Асосий мавзулар
28 июн 2016

Президент табригидан тўлқинланиш ҳафталиги

27 июн – Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан давлат раҳбари йўллаган табрик мамлакат журналистлари учун тўлқинланиш ва масъулият ҳиссини туйиш ҳафталигини бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди.

Чунки одатда бундай табрик эълон қилингандан сўнг маҳаллий журналистлар ундай келиб чиқадиган вазифаларни белгилаш, «билдирилган юксак ишончни оқлаш» каби кайфиятларга берилади. Бу ҳолат эса кўпинча бир ҳафтача давом этади. Кейин ҳаёт изига тушиб, журналистлар юқоридан ўргатилган қўшиқларни куйлашда давом этади.

«Халқ сўзи» газетаси ҳам президент табригидан «кўтаринки кайфият, юксак ишонч» туйган қорақалпоғистонлик журналистларнинг дил сўзларини чоп этди.

«Президентимиз ўз табригида миллий матбуотимиз вакилларининг мамлакатимиз ва дунё миқёсида бўлаётган янгиликларни тезкорлик билан етказиш борасидаги фаолиятини юқори баҳолади», дейди журналист.

Агар бу тезкор вакил саммитни ёритишда мамлакатнинг бош ахборот манбаи – ЎзА бўлса, ундан кўчирилган мақолаларни чоп этган марказий нашрлар бўлса, бундай тезкорликнинг нархи сариқ чақа ҳам эмас-ку, дейдиган мард йўқ.

«Юртбошимиз табригидаги: «…сизларнинг эзгу орзу-интилиш ва ташаббусларингизни доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканимни, сизларни ўзимнинг энг яқин ёрдамчим ва маслакдошларим деб билишимни такроран айтмоқчиман», деган сўзлари бизни янада тўлқинлантириб юборди», деб ёзади қорақалпоқлик журналист.

Эшагига яраша тушови, деб шуни айтади-да доно халқимиз.

Байрам баҳона «Йилнинг энг яхши журналисти» танлови ғолиблари ҳам эълон қилинди. «Ҳуррият» газетаси уларнинг айримларидан миннатдорликка йўғрилган фикрлар олишга ҳам улгурди.

«Медиамаконда маънавиятга зид, қайсидир ёвуз кучларнинг тор манфаатларига хизмат қиладиган ахборотлар кам дейсизми? Уларга қарши дадил ва ўткир публицистик чиқишлар қила олиш… миллий ахборот маконимиздаги фидоий ходимларнинг энг муҳим вазифаларидандир», дейди танлов совриндорларидан бири.

Ўзбекистон матбуоти халқ манфаатини кўзлаб дадил ва ўткир публицистик чиқиш қилмаганига кўп йиллар бўлди. Балки президент табригидан тўлқинланган маҳаллий журналистлар энди бу нуқсонга ҳам эътибор қаратар!?

Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 феврал 2023
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Дастлабки шикоят Қашқадарё вилоятининг Косон туманидан. Нартичуқурлик аёллар маҳалла ажратган ...
15 апрел 2018
Негадир бугун ишонгим келди шу одамнинг гапларига. Айниқса, кўча тозалаётиб юк машинаси остида ўлган ўқитувчи Диана ҳақида «Худди мени ...
12 май 2015
«Ака буни унутиб бўлмайди, хали хеч ким унутгани йўқ. Ёш бола хам билади. Ўққа тутилган машиналар хам хамон 25 ...
15 июл 2024
Чуст туманида буғдой етиштириш билан шуғулланган фермер Алимардон Туморов ҳоким ва кластер босимини кўтара олмасдан юрак ҳуружидан вафот этди. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...