Асосий мавзулар
24 июл 2024

Камситилган, хўрланган ва таланган деҳқонлар

Бу уч жумла тўлалигича Сингапурда рўйхатга олинган Indorama Corporation гуруҳининг Ўзбекистондаги маҳаллий шўъбаси ҳисобланган “Indorama Agro” МЧЖ ишчиларига тегишли.

Сирдарёнинг Оқолтин ва Сардоба туманларида яшаб “Indorama Agro” МЧЖда ишлайдиган ишчилар билан суҳбат ва ҳужжатлар асосидаги бу мақоламиз шу уч жумлага сиғган айбловнинг исбот ва далилларидан иборат.

Тиканли симлар ортидаги ҳақсизлик

Ишчилар менга йўллаган видеода тиканли симлар акс этган.

Бу тиканли симлар ҳақ ва ҳақсизлик¸ эркинлик ва қуллик¸ инсоний қадрият ва хўрланиш чегарасидир.

Бу тиканли симлар ортида Ўзбекистон қонунлари ишламайди ва ҳиндистонлик корчалоннинг чегарасиз ўзбошимча ҳокимияти бошланади.

Ҳинд каста тизими тутумларида улғайган хиндистонлик корчалон учун ўзбек ишчиларининг ҳашарот каби қиймати йўқ.

Улар хинд корчалон назарида ишлаб фойда келтирадиган ҳақ ҳуқуқсиз биомасса холос.

Indorama Agro ҳудудида Ўзбекистон меҳнат қонунларини ишламайди, бу ерларда ишлаб келган фермер ва деҳқонларни жазирама иссиқ ва қаттиқ совуқда қулдек ишлатилмоқда.

Ҳар холда Элтуз тасарруфидаги ҳужжат¸ фото¸ аудио ва видеолар шундан дарак беради.

Куч билан бўйсундирилганлар

Одатда мақола ëзарканман¸ энг муҳим муаммони илк сатрга олиб чиқаман.

Испан конкистадорлари таъбири билан айтганда “ҳўкизни шоҳидан ушлайман”.

Дарвоқе конкистадор сўзи испанчадан таржима қилинса бўйсундириш дейилади.

Айнан конкистадорлар куч билан маҳаллий аҳолини бўйсундириб ишлаб даромад келтирадиган қулга айлантиришган.

“Индорама Агро” МЧЖ Ўзбекистондаги йирик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади.

2018-йилда ташкил этилган компания пахта, ғалла ва бошқа экинлар етиштирувчи йирик агро компания бўлиб, 50 минг гектардан ортиқ майдонга ишлов беради.

«Биз Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг янги амалиётларини жорий қилмоқдамиз, мамлакатга энг янги технология ва усулларни олиб келяпмиз», дейилади «Indorama Agro» сайтида.

Аслидачи?

Ҳинд корчалонлар ўзбекларни молдан ҳам паст кўришмоқда.

“Indorama Agro” МЧЖ ишчисининг Элтуз билан суҳбатда ўзи ишлайдиган ширкатдаги асосий муаммо “камситилиш” эканлигини таъкидлади.
“Энг асосий муаммо ўзбекларнинг айнан ва атай камситилиши. Мисол учун қўлида праваси бор ўзбек хайдовчилврни ишдан хайдаб ҳиндларга сохта права қилиб беришган. Мен сизга бу правани копиясини ташадим. Сохта. Бу сохта правани ҳиндларга пойи патак полицай бўлиб олган «Indorama Agro» рахбариятидаги Анвар Хожиев ва Ойбек Самадовлар ясатиб берган. Жиззахда ЙПХ тарафдан тўхтатилиб текширилганда регистрациядан чикмаганди.

Ҳинд иш бошқарувчилар биз ўзбекларга паст ирқ¸ ëки каста деб ижирғаниб беписанд қарайди. Сенам одаммисан¸ сен нима таракан нима деб ҳар қадамда камситади. Йулда мол ётса индама дейди, аммо ўзбеклар шу молни йулдан ҳайдаса ўша ўзбек ишдан кетди дегани.”

“Чуқур содиқлик” нима дегани?

