Асосий мавзулар
4 август 2024

Яроқсиз рентген ускунаси, газ танқислиги ва пайхон қилинган ловия даласи

Cалом қадрли муҳлислар, кундалик кўрсатувларимизни Элтуз Порталига келган хатларни ўқиш билан давом эттирамиз. Навбатдаги бешта мактуб Ўзбекистоннинг Фарғона, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидан келган. Дастлабки мурожаат Фарғона вилоятидан. Мактубдан аён бўлишича, вилоятдаги айрим тиббий масканларда рентген аппаратлари кассеталари яроқсиз ҳолга келиб қолган.

“Фарғона вилоятидан ёзмоқдамиз. Туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларига қарашли марказий поликлиника ва марказий тез тиббий ёрдам бўлимларининг рентген аппаратлари кассеталари ишлаш муддатини ўтаб бўлган, яъни яроқсиз ҳолга келиб қолган. Албатта, айрим туман ва шаҳарлар замонавий детекторлар билан таъминланган. У билан таъминланмаган тиббий масканларда эса муддати ўтган кассеталар ишлатилмоқда. Маълумки, қонунчилигимизда Ўзбекистон фуқаролари малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга экани кўрсатилган. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан вилоятимиздаги барча марказий поликлиника ва марказий тез тиббий ёрдам бўлимларининг рентген аппаратларини кассеталар билан таъминлашини сўраб қоламиз” дея ёзмоқда фарғоналиклар.

Айни вилоятнинг Ёзовон туманида эса газ йўқ. Навбатда видеомурожаатни тингланг.

Ўзбекистонда нафақат машиналар учун балки аҳоли учун ҳам газ танқислиги авж олмоқда. Кейинги мактуб Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидан.

 “Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри суюлтирилган газ истеъмолчилари номидан мурожаат қиляпмиз. Республика “Ҳудудгаз” АЖга Маъруфхон Хўжаев раис бўлганидан кейин Шаҳрисабз газ масъуллари маҳалламизда сайёр қабул ўтказилди. Қабулда мутасаддилар аҳолини қизиқтирган саволларга жавоб беришди. Газ масъуллари аҳоли суюлтирилган газни фақат ИД карталар орқали олиши, нақд пул мумкин эмаслигини айтишди. Ҳолбуки, биз қўлимизга 3 йил олдин берилган карталарни ҳалигача бир марта ҳам ишлатганимиз йўқ, доим нақд пулга газ баллон оламиз. Шу вақтгача 28 минг сўмдан олардик, яқиндан бошлаб 38 минг сўм нақд тўлаяпмиз. 

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев коррупсияни тугатишга жон куйдириб ҳаракат қилаётган бир пайтда Шаҳрисабз шаҳри газ масъуллари шубҳали ишлар билан овора. “Ҳудудгаз” АЖ раиси Маъруфхон Хўжаев ҳам яқинда тизимни коррупсиядан холи соҳага айлантириш ҳақида гапирди. Мурожаатимизни АЖ раиси назоратга олса яхши бўларди” дея ёзмоқда Шаҳрисабзнинг суюлтирилган газ истеъмолчилари. Кейинги мурожаат Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидан. Мурожаат эгаси “Ловия энди чиқа бошлаганида, банк ва туман ҳокимлиги ходимлари келиб далани бузиб кетишгани иддао қилмоқда.

“Салом, Элтуз! Самарқанд вилояти Булунғур туманидан мурожаат йўллаяпмиз.  Фермердан ер сотиб олдик. 800 кило ловия уруғи олиб, 3,5-4 гектар ерга экдик. 120 млн сўм харажат қилдик. Ловия энди чиқа бошлаганда, банк ва туман ҳокимлиги ходимлари келиб бузиб кетган. Увол эмасми, ахир, ризқ-рўз-ку бу! Нима қилишни билмай қолдик, шунча харажатимизни ким қоплаб беради?” дея зорланмоқда ловияси пайхон қилинган дала эгаси. 

Ва ниҳоят сўнгги шикоят Жиззахдан. Йўлнинг носозлиги, аниқроғи йўлнинг ўртасига нотўғри канализация қудуғи ўрнатилгани оқибатида автомобилларга шикаст етмоқда.

«Салом, Элтуз! Жиззах вилояти  Шароф Рашидов тумани Бирлик кўчасининг аҳволи. Стяшка қилинган кўчага кириб чиқиш муаммо, бир томондан машиналар юриб йўлгт чўктираяпти,  тушиш жойи тўғрилаб қилинмаган. Йўлнинг ўртасида канализатсия бор, машиналар ўтиб қайтиб тагини уриб олаяпти. 

Кўчага кириш чиқишда ҳам машина тагини қириб ўтади бу сифатсиз йўлга ким жавоб беради?» Дея ёзмоқда жиззахлик Элтуз обуначиси.

Ва бу сизга етказганимиз бугунги сўнгги мактуб эди. Эслатамиз, элтуз портали телеграмдаги алоҳида саҳифадир. У ерга хатлар учун махсус бот ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам чоп қилишга интилади. Эслатиб ўтамиз, айни сонияларда каналимиз обуначилари сони 664 минг нафарга етди.  Каналимизга обуна бўлинг. Агар кўрсатувимизни қўллаб қувватламоқчи, ёки айрим ёпиқ видеоларни кўрмоқчи бўлсангиз супер рахмат тугмачасини босинг.  Соғ бўлинг.

Тағин ўқинг
16 октябр 2018
Москвада Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатиш ишлари 15 октябрга ўтар кечаси тунда олиб борилди. Ёдгорлик 16 октябрь куни очилиши кутилмоқда. ...
8 феврал 2016
Элсевар ўзининг янги ҳажвий суратини Тошкентнинг «қизил чироқ»ларига бағишлайди. Рассом Элсевар Eltuz.com
15 апрел 2023
Рассом Туз: Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман.  Матчон Суқилиш: Ничиксизлар мўччи ойбика ...
24 январ 2024
Журналистика факультети ректори Шерзод Қудратхўжа русларга қадар ўзбек миллати ва давлатчилиги йўқ деб чиққан рус шовинисти Смолиннинг иддаоларига қарши ...
Блоглар
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...
8 август 2024
«Арабистон тупроғида бола туғиш» мақсадидаги хотинлар ва уларни етаклаб кетаётган эркаклар. Арабистонда ўқилган шаърий никоҳга ...