Асосий мавзулар
5 январ 2017

Қирол ўлди, яшасин қирол ёки ўзбек матбуотининг ўтган йилги фаолиятига бир назар

Биз 2016 йил давомида ўзбек матбуотини имкон қадар кузатиб боришга ҳаракат қилдик. Мазкур кузатишларимиз асосида матбуотимизнинг ўтган йилги фаолиятини шартли равишда икки даврга бўлиш қарорига келдик. Бу Ислом Каримов вафотигача ва ундан кейинги даврлар.

Бу даврлар моҳият жиҳатдан бир-биридан унчалик фарқ қилмаса-да, «замонамизнинг бош қаҳрамони» ўзгаргани билан ажралиб туради.

Номи ҳар хил, ичи бир хил газеталар


Ўзбек матбуотини бичилган серкага қиёслаш мумкин. Поданинг олдида юради, лекин қолдирадиган изи йўқ. Серканинг яна бир вазифаси бор. Подани кушхонага бошлаб бориб, ўзи омон чиқади.

Газеталар ҳам маддоҳлик, ёлғон билан халқ маънавиятини ўлдириш орқали уни ҳалокат ёқасига бошлаб боради.  

Халқ дилидагини газеталар орқали айта олмайди, газеталар ўзидан билиб буни ёзмайди. Фақат ҳукумат белгилаб берган тарғибот-ташвиқот билан овора.

Бугунги газета худди кечагисининг такрори. Бунинг устига, мингдан ошиқ номда чиқади, ичи бир хил. Ўқувчи унда жамиятнинг оғриқларини очиқ-ойдин ёзилишини кутади, бу муаммоларга ечим топиш йўлларини кўргиси келади. Аммо фақат алдов ва мақтовдан бошқа гап топа олмайди.

Бир хиллик, айниқса, умумхалқ байрамлари бўлмиш Наврўз ва Мустақиллик куни арафасида яққол кўзга ташланади. Ўшандаям айтиладиган гаплар ўзгармайди, рақамларда бирмунча ўзгаришлар бўлади.

Масалан, гап намунали уйлар ҳақида борса, дейлик, Наврўзгача мингта уй қурилгани ҳақида ёзилади. Мустақиллик арафасида эса бу рақам сал кўпайиб, «буларнинг ҳаммаси президент раҳнамолигида халқимизнинг фаровонлиги йил сайин эмас, кун сайин юксалиб бораётганидан далолат» экани таъкидланади.

Бу байрамлар арафасидаги ура-уралар эса совет давридагини чангига қолдириб кетиши шубҳасиз. Газеталаримиз гўёки байрамлар арафасида ҳар хил «арзимаган муаммолар»ни кўтариб, элнинг кайфиятини тушуриб қўйишдан қўрққандек, фақат «улкан бунёдкорлик ишлари, халқимизнинг ҳавас қилса арзигулик фаровонлиги» ҳақида жўр бўлиб куйлашга тушиб кетади.

Энг қизиғи, Ўзбекистонда Жаҳон матбуот эркинлиги куни гўёки матбуотнинг тўртинчи ҳокимият эканини элга кўрсатиб қўйиш, биз ҳали ҳам шундаймиз, деган ишора бериш учун анчагина катта тантана билан нишонлади.  

3 май арафасида чиққан газеталарни бир кўздан кечиринг, ўзбек матбуоти ўзини қанчалик эркин деб билишига гувоҳ бўлиш у ёқда турсин, ҳай-ҳай демаса бунга ишониб ҳам қолишингиз ҳеч гап эмас. Гўёки «энг эркин ва холис» оммавий ахборот воситаларимиз дунёнинг демократик матбуотини ўзидан намуна олишга чорлаётгандек таассурот уйғонади.

Ҳатто шу санага бағишлаб ҳукумат «Олтин қалам» мукофотини ҳам таъсис қилиб берган. Мазкур байрамга аталган тантанали маросимда бу мукофотлар ўз эгаларига топширилади.

