қуйи-даги умумий тамойиллар асосида амалга оширилади:

• минтақавий иқтисодий алоқаларни ривожлантиришни қўл-лаб-қувватлаш.

• минтақада халқаро меҳнат тақсимотининг афзалликларидан адолатли фойдаланиш.

• ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодий ўсишини қўл-лаб-қувватлаш.

• Иттифоқ доирасидаги кам ривожланган мамлакатларга бож-хона имтиёзларини бериш.

• контрабанда ва бошқа божхона жиноятларига қарши кураш-да ҳамкорлик қилиш.

• минтақавий божхона ҳамкорлигининг ташкилий механизми-ни ишлаб чиқиш.

• минтақада халқаро савдони либераллаштириш.

Умумий валютага ўтиш учун инфратузилма тайёрлаш.

Кейинги босқичда умумий валютага ўтиш муқаррардир. Шу сабабли, биринчи босқичда ушбу ҳолатни ҳисобга олган ҳолда иқтисодиёт соҳасидаги музокараларни давом эттириш зарур. Марказий Осиё тарихан қоғоз пуллар ихтиро қилинган ўлка бўлиб келган ва бугунги кунда янги умумий валюта минтақавий интегра-циянинг муҳим омили ва рамзи бўлиб, минтақавий савдони рағ-батлантиради.

Академик ва таълим соҳасида алмашинув дастурларини иш-лаб чиқиш (умумий тарих, тил, маданият, география ва ҳоказо дарсликларни ёзишни ўз ичига олади).

Бугунги кунга келиб турк давлатлари ўртасида таълим соҳасида ўзаро талаба алмашинуви, айниқса Туркия билан қизғин кечмоқда, аммо жиддий муаммолар ҳам мавжуд. Аввало, мактаб ва университет дастурларида қўлланиладиган ўқув режаси бир-биридан жуда фарқ қилади, университетларнинг тузилиши ва бошқаруви, талабаларни ишга қабул қилиш каби масалаларда яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш керак. Дипломларни ўзаро тан олиш билан боғлиқ мавжуд муаммоларни бартараф этиш керак.

Фан, маданият ва спорт соҳаларида минтақавий ҳамкорлик-ни институционаллаштириш, олимпиада ва мусобақаларни таш-кил этиш.

Маданий ва спорт тадбирлари анъанавий Турон маданий қадриятлари намойиш этиладиган ва мустаҳкамланадиган байрам сифатида ишлаб чиқилиши ва бутун дунё бўйлаб нуфузли арбоб-ларни тайёрлашга ёрдам бериши керак.

Маданият соҳасида умумий маданий анъаналарга устунлик бериш билан бирга, маҳаллий қадриятларни ҳимоя қилиш ва уларнинг сақланиб қолишини рағбатлантириш керак.

Илм-фан соҳасида қўшма лойиҳаларга устувор аҳамият бериш, қўшма академик журналлар, нашриётлар ташкил этиш зарур.

Оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникациялар со-ҳасида ҳамкорлик.

Бу соҳада ривожлантириладиган ҳамкорлик қўшма радио-эшиттириш органлари, айниқса, қўшма телеканаллар ташкил эти-лишини, қўшма журналлар, газеталар ва ижтимоий тармоқларнинг интеграция жараёнига ҳисса қўшишини таъминлаши керак. Вақт ўтиши билан ушбу нашрларнинг турк тилидан умумий фойда-ланишини таъминлаш учун тадқиқотлар олиб борилиши керак.

Турк халқлари орасида қардошлик онгини яратмасдан туриб, Турк Бирлиги ҳақида гапиришнинг маъноси йўқ. Туркияда суратга олинган сериаллар Турк дунёсида ҳайрат билан томоша қилинади. Бундай телесериалларнинг бошқа Турк Республикаларида суратга олиниши ва маҳсулотларнинг бутун Турк дунёсига ёйилишига ёр-дам бериш керак. Қолаверса, Турк Бирлиги мавзуси бу ўлкаларда янада пухтароқ ишланиши керак.

Аҳоли ҳаракати ва ички миграция бўйича оралиқ стратеги-яларни аниқлаш.

