Асосий мавзулар
28 июн 2016

Президент табригидан тўлқинланиш ҳафталиги

27 июн – Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан давлат раҳбари йўллаган табрик мамлакат журналистлари учун тўлқинланиш ва масъулият ҳиссини туйиш ҳафталигини бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди.

Чунки одатда бундай табрик эълон қилингандан сўнг маҳаллий журналистлар ундай келиб чиқадиган вазифаларни белгилаш, «билдирилган юксак ишончни оқлаш» каби кайфиятларга берилади. Бу ҳолат эса кўпинча бир ҳафтача давом этади. Кейин ҳаёт изига тушиб, журналистлар юқоридан ўргатилган қўшиқларни куйлашда давом этади.

«Халқ сўзи» газетаси ҳам президент табригидан «кўтаринки кайфият, юксак ишонч» туйган қорақалпоғистонлик журналистларнинг дил сўзларини чоп этди.

«Президентимиз ўз табригида миллий матбуотимиз вакилларининг мамлакатимиз ва дунё миқёсида бўлаётган янгиликларни тезкорлик билан етказиш борасидаги фаолиятини юқори баҳолади», дейди журналист.

Агар бу тезкор вакил саммитни ёритишда мамлакатнинг бош ахборот манбаи – ЎзА бўлса, ундан кўчирилган мақолаларни чоп этган марказий нашрлар бўлса, бундай тезкорликнинг нархи сариқ чақа ҳам эмас-ку, дейдиган мард йўқ.

«Юртбошимиз табригидаги: «…сизларнинг эзгу орзу-интилиш ва ташаббусларингизни доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканимни, сизларни ўзимнинг энг яқин ёрдамчим ва маслакдошларим деб билишимни такроран айтмоқчиман», деган сўзлари бизни янада тўлқинлантириб юборди», деб ёзади қорақалпоқлик журналист.

Эшагига яраша тушови, деб шуни айтади-да доно халқимиз.

Байрам баҳона «Йилнинг энг яхши журналисти» танлови ғолиблари ҳам эълон қилинди. «Ҳуррият» газетаси уларнинг айримларидан миннатдорликка йўғрилган фикрлар олишга ҳам улгурди.

«Медиамаконда маънавиятга зид, қайсидир ёвуз кучларнинг тор манфаатларига хизмат қиладиган ахборотлар кам дейсизми? Уларга қарши дадил ва ўткир публицистик чиқишлар қила олиш… миллий ахборот маконимиздаги фидоий ходимларнинг энг муҳим вазифаларидандир», дейди танлов совриндорларидан бири.

Ўзбекистон матбуоти халқ манфаатини кўзлаб дадил ва ўткир публицистик чиқиш қилмаганига кўп йиллар бўлди. Балки президент табригидан тўлқинланган маҳаллий журналистлар энди бу нуқсонга ҳам эътибор қаратар!?

Eltuz.com

Тағин ўқинг
30 ноябр 2015
Дўстлик тумани ТИИБ терговчиси Ориф Анорбоев кимдир маслаҳат учун пул тўлаганлигини билиш учун Ўктам Пардаевга ёрдам сўраб мурожаат қилган ...
10 октябр 2015
Ғаллаорол туман ҳокими Азим Тўлабов буйруғига кўра, пахта нормасини бажара олмагани учун икки кунга қамалган туман бош врачи Юсуф ...
15 май 2017
Алпомиш фильмида рол ўйнаб танилган кино ва театр актрисаси Гавҳар Шарипова Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевга мактуб йўллаб, ўтган йили ...
2 ноябр 2023
2018 йилнинг январида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев фармони билан Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)га айлантирилди. Лекин ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...