Аъзам Фармоновнинг онаси вафот этди
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раиси бўлган, Жаслиқ лагерида 10 йилдан бери жазо муддатини ўтаётган Аъзам Фармоновнинг онаси Раъно Фармонованинг дафн маросими 1 июнга белгиланди.
Шу муносабат билан «Эзгулик» жамияти тарқатган матбуот билдиришига кўра, ташкилот Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси маъмуриятига мурожаат қилиб, жазо муддатини ўтаётган Аъзам Фармоновга онасининг маъракаларида иштирок этиш имконини беришини сўраган.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармонов 2006 йилнинг 29 апрелида ҳибсга олинган ва Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти Янгиер тумани судининг 16 июнда чиқарган ҳукми билан 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Ўзбек суди уни 300 доллар миқдорида товламачиликда айблаган, бу айблов ортидан Аъзам Фармонов ўн йилдан ортиқ панжара ортида қолмоқда.
Жазо муддатини тўлиқ ўтаган Фармоновга 2015 йилнинг 1 майида Қўнғирот тумани суди яна 5 йилу 26 кун муддат қўшиб берилган эди.
Eltuz.com нашри ушбу мусибатли кунларда Аъзам Фармоновга ва унинг яқинларига чуқур таъзия билдиради.
Eltuz.com