Вақт машинаси
11 апрел 2017

12 апрел – қўшиқчи ва собиқ депутат Шерали Жўраев туғилган кун

Шерали Жўраев халқ севган хонанда 70 ёшга тўлди. У 1999 йилдан буён ўзбек ҳукумати пешволари назарида Муҳаммад Солиҳнинг дўсти бўлгани учун саҳнадан четлатилган, ва унинг қўшиқлари телевидениенинг давлат каналлари орқали трансляция қилинмаётган эди. Бироқ, Каримов ўлимидан кейин унга аста секин катта саҳна эшиклари очила бошлади.

Мустақилликнинг дастлабки йиллари хонанда бот-бот президент Каримов ёнида кўринди, давлат ташрифлари пайти у Каримовга ҳамроҳ бўлди. Бироқ кейинги йилларда Шерали Жўраев юлдузи ўчирила бошланди.

Шерали Жўраевнинг ҳаёти ва ижоди

Островский номидаги Театр ва рассомлик институтига ўқишга кирган Ш.Жўраев 1966 йилги Тошкент зилзиласи оқибатларини бартараф қилаëтган комсомол ëшларга бағишлаб қўшиқ айтиб, илк бора телевидениеда чиқиш қилди.

1971 йилда ўқишни тугатган Ш.Жўраев “диний-мистик қўшиқлар куйлагани” учун бир муддат эфир ва саҳнадан четлатиб қўйилди.

Ўзбек ëзувчиси ва “Совет Ўзбекистони санъати” журнали бош муҳаррири Нурали Қобулнинг саъй-ҳаракати билан 1980 йилда Шерали Жўраев яна саҳнага қайтди.

“Совет Ўзбекистони санъати” журнали саҳифасида сурати чоп қилинди.

1981 йилда яна Нурали Қобул кўмагида “Мелодия” фирмасида Шерали Жўраевнинг “Мажнунтол” деб номланган пластинкаси чиқарилди.

1985 йили Москвада ўтган XII ëшлар ва талабалар халқаро фестивалида қатнашиб, совет ҳукуматини улуғловчи “Даврон бизники” қўшиғини ижро қилгани ортидан Шерали Жўраев 1987 йилда Ўзбекистон ССР халқ артисти унвонига лойиқ топилди.

“Горбачев ҳуррияти” деб аталган ошкоралик даврида Ш.Жўраевнинг Ўзкомфирқа тизгинида фаолият кўрсатгани иддао қилинади.

«Элтуз» мухбири билан суҳбатлашган «Бирлик» фаоли Солиҳ Қодировнинг айтишича, «ўзбек тилига давлат мақоми бериш талаб қилинган митингларга талабалар бормаслигини таъминлаш учун Ш.Жўраев Халқлар дўстлиги саройида текин концертлар берган”.

С.Қодировнинг сўзларига кўра¸ унинг бу хизмати Ўзкомфирқа тарафидан “инобатга олиниб”, Ш.Жўраев 1990 йилда Ўзбекистон ССР Олий Кенгашига депутат қилиб сайланган.

1991 йилда Ш.Жўраевга Алишер Навоий номидаги давлат мукофоти берилди.

1992 йилда Шерали Жўраев Ўзбекистон президентига йўлдош бўлиб Туркманистон сафарига борди.

Ўша йили Ш.Жўраев Ўзбекистон президенти билан бирга Саудияга бориб, ҳаж ибодатини адо қилди.

Ҳаж сафаридан кейин Ш.Жўраев номаълум сабабларга кўра яна “исталмаган одам” мақомига туширилди.

Шерали Жўраевга теле-радио эфирларга чиқиш ва катта саҳналарда концерт беришга норасмий тўсиқ Каримов ўлими ва Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг олиб ташланди.

Ш.Жўраев 1999 йилда Урганчдаги хусусий TV ALC телеканалига берган суҳбатида Муҳаммад Солиҳ билан дўст бўлгани ва унинг укаси Мақсуд Бекжон уйланганида Хоразмга тўйга боргани учун “жазоланганини» айтган эди.

1991 йилдан бери ўтган давр мобайнида Ш.Жўраев катта саҳнага яна қайтиш учун бир неча бор уринди.

2014 йилда Ш.Жўраев “юқорининг рағбатига эришиш мақсадида” Роғун ва Қамбарота ГЭСларининг экологик зарарига бағишланган қўшиқ ижро қилди.

Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Иқбол Мирзо сўзи ва ташаббуси билан ёзилган мазкур қўшиқ Амударё ва Сирдарёнинг юқори оқимларида қурилаётган йирик гидроиншоотларнинг зараридан баҳс қилади.

Матнда тўғон қуриб, ўз қўшнисига чоҳ қазиган қўшнилар маломат қилинади. Қўшиқ матнида “Тўғон қуриб, дарёларга тўғаноқ бўлган зотлар” ва “Қишда қорни қизғангувчи паст”лар танқид қилинади.

Қўшиқ “юқорининг рағбатига сабаб бўлмай, аксинча Тожикистондаги концертларни хавф остига қўйганидан” ташвишга тушган Ш.Жўраев Тожикистондаги мустақил “Фараж” интернет газетасига мактуб ëзиб, “бу қўшиқни бошқача талқин қилганлар эса халқлар дўстлигига раҳна солувчи кимсалар экани” ни таъкидлаган эди.

Eltuz.com мухбирига кўра, Шерали Жўраев ўзининг илк клипини ўтган йили олган.

Клип совет даврининг “мақом араваси” бўлган “Чайка” автомобилида сайр қилаëтган, совет даврини қўмсовчи ҳофизнинг “носталгик ҳиссий” образини тараннум қилади.

Шунингдек, Шерали Жўраев 70 ёшга тўлиши муносабати билан концерт дастурини ҳам тақжим этган эди.

Ботир Ражабов
Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 январ 2018
14 январь куни деновликлар ўтган йили Гиннесга кирган мега палов рекордини янгилашмоқчи. Рассом Туз эса рекорд концептини янада улканроқ ...
8 май 2017
Ижтимоий тармоқда картошка савдоси билан боғлиқ жанжал ва турнақатор навбатлар акс этган тасвирлар бот-бот пайдо бўла бошлади. Ўзбекистонда энг ...
14 июн 2024
Рус шовинист ашулачиси Олег Газманов ўзининг “Рус дунёси” дея аталган янги қўшиғида собиқ совет мамлакатларига танкларда кириб бориш билан ...
20 феврал 2017
Ўзбекистон чорак аср марҳум Ислом Каримовнинг беш тамойили асосида яшаб келди. Бу беш тамойил аслида бир тийинга қимматлиги, қоғоздаги ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...