«Сиз ойимизсиз, қуёшимизсиз!»
Ер Ойдан, Қуёшдан ажралиб қолса, у йўқ бўлиб кетади. Буни билиш учун астроном бўлиш шарт эмас.
Лекин Ўзбекистон мисолида табиатнинг бу қонуни амал қилмайдиган кўринади. Чунки Ўзбекистон матбуоти бир «қуёши» йўқ бўлса, дарров бошқа «қуёш» ясаб олишга уста экани «буюк йўлбошчи» вафотидан кейин янада ойдинлашди.
Маҳаллий матбуотнинг бундай «яратувчанлик» кучи ҳақида олдин ҳам ишора бериб ўтгандик. Сўнгги вақтларда бу ишорамиз тобора аниқлик касб этмоқда.
Хуллас, айтмоқчи бўлганимиз, кечагина Ислом Каримов шаънига янграган маддоҳлик бугун Шавкат Мирзиёев манзили томон ўзгарган.
«Яратувчанлик»нинг бошида эса, албатта, кечагина бугунги «ойимиз, қуёшимиз»га қарши ўз номзодларини илгари сурган партиялар турибди.
Янги президентнинг Конституция куни ва тахтга ўтириш маросимидаги маърузалари уларга янги «ихтиролар» учун кенг йўл очиб беряпти.
Масалан, «Миллий тикланиш» газетаси (21.12) «Халқ ва Ватан манфаати – устувор масала» эканини эълон қилди. Олдин қандай эди? Бу масалалар устувор эмасдими? Бу газета номига ўйқаш партия шунча йилдан бери халқим деб, ватаним деб «ёниб» яшаб келаётган эди. Ҳар ҳолда, шунча йиллардан бери бу газета саҳифаларида шу мавзудаги мақолаларни ўқир эдик. Наҳотки алданган бўлсак?!
Наҳотки шу пайтгача «миллатни тикловчилар» халқ ва ватан манфаатини ўйламай, фақат, дейлик, қорин ғамида бўлган бўлса? Шу пайтгача улар учун халқ ва ватан манфаатидан устувор масала нима эди унда?!
Эътиборлиси, бугун партияларимиз давлат раҳбарининг нутқларидан кейин фаолликка журъат қилиб қолганидир. Фақат уларга шу кунгача фаолликка нима тўсқинлик қилганини била олмай халқнинг кўнгли хижил.
Хусусан, кечагина «Миллий тикланиш» партиясидан президентликка номзод бўлган Сарвар Отамуродов янги президент нутқларидан кейин «уларда илгари сурилган ғоялар, танқидий-таҳлилий фикр-мулоҳазалар, белгилаб берилган устувор масалалар ҳар биримизни (партия аъзоларини деб ўқинг – таҳририят) ўз фаолиятимизга холис баҳо бериб, уни янги, юқори босқичга кўтаришга ундаши»ни айтибди.
Тўғри, тараққиётнинг чеки йўқ. Янгидан янги босқичлар ҳам кўп. Аммо аслида бир жойда депсиниб, юряпмиз, деб ўйлаш учун партия раиси бўлиш шартми?!
«Аҳоли билан мулоқот қилишнинг, уларнинг дарду ташвишини, таклифларини эшитишнинг самарали йўлларини излашимиз лозим», дейди партия раҳбари яна бир ўринда.
Нега у бу ҳақда президентликка номзод бўлиб турган пайтда ўйламади экан, деб биз сайловчиларни ўйга толдиради бўлмай қолган президент.
Шотирлари ҳам партия раҳбаридан қолишмайди. Партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси бўлган опа янги президентнинг маърузаларидаги ғоялар «сайловчилар билан ишлашда, уларнинг ишончини оқлашда кенг имкониятлар бериши»ни таъкидлайди.
Олдин сенда шундай имкониятлар бўлмаганми, аввалги президент шунга сенга йўл бермаганми, очиқ айтмайсанми, номард!? Айтолмайди бечора. Унга ҳам қийин. Ҳозиргиси аввалгисининг йўлини давом эттираман, деб айтиб қўйган. Аввалгисига тош отиш бугунгисининг бошини ёришдек гап. Мана гап қаёқда. Бу эса пахта қўйиш сиёсатига зид. Бу сиёсатга қарши бориш эса карьерага чил беради. Мана шуниси халқнинг эмас, опанинг манфаатига тўғри келмайди.
ЎзЛиДеПнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Содиқжон Турдиев ҳам бошқа партиядан бўлса-да, аслида ўзининг мафкуравий эгизи бўлган опанинг гапларига қанот бағишлайди (XXI аср, 22.12).
«Президентимизнинг ушбу маъразасида илгари сурилган ғоялар, фуқароларимизни ўйлантираётган муҳим масалалар юзасидан айтилган асосли мулоҳазалар ҳамюртларимизнинг юрагига етиб борди», дейди С.Турдиев.
«Элга хизмат қиламан, деган депутат энг аввал ўз сайловчилари билан мулоқотда бўлади», дея унга жўр бўлади «Ўзбекистон овози» (24.12).
«Ўзбекистон овози»нинг муассиси бўлган ХДП депутатларидан бири эса «парламент назорати кучайиши … жойларда ечимини кутаётган муаммолар ечимини ўрганиш имконини бериши» тўғрисида фалсафа сўқади.
Биз бунақа фалсафаларни кўп йиллардан бери эшитиб келамиз. Лекин шу пайтгача «замонамизнинг буюк сиёсатчиси» ҳам, унинг издоши ҳам 21-асрга келиб ҳам ўзбек халқи электр энергияси тақчиллиги, газ етишмовчилиги, валюта конвертацияси, мажбурий меҳнат каби муаммолар халқнинг юрагига найзадек санчилаётганини очиқ тан олмаганини ошкора айтишга журъат этмаганига нима дейсиз?!
Янги юртбоши бу муаммоларни очиқ-ошкора тан олиб, уларнинг ечиш йўлида амалий қадамлар қўймас экан, халқ барибир бир кун ёлғонни англаб етади!
Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com