Асосий мавзулар
15 май 2022

15 май – ўзбек тилшунос олими Алибек Рустамов туғилган кун

Тилшунос олим, академик Алибек Рустамий билан танишиш менга 1997 йилда насиб этган эди. Ўшанда Хўжанддаги божам, филолог домла Насрулло Сиддиқов қизини чиқарган ва тўйга таклиф этганди.

«Божа, сиз иккинчи қаватга чиқинг, сизнинг вазнингиздаги одамлар ўша ерда», деди Насрулло ака.

Юқорига чиқсам, Хўжанд давлат университетида мени ўқитган домлалар ва яна бир-икки нотаниш одамлар катта стол атрофида ўтиришарди. Ёши етмишлардан ошган, тошкентча дўппи кийган бир отахон билан суҳбат қизиган, ниманидир устида баҳс давом этарди.

Салом бериб, секингина бир четга ўтирдим-да, ёнимдаги тилшунос олим Мамадов домламиздан сўрадим: “Бу киши ким бўлади?”

«Бу киши мана шу ерда ўтирган барча домлаларингизнинг устози, академик Алибек Рустамов бўладилар», деди Мамадов домла.

Етмишинчи йиллар охирида Хўжанд дорилфунунида ўқиб юрган кезларимизда Рустамий домланинг тилга оид китобларини кўп ўқиганимиз, домлаларимизнинг бу шахс ҳақида гапирган илиқ сўзлари ёдимга келди.

Лекин жуда ҳам сипо кийинган, ҳар бир киши билан ўз ўғлидай муомала қиладиган бу академик олим билан ўшанда кўп гаплаша олмадим. Меҳмон кўп, домла шогирдларидан ортиб бизга тегмади.

Эртаси куни Рустамий домлани барча шогирдлари, яъни тилшунослик фани кандидатларию профессор домлаларимиз устларига тўн ёпиб, йўл-йўлакай хўжандча зиёфатлар қилиб, Бекободгача кузатиб қўйишди.

Шу билан домлани орадан олти йил ўтгандан сўнг Тошкентда кўрдим. «Озодлик» радиосида “Тил ва дил” эшиттириши ташкил қилиб, Рустамий домладан эшиттиришда қатнашиб боришни таклиф қилдик.

Диктофонимни кўтариб, домланинг Тошкентдаги ҳовлисига бордим. Бу академикнинг ҳовлиси эмас, кўпроқ оддий ўқитувчининг ҳовлисига ўхшарди. 50 ёки 60-йилларда қурилган пастқам хоналар, оддий оҳак билан оқланган деворлар домланинг фақирона умргузаронлик қилишидан дарак берарди.

Бир пиёла чойдан сўнг домла “биздан нима хизмат”, дедилар. Мен ниятимни айтдим. Домланинг кўзлари ёришди, тўғриси, хурсанд бўлиб кетдилар:

«Тилимизда ўз ўрнида ишлатилмаётган сўзлар кўпайиб кетди. Келинг, рукнимизни бундай номлайлик: “Изоҳталаб сўзлар изоҳи” бўлсин», дедилар. Мен маъқулладим.

Шундан сўнг ҳар ҳафта эфирга кетадиган “Тил ва дил” эшиттиришида домла биз журналистлар ҳам ҳар куни қўллайдиган сўзларнинг асл маъноси бошқа эканлигини шарҳлай бошладилар.

“Мана, сизлар фалон давлатнинг президенти фалон давлатга ташриф буюрди, дейсизлар. Бу нотўғри. Четда ҳам қанча ўзбеклар бор, улар эшитса уят бўлади. Фалончи Ўзбекистонга ташриф буюрди деса, Ўзбекистонни ҳақорат қилгандай бўлади. Ташриф деган сўз шарафга эриштирмоқ дегани. Масалан, улуғ бир одам фақир бир одамни кўргани келса, шуни қадрлади деган маънода ташриф буюрди, деса бўлади. Бундай ҳолатда расмий зиёрат билан ёки расмий сафар билан келди дейиш керак”;

“Ҳозир бизда ҳоким дейишади. Бу ҳам нотўғри. Ҳоким дегани ҳукм юритувчи деган маънони англатади. Бизнинг тарихимизда адолатли, эл манфаатини кўзлаб иш қиладиган одамларга “шаҳриёр” деган сўз ишлатилган. Бу ҳозирги Ғарбдаги мэрга тўғри келади”.

Рустамий домла қарийб икки йил давомида эфирга кетган эшиттиришларда юзлаб сўзларнинг изоҳини шарҳлаб бердилар.

Домла бугун давлат тепасида ўтирганлар ўзбек тилининг ривожига умуман аҳамият бермаганидан койиниб гапирардилар.

«Озодлик»нинг Тошкентдаги бюроси ёпилганидан сўнг домла билан алоқа узилди. Домланинг уй телефони ҳам қатир-қутур қилиб жуда ёмон ишлагани сабабли тиниқ интервью қилишнинг имкони бўлмай қолди.

Мен эса она тили учун бунчалик куйинадиган одамни бошқа кўрмадим.

Садриддин Ашур
Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 ноябр 2015
Обид қорига суиқасд қилган Жуковский буйруқни Тошкентдан олгани ҳақидаги айблов хулосасини Швеция прокуратураси терговчиси Кристер Петерссон 17 ноябр куни ...
1 апрел 2019
Ўзбекистон расмийлари АҚШ Меҳнат департаменти ўзбек пахтасини болалар мажбурий меҳнати воситасида етиштирилган маҳсулотлар “қора рўйхати”дан чиқаргани тўғрисида фахр билан ...
29 январ 2022
Онаси ҳайвонот боғидаги айиқ олдига улоқтирган уч яшар қизалоқ Тошкентдаги касалхонада қолмоқда. Қизнинг аҳволи «қониқарли» 5 метр баландликдан тушган ...
16 ноябр 2015
Бугун, 2015 йил 16 ноябр куни тахминан эрталаб соат 8.30 ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаевнинг Жиззах шаҳридаги уйига милиция ходимлари ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...