Демографик жараёнлар Ўрта Осиёда аҳоли сонининг ўсишига олиб келди ва аҳоли сонининг ўсиши Ўзбекистон ва Қирғизис-тонда, айниқса Фарғона водийсида муҳим сиёсий ва иқтисодий омил ҳисобланади. Бу масала ҳудуднинг катталигидан Қозоғистон-да унчалик муаммоли эмас, албатта. Аммо Қозоғистоннинг ши-молий-шарқий ҳудудларида славян аҳолининг кўпайиши ҳисобига аҳоли сонининг пасайиши кузатилмоқда. Бу жараённни тўхтатиш учун Интеграция тамойилларидан бири аҳоли нисбатан кам яшайдиган ҳудудларга ортиқча ишчи кучини кўчириш шаклида ифодаланиши керак.

ИККИНЧИ БОСҚИЧ

Моделнинг иккинчи босқичи Турон интеграциясини институ-ционаллаштириш ва умумий органларни яратишни ўз ичига олади. 

Бу босқичда сиёсий, маъмурий, иқтисодий, маданий ва бошқа барча жараёнлар ва интеграция ишлари якунланади.

Бу босқичда ташкил этилиши керак бўлган муассасалар:

1. Турон парламенти

2. Армия / Турон Қўшма Қуролли Кучлари

3. Турон Марказий банки

Эҳтиёжларга қараб турли соҳалар бўйича фаолият олиб бора-диган Кенгаш, Қўмита, Институтлар ташкил этилиши керак.

Юқоридагилар бугунги шароитда Турон Иттифоқини ташкил этиш назарда тутилган шартлардир. Албатта, бу матнга кўплаб қўшимчалар киритилиши мумкин. Биз фақат асосий масалаларни таъкидлаб ўтдик.

Албаттаки, бугунги дунё конъюнктурасида ҳеч бўлмаганда, Турон иттифоқининг шаклланишига ижобий ёки салбий муносабат, бу интеграция жараёнини қўллаб-қувватловчи ва тўсқинлик қилувчи омиллар, интеграция жараёнларини баҳолаш каби кўплаб масалаларга баҳо бериш керак бўлади. 

Турон интеграцияси ҳақида гап кетганда, албатта, тўла муста-қил давлатларнинг Эркин/ихтиёрийлиги асосида тузилган Конфе-дератив Иттифоқ назарда тутилади. 

Бундан ташқари, бундай Иттифоқнинг тўлақонли аъзоси бўлмаган/бўла олмайдиган/истамайдиган, лекин ҳисса қўшишни ҳоҳлаган давлатлар учун махсус мақомлар (муайян шерикликларга аъзолик, кузатувчи аъзолик, қисман аъзолик) яратилиши мумкин. 

Бу Иттифоққа аъзо барча давлатлар, минтақалар ва жамоа-ларнинг ҳуқуқлари тенг ва бу ҳуқуқларга қатъий амал қилинажак.

Иттифоқ таркибида турли тиллар, динлар ва этник келиб чиқишига мансуб барча жамиятларнинг анъанавий қадриятларини сақлаб қолиш учун максимал даражада ҳаракат қилинади ва зарур ҳуқуқий қонунчилик яратилади.

Бутун давлат ва жамиятларнинг тарихий, диний ва маданий нозикликлари ҳурмат қилинажак. 

Турон Иттифоқи соябони остида ҳеч бир минтақа, жамоа ёки шахс этник, тил ва диний кимлигидан келиб чиқиб камситил-майди. Бу Эркинликлар Турон Иттифоқи қонунчилигининг ҳимояси остида бўлади. 

Фуқаролар барча турдаги ҳуқуқ ва Эркинликлардан тенг фой-даланадилар.

Бугунги шароитда қурилиши керак бўлган Турон Иттифоқи олдида ҳеч қандай ҳуқуқий, иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий тўсиқ йўқ. 

Иттифоққа аъзо бўлиш назарда тутилган давлатларнинг Конс-титуциялари ва ҳуқуқий қонунчилигида ҳам бунга тўсқинлик қилувчи қоидалар йўқ. 

Турон Иттифоқини ташкил этувчи мамлакатларнинг иқтисодий салоҳияти умуман олганда юқори, лекин айрим давлатларнинг бошқарув ва иқтисодий имтиёзлари бу салоҳиятни тўғри амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда. 

Агар улар Иттифоқда бўлса, улар бошқа аъзо мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиб, иқтисодий интеграция доирасида мавжуд муаммоларини бартараф этишлари мумкин бўлади.