“Indorama Agro” МЧЖнинг интернетдаги расмий саҳифасида ширкат “маҳаллий ҳамжамият билан ҳамкорлик қилиб¸ корпоратив ижтимоий маъсулият ва барқарорликка чуқур содиқдир” деган декларация бор.

Ўзбек адабий тили нормаларидан келиб чиқилса тавталогик хато бўлган бу ажи-бужини таржима қилсак “бизда ижтимоий маъсулият бор” деган мазмун келиб чиқади.

Элтуздаги мавжуд ҳужжат ва ишчилар шикоятларига асосланиб “Indorama Agro” МЧЖда ижтимоий маъсулият ҳам¸ барқарорликдан манфаатдорликнинг заррача унсури ҳам йўқ деб айта оламиз.

Indorama Сирдарë вилояти Оқолтин ва Сардоба туманларидаги суғориладиган умумдор ерларни давлатдан имтиëзли шаклда арендага олди.

Бу хосилдор ерларни ўзбек фермерларининг ўзи бемалол тасарруф қилиши¸ хосил етиштириб ўзи ва давлатни бойитиши мумкин эди.

Аммо бизга номаълум бўлган¸ мантиқ ҳамда ватанпарварликдан йироқ тарзда Ўзбекистон ҳукумати ҳиндистонлик Indorama Group соҳиблари чўнтагини пул билан тўлдиришни¸ чет эллик семиз сармоиядорни янада бойитишни афзал деб билишди.

Нега ўзбек деҳқони эмас ҳиндистонлик шубҳали корчалонга ҳосилдор ерлар берилгани ҳақида ҳукумат бирорта асосли тушунтириш бермади.

Ҳиндистонлик шубҳали корчалонлар ерни олгач уни маҳаллий деҳқонларга вақтинча мавсумий пудрат қилиб беришди.

Қисқа муддатли келишув ва шартнома асосида пудратчи ўзбек деҳқонлари «Indorama Agro» МЧЖга фойда келтирадиган шартларида пахта ва буғдой етиштириб беради.

«Indorama Agro» шартларига кўра ўзбек деҳқонига ўта кам ойлик тўланади. (Ойига икки миллион сўм нари берисида)

Касаба ҳуқуқлари менсимасдан деҳқон энг кичик камчилик учун зудлик билан ишдан бўшатилиши кўзда тутилган.

Ишдан бўшатилган деҳқоннинг бошини сал бўлса ҳам кўтариб иш берувчига эътироз билдириш имкони нол.

«Полицай» тарзидаги пойи патаклар

Элтуз суҳбатлашган пудратчилардан бири ишдан бўшатилган пайтда камситилганини таъкидлади:

“Инодрама учун пахта етиштирардим. Иш бошқарувчилардан бири¸ ҳиндиларга полицай шаклида пойи патак бўлган Ойбек Самадовга эътироз билдирдим. Гап қайтардим. Дарров мени ишдан бўшатди. Мен Индорама Агро офисига телефон қилиб ишдан бўшаганим ва шартниома бекор қилингани ҳақида расмий буйруқ ëки бирор ҳужжат талаб қилдим. Компания юристи ўта қўпол тарзда муомала қилди. Қандайдир қора ишчини гапига жавоб беришга вақт фурсат сарфламайман деди ижирғаниб.”

Indorama Agro” МЧЖнинг интернетдаги расмий саҳифасида ваъда қилинган “корпоратив ижтимоий маъсулият ва барқарорликка чуқур содиқлик” шуми?

Ўзбекистон ватандоши бўлган пудратчини Ўзбекистон ҳудудида бунчалик камситиш ва хўрлашга мавжуд қонунлар изн бермайдику?

Индорама агро раҳбари жаноб Dipak Raina ўзбек ишчиларини пол артадиган латта каби эзиш учун журъатни қаердан ëки кимдан олди?

Эрксизлик плантацияси

Четдан келган корчалонларларнинг махаллий халқни эзиб ишлатиши ва маҳаллий ҳукумат билан тил бириктириб талончилик қилиши колумбиялик буюк ëзувчи Габриэл Маркеснинг “Ёлғизликнинг юз йили” деган романида ўта аниқ тасвирланган.