Ўзбек матбуотини яхшилаб кузатиб борадиганлар, унинг паст-баландини биладиганлар «Олтин қалам» мукофоти совриндорлари рўйхати аслида аксарияти (ҳаммасини деб бўлмаса керак) миллий журналистиканинг ҳукумат манфаатига мослашувига, маддоҳликка энг кўп ҳисса қўшган шахслар эканини айтади.

Демак, бу рўйхатни бемалол миллий журналистикани оммавий тарғибот қуролига айлантириб, унинг комага тушишига сабаб бўлганлар рўйхати, деб аташ мумкин. Шунинг учун айримлар «Олтин қалам»ни «Синган қалам» мукофоти деб аташида жон бордай.

Ҳар йили маҳаллий журналистлар куни муносабати билан президент ОАВ ходимларига табрик йўллаши анъанаси бор. Бу табрикда давлат раҳбари журналистларимизни ҳеч кимдан қўрқмай жамият муаммоларини кўтариб чиқиш, янги-янги ютуқларни қўлга киритишга даъват этади.

«Сизлар менинг энг яқин кўмакчиларимсиз», деб журналистларнинг руҳини кўтаради президент. Ҳақиқатан ҳам журналистлар шу кунгача халқ муаммоларидан кўз юмиш, «мислсиз ютуқлар, улкан муваффақиятлар»га оид ёлғон маълумотларни тарқатиш орқали ана шундай таянч, кўмакчи эканини амалда тўлиқ исботлади.

Қиёфасиз партияларнинг аморф газеталари

Партия газеталари алоҳида мавзу. Албатта, ўзини фақат парламент ичидаги бошқа эгизига мухолифатда деб биладиган партиялардан ҳам, уларнинг газеталаридан ҳам қуруқ гап-сўздан бошқа бирор нарса кутиш қийин.

Мамлакатда тўртта сиёсий партия бор, лекин негадир ҳаммасининг тутуми бир хил. Раҳбари ҳам бир киши деб бемалол айтса бўлади. Шунинг учун бу раҳбарнинг ҳар бир гапини маъқуллаб туради.

Бу партияларнинг газеталарида чиқадиган мақолалар ҳам бир-биридан кам фарқ қилади. Айниқса, бирор қонун ёки фармон қабул қилинганда билдириладиган анъанавий муносабатлар (совет даврида журналистлар буни отклик дерди) мазмуни бир, лекин муаллифлари ҳар хиллиги билан дарҳол кўзга ташланади.

Президент сайлови кампанияси даврида бу нашрларнинг «тишсиз» экани яққол намоён бўлди. Бирортаси «бизнинг номзодимиз президентликка энг лойиқ» дейишга тили бормади бечораларнинг. Фақат «номзодларнинг номзодликка энг муносиб номзод» экани ёзилди, холос.

Масалан, «Адолат» газетаси (20.09) шу номдаги сиёсий кучнинг қурултойида партия етакчиси Наримон Умаров «президентликка номзод қилиб кўрсатиш учун энг муносиб номзод» экани ҳақида ёзганди.

Сайлов кампанияси даврида партиялар нашрларидан бошқа газеталар ҳам дўндириб қўйгани йўқ. Улар ҳам умумий гапларни ёзиш, «дунёдаги энг демократик сайлов тизимларидан бири» ҳақида лоф сотишдан бошқасига ярамади.

Шу ўринда мамлакатнинг бош нашри бўлмиш «Халқ сўзи» мисолида ўзбек матбуоти сайловолди кампанияси даврида сиёсий ҳушёрликнинг юксак намунасини намойиш этганини айтиб ўтмоқчимиз.