Сиёсий маънода бу мамлакатларнинг давлат тузилмалари деярли бир хил. Деярли барчасида президентлик тизими қўллани-лади. Сиёсий тузилманинг унсурлари унчалик фарқ қилмайди. Келажакда сайлов тизимлари ва ҳокимиятлар бўлинишига кичик ўзгартиришлар киритилса, фарқли нуқталарни ҳам осон бартараф этиш мумкин.

Турон Иттифоқининг ижтимоий тамали эса умумият-ла ижобий таассурот қолдиради. Турк Дунёсида анчадан бери жамоатчилик фикри шундай бир Иттифоқ зарурлиги йўналишида илгарилаяпти. 

Баъзи турк давлатларида партиялар, ҳатто ҳукмрон партиялар, Иттифоқ масаласини ўз дастурига киритган ёки бу мавзуга алоҳида урғу бермоқдалар.  

Сиёсий партиялар билан бир қаторда кўплаб нодавлат ташкилотлари ҳам иш олиб бормоқда. Айниқса, виртуал оламда, ижтимоий тармоқ гуруҳларида, бу мавзуга алоқадор ОАВларда бу мавзуга кун сайин кенгроқ тўхталиб ўтилмоқда. 

Шу нуқтаи назардан Турон Иттифоқи ғояси ижтимоий миқёсда аллакачон ташкил этилганлигини айтсак бу муболаға бўлмайди. 

Бепоён Турон оламининг ҳар бир гўшасида юзлаб нодавлат ташкилотлар, миллионлаб инсонлар, айниқса ёш авлод, ҳар куни бу мавзуда нималарнидир ўзора бўлишмоқдалар.

Хуллас, бугунги шароитда Турон Иттифоқини тузиш учун ҳеч бир жиддий тўсиқ йўқ, дейишимиз мумкин.

Шундай экан, яна бир саволга жавоб топиш керак: Турон халқ-ларининг тарихий тажрибаси бундай Иттифоқни барпо этиш ва сақлаб қолиш учун етарлими? 

Тарих ва жуғрофияга назар ташласак бу саволга жавобимиз ишончлироқ бўлади.

Турон Иттифоқининг асосини ташкил қилиш вазифаси аввал Турк жамоалари зиммасига тушгани учун саволга жавобни ҳам шу доирада берайлик.

Барча давлатлар бир-бири билан жуғрофий чегараларга эга. Бошқача айтганда, улар ўртасида Иттифоқ ўрнатиш ҳақида гап кетганда, бунга тўсқинлик қиладиган сиёсий чегара йўқ. 

Бундан ташқари, мавжуд давлат чегараларининг хар икки тарафида кўпинча айни қавм одамлари яшайди. Қозоғистон-Ўзбекистон, Ўзбекистон-Туркманистон, Қирғизистон-Қозоғистон, Озарбайжон-Туркия чегаралари бунга мисол. Бу ҳолат Турон итти-фоқининг ташкил топиш босқичида ҳам, фаолият босқичида ҳам афзаллик яратади, чунки халқнинг бу қатлами биринчи навбатда мавжуд чегаралар ва ундан келиб чиқадиган муаммолар қурбон-ларидир.

Бундан ташқари, сиёсий чегаралар ажратилганига қарамай, бу мамлакатларнинг аҳолиси умумият-ла ўзини бошқа биродарлар билан бир бутун ҳис қиладилар, уларда Турон биродарлик туйғуси бор.

Бугунги кунда Турон жуғрофииясида давлатларнинг ички бошқаруви, демократик тамойилларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳам муҳим масала ҳисобланади. 

Турон Иттифоқи илк босқичда давлатларни тузилиши ва маъмурий хусусиятларига кўра бир-биридан ажратмайди. Демо-кратикми ёки тоталитарми, ривожланганми ёки кам ривожлан-ганми… Муҳими, бу давлатларни бирлаштиришга ҳаракат қилиб, бу босқични муваффақиятли тугатиш керак.

Сиёсий соҳада амалга ошириладиган ислоҳотларни бирдам-лик тадқиқининг муҳим йўналишларидан биридир. 

Зеро, сиёсий жихатдан зўровонликка қурилган давлатларнинг бирлашуви, айниқса, самарали тузум яратиши мумкин эмас.

