Асосий мавзулар
23 март 2017

Фермерлар нега ишламаяпти?

Президентнинг топшириғига лаббай деб жавоб бераётган партиялар депутатлари шу кунларда туманма-туман чопиб юрибди. Бу партияларнинг нашрлари ҳам мазкур сафарлар ҳақидаги ҳисоботларни пешма-пеш ўқувчига етказиб ётибди.

Хусусан, «Адолат» газетаси шу номдаги партиянинг парламентдаги фракцияси раҳбари Қумқўрғон туманида бўлиб, аҳолининг муаммоларини ўрганиб келгани ҳақида ёзар экан,»Камчиликлар ўрганилди, навбат амалий ишга», дея эълон қилди.

Мақолада сенатор ва депутатларнинг қанчалик фаол ишлаётганини кўрсатишга ишора берадиган рақамлар тўлиб ётибди. Улар ечимини топиб берган баъзи муаммоларни ўқир экансиз, кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайсиз.

Тўғри, барака топгурлар тумандаги 417 та хонадонда бўлиб, тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказган, таълим, кредит каби айрим соҳалардаги камчиликларни бартараф этган.

Лекин газета тушмагур бир гуруҳ сенатор ва депутатларнинг қилган амалий ёрдамларига келтирган мисоллари билан уларни сал кулгига қўйгани яхши бўлмаган.

Яъниким, сенатор ва депутатлар Сурхон маҳалласи ҳудудидан ўтган 300 метрдан зиёд эскирган электр сими туман электр тармоқлари корхонаси томонидан алмаштирилишига эришибди.

Шундай нуфузли халқ вакилларининг қилган ишларини арзимаган мисол билан кўрсатиб, уларнинг хизматларини ерга уриш шартмикин, деб ўйланиб қолади одам.

Мақолада айрим рақамлар ҳам келтирилганки, улар тумандаги аҳвол анча ночор эканидан дарак беради.

Хусусан, туманда 938 та корхонадан 128 таси ёки 14 фоизи фаолият кўрсатмаяпти. Фермер хўжаликлари бўйича вазият эса бундан ҳам баттар. Тумандаги жами 1022 та фермер хўжалигидан 437 таси умуман фаолият юргизмаётган экан.

«Демак, туманда қанчадан қанча ер бекор ётган экан-да? Фермерларнинг ишлашни хоҳламаётганига сабаб нима?» каби саволлар пайдо бўлади бу рақамни кўрганингиздан кейин.

Аммо мақолада сенаторлар ва депутатлар бу масала ечимини топиш учун нима ишлар қилгани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 май 2022
“Лайлак келди – ëз бўлди, қаноти қоғоз бўлди”. Нега лайлакнинг қаноти қоғоз бўлганлигини олдин ҳам тушунмагандим, хозир ҳам тушунмайман. Ҳар холда буни ëзган ...
6 ноябр 2020
 Ойна – менинг энг яхши дўстим. Чунки йиғлаган пайтим у ҳеч қачон кулмайди. Мана, ҳафта бир айланди ва яна ...
7 апрел 2021
Германиянинг “Люфтганза” авиаширкати учоғи Истанбулдаги Отатурк аэропортига қўниш учун пастлади. Қўйли “тур болам”, деган овоздан уйғонди. Бир вақтлар онаси ...
27 май 2020
«2016 йил 24 декабрь. Кундузги соат 12:00 да штабдан чопар келди ва зудлик билан штабга етиб боришимни айтди. Штабгача ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...