Анонс
20 май 2024

Тилак Жўра уй-музейи кимга керак?

26-май – Тилак Жўрани хотирлаш кунига атаб…

Тилланисо

Мактабда ўқиб юрганимда танловга қатнашдим. «Зулфия» нинг туман ё вилоят босқичи эди ишқилиб. 7-синф бўлсам керак. Мендан Тилак Жўра шеърларини сўрашди. Ҳайрон қараб турдим ҳаъятга : ким бўлса бу одам?! Чиққанимиздан кейин тажрибали қизлар айтишди – қоракўллик шоир, Қоракўлдан бўлганинг учун атайлаб сўрашди, янаям ёдлаб қўй, барибир керак бўлади!

Хўп, дедиму, Тилак Жўра шеърларини тополмадим. Мактаб кутубхоначиси 2 ой дегандаям бир йўқлаб келмайди мактабга, зўрдан уни ушлаб, кутубхонани сармаласам, барибир Тилак Жўра топилмади. Онам иш билан туман марказига тушганда онамга ялина-ялина марказий кутубхонага боришга кўндирдим. Бу жой гадой топмас жойда, неча марта кўчганидан аниқ қайррдалигини ҳеч ким билмайди. Хуллас, эски жойларига борибмиз, охир онамнинг ҳафсаласи пир бўлди. Қидирмадик. У пайтлари ўзимни туман марказига ёлғиз жўнатишмасди – кичкинасан, қиз боласан, йўли узоқ деб. Шунга катталарнинг бўш вақтини топиш керак бўларди. Аммо кутубхона учун бўш вақт деса одамлар бурун жийирадиган бир давр.

Хуллас, мен Тилак Жўранинг нима ёзганини билолмай қолдим. Лекин истагим, иштиёқим ўти сўнмаганди. Ўзи ҳаётда энг катта бойлигим ҳам унча-бунчага сўнмайдиган иштиёқим деб биламан.

2 йил ўтиб «Бекажон» да Тилак Жўра шеъри чиқди. «Ўзбекистон» деган. Ўша машҳур «ёниб ўпаман, олам остонаси – Ўзбекистонни» деган сатрлар жо шеър. Газетанинг шу бўлагини қирқиб олдим. Ёдлаб ўтирмадим. Чунки танловлар аллақачон қизиқ эмасди. Фақат нима учун бу шеър яхши шеър, у қандай қилиб ҳис қилинади, ташбеҳ-у мажозини қандай қилиб ўрганиб олсам бўлади? Шулар билан банд бўлдим. Японлар сакура гулига термулиб ўтириб ҳаётни ҳис қилишни истаганидек, мен ҳам намозшом инак, ҳўжакларнинг ем хашагини бериб бўлгач, катта кенг отизларимга чиқиб шу шеърни ўқирдим. Айни шу намозшом ўзим учун қоладиган вақт -ҳамма ишлар тинчиган, биров безовта қилмайди, биров чақирмайди, учи – қироғи йўқ далаларда ўзинг билан ўзингсан. Унинг устига кечқуруннинг ёқимли салқини тушади, танага роҳат. Бир ёғда эниб бораётган қуёш яллиғидан қизариб ётган уфқ, бир ёғда поёнсиз отизлар кўнгилга кўчган кенглик – умуман ҳаммаси яхши. Ҳаёт шу қадар яхшики, худди бу ҳали дунёнинг бошидек, ҳаётнинг бошидек, ҳали ҳеч қандай ғашлигу безовталик кўнгилга ораламаган – ўзинг ўзингга сиғмайдиган тарзда, миннатдор тарзда ҳаммаси яхши. Назаримда ўша шеър ҳам шу ҳақда эди. Ватан ҳақида эмас, кўнгилдаги кенглик ҳақида, зиқлик ораламаган кенглик ҳақида. Ким билади Ватаннинг кенглик билан уйғун жойи бордир?! Шеър ҳаёт ҳақида эди. Соғиниб, йиғлаб, яшаб , севиб тўймайдиганимиз ҳаёт ҳақида! Қайси даражада бўлсак ҳам, нимага эга бўлиб нимадан қуриб қолган бўлсак ҳам – Ҳаётни севиш даражамиз барчамиз бир! Бўлиб, баҳолаб, қиёслаб бўлмайдиган ягона севгимиз бу – ҳаётга муҳаббат. Ва ҳаёт билан бизни туташтирадиган ҳар нарса яхши -у шеърми, ватанми, кенглик, отиз ё шуларни бир бутун қилиб юрагида туйган, тўйиб нафас олган одамми – ҳаммасини гўзал уйғунлик деб аташ мумкин!