Шу нуқтаи назардан қараганда асосий фарқлар кўплаб давлат-ларда қонунга зид ёки адолат чегараларини таъминловчи амали-ётларда юзага келади. 

Иттифоқ томи остида бундай амалиётлар муаммо манбаи бўлиб қолмаслиги учун тегишли масалалар бўйича маслаҳатлашув орқали зарур ислоҳотларни тез амалга ошириш керак. 

Турон Иттифоқи давлатларининг сиёсий ва ижтимоий ҳаёти қонун ва демократия мезонларига мос келиши, бу тамойиллардан четга чиқмаслиги лозим. 

Акс ҳолда, Турон Иттифоқи ҳам демократия, тинчлик маскани эмас, балки Шарқий Европа (Варшава Шартномаси Давлатлари) каби Тоталитар Режимлар Хамкорлиги бўлиб қолади ва ўзининг тарихий вазифасини бажара олмасдан йўқ бўлиб кетади.

Бугунги кунда дунёда 250 миллионга яқин турк яшайди. Яқин тарихда ассимиляция қилинган ва турклигини унутган ёки унутиш арафасида турган жамоаларни истисно қиламиз. Турон чегара-ларидаги турк нуфузи соғлиқни сақлаш, таълим, касбий маҳорат, ишчи кучи ва хакозо бўйича илғор ва сифатлидир. Бу Турон Итти-фоқининг барпо этилиши учун инсоний жуғрофия нуқтаи назари-дан муҳим устунлик.

Тарихга назар ташласак, бу ерларда ҳар доим бутун минтақани қамраб олган катта давлатлар мавжуд бўлган. Айниқса, Турон оламининг марказий қисмларида табиий жуғрофий тўсиқларнинг йўқлиги давлат томи остида бутун минтақанинг тўпланишини тақозо этди. Ана шунда ташқаридан келган таҳдидларга қарши курашиш осонлашади.  Бу бепоён жуғрофияда Турон империялари барпо этилган даврда минтақа доимо ривожланиб, иқтисод, ҳарбий хизмат, фан, техника, маданият ва санъат соҳаларида улкан ютуқларга эришилди. Йирик давлатларнинг емирилиши ва минта-қанинг кўплаб кичик давлатлар ўртасида бўлиниши нотинчликка сабаб бўлди, минтақа иқтисодий ва маданий таназзулга юз тутди ва оқибатда Турон ташқи кучларга қарши тираниш кучини йўқотди. 

Яъни биз сўз юритаётган жуғрофияда ягона давлат ёки давлатлар конфедерацияси тарзидаги бир Иттифоқнинг қурилиши ватанпар-варлик талаби ёки сиёсий инжиқлик эмас, балки Тарих ва Жуғ-рофия талаб қилаётган бир заруратдир. 

Тарихда кичик давлатлар ўртасидаги доимий низолар бугунги кундагидек минтақанинг емирилишига сабаб бўлди, жаҳон иқтисо-диёти ва тинчлигига катта зарар етказди. Оқибатда этник, тил, диний ва сиёсий манфаатлар биринчи ўринга чиқиб, минтақада тинчлик ва фаровонлик дарз кетди.

Буюк Турон империяларининг энг муҳим хусусиятларидан би-ри этник ва диний ҳудудларда бағрикенглик(толеранс) эди. Агар минтақада  минг йиллар давомида ҳукмронлик қилган бу давлат-лар ҳомийлигидаги қабилалар ҳозирги давргача – ҳудудга ёт унсурлар кириб келгунига қадар – ўзларининг маданий ўзликлари, тиллари ва эътиқодларини сақлаб қолган бўлса, бунинг сабаби толерантлик муҳити бўлган.

Турк императорлари ўлкаларида бўлгани каби, саройларида ҳам турли тилларда сўзлашувчи ва турли эътиқодга эга одамлар кўп эди. Давлатда муҳим нарса этник кимлик ёки диний эътиқод эмас, балки кишиларнинг касбий ва ахлоқий фазилатлари эди. Ҳатто бир оила ёки қабила ичида ҳам турли динларни қабул қи-либ, унинг қонун-қоидалари асосида яшаганлар бўлган. 

Туроннинг тинчлиги ва моддий фаровонлигини ана шу бағри-кенглик муҳити таъминлади.