Президентликка номзодларнинг вилоятлардаги учрашувларидан репортаж берган бу газета бўлажак давлат раҳбари эканлиги аввалданоқ маълум бўлган муваққат президентнинг учрашувларини фақат Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги – ЎзА материалларига таяниб ёритди. Бошқа номзодларнинг учрашувларини ёритишда эса ўз мухбирларининг мақолаларидан фойдаланди…

Билиб-билмай айтилган «сирлар»

Албатта, газеталарда майда-чуйда маиший муаммолар ҳам ёритиб борилди. Баъзида эса «эришилган ютуқлар»ни кўрсатаман деган нашрлар ўзлари билмаган ҳолда баъзи «сирлар»ни очиқ қўйди.

Масалан, Ўзбекистонда аслида ижтимоий ҳимояга мўлжалланган маблағни чегириб қолиш учун ҳукумат ногиронларни ялпи қайта текшириш амалиётини бошлагани, бунинг касофатига ҳақиқатан ногирон бўлган шахслар ҳам тушиб қолаётгани ҳақида эркин матбуот кўп марта ёзди.

Бу ҳақдаги гап-сўзлар сал совиши билан «Қадрият» газетасида (27.08) «Истиқлол берган имконият» сарлавҳаси остида Тошкент вилояти бош тиббий меҳнат экспертиза комиссияси мулозимининг ушбу муассаса «ютуқлари»га бағишланган мақоласи эълон қилинди.

Бу мақолада мазкур комиссия фаолияти натижасида 2016 йилнинг олти ойи давомида 6722 та ногиронлик гуруҳи қайта белгилангани, тўлиқ реабилитация кўрсаткичи 135 тани ташкил этгани, яна 341 ногирон қисман реабилитация қилингани билдирилди.

«Зийрак ўқувчи бу маълумотлар ортида аслида қандай ҳақиқатлар ётганини билиб олиши мумкин. Аслида бу рақамлар вилоятда қанча ногирон давлат таъминотисиз қолганини ёки уларга давлат таъминоти камайтирилганини кўрсатади. ТМЭК ходимлари бир вақтлар ўзлари берган муддатсиз ногиронликни қандай йўққа чиқаряпти экан? Бир умрга тузалмаслиги аниқ бўлган ногиронлар қандай қилиб соғ бўлиб қолди?» деб ёзган эдик мана мақолани шарҳлаганимизда.

Газеталарда айрим жиддий муаммолар ҳам, юзаки бўлса-да, эсга олинганини тан олиш керак. Хусусан, «Адолат кўзгуси» газетаси электр таъминотидаги узилишлар, пенсия таъминотидаги пластик можароси кабиларни тилга олди.

Аммо бу муаммолар муштарийларнинг шикоятлари асосида кўтарилиб, бир шахс ёки қандайдир бир маҳалланинг муаммоси ўлароқ тақдим этилди. Бу каби муаммоларнинг асл сабаблари кўрсатилмади, иқтисодий, сиёсий жиҳатлари очиб берилмади.

Янги раҳнамонинг туғилиши

Биз шарҳимиз аввалида ўзбек матбуотининг 2016 йилги фаолиятини шартли равишда икки даврга бўлиш мумкинлиги ҳақида ёзгандик. Аслида мамлакатнинг биринчи президенти вафот этмаганида бундай шартли бўлинишга ҳам ҳожат қолмасди.

Хўш, бу даврлар нимаси билан бир-биридан фарқ қилади? Деярли ҳеч нарсаси билан. Аслида моҳият ўзгаргани йўқ, фақат маддоҳлик қилинадиган объектнинг номида ўзгариш бўлди, холос.

Бундай ўзгаришни ўзбек матбуоти кутмагани аниқ. Чунки газеталаримиз ўз ёлғонларига шунчалик ишониб қолган эдики, биз кўкларга кўтараётган шахс ўлмайди, деган хулосага ҳам бориб қолгандек таассурот уйғотарди газеталардаги мақолаларнинг мазмун-моҳияти.

