Асосий мавзулар
17 октябр 2016

Виртуал қабулхона «одил подшо»нинг марҳаматими?

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон матбуоти бош вазирнинг виртуал қабулхонасини салкам «адолат уйи»га тенглаштириб қўйди, десак хато бўлмайди.

Ҳозир ҳар бир нашрда бош вазирнинг бу қабулхонасига мурожаат этиш ҳар қандай муаммонинг ечими калити бўлаётгани ҳақида мақолалар чоп этилмоқда.

Хусусан, «XXI аср» газетасининг (13.10) ёзишича: «Илгари бирини ака, бирини ука деб, ялиниб-ёлвориб зўрға ишимизни битирардик. … 10 миллион сўм кредит олиш учун 3-4 ой овора бўлардик. Югур-югур, қоғозбозлик… ҳали банк раҳбари, ҳали кредит бўлими бошлиғи овораи сарсон қиларди. Ўшанда буларнинг ўйинларини юқоридагилар билармикин, деган хаёлга борардик».

«Қувонарлиси, бугунги тадбиркор худди ана шундай муаммоларни бир зумда ҳал қилиши мумкин. Бунинг учун бош вазирнинг қабулхонасига мурожаат қилади. Қарабсизки, масала ҳал», дейилади газетада.

Унда таъкидланишича, бир фуқаро хорижда операция қилдириш учун зарур бўлган 36 минг долларни конвертация қилиш учун Марказий банкка, Миллий банкка қилган мурожаатлари бекор кетган. Бош вазир виртуал қабулхонаси орқали Шавкат Мирзиёевга арз қилганидан сўнг эса муаммоси ҳал бўлган.

Яна бир фуқаро нафақа бўйича ечимини топмаган муаммосини шу қабулхона орқали ҳал этганидан миннатдорлигини баён қилган.

Газета Ўзбекистон либерал демократик партияси ҳудудий кенгашларида ҳам аҳолидан шундай мурожаатларни қабул қилиб, бош вазир номига йўллаш ишлари йўлга қўйилганини билдирган.

Эътиборлиси жиҳати шуки, ўзбек матбуоти бош вазир номига йўлланган мурожаатларда тилга олинган муаммолар дарҳол ечим топаётганига урғу бермоқда. Мурожаатчилар тилидан эса бош вазир номига миннатдорлик билдирилиши тобора кўпроқ учраётир.

Мустақил кузатувчилар бу ҳолатни Ўзбекистон халқи учун янги юртбоши ясаш сари қўйилган навбатдаги қадам ўлароқ баҳоламоқда.

«Адолатпарвар» бош вазир шу вақтагача нега халқнинг муаммоларини бундай тезкорлик билан ҳал етмагани, бу ишлар нега «буюк давлат арбоби» вафотигача амалга оширилмагани сабаблари ҳақида эса маҳаллий матбуот лом-мим демаяпти.

Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига бу қадар катта шикоятлар оқимини ўзбек пропагандаси ижобий факт сифатида талқин қилади, бироқ таниқли ижтимоий таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг бу ҳақдаги фикри ўзгача:

«Сўнгги кунларда виртуал аталмиш қабулхона атрофида овозалар пайдо бўлди, у ерга аллақачон 20 минг шикоят тушди. Бу фактни қандай баҳолаш керак? Энг аввало, одамларда шу қадар кўп ечилмаган муаммолар йиғилиб қолганки, нормал тартибда буни маҳаллий судлар ва бошқа ваколатли идоралар қонунга кўра ҳал қилиши мумкин эди. У ерларда бу муаммолар ечилмаганидан келиб чиқиб, сўнгги умид подшонинг шарофатидан кутилади. Шу тарзда яхши подшоҳ ва унинг ёмон мулозимлари ҳақидаги афсона қўллаб қувватланади.

Амалий нуқтаи назардан, 20 минг шикоятни (ҳали яна минглаб келади) кўриб чиқиш учун бутун бошли давлат маҳкамаси лозим. Бунинг устига ҳар бир ҳолат қонун бўйича ҳал қилиниши, устидан арз қилинган шахсга ҳам ўзини оқлаш имкони қолдирилиши керак. Бу айнан фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича судлар, адвокатлар ва прокурорлар шуғулланиши лозим бўлган ишлардир. Бундай кўламдаги ишни бош вазирнинг икки-уч ёрдамчиси албатта эплолмайди. Бунинг ўрнига яхшиси суд тизимини яхшилаш ва уни одамлар ишонадиган қилиш керак эмасми? Виртуал қабулхонанинг ўйлаб топилгани давлат тизимидаги қусурлар ва чиркинликларни, мамлакатда қонун устиворлиги йўқлигини намойиш этади. Бироқ, бу одамлар қандай ечилмаётган муаммолар билан тўқнашаётганини ва улар нимага ечилмаётганини тадқиқ этиш учун бир имкониятдир. Яъни бу шикоятлар уюмини тадқиқотчиларга таълил учун бериш керак. Бироқ қўрқаманки, уларни қандайдир ғазнага ташлашади ва унутишади. Нари борса 3-4 ҳолатни хўжакўрсин учун танлашлари мумкин».

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 август 2019
(Прокурорларнинг очиқ хати тўлиқ ва стилистика сақланган ҳолда эълон қилинмоқда)  Муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиеев, халқсевар юртбошимиз, мурожатимиз бошида Сизга, ...
9 сентябр 2020
Андижон вилоятининг Избоскан тумани ҳокими Серобиддин Исмоилов туман селекторида уй сўраб жонига теккан бир муаллима аёлни жинни деб ҳақорат ...
3 апрел 2024
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та мактубни ўқиб эшиттирамиз, улар Ўзбекистоннинг Тошкент, Андижон, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларидан келган. Хатлар оқими давом этмоқда, муаммолар ечимини тўлиқ таъминлаш учун Элтуз каналига обуна бўлиш, лайк босиш ...
20 июл 2016
Ўзбекистон Халқ артисти Эркин Комиловнинг ўзи билан содир бўлган воқеани айта туриб, Тошкентга вилоятдан келаётганларни уят гап билан сўкканини ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...