Турон жуғрофиясида яшаган бошқа халқлар каби турклар ҳам тарих давомида кўплаб динлар билан муомала қилганлар. Улар доимо ўз динларига содиқ бўлганлар, лекин ҳар қандай шароитда бошқаларнинг эътиқодига аралашмаган. 

Уларнинг диний бағрикенгликка бўлган ёндашуви Ислом динини қабул қилганларидан кейинги даврда ҳам ўзгармади.

Тарихнинг исталган босқичида ва Туроннинг ҳеч бир бурчагида ҳеч ким динни ўзгартиришга мажбурланмаган. Бу хорижликлар минтақага киргунга қадар давом этди. 

Ҳудудга ёт унсурларнинг кириб келиши миссионерлик фаоли-ятини ҳам олиб келди. Маҳаллий Турон қабилаларига диний тазйиқлар ўтказилди. Бугунги кунда минтақадаги диний низолар-нинг сабабларидан бири ҳам бу даҳрийлик давридаги амаллар асоратидир.

Бир сўз билан айтганда, бу ҳудуддаги давлатлар бир том остида бирлашса, минтақа муаммоларини бартараф қилиш  осон бўлади. 

ЕвроОсиё материгининг марказий қисмидаги истиқрор – Шимоли-Ғарбий Европадан Жануби-Шарқий Осиёгача бўлган Евро-Осиё материгида жойлашган давлатлар ўртасидаги муносабатлар-нинг истиқрори демакдир. 

Чунки бу замин ЕвроОсиёнинг геосиёсий умуртқа поғонаси-дир. 

Умуртқа поғонани мустаҳкамлаш атроф-муҳитга  ҳузур олиб келади.

Минтақада сиёсий-иқтисодий мувозанатни мустаҳкамлашга, ички тинчлик муҳитини ўрнатиш ва жамиятда Эркинликни қарор топтиришга замин яратади.

Турон Иттифоқи янада амниятлироқ(хавфсизроқ), янада фаро-вонроқ, янада ҳузурлироқ яшаладиган, ривожланган бир дунёни англатади. 

Бу дунё эшигининг калити – Марказий Осиёдир.

ТУРК ДУНЁСИ ИНТЕГРАЦИЯСИ ВА УНИНГ ОЛДИДАГИ ТЎСИҚЛАР ҲАҚДА

Биз 70-80-90 йилларда бир хаёл ўлароқ кўрганимиз Турк Дунёси Бирлигининг бугунга келиб сулдори кўрина бошлади.

Буни албатта, дунё давлатлари орасидаги кучлар тенглами, геостратегик мувозанатни таъмин этган тошларнинг ўрин ўзгарти-риши, аслида эса, бўладиган бир воқеанинг «бўлиш пайти» етгани сабаби билан изоҳлаш мумкин.

Бундай Бирликнинг қурилиши учун Турк Дунёсининг умуртқа поғонаси бўлган Марказий Осиёдаги истиқрор жуда муҳимдир.

Афсуски, мазкур бўлганинг жанубида 33 йилдан бери давом этаётган истиқрорсизлик бутун бўлгани ўз таъсирига олаяпти. Афғонистондаги ич урушни назарда тутаяпман. Бу истиқрорсизлик давом этаркан, Турк дунёси интеграцияси имконсиздир.   

Бундан йигирма бир йил (11.11.2001) аввал ёзган бир мақоламдан олинган парча билан бошламоқчиман.

