Асосий мавзулар
24 май 2019

24 май – Ўзбекистон ССР халқ артисти Шерали Жўраевнинг илк клипи тармоққа чиқди

Расмий тақдимоти ўтказилмаган бу клипда Шерали Жўраев совет юқори номенклатурасининг севимли улови бўлган “Чайка” автомобилини ëлғиз бошқаргани акс эттирилади.

Клип совет даврининг “мақом араваси” бўлган “Чайка” автомобилида кимсасиз мамлакат бўйлаб сайр қилаëтган, совет даврини қўмсовчи ҳофизнинг “носталгик ҳиссий” образини тараннум қилади.

Eltuz.com мухбирига маълум бўлишича, “Чайка” ретромобили Жўраевлар томонидан сотиб олинган.

Клипни эса Жўраевнинг ўғиллари айтган қўшиқларга клип ишлаб танилган Шуҳрат Мавлонов суратга олди.

Клипнинг тармоқда пайдо бўлиши “Шералини барча унвонларидан мосуво қилишибди”, деган гап-сўзлар урчиган пайтга тўғри келди. Клип расмий тақдимотига изн берилмагани ва Жўраев қўшиқларининг Ўзбекистондаги расмий телерадиоканалларда эфирга берилмаслиги эса бу гап-сўзлар тўлқинини янада кучайтирди.

Eltuz.com мухбирининг ўрганишича, Шерали Жўраевнинг “Халқ артистлиги машруми?” деган масала Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси мукофотлар бўлимида муҳокама бўлган.

Гап шундаки, Шерали (Шермат) Жўраев Халқ артисти унвонини 1987 йили СССР ҳукуматидан олган.

Яъни Жўраев Ўзбекистон ССР халқ артисти. Шу маънода ўзбек мулозимлари Шерали Жўраевни Ўзбекистон халқ артисти деб айтмаслик борасида ички тавсия билан чекланишган.

Совет ўтмишидан воз кечган мустақил Ўзбекистонда Шерали Жўраев бирор бир мукофот олган эмас.

Шерали Жўраев халқ севган хонанда. Бироқ у 1999 йилдан буён ўзбек ҳукумати пешволари назарида Муҳаммад Солиҳнинг дўсти бўлгани учун саҳнадан четлатилган ва унинг қўшиқлари телевидениенинг давлат каналлари орқали трансляция қилинмайди.

Мустақилликнинг дастлабки йиллари хонанда бот-бот президент Каримов ёнида кўринди, давлат ташрифлари пайти у Каримовга ҳамроҳ бўлди. Бироқ кейинги йилларда Шерали Жўраев юлдузи ўчирила бошланди.

Шерали Жўраевнинг ҳаёти ва ижоди

Ўзбекистон ССР халқ артисти ва 1990—1995 йилларда мамлакат парламенти депутати бўлган Шерали (паспортидаги исми Шермат) Жўраев 1947 йилнинг 12 апрелида Андижон вилоятининг Асака туманида чорвадор оиласида туғилди.

Островский номидаги Театр ва рассомлик институтига ўқишга кирган Ш.Жўраев 1966 йилги Тошкент зилзиласи оқибатларини бартараф қилаëтган комсомол ëшларга бағишлаб қўшиқ айтиб, илк бора телевидениеда чиқиш қилди.

1971 йилда ўқишни тугатган Ш.Жўраев “диний-мистик қўшиқлар куйлагани” учун бир муддат эфир ва саҳнадан четлатиб қўйилди.

Ўзбек ëзувчиси ва “Совет Ўзбекистони санъати” журнали бош муҳаррири Нурали Қобулнинг саъй-ҳаракати билан 1980 йилда Шерали Жўраев яна саҳнага қайтди.

“Совет Ўзбекистони санъати” журнали саҳифасида сурати чоп қилинди.

1981 йилда яна Нурали Қобул кўмагида “Мелодия” фирмасида Шерали Жўраевнинг “Оқ қайин” деб номланган пластинкаси чиқарилди.

1985 йили Москвада ўтган XII ëшлар ва талабалар халқаро фестивалида қатнашиб, совет ҳукуматини улуғловчи “Даврон бизники” қўшиғини ижро қилгани ортидан Шерали Жўраев 1987 йилда Ўзбекистон ССР халқ артисти унвонига лойиқ топилди.

“Горбачёв ҳуррияти” деб аталган ошкоралик даврида Ш.Жўраевнинг Ўзкомфирқа тизгинида фаолият кўрсатгани иддао қилинади.

Eltuz.com мухбири билан суҳбатлашган «Бирлик» фаоли Солиҳ Қодировнинг айтишича, «ўзбек тилига давлат мақоми бериш талаб қилинган митингларга талабалар бормаслигини таъминлаш учун Ш.Жўраев Халқлар дўстлиги саройида текин концертлар берган”.

С.Қодировнинг сўзларига кўра, унинг бу хизмати Ўзкомфирқа тарафидан “инобатга олиниб”, Ш.Жўраев 1990 йилда Ўзбекистон ССР Олий Кенгашига депутат қилиб сайланган.