Ўша шеър нимаси билан яхшилигини кўп таҳлил қилишган, масалан – Совет даврида туриб, СССРнимас айнан Ўзбекистонни севиш ҳақида биринчи бўлиб гапирилган дейилган. Бўлса бордир. Мен бу шеърда унда топганим кенглик ва ҳаётга севги учун севган бўлардим – шуларнинг барчаси менда ўша болалигимдаги отизларда, намозшомларда, кенглик ва хаёлларимда бор эди – ва шуларнинг барчаси Ватан эди, Ўзбекистон эди.

Сўнг-сўнг университетга кирдик. Феруз Муҳаммад деган қоракўллик талаба (ердошим) Тилак Жўра, Тилак Жўра деб бошни қотирадиган бўлди. У пайтда Феруз факультетда ва ётоқхонада отиқмол шоир эди. Биз қизларнинг ёнидан ўтаётганда «Ой бўлсанг ҳам кўчамдан ўтма» деб шеър ўқиб ўтарди. Ўйланиб юрардик кейин : ким ёзган буни Ферузми, Тилак Жўрами?

Феруздан шеър эшитишни истаганларга биринчи Тилак Жўра ҳақида гапирарди, кейин ўзининг шеърини ўқирди. Феруз ҳақли равишда ўзи севган инсон ижодини бошқаларга севдира олади. Жумладан, менга ҳам. Феруз баҳона Тилан Жўрани қайта кашф қилишни бошладим. Устига устак шоирнинг сайланмаси ўша йиллари чоп этилгани қақраб ётган ерни суғоришдай бир иш эди. Ваниҳоят энди бизда Тилак Жўра китоби бор! У доим ёнимизда, сумкамизда кўтариб юрсак, овқатланганда ўқисак, бирга ухласак бўлади. Шунақа, талаба зоти учун китобнинг ёнида бўлиши муҳим нарса. Бирга ухлолмасанг, у китобни севдим деб айтиб юрма! (Шунгаям шоирлар китобини тез-тез чиқариб туриш керак, талабалар ҳанқоғини тўйинтириш учун). У пайтларда электрон китоблар кам, камига бизда смарттелефонлар бўлмаган. Шунга бизнинг қувончимизни тушиниш осон.

Мени айниқса

Мен,

бир тола майса бўлиб ўсмоқ истайман, севгилим,

Шўрхок ердай тўзғиб ётган миянгда,

бир дона шабнамни эркаламоқ учун.

Ўша пайтда миям шўрхок ерга эна бошлаган даврлар ё юрак кенгликдан зиқлик томон энган – шоир эса майса бўлиб уни, ҳатто шабнам ҳам топин уни эркаламоқ истайди.

Жинни бўлаёзганман. Нима бу? Қандай бу? Бу гўзал эмас, яхши ё зўр эмас, шунчаки сени ўзидан қўйиб юбормайди – нима бу, нима бу деб шўр гўшт каби шўрхок миянг мазасини сўриб юраверади. Шеърнинг давоми эса бундай эди:

Ҳеч бўлмаса,

Бир лаҳза,

Фаридиддин Аттор айтгандай,

Гавдам билан ёпмоқ истайман,

дўзах дарвозасини!

Менинг бу хаёлларимдан

кимдир кулар,

кимдир йиғлар.

Мени бу дунёда ,

кулдирганлар кўп,

йиғлатганлар кўп,

Аммо

ўлдирган битта:

ўз умидим,

ўз умрим!

Ҳеч бўлмаса,

бир лаҳза,

сенинг кулишинг учун,

сенинг йиғлашинг учун,

Севинч

ҳасрат бўлиб, ўлмоқни истайман!

Ўлдирган битта – ўз умидим, ўз умрим! Буни ортиқча шарҳлаб шарт эмаску. Шундай шеърни ёзиш учун бутун умрингни берсанг арзийди деб бот-бот ўйлаганман : умримни берсам арзийди. Тилак Жўраям шундан бошқа нарсани истамаганига ишонаман. Умрини берди.

Китоб охирида мана бу шеър бор эди :

Кўп тикилма осмон бағрига…

Ҳали қанча қуёшли кунлар,

Ҳали қанча кўзёшли тунлар

Сен ва мени олар бағрига!..

