Асосий мавзулар
5 декабр 2016

Сайлов саҳнасига бир назар

“Отаси” ўлиб, етим қолган Ўзбекистон телеканаллари ноябрь ойида асосий эътиборини сайлов мавзусига, ундан ҳам муҳимроғи сайловда 88,6 фоиз овоз билан ғолиб чиққан Шавкат Мирзиёев шахсига қаратди.

Бунгача барча телеканаллар Ўзбекистондаги сайлов тизимининг қанчалик “демократияга мос келиши”, барча номзодларга “тенг ва бирдек шароит” яратиб берилгани, сайловолди кампанияси “очиқ ва ошкора” ўтаётгани ҳақида тинимсиз бонг урди. Устига устак, сайловни кузатгани келган, еган оғиз уялашини ўзбекдан ҳам яхши ўзлаштириб олган айрим хорижий кузатувчиларнинг Ўзбекистондаги сайлов ҳақидаги ширинкома чиқишлари уюштирилди.

Бир нарсани аввалдан айтиб қўя қолай. ЎзТВда сайлов мавзуси ёритилишидан сал кўнглим тўлмади. Чунки негадир машҳур телебошловчимиз Қуддус Аъзамовни четга суриб қўйишгандек туюлди. Унинг бир-икки “Муносабат” ток-шоусини кўрдим, сайлов тўғрисида ҳеч гап йўқ.

Нега шу бошловчига сайлов тўғрисида гапиришга изн берилмади экан, деб ҳеч саволимга жавоб топа олмай бошим қотяпти. Менимча, шу нарса сайловолди кампаниясини ёритиш жараёнининг бир чети кемтик бўлиб қолишига сабаб бўлди-ёв.

Майли Қуддус ака, сиқилманг демоқчиман, чунки ҳали бўлажак президент тўғрисида айтилмаган гаплар кўп. Муҳтарам (раҳматли) президентимиз тўғрисида теша тегмаган мадҳларни кўп айтардингиз. Бу тажрибангиз ҳали қўл келишига шубҳам йўқ.

Лекин “Менинг юртим” телеканалидаги “Менинг овозим” ток-шоусини кўриб, гап йўқ деб юбордим. Ёшларнинг фаоллигини айтмайсизми, худди ёдлаб олгандек гапиради булар. Нутқи зўр-да. Худди сайлов қонунчилигини ўзлари яратгандек, ипидан игнасигача билади бу ёшлар. Яна унинг жудаям демократияга мослигини, халқ ўзининг хоҳиш-иродаси ифодалаши учун ҳамма жиҳатларга эгалигини билганини қаранг.

Кейин одоби ҳам жойида. Сайлов тўғрисида бири-бирига гап берай демайди, лекин номзодлар ҳақида фикрини билдирмайди. Биринчидан, ўзи йўқ одамни студияда муҳокама қилиш ярамайди, иккинчидан, номзодларнинг ҳаммаси эл назарига тушган одам бўлгани учун уларни хижолат қилиб қўядиган бирор нарса айтилиб кетиши ҳам мумкин бунча одам йиғилган жойда. Шунинг учун ёшларимиз одоб сақлаб ўтирди номзодлар ҳақида гапирмай, буни тушунса бўлади.

Энди янгиликлардан гапирсак. Бу йилги сайловнинг ўзига хос жиҳати президентликка номзодлар ҳақида уларни таърифу тавсифловчи махсус кўрсатувлар тайёрлангани бўлди. Бу кўрсатувлар орқали биз номзодлар Ҳотамжон Кетмонов, Наримов Умаров, Сарвар Отамуродов эл-юрт учун шу пайтгача “жуда катта хизматлар қилиб қўйгани”ни билиб олдик.

Биз соддалар бу номзодлар ҳақида шу пайтгача ҳеч нарса билмай юрганимизни ана шу кўрсатувларни кўргандан кейин англаб етдик. Эҳ-ҳе, улар парламентда фақат қўл кўтариб, президент девонидан, Вазирлар Маҳкамасидан келган топшириқларни, қонун лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш билан чекланиб қолмаган экан.

Уларнинг қонунчилик ташаббуслари, парламентда ўтириб қилган ишларини достон қилса, бир туянинг белини синдирадиган юк босадиган китоб бўлар экан.

Юқорида нега Шавкат Мирзиёевни бошқа номзодлар қаторида санамаганимизга эса бошқа сабаб бор. Чунки унинг ўзи бир дунё экан. Ундан бошқа номзодлар қанчалик нуфузи кишилар бўлмасин, муваққат президентнинг қилган хизматлари олдида уларники ҳеч нарса бўлмай қоларкан.

Агар бу кўрсатувни томоша қилганлар бўлса, қуёш порлаб турганда ой кўринмайди, деган ҳикматнинг мағзини чақиб олгандир. Чунки яқинда “сўнган қуёшимиз нури” кўзимизни қамаштириб, Ш.Мирзиёевнинг шу-у-унча буюк ишларини кўрмай келаётган эканмиз.

Мана, мисолларга қаранг. Шу пайтгача уч босқичли спорт ўйинлари кимнинг ташаббуси билан ташкил этилганини билмасмидик. Билар эдик. ЎзА айтарди, Ўзбекистондаги ҳамма ишларнинг ташаббускори ва раҳнамоси Ислом Каримов деб. Ўша уч босқичли спорт ўйинларининг ҳам ташаббускори маҳрум президентимиз бўлганига ишонганмиз.

