Асосий мавзулар
19 январ 2017

Партия эндигина халқ билан доимий мулоқотни йўлга қўймоқчи

Янги сайланган президентнинг ғайрат-шижоати, яъни кетма-кет йиғилишлар ўтказаётгани, фармонлар қабул қилаётгани газеталарни, шулар қаторида партия нашрларини ҳам анча шошириб қўйганга ўхшайди.

Чунки уларни кузатар экансиз, бундай амалларга муносабат билдириш анъанасини зўрға эплаётганига гувоҳ бўласиз. Гарчи бу муносабатлар моҳиятан марҳум президент даврида айтиладиган гапларнинг такрори бўлса-да, эътиборни тортадиган баъзи жиҳатлари ҳам йўқ эмас.

Президент китобхонликка оид ҳужжатга имзо чекканди, «Миллий тикланиш» газетаси (18.01) бу мавзуга оид бир эмас, иккита катта мақола эълон қилди.

Шунингдек, президентнинг Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган табриги, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун, йил якунларига бағишланган маърузаси ва давлат бошлиғига алоқадор яна бошқа қатор мавзуларга бағишланган мақолалар билан тўлди газета.

Эсингизда бўлса, аввалги президентнинг ҳар бир фармони, қароридан сўнг ислоҳотларнинг «янги босқичи» бошланаверарди. Ислоҳотлар худди карамдек қават-қават бўлиб кетаётгандек таассурот уйғотарди.

«Етти қават тўни бор» карам ҳақида айтилган топишмоқнинг жавоби нима, деган саволга Ўзбекистондаги ислоҳотлар, деб жавоб берсангиз ҳам асло адашмаган бўласиз.
Куни-кеча президентнинг йил якунларига бағишланган чиқишига муносабат билдирган «Миллий тикланиш» партиясининг парламентдаги депутати бу сафар ҳам «ислоҳотларнинг
янги босқичи» бошланганини эълон қилди.

Президент маърузасида эришилган «ютуқ ва муваффақиятлар»дан мақтаниш ўрнига танқид асосий ўринга чиқарилганди. Партиядан сайланган депутатнинг мақоласи эса президентнинг бу танқидларини таҳлил қилиш, ечимларни кўрсатиш ўрнига уни саботаж қилишга ўхшаб кетади.

Зеро, унда президент танқидлари ҳақида бирорта сўз йўқ. Фақат маърузанинг мақтов қисми яна бир такрорланган, холос.

Газетада «Миллий тикланиш» партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси 2016 йилги фаолияти якунларини сарҳисоб қилгани ҳам айтилади. Сарҳисобда партия фракция ўтган йили амалга оширган ишлар ҳақида оғиз кўпиртирилади.

«2016 йилда ЎзМТДП фракцияси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 8 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди», дея аюҳаннос олинди.

Ҳолбуки, яқиндагина парламент қонунлар қабул қилишда суст экани, партиялар ижроия ҳокимияти тақдим этган қонун лойиҳаларини қабул қилишдан бошқасига ярамаётгани танқид остига олинганди.

Шунча гаплардан сўнг партия ўз «ташкилотларида аҳоли билан доимий мулоқот йўлга қўйилиши»ни эълон қилганига нима дейсиз?

Нима, партия шу пайтга халқ билан доимий мулоқот қилмаганми? Халқнинг дардини эшитмаганми? Нега энди кечагина рақиб бўлган бошқа партиядан сайланган президент айтганидан сўнг «Миллий тикланиш»нинг халқ билан мулоқотга иштиёқи ошди?

Газетада бу саволларга жавоб йўқ, албатта. Агар кузатувчилар бу партиялар қўғирчоқ эканини айтмаган-да, президент сайловида «Миллий тикланиш»нинг номзоди арзимаган овоз олганига сабаб партиянинг халқ билан мулоқот қилмаганида экан-да, деган алдамчи хулосага келиш ҳам ҳеч гап эмас.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 апрел 2019
Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт бўйлаб 9 май куни Россиянинг «Ўлмас полки» юриши ўтказилишига 4 апрелда расман рухсат берди. ...
10 сентябр 2024
Воронежда ҳарбий омбор портлади, Рязанда сайлов комиссияси аъзоси хожатхона тешигига тушиб кетди, Иркутскда тоза сувга бағишланган фестивалда канализация ёрилиб сассиқ оқава ...
18 октябр 2015
Шохрух Алибоев, 2013 йилнинг 27 июнида ота онасидан ажратилиб болалар уйига топширилган эди. +видео
21 июн 2017
Туркия президентининг тансоқчилари бошқармасида ишлайдиган 24 яшар Рамазон Ўзчелик (Ramazan Özçelik)нинг бошидан ўқ узилган жасади Ўзбекистон ватандоши Фарида Байрамованинг ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...