Бу шеърни биз навбатчи шеър ўрнида айтиб юрардик : доим тилимизда туради. Бу худди ҳаммаси яхши бўлади деб ўзимизни овутишга ўхшаган таскин эди. Таскинга муҳтож кайфият етилиб келдими , бўлдими, тилгаям шу шеър келади:

Кўп тикилма, осмон бағрига…

Қолганлар мана бу шеърни кўпроқ ёқтирарди назаримда (ҳа мен шўрхок миямда майса униб чиқишидан орзу қилиб, ўзим билан ўзим бўлган кезларим қолганларинг :

Бир яланглик бўлса, Тўйиб-тўйиб бақирсанг, Сўниб қолган руҳингни Қалқиб-қалқиб чақирсанг деган сатрларини ётоқхонани бошига кўтариб айтишарди.

Негадир бу шеър менга тарсакини эслатар, шўрхок миямдаги майса билан банд бўлиш ёқимлилигидан бу шеърга дил беролмагандим.

Яқинда Тилак Жўра туғилганига 77 йил тўлади. Яхшики, биз талабалигимизда сайланмаси чиққан, ҳаммамиз истаганча ётиб, тўйиб ўқиганмиз шеърларидан. Лекин ҳозир Тилак Жўранинг шеърлари китоб бўлиб қайта босилдими, ахир орадан 12 йилдан ортиқ вақт ўтяпти – тўғри, истаган одамга ҳозир электрон китоб бор. Лекин электрон китоб билан бирга ухлолмайсан, умуман китоб бу китоб.

Айнан Сайланма о»ша йили чоп этилмаганди биз фақат сайтларда чиққан тўрт-беш шеър билан қолиб, умумий қифоясини билмай ўтардик шоирнинг. Шеърий китобларни қайта-қайта босиб туриш керак – ҳеч бўлмаса 10 йилда бир марта оша ўзининг азал, доимий мухлислари учун.

Яна, мен ўша 7-синфимда Тилак Жўрани танимаганимдек бугунги қоракўллик ўқувчилар ҳам шоирни танимайди. На мактабларга туманнинг катта шоири сифатида китоблари тарқатилади, на юбилейлари қилинади, на кичик бўлсаям бир монументни бор туман марказида, на Тилак Жўра номли бирор кўча бор. ( Ўзи умуман шоир ёзувчи туг»илган жойга кўча номини бериш шунча қийинми? Рауф Парфи кўчасини номлаш ташаббускорлари ҳам ўлгудек қийналганди)

На шоирнинг уй-музейи бор. Тилак Жўра уй-музейига экскурсия қилган ўқувчи хотирасида аниқ шеърга оид нимадир қолади, балки вақти келиб у ҳам илинжга муҳтож бўлганда – Мени бу дунёда кулдирганлар кўп, йиғлатганлат ко»п, Аммо ўлдирган о»з умидим, о»з умрим» деб такрорлаб юради.

Лекин бунинг учун ўша келажак одамига кичкина кенгликни, кичкина эркинликни яратиб бериш керак. Энди бу ўша мен 2 йиллан кутган «Бекажон» газетасидаги биттагина шеър бўлиши керак эмас. Уй-музей бўлсин, қоракўллик ўқувчиларга адабиёт фанидан мажбурий экскурсиялар бо»лсин бу ерга, ва балки бу уй-музейда перформанслар қилинсин, рассомларн инсталляциялар қилсин шоир ижодига атаб, бошқа бир вилоятлик ижоджор Қорако»лни ҳис этиш учун ҳам шу музейда бир ой қолиб ижод этсин, резиденция бо»лсин ( ахир резиденциялар фақат Тошкентда бўлиши шартмаску, кичик қишлоққа ҳам бу маданият билан кириб борсак нима бўлибди?!) , номига аталган кўча бўлсин, мактаб бўлсин, бирор боғда ҳайкали бўлса – биз ўша ўзимиз истаётган келажак инсони қалбида кенгликка, эркинликка туртки уйғотган бўлардик. Ҳа, булар ҳаммаси бизнинг Тилак Жўра орқали келажак одамига (ё маънавий дунёга) берадиган турткимиз холос. Айнан Туртки ва бу айнан Тилак Жўра орқали! Тилак Жўранинг ўзига эса бу ишлар ҳаётида ҳам, ўлгандан кейин ҳам керак эмас. У ҳаётдан оладиганини олиб бўлган – мен учун о»ша умрни беришга арзийдиган тепадаги шеър!