1991 йилда Ш.Жўраевга Алишер Навоий номидаги давлат мукофоти берилди.

1992 йилда Шерали Жўраев Ўзбекистон президентига йўлдош бўлиб Туркманистон сафарига борди.

Ўша йили Ш.Жўраев Ўзбекистон президенти билан бирга Саудияга бориб, ҳаж ибодатини адо қилди.

Қўшиқ регламентини бузгани учун

Ҳаж сафаридан кейин Ш.Жўраев номаълум сабабларга кўра яна “исталмаган одам” мақомига туширилди. Шерали Жўраевга телерадио эфирларига чиқиш ва катта саҳналарда концерт беришга норасмий тўсиқ қўйилди.

Шерали Жўраев 1994 йилда «Ўзбекистон – ватаним маним» конкурсида қўшиқ айтиш регламентини бузгани учун катта саҳнадан тамоман четлатилгани айтилади.

Ҳофизга яқин бўлган шахслардан бирининг Eltuz.comга билдиришича, ўша концертда Каримов ва Жўрабеков ҳам иштирок этган.

Шерали иккита қўшиқ ўрнига учта қўшиқ айтган. «Соҳибқироним» қўшиғини (у тахминан 15 минут давом этади) у регламентдан ташқари ижро қилган. Бу эса Каримовнинг ғашига теккан.

Кейин саҳна ортига Жўабековни юборганида ўша пайтда машҳурлик чўққисида юрган ҳофиз уни «послат» қилган. Жўрабеков эса бу «послат»ни Каримовга қўшиб-чатиб етказган.

Кейин Каримов «ў-ҳў, шундайми ҳали!» деган-у, уни саҳнадан ҳам, ТВдан ҳам, радиодан ҳам четлаган.

Муҳаммад Солиҳнинг дўсти бўлгани учун

Ҳофизнинг катта саҳнадан ва сиёсатдан четлатилиши, Каримовнинг уни кечирмаслигига бошқа бир сабаб эса унинг Каримов душманига дўст бўлгани билан изоҳланади

Ш.Жўраев 1999 йилда Урганчдаги хусусий TV ALC телеканалига берган суҳбатида Муҳаммад Солиҳ билан дўст бўлгани ва унинг укаси Мақсуд Бекжон уйланганида Хоразмга тўйга боргани учун «жазоланганини» айтган эди.

1991 йилдан бери ўтган давр мобайнида Ш.Жўраев катта саҳнага яна қайтиш учун бир неча бор уринди.

2014 йилда Ш.Жўраев “юқорининг рағбатига эришиш мақсадида” Роғун ва Қамбарота ГЭСларининг экологик зарарига бағишланган қўшиқ ижро қилди.

Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Иқбол Мирзо сўзи ва ташаббуси билан ёзилган мазкур қўшиқ Амударё ва Сирдарёнинг юқори оқимларида қурилаётган йирик гидроиншоотларнинг зараридан баҳс қилади.

Матнда тўғон қуриб, ўз қўшнисига чоҳ қазиган қўшнилар маломат қилинади. Қўшиқ матнида “Тўғон қуриб, дарёларга тўғаноқ бўлган зотлар” ва “Қишда қорни қизғангувчи паст”лар танқид қилинади.

Қўшиқ “юқорининг рағбатига сабаб бўлмай, аксинча Тожикистондаги концертларни хавф остига қўйганидан” ташвишга тушган Ш.Жўраев Тожикистондаги мустақил “Фараж” интернет газетасига мактуб ëзиб, “бу қўшиқни бошқача талқин қилганлар эса халқлар дўстлигига раҳна солувчи кимсалар экани”ни таъкидлаган эди.

Ўзбек ҳукумати пешволари назарида Муҳаммад Солиҳнинг дўсти бўлгани учун саҳнадан четлатилган Шерали Жўраев бу йил 70 ёшга тўлди. Каримов ўлими ва Шавкат Мирзиёевнинг иқтидорга келиши шарофати билан унга аста-секин катта саҳна эшиклари ҳам очила бошлади.

Ботир Ражабов
Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 сентябр 2019
Адолат излаб Хоразмдан Тошкентга йўлга чиққан “Эрк” демократик партияси аъзоси, шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг бу акцияси Ўзбекистонда Ислом ...
30 май 2023
Самарқанд Давлат Универстети Рус тили филологияси факултети талабаси  Шодиёна Раҳмонова ўз гуруҳдош ва курсдошларига телеграм номаси йўллаб, 300 минг ...
22 июн 2018
Aввaллaри Туркия бизнинг Мaркaзий Oсиё дaвлaтлaри вa турк oлaми учун сиёсий, ижтимoий вa иқтисoдий мoдел бўлишини oрзу қилaрдик. Биз ...
28 май 2020
Бош прокуратура коронавирус тарқалиши силсиласини аниқлаш осон бўлиши учун фуқаролардан кундалик тутишни сўраганида баъзилар буни кулгига олди. Интернетда ҳазил ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...