«…Ниҳоят, давлатлар ҳам одамлар каби тақдири аввалдан чизилган махлуқлардир. Уларнинг ҳам тарих саҳифасига ёзилган муайян умри бор, бу умрдан бир кун, бир соат ҳам ортиқ яшай олмайдилар, умри битган давлатни ҳеч нарса билан ушлаб қолиш мумкин эмас, буни Совет Иттифоқи мисолида бутун дунё кўрди. Бир замонлар Буюк Британия ва Россия Империяси томонидан буфер давлат ўлароқ вужудга келтирилган Афғонистоннинг тақдирида ёзилган умри битганга ўхшайди. Кўпларнинг ғашини келтириши шубҳасиз, аммо барибир айтишга тўғри келади: Афғонистон Ўрта Осиёнинг «касал одами»дир. Бу хастага яхшилик қилмоқчи бўлсангиз, уни ҳарбий ва ёки иқтисодий кўкнорлар билан оёқда тутишга уринманг. У давлат сифатида бугунги мавжуд унитар шаклида яшай олмаслиги аниқ. Бу ҳудудларда бир янги шаклдаги давлат, масалан, Афғонистон Конфедерацияси қурилиши мумкин. Албатта, Ғарб давлатлари Афғонистон унитар давлат экан, унинг территориясидан нефть, газ ва ёки бошқа энергия восита-ларини денгизга чиқариш осонлиги ҳақида ўйлайдилар. Лекин Афғонистон Федератив ёки Конфедератив давлат бўлса, бу транзит ўлка хусусиятини йўқотади, деб ваҳимага тушишнинг ҳам кераги йўқ. Балки у бўлгага тинчлик ва истиқрор келса, транзит муаммо-лари умуман қолмайди, деб умид қилиш мумкин. Биз самимий эсак, биринчи навбатда, Афғон(истонда яшаётган) халқ(лар)ининг манфаатлари, ундан кейин бошқа манфааатлар ҳақида гапири-шимиз, қарорлар ҳам шунга кўра олиниши лозим. Ҳар қандай бошқа ҳолда, Совет Армияси Қобулни тарк этгани каби сўнг пуштунлар, тожиклар, ўзбеклар, ҳазаралар бир-бирига қарши қандай ҳужум қилган эсалар, Америка кетгандан кейин ҳам, бу қавмлар худди шундай бир-бирларига ҳужум қиладилар, деган хавотирдамиз».

Ҳа, бу мақола ёзилганидан 21 йил кейин, мана, Америка Афғо-нистонни тарк этди ва у ердаги этник гуруҳлар ўзаро урушнинг янги босқичига кирмоқдалар. 

Бу сафар Толиблар ҳукуматига қарши, асосан, тожиклардан ташкил топган қуролли мухолифат урушнинг динамоси сифатида майдонга чиқмоқда.

Бу сафар Толиблар ҳукуматининг орқасида – Хитой, бу ҳукуматга мухолиф куч саналган Тожикларнинг орқасида – АҚШ турибди. 

Хитой ўз ичидаги сепаратист санагани Уйғур миллий ҳаракати-га қарши Толибонни дастаклаётган бўлса, АҚШ  21 йил ичида бўлгада ўрната олмаган назоратини тожик мухолифати воситасида ўрнатмоқчи.

Яъни Совет армияси Афғонистонни тарк этгандан бери ҳеч нарса ўзгармади бу бебахт ўлкада уруш, уруш, уруш.

Бу урушни тўхтатишинг ягона йўли – Афғонистонни унитар шаклидан қутқариб, Конфедератив давлат форматига ўтказишдир. 

Пуштун, Тожик, Ўзбек, Хазара давлатлари таъсис этилгандан сўнгра улар конфедератив асосда бирлашишилари мумкин.  

«Пуштунлар гегемонияси тугатилса, Афғонистонда тинчлик ўрнатилади» деганларнинг хаёллари хомдир. Чунки Пуштун ўрнига Тожик гегемонияси келса ҳам аҳвол айни қолаверади. Умуман ҳар қандай миллий гуруҳ гегемониясига изн бермаслик керак. Бу эса фақат ва фақат ўша гуруҳларнинг ўз ҳудудларида қурадиган давлатлари воситасида мумкиндир.  

Муҳаммад Солиҳ, 2022 йил

Тағин ўқинг
9 апрел 2019
Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги барча ташкилот ва корхона ходимлари 5 апрель куни президентнинг Фарғона вилоятига ташрифи кутилаётгани боис оммавий ...
2 декабр 2019
Туркияда яшаётган атоқли адиб ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ шу йилнинг 20 декабрида 70 ёшга тўлади. Муҳаммад Солиҳ ҳаёти ҳақидаги ...
22 март 2023
Салом қадрли мухлислар бугун 21 инчи март, эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг  навбатдаги сонини тақдим этади. Ўзбекистонда Наврўз байрами нишонланмоқда. Бугун ...
31 октябр 2020
Жорий ҳафтада “Uzbekistan GTL” заводи ходимлари касаба уюшмаси раислигига Қарши шаҳри ҳокими лавозимида ишлаган Шуҳрат Турсунов тайинланди.  Мазкур завод ишчилари ойлик йўқлиги ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...