Петербургга темирйўл бўйича ўқишга кетган танишим актёр бўлиб қайтиб келди. Тавба, у энди Паражанов ҳақида титраб гапиради. Ё жадидлар ҳақида гапираётганда ўзини тўхтатолмай қолади. 360 градусга мутлақо кутилмаган ўзгариш!

Сенга нима бу қадар таъсир қилди, – сўрайман ундан.

Питер дейди, у.

Нима деганинг у Питер?

– Шаҳарнинг о»зи демоқчиман. Шаҳар руҳи. Бир кун тунда юргандим Петербург бутун ҳавоси, архитектураси, бизникидек кулранг бўлмаган ҳаёти – э қўй мен буни тасвирлолмайман, бунинг ҳаммаси санъат эди, биласанми, санъат. Шаҳарнинг ўзи санъат эди. Ва бирдан руҳимни уйғотиб юборди. Кейин эртаси куни ўзим қизиқмайдиган ўқишимни ташлаб кетдимда, 2 йил давомида ҳар куни театрда спектакль кўрдим.

Питерни кўрмаганман. Аммо одам руҳига атроф бир лаҳзадаёқ таъсир этишига, уни уйғотиб юбориши ишонаман. Ҳатто у бетон деворлар бўлса ҳам. Фарқи у бутунлай меҳр билан, эрк ё севги билан, о»зини унитиш билан ё шунчаки яйраш учун қилинган, қурилган бўлса.

Қоракўлдаям шунақа руҳни очиб юборадиган Турткилар қуришга имкон бор. Тилак Жо»ра воситасида. Ва бундай воситалар кўп. Шулардан бири, атоқлиси – Шоиримиз.

Мен истайдиганим битта нарса – бугунги Қоракўл кечаги Қоракўл бўлмасин. Мен Тилак Жўрани танимаганим, китобини қидириб тополмаганим, орадан 7-8 йил ўтиб фақат Сайланмаси чиққандагина ўқий олганим – булар ўша шеърдаги шўрхок ер каби миянинг жонли тасвирлари. Бугунги Қоракўл шўрхок миялар ери бўлмасин дейман. Бир шабнамни эркаламоқ учун у ерда бир майса унсин. Ўша майса униши учун эса фақат шоир мухлислари, ташаббускорлари эмас, давлатдан ,ҳукуматдан ёрдам керак бўларкан. Бир кўчага ном бериш учун, уй-музей қилишга рухсат олиш учун… Эҳҳе буларнинг ҳаммаси даҳмаза ишлар. Буларни ёзишимдан мақсад шуки, зора бизнинг Бухоро, Қоракўл томонларда ҳам руҳни уйғотадиган, уйғотишга Туртки берадиган ишлар қилишни истовчилар топилса – раҳбарлар орасида!

Тилак Жўра 1947 йилда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Сайёт қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган (1972). «Райҳон» (1977), «Олам остонаси» (1980), «Юлдузлар табассуми» (1981), «Чорраҳадаги уй» (1983), «Сандувоч» (1988), «Руҳият» (1990) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. «Ҳозирги турк шеърияти», «Нозим Ҳикмат ва Ўзбекистон» сингари илмий асарлари ҳам бор. 1994 йил Тошкент шаҳрида вафот этган.

Тағин ўқинг
31 октябр 2015
Ўтган йили шу пайтларда украиналик қочқинлар кўп эди. Ҳужжат ишларим сабаб тегишли ташкилотларга бориб тураман. Кўп йиллардан буён қатнайвергач ...
8 декабр 2016
Айни пайтда Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовнинг 22-ноябрдаги “Пластик карта орқали ҳисоб-китоб қилишда нақд пулга нисбатан 20-25 фоизга қиммат ...
11 октябр 2015
Ўзбекистонда дунёвий, демократик, саводли, зиёли мухолифатнинг йўқ қилиниши, келажакда қўзғолонлар бўлган тақдирда ҳукумат билан диалог қилишга заррача умид қолдирмади. ...
5 ноябр 2018
Шу йил 2 ноябрга ўтар кечаси Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридан Чолиш посёлкасига ўтадиган кўприк қулади. Бу ҳақдаги хабар ва ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...