Гапнинг индаллоси, бизни алдашган экан. Муваққат президент тўғрисидаги кўрсатувни кўриб, бунга ишонч ҳосил қилдим. Чунки биттаси чиқиб, аслида Ш.Мирзиёев Жиззахда ҳоким бўлган пайтда вилоятда шундай тизимни йўлга қўйганини айтди. Кейин бу ташаббус президентимизга ёқиб, уни мамлакат миқёсидаги катта мусобақага айлантирган экан.

ЎзАга, телевидениега ўхшаганлар халқни алдаб, ташаббусни бошқа одамга бериб юборган. Биз соддалар яна бунга ишониб кетаверганмиз. Бироқ ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди, деган ҳикмат бор. Хуллас, яна ўша ТВнинг ёрдами билан ташаббус ўз эгасига қайтди.

Эсингизда бўлса, телеканалларимиз ҳар доим айтган келган, мустақиллик арафасидаги ур-йиқитлар пайтида И.Каримов тўданинг ичига дадил кириб, унча-мунча жанжалларни босди-босди қилиб юборган. Наманганни эсланг, Паркентни эсланг.

Бунақа мардлик, шижоат борасида Шавкат Мирзиёев ўз устозидан кам эмаслиги маълум бўлди. Самарқандда ҳоким бўлган вақтида бунга гувоҳ бўлганлар айтиб берди бу ҳақда.

Эмишки, Ургутдаги икки қишлоқ сув устидан жанжал қиларди. Иш катталашиб кетгач, Ш.Мирзиёев халқнинг дардини тинглагани боради. Қишлоқлар аҳли эса фақат президент келса гаплашамиз, президент келсин, деб ҳокимнинг гапини икки қилади.

“Ана шунда Шавкат Миромонович мен шу вилоятнинг ҳокимиман, муаммоларингни ҳал қилиб бераман, деб халқнинг ичига дадил кириб борди. Жонини хатарга қўйиб, халқнинг ичига кириб бориб, муаммони ҳал қилди. У мардликни, шижоатни Ислом Каримовдан ўрганган”, деди ҳикоячи.

Ўша кўрсатувдаги ҳикоячиларнинг сўзларига қараганда, Ш.Мирзиёев биринчи президент билан елкама-елка туриб, бизнесни, маънавий ҳаётни, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, қурилиш ва бошқа барча соҳаларни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшган.

“Ўзбекистонда амалга оширилган барча улкан қурилишларда Шавкат Мирзиёевнинг бевосита иштироки бор. Президентимиз вафот этганида халқни янада жипслаштириш, оғир мусибатларни енгиб ўтиш ҳам унинг зиммасига тушди”, дейилди кўрсатувда.

Хуллас, шунақа гаплар. Юртбоши вафотидан сўнг халқ Ш.Мирзиёевни қайтадан кашф этмоқда. Туппа-тузук одам экан. Ҳатто янги юртбошиликка ҳам бемалол арзийди деса бўлади.

Сал қўполроқ туюлса-да, айтмасак бўлмас: Қозонга юрсанг қораси юқади, дейдилар. Яхши маънода айтяпман. Маъно шуки, Ш.Мирзиёев ўзининг устози, ўзлари айтганларидек, отаси Ислом Каримов ёнида юриб, давлатни бошқаришдек ишда асқатадиган жуда кўп амалларни, хислатларни ўзлаштирган. Яъни устоздан шогирдга юққан.

Юқсин-юқсин деймиз-у, ичимизда ҳаммаси яхшиликка бўлсин ишқилиб, деб ҳам қўямиз. Чунки раҳматли аввалги президентимиз ҳам барча соҳалардаги ислоҳотларни шунга ке-е-енг кўламли қилиб юборган эдики, ҳамма ислоҳот билан бўлиб, халқимизнинг аҳволи барчанинг ёдидан кўтарилиб кетганди.

Шунга айтмоқчиман, ишқилиб халқ эсда турсин-да!

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик блогер
Eltuz.com

Тағин ўқинг
4 июл 2017
Ўтган июн ойида Ўзбекистон телеканалларида ОАВ ҳақидаги чиқишларга бой бўлди. Бунинг биринчи сабаби 27 июнда ўзбек журналистларининг касб байрами ...
19 ноябр 2018
Ижтимоий тармоқда Наманганнинг 5-микрорайонида қурилаётган Эйфель минораси нусхасининг дастлабки фотосуратлари пайдо бўлди. Парижнинг машҳур Эйфель минораси нусхаларини бугунги кунда ...
29 сентябр 2016
Ёш келин куёвларга ўз тилакларини билдираркан, машҳур рус примадоннаси, “Пригласите Даму танцевать!” қўшиғини куйлайди. Қўшиқ асносидаги “таклиф”ни чинга йўйган, ...
23 январ 2017
Ўзбекистон ватандоши 35 яшар Гулсанам Й. ва 28 ёшдаги Ҳакима К. Фатхия туманидаги автопаркда бир кеча учун 200 лира ...
Блоглар
6 ноябр 2019
Яқинда “Шарқ зиёкори” китоб дўконидан улуғ рус ёзувчиси Лев Толстойнинг “Жахон бестселлерлари” ( аслида “жаҳон” ...
3 ноябр 2019
1906 йилнинг 3 ноябрида Германиянинг Берлин шаҳрида ўтган Халқаро радиотелеграфия анжуманида SOS сигнали ҳалокатни билдирувчи ...
16 октябр 2019
Қўшиқчи Жаҳонгир Отажоновнинг икки кун олдин олиб қўйилган ижодий фаолият учун лицензиясини «Ўзбекконцерт» 16 октябрь ...