Шунинг учун И.Каримовнинг ўлими уларни анча довдиратиб қўйгани яққол сезилди. Бир вақтлар «юртбошимиз раҳнамолигида», «президентимиз ташаббуси билан», «чексиз ғамхўрлиги туфайли» сингари таърифлар билан тўлиб-тўшган мақолалар бирдан йўқолиб қолди. Уларнинг ўрнини бағишловлар эгаллади.

«Ҳатто шу пайтгача бирорта мақоласи эндиликда марҳум президентга «пахта қўйиш»сиз чоп этилмаган журналист Муҳаммаджон Обидовнинг 7 сентябрда «Ўзбекистон овози» газетасида эълон қилинган «Электорат манфаатлари ҳимояси» сарлавҳали каттагина лавҳасида юртбошининг номи эслатиб ҳам қўйилмаган», деб ёзган эдик ўша кунлардаги шарҳимизда.

Лекин муваққат президентнинг «ҳокимият халқдан узилиб қолгани»га оид баёноти ортидан босма нашрларда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаса-да, интернетдаги сайтларда бироз дадиллик кўзга ташлана бошлаганини инкор этиб бўлмайди.

Масалан, маҳаллий электрон нашрлардан бири ўз фаолияти мисолида банкдан маош олишдаги қийинчиликларга тўхталиб, шу баҳонада нақд пул муаммосини кўтариб, яхшигина фоиз ҳисобига пулларни нақдлаштириб берадиган олғирлар тоифаси вужудга келганини ёзди.

«Кун.ўз» сайти жойлардаги электр тақчиллиги ҳақида нисбатан ошкора ёзиб, ҳатто бу муаммо Тошкент шаҳрида ҳам кузатилаётгани, бунинг оқибатида сайт иши бир муддат тўхтаб қолгани ҳақида мақола эълон қилди.

Бундан ташқари, мазкур сайт мамлакатда интернет тезлиги жуда пастлиги муаммосини кўтариб, давлат монополисти бўлган «Ўзбектелеком» компаниясини танқид қилди. Шу баҳона Ўзбекистон дунёда интернет тезлиги энг паст давлатлар сирасига кириши ҳақидаги аҳолидан сир тутиб келинаётган маълумотларни ошкор этди.

Сўнгги вақтларда янги президентнинг катта ўзгаришларга йўл очишга қаратилган ҳаракатлари ортидан журналистларда матбуотнинг кўксига ҳам шамол тегишидан умидворлик пайдо бўлаётганди.

Ҳатто 25 йил давомида марҳум президентгагина муносиб кўрилган «юртбошимиз», «давлатимиз раҳбари» каби рутбалар янги давлат бошлиғи номи билан бирга қўлланилганида дастлаб сезилган қандайдир ғайритабиийликка ҳам аста-секин қулоқ ўрганаётганди.

Аммо мамлакат ҳукумати тутумини расмий равишда халққа етказиш вазифасини бажарадиган ЎзА янги йилнинг илк кунларида эълон қилинган мақолада биринчи бор «Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида» деган жумла қўлланилгандан сўнг журналистлардаги бу умидворлик учқунлари сўнгандек бўлди…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 январ 2018
«Элтуз» почтасига Ўзбекистон Марказий банки ходимлари номидан экани айтилган мактуб келди. Мактуб муаллифлари банк раҳбариятини коррупцияда айблаган. Мактубга Марказий ...
1 феврал 2023
Ўзбекистон нефт ва газ соҳасидаги вазиятни ичдан билувчи икки манбанинг Элтузга берган маълумотдан англашилишича, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унга қарашли ...
17 март 2021
The Diplomat нашри Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёни таҳлилига бағишланган мақола чоп этди. Унинг муаллифи Corissa Steiner Ўзбекистон раҳбарияти аввал ҳам иқтисодиётни хусусийлаштиришни ...
11 июн 2021
Мана, азизлар, ҳафта айланиб сиз билан яна юзма-юзман. Бормисиз, омонмисиз? Ëз қандай соз десам, ўзимни ҳам, сизни ҳам алдаган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...