Романда тасвирланган тиканли симли деворлар остидаги банан плантациялари Сирдарëдаги Индорама агро билан параллел муқоясадай кўринади.

Indorama Agro МЧЖнинг ўзбек ишчиси деб аталган бахти қародан эшитамиз тафсилотни:

“Немис фашистлари махаллий халқни ўзларидан чиққан полицайлар ëрдамида талашган. Инодрамадаги ҳиндлар ҳам шунақа “полицайлар” ишга солишмоқда. Хожиев, Самадов ва Каттабеков ҳиндларнинг ишончига кириб катта-катта маблағ талан-торож қилишияпти. Мана битта мисол. Оқолтин туманида боғчани таъмирлаб бераман деб жуда катта растрата қилишган. Қилинмаган ишга пул ëзиб олишган. Суриштирcангиз Каттабековнинг акасини хотини боғча мудири булиб чиқади.

Бундан ташқари ëқилги бўйича катта етишмовчилик чиққан. Буни ҳам текширсангиз, пулни ўмарган Каттабековнинг жияни бўлиб чиқади. Лекин шунча ўғирлик кўламини беркитиб арзимаган 20 литр деб кўрсатиб, текширувчини рози қилиб штраф билан колганини ёпти-ёпти қилишган.

Истиқлол СИУда катта ўғирлик бўлди складдан, у ерда Аваз Хўжаевнинг танишини ўғирлик устида ушлашди. Хўжаев ҳиндлардан беркитиб видео кузатувни ўчиртирди.
Ундан ташқари подкуп йўли билан Индорамада ишламаетган одамлардан кўрсатмалар олиб бошка бир шахсларга нисбатан иш очтиришяпти.”

Лўлидан ботир чиқса….

Ўзакдан чиққан ўт қандай хатарли бўлса ўзингдан чиққан золим шу қадар ëмон.

«Лўлидан ботир чиқса капасига ўт қўяди». Элтузда мавжуд аудио ëзувларда Indorama Agro даги тракторчиларни талаш учун ўйлаб топилган ўлпон ҳақида сўз боради.

Бу овозли файлга кўра¸ тракторчилар ҳар куни 100 минг сўмидан ўлпон тўлашга мажбурланмоқда. Овозни эфирга қўя олмаймиз. Чунки шикоят қилган ишчи тазйиқ оостида қолмасин деймиз. Бу аудиога кўра тракторчилардан ўлпон йиғиш учун Индораманинг икки ўрта бўғин бошқараувчиси сафарбар қилинган. Булар Ойбек Самадов ҳамда унинг қариндоши Аваз Ходжаев. Схемага кўра ҳар бир сменада ëки ҳар сафар солярка олганда тракторчилар Аваз Ходжаевга бўйсунадиган охранникка 100 минг сўм бериши шарт. Бермаганлар шартта ишдан бўшатилади. Тракторчилар жимгина¸ мутеларча бу ўлпонни тўлаб келмоқда.

Ўқувчида савол туғилади. Нега бу ишчилар ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашмаяпти? Нега ўз юртида¸ ўз ерида ўтириб четдан келган корчалонни бойитиш билан бирга таҳқир ва камситишга бўйин эгмоқда?

Пудратчилар ўз норозилигини ифода қилишга бир неча бора уриниб кўришди. 2021 йил Сирдарёда “Indorama Agro” МЧЖнинг ўнлаб ишчиси ойликлари қисқариб кетгани, меҳнат қонунчилиги бузилаётганига норозилик биллдириб, велосипедда юриш қилишди.

Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида, Жиззах-Гулистон автомагистрал йўлидаги ҳайдовчилар велосипед минган ишчиларняинг норозилик намойишига гувоҳ бўлди. Аммо шундан кейин ҳам муаммо ечилмади. Пудратчи ишчилар Хожиметов¸ Қурбонов дохил ўн киши Ўзбекистон президентига шикоят аризаси ëзди.

