Асосий мавзулар
20 декабр 2023

Қонун барчага баробар – хоҳ у азиз бўлсин, хоҳ сардор!

Мана бу тарихий суратни эслайсизми?

«Ҳудудгазтаъминот»нинг кишанланган Тошкент вилоят бўлими бошлиғи Музаффар Алиев.

Унинг қўлига кишан солишни кимсан ўша пайтда администрация бошлиғи Сардор Умурзоқов Ўзбекистон бош прокурорининг муовинига буюрган эди.

Алиев бир неча дақиқада тергов изоляторига олиб борилган, у ерда мулозимнинг қўлига кишан солинган сурати олиниб, видеоселекторда намойиш этилган эди.

Мулозим ўрта асрларда эшшакка орқа қилиб миндирилган одамдай эл ўнгида сазойи қилинган эди.

Бутун тармоқ ўшанда “вау” деворди. Ажаб бўлди, хўб бўлди, ашнақа қилиш керак, отворишсаям оз, қолганларни ҳам қаманг, деган дод-войлар тармоқни титратди.

Ўшанда Сардор Умрзоқов ким бўлишидан қатъи назар қаматаман, деб дағдаға қилди.

Аудиолари ҳам сиздирилди.

Оломон Сардор тимсолида ўз халоскорини кўрди.

Лекин, ҳеч ким туриб, ҳей яхшилар, Сардор Умурзоқов бу ерда ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қиляпти, қонунга мутлақо қарши иш тутяпти, аслида Сардор Умурзоқовнинг бу қилмиши – жиноят, демади.

Охирги кунларда Ўзбекиcтонда собиқ ва жорий ҳоким ва замҳокимларни қамоққа олиш тўлқини кузатилмоқда.

Ҳибсга олинган амалдорларнинг барчасига ер сотиш, кредитларни еб юбориш каби молиявий жиноятлар қаторида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш айблови ҳам қўйилмоқда.

Хўш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш аслида нима?

Инглизчада бунга “Эбюз оф пауер” ёки “эбюс оф офис” дейилади.

“мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш” атамаси одатда давлат мансабини эгаллаб турган шахсларнинг ўз ваколатларини ёки берилган қудратини шахсий манфаатлар йўлида ёки бошқаларга зарар етказиш мақсадида ишлатишини билдиради.

Бунга коррупция, порахўрлик, ёмон меҳнат шароитлари, манфаатлар тўқнашуви ва турли хил ҳуқуқбузарлик шакллари киради.

Ҳукумат мансабдор шахснинг ўз мансабидан фойдаланиб, имтиёзлар бериш, имтиёзли режим эвазига пора олиш ёки шахсий манфаатлар йўлида давлат маблағларини ўзлаштириш каби қонунбузарликларга мисол бўла олади.

Бундай ҳаракатлар жамоатчилик ишончини йўқотиши, адолатли қарорлар қабул қилиш жараёнларини бузиши ва ташкилотлар, муассасалар ва умуман жамият учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.

Кўпгина мамлакатларда ҳокимиятни суиистеъмол қилишнинг олдини олишга ва уларга қарши курашишга қаратилган қонун ва қоидалар мавжуд. Қонунбузарлик ҳолатлари аниқланганда, давлат мулозими терговга, интизомий жавобгарлик ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Мақола бошидаги эпизодда кўрганингиз, «Ҳудудгаз» мулозимининг қўлига кишан солингани ҳуқуқий жиҳатдан муаммоли эканини Британияда таҳсил олган Сардор Умурзоқов билмаслиги мумкин эмас эди.

Аммо қўлига кишан солиш эффекти иш берди – Умурзоқов коррупцияга қарши курашувчиларнинг сардори сифатида, ҳеч қурса, тармоқларга муҳрланди.

Бугун ўз вақтида у билан суратга тушган айрим маҳаллий блогерларнинг «Сардор акамни қайтаринглар» деган дийдиёси ортида ана шу соддадиллик турибди.

Аммо Умурзоқов ишдан олинганидан кейинги жараёнларга қарайлик.

Унинг протежеси бўлган Азиз Воитов Умурзоқов кетганидан кейин бошланган текширувлар ортидан октябрь ойида ишдан олинди, аммо шунда ҳам қўлига кишан солингани йўқ.

Ваҳоланки, ҳали август ойидаёқ Бухорода селектр ўтказган Мирзиёев унга «коррупционер» деб мурожаат қилган эди.

Лекин ҳуқуқий таомил сақланди.

Баъзилар ҳозирда давлат идораларида бошланган тозалашларнинг ҳам мантиқий якунига етишидан манфаатдор эмас.

Чунки бундай якун уларнинг ўзи ва сардори учун ҳам аянчли бўлиши мумкин.

Аммо нима учун, хизмат ваколатини суиистеъмол қилганлик каби айблар учун,  фақат собиқ вазир ва яна бир-икки ўрта бўғин жавоб бериши керак?

Нега Воитовни вазирликка олиб келган ва бутун халқ кўз ўнгида қонунни бузган, хизмат ваколатини очиқча суистьмол қилганлар ҳануз юқори лавозимларда ўтирибди?

Тағин ўқинг
20 сентябр 2017
Президент Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72 сессиясида қатнашиш учун АҚШга россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг Airbus A340-313 шахсий самолётида борди. ...
1 март 2021
Куч тизимлари ходимлари томонидан уйидан Андижон вилоятига олиб кетилиб тергов қилинган янги партия ташаббускори Хидирназар Аллақулов 1 март куни ...
12 май 2016
Ўтган жума куни Истанбулда ўз дўстининг туғилган кунини нишонлаш учун кунлик уй киралаган 19 яшар турк қизи ўша уйда ...
8 декабр 2017
5 декабрь куни 51 ёшли тадбиркор Олим Сулаймонов оқлов ҳукми билан озод қилинди. Президентга видеошикояти ортидан 9 ой қамоқда ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...