Асосий мавзулар
8 март 2017

Рус разведкачисининг сирли ташрифига муносабатлар йўқ

Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкиннинг Ўзбекистонга сирли ташрифи на маҳаллий матбуотда, на биз кузатишга муваффақ бўлган рус матбуотида атрофлича ёритилмади.

Рус махфий хизматларидан бирининг раҳбари Ўзбекистон раҳбари томонидан қабул қилингани тўғрисида умумий гаплардан нарига ўтилмаган маълумотлар тарқатилди, холос.

«Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, мамлакатларимизнинг замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги юксак даражада эканини алоҳида таъкидлади», деб ёзди, масалан, «Халқ сўзи» газетасида ЎзАга таяниб (01.03).

Хабарда «суҳбат чоғида экстремизм, терроризм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани» билдирилади.

Шунингдек, С.Наришкиннинг «давлатларимиз хавфсизлигини таъминлаш борасидаги долзарб вазифаларни бажаришдаги ўзаро ҳамкорлик даражасини юқори баҳолагани» айтилади.

Бор гап шу. Албатта, бундай учрашувларда қандай конкрет масалалар кўтарилиши ҳақида маълумот олиш жуда қийин иш. Шунга қарамай, икки давлат муносабатлари ва халқаро майдондаги воқеалар ривожи асосида қандайдир мулоҳазаларни айтиш мумкин эди.

Масалан, Марказий Осиё давлатлари бўйлаб сафарга чиққан Россия президенти Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда бўлиб, Туркманистон раҳбари билан телефонда суҳбатлашган бир пайтда нега Ўзбекистонга келмаганини тушуниш мумкин.

Яқин кунларда Ўзбекистон раҳбарининг Россияга ташрифи кутилаётгани бу саволга жавоб топиш имконини беради.

Лекин нега айни шу кунларда С.Наришкиннинг Тошкентга ташрифидан муддао нима? Балки Ўзбекистонда бугунги кунда ҳам давом этаётган ҳокимият ўзгаришларига таъсир ўтказишдир?

Ёки ўзбек махфий хизмати атрофида кундан кунга урчиётган турли ваҳимали миш-мишларга доир бирорта маълумотни Ўзбекистон раҳбари билан баҳам кўриш, шу орқали унинг Россияга мойиллигини кучайтиришга уринишмикин бу сирли сафардан мақсад?

Сўнгги вақтларда Афғонистонда ўзбек генерали, мамлакатимизнинг жанубий чегараларидаги вазиятнинг барқарор бўлишида ўзига хос роль ўйнайдиган Абдурашид Дўстимнинг мавқеини сустлаштиришга қаратилган ҳаракатлар бормоқда.

Балки рус разведкачилари раҳбари бу борада Ўзбекистон учун муҳим бўлган бирор маълумот билан ўртоқлашгиси келгандир?
Рус Ташқи разведка хизмати директорининг Тошкентга сафари расмий эмас, амалий ташриф мақомига эгалигининг ўзи унинг расмиятчилик учун эмас, қандайдир жиддий масалалар юзасидан гаплашиш учун келганидан даракдир.

Нима бўлганда ҳам у Ўзбекистонга шунчалик келиб-кетмагани аниқ.

Юқорида айтилганидек, бу ҳақда аниқ маълумотларга эга бўлиш имконияти деярли йўқ. Шунга қарамай, ҳеч бўлмаса, биз келтирган саволлар атрофида салгина мулоҳаза қилинса, кўпчиликни қизиқтирадиган гаплар айтилиши мумкин эди.

Афсуски, ҳозирги ўзбек матбуоти бу каби мулоҳазаларни ўз муштарийлари билан баҳам кўриш салоҳиятини йўқотган.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
1 феврал 2023
Ўзбекистон нефт ва газ соҳасидаги вазиятни ичдан билувчи икки манбанинг Элтузга берган маълумотдан англашилишича, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унга қарашли ...
21 май 2016
19 май куни 21 яшар Душанба турғуни Даврон Қурбонов шаҳарнинг 103-нчи митти мавзесида тақиқланган “Исломий Давлат”нинг қора байроғини осганликда ...
16 апрел 2019
«Элтуз» нашри Муҳаммад Бекжоннинг «Қўрқувнинг нариёғида» (Алвидо, Жаслиқ!) иккинчи китобининг, 2-қисми аудиоверсиясини тақдим этади. Китобнинг бу қисмида муаллиф Косон ...
1 март 2019
Ассалому алайкум. Бугунги ваъзни қўшиқ билан бошласам. Мард йигит меҳмонга кўксини очибномардни меҳмондан қочишин гўринг… Бу қўшиқ матнини 18-асрда ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...