Ғаллаороллик шифокор – бу йилги пахтанинг навбатдаги қурбони
Ғаллаорол туман ҳокими Азим Тўлабов буйруғига кўра, пахта нормасини бажара олмагани учун икки кунга қамалган туман бош врачи Юсуф Эсиргетов 9 октябр куни вафот этди.
Eltuz.com манбасига кўра, Ғаллаорол тумани ҳокимлигидаги йиғилишда пахта нормасини бажармагани учун туман шифохонаси бош врачи Юсуф Эсиргетовни қаттиқ уришгач туман ҳокими, ИИБ бошлиғига уни қамашга буйруқ беради.
Уни мажлисдан кейин олиб бориб икки кунга қамашади. Қамалиш сабаби ишчилар (тиббиёт ходимлари. таҳр) кунлик 70 кг ўрнига 17-20 килодан пахта теришгани, ҳокимнинг дўқига жавобан шифокорнинг “Далада пахта йўқ бўлса қаердан тераман?” деган эътирози бўлган.
Қамоқдан чиққанидан сўнг, қаттиқ стрессга тушган врач хасталаниб ётиб қолади ва Жиззах вилоят шифохонасидан жон беради.
Бош врач кеча дафн қилинган, унинг яқинлари “Пахталаринг бошларингда қолсин!” дея ҳокимиятдагиларни ёзғирмоқда.
www.eltuz.com