Аризада Индорама Агро МЧЖ боис “Ота юрт”¸ “Бирлик”¸ “Дўстлик” “ Юртдош” ва “Қўрғонтепа” махаллаларида ишсизлар сони ортгани¸ ахоли турмуш тарзининг ëмонлашгани ва тутзорлардаги тут ва бошқа дарахтлар кесиб ташланмганидан ҳавотир билдирилган.

Шунингдек 11 варақлик бу аризада Индорама Агро МЧЖга оид трактор ва юк машиналар тинимсиз ўтгани боис ички йўллар вайрон бўлгани ва ширкат бир жойга компост мақсадида гўнг уюб қўйгани боис маҳаллий аҳоли орасида касаллик авж олганидан шикоят қилинади.

Элтузга маълум бўлишича, 11 варақлик бу ариза инобатсиз қолмоқда.

Бундан бир йил олдин Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми (Ўзбек форуми) Bankwatch Network кўмагида Ўзбекистондаги энг йирик пахта етиштирувчи корхоналардан бири бўлган “Indorama Agro” компаниясида инсон ҳуқуқлари бузилиши юзасидан Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) “Мустақил лойиҳанинг ҳисобдорлик механизми” (IPAM)га шикоят хати йўллаган эди.

Шикоят хатида¸“Indorama Agro” лойиҳаси бошланганидан бери маҳаллий ҳамжамиятларга катта зарар етказгани ва фермерларнинг ери бир томонлама тартибда, олдиндан уларнинг розилигисиз ва товон пулисиз компанияга берилгани таъкидланган эди.

Бу шикоят мактубидан бир йил ўтса ҳам Сирдарёнинг Оқолтин ва Сардоба туманларида яшаб “Indorama Agro” МЧЖда ишлайдиган меҳнаткашлар камситилиш, хўрланиш ва талончилик билан юзма юз қолмоқда.

“Indorama Agro” 2018 йилда Ўзбекистон ҳукумати қарори билан буғдой ва пахта етиштириш учун ташкил этилган конгломерат бўлиб, Сингапурда рўйхатдан ўтган “Indorama Corparation” таркибига киради.

“Indorama Agro” МЧЖнинг интернетдаги расмий саҳифасида “барқарорликка содиқлик” ҳақида гап бор.

Мақолани ëзиш чоғида “Indorama Agro” МЧЖ бошқарув тизими конфликтлар ўпқонига тушгани¸ ўрта бўғин бошқарувчилари ошкора талончига айлангани ортидан ишчиларда норозилик даражаси юксалганига амин бўлдим. Ширкат норози ишчиларнинг дарду хасратидан таркиб топган вақт бомбаси устида ўтирибди. Бу бомба қачон портлашини билмаймиз. Билганимиз шуки, бу портлаш ширкат соҳиблари учун жиддий оқибат касб қилади.

Яқин юз йиллик тарих нафсонияти топталган ишчилар исëни нималарга қодирлигини кўрсатган воқеалар билан тўла.

Элтуз Indorama Agro ишчилари вазиятини кузатиб боради.

Тағин ўқинг
23 феврал 2017
Икки ой аввал Соғлиқни сақлаш вазир бўлган Адҳам Икромов ишдан олиниб, ўрнига Олий мажлис қонунчилик палатаси қўмита раиси Алишер ...
30 март 2020
(Эпистоляр эссе) Марҳабога Кўпинча адабий муҳитдан чарчаганимда сенга сим қоқаман. Балки опамдек яқиним бўлганинг учундир ёки инжиқлигимни кўтарадиган иккита ...
1 январ 2020
Ўзбек ҳукуматининг Россия қарамлигига интилиши фонида мамлакатда газ тақчиллиги 2019 йили ҳам давом этди. Россиянинг «Лукойл» компаниясидан Ўзбекистоннинг 600 ...
9 апрел 2018
«Ўзбекконцерт» давлат муассасасида 30 март куни муҳокама этилган тўйларни ихчамлаштириш ҳақидаги Сенат қарори тасдиғи номаълум муддатга қолдирилган эди. Eltuz.com
Блоглар
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...
8 август 2024
«Арабистон тупроғида бола туғиш» мақсадидаги хотинлар ва уларни етаклаб кетаётган эркаклар. Арабистонда ўқилган шаърий никоҳга ...