Асосий мавзулар
25 ноябр 2016

Каримов даври тарихий шахсларга адолатли эдими?

Сўнгги кунларда Ўзбекистон президентлигига номзодлар вилоятларга сайр қилиб, сайловчилар билан учрашувларни авж олдириб юборди. Бу учрашувларда эса улар қўлидан келадиган, келмайдиган ишлар ҳақида қоп-қоп гапирмоқда.

Биттаси Қорақалпоғистонга бориб, экологиясини яхшилаб беришни ваъда қилса, бошқаси Хоразмга бориб, мамлакат иқтисодиётини инновацион ривожлантириш ҳақида фалсафа сўқиб келяпти.

«Халқ сўзи» газетаси номзодларнинг сайловолди учрашувлари тўғрисида ёзар экан, «сиёсий хато»га йўл қўйиб қўйишдан қўрққанидан бўлса керак, Шавкат Мирзиёевнинг учрашувларини ёритишда фақат ЎзАнинг материалларига таянмоқда. Бошқа номзодлар учрашувлари ҳақида бемалол ўз мухбирларининг мақолалари орқали хабар бериб ётибди.

Аввал ҳам бир эслатгандик, Ш. Мирзиёев марҳум президент Ислом Каримовнинг номидан фойдаланиш ҳуқуқини хусусийлаштириб олган кўринади. Унинг учрашувлари ҳақидаги барча мақолаларда биринчи президентнинг номи бор, бошқа номзодлар эса ҳатто марҳумни эслаб ҳам қўймаяпти.

Яна бир жиҳат шуки, бу учрашувларни ёритишда Ўзбекистонда фаолият юритадиган норасмий интернет сайтлари жудаям эмас-ку, аммо бирмунча эркин экани кўриняпти. Масалан, «Кун.ўз» сайти Ш.Мирзиёевнинг Жиззахдаги учрашувига бағишланган мақоласида муваққат президент Ўзбекистонни узоқ йиллар бошқарган арбоби Шароф Рашидов номини тилга олиб, совет даврида унинг хотирасига беҳурматлик қилингани ҳақида гапирганини ёзди. Ҳолбуки, ЎзАнинг худди шу мавзудаги мақоласида бу ҳақда бирорта ҳам сўз йўқ эди.

«ЎзЛиДеп номзоди “Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик” нақлига амал қилган ҳолда собиқ Иттифоқ тузумида Ўзбекистонда кўпчилик олиму-фузалолар, юртнинг энг сара фарзандлари, давлат арбобларига нисбатан, гарчи улар ўзлари яшаган тузумга хизмат қилган бўлса-да, адолатсизлик қилингани ҳақида куюнчаклик билан сўз юритди.

Хусусан, шундай тарихий шахслардан бири Шароф Рашидов бўлиб, у ўз халқига ва собиқ тузумга садоқат билан хизмат қилганига қарамай, вафот этганидан сўнг унинг қабри кўчирилгани, хотираси беҳурмат қилингани, оила аъзолари таҳқирланганини таъкидлади», деб ёзди «Кун.ўз»

Шу билан бирга, мазкур сайт Ш.Мирзиёев «Ислом Каримов саъй-ҳаракатлари билан ёзувчи ва давлат арбоби Шароф Рашидов номи оқланганини қайд этгани»ни ҳам маълум қилган.

Бош вазир келгуси йили Шароф Рашидов таваллудининг юз йиллигини бутун мамлакат бўйлаб кенг миқёсда нишонлаш, ўзи туғилиб ўсган Жиззах туманига унинг номини бериш ва ёдгорлик мажмуаси барпо этиш мақсадга мувофиқлигини ҳам айтибди.

Албатта, халқимиз ҳаётида ўзига хос ижобий из қолдирган тарихий шахсларнинг хотирасига ҳурмат билан қараш мақтовга сазовор. Аммо яқин тарихдаги, яъни Каримов давридаги айрим ҳолатларни эслаб, Ш.Мирзиёевнинг Ш.Рашидов баҳона айтган гаплари носамимий эмасмикин, деган хавотир келади кўнгилга.

Чунки генерал Собир Раҳимов, давлат арбоби Акмал Икромов, шоир Ҳамзанинг номи қатағон қилингани, уруш йиллари 14 та етим болани ўз бағрига олиб, одамийликнинг буюк тимсолига айланган Шомаҳмудовлар ҳайкали пойтахтнинг қаровсиз бир четига чиқариб ташлангани ана шундай хавотирга асос бўлади.

Ахир бу пайтда ҳам Ш.Мирзиёев ҳукумат тепасида ўтирганди-ку. Балки у ўз раҳнамосининг сўзидан чиқа олмай, гарчи бу хатти-ҳаракатларни маъқулламаса ҳам жим ўтирдимикин?! Энди бу хатоларни тузатиш йўлини тутармикин?…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
28 июн 2023
Жуда оддий эканлигини тушунтириб беришдан олдин расмий хабарни улашсам. Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Навоийдаги «сайловчи» лар билан бетлашган пайтида ...
19 декабр 2016
«Халқ сўзи» газетаси (17.12) «Жаҳон» ахборот агентлигига таяниб Европа парламенти Ўзбекистон билан «тўқимачилик битими»ни ратификация қилиш учун овоз берганини ...
7 сентябр 2020
«Элтуз»нинг қадрли ўқувчилари! Агар сизни ёки танишларингизни тўғридан-тўғри касбий мажбуриятларингизга боғлиқ бўлмаган, қўшимча ҳақ тўланмайдиган ишларга мажбур қилишса, бош ...
6 апрел 2017
Шу йилнинг бошида жаҳон экранларига чиққан «Машхурликка йўл» (Sing) фильми катта ва кичик ёшдаги томошабинларнинг назарига тушди. Фильмда, катта ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...