Асосий мавзулар
8 май 2017

Санжар Саид: “Олтин қалам” танловида қатнашиш иснод»

3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишлаб “Олтин қалам” мукофотларини топшириш маросими журналистлар ва айрим нашрлар эътирозига сабаб бўлди.

Жумладан журналист ва блогер Санжар Саид ўзининг фейсбукдаги саҳифасида “Кимларнингдир шахсий томорқасига айланган бу танловда қатнашиш ва унда ғолиб бўлиш иснод” деган сўзларни ёзди.

Аслида матбуот эркинлигига пародия экани иддао қилинадиган маросимда шу пайтгача фақат мавжуд ҳукуматнинг маддоҳлари мукофотланиб келинган.

Ўзбек матбуоти озгина тилга кира бошлаган бу йил ҳам айни анъана бузилмади.

Лекин бу ҳолат, аввалги йиллардагидан фарқли ўлароқ, маҳаллий нашрларнинг жиддий эътирозлари ҳам янгради.

Масалан, Кun.uz интернет нашри ижтимоий тармоқларда анча баҳсу мунозаларга сабаб бўлган бу эътирозларни ўз саҳифасида ёритди.

«Жаҳон сўз эркинлиги кунида бир тўда ялоқхўр, қўғирчоқ сўзбузар-мақтовтузарларнинг қилган беминнат хизматларини тақдирлаш учун ўйлаб топилган бу мукофот аслида сўз эркинлиги, фикрлаш эркинлиги, журналистлар ҳаққонийлиги, холислигига катта дахлдан бошқа нарса эмас», деган жумладан блогер.

Tafsilot.uz нашри эса бошқа бир журналист Беҳзод Қобуловнинг «Олтин қалам»: очиб кўрилмаган йиғма жилд, совриндорларни саралашдаги мантиқсизлик ва ҳоказолар» сарлавҳаси остидаги мулоҳазаларини чоп этди.

Журналист мукофот муносибларга эмас, «хос»ларга берилишига ишора қилар экан, танловга топширган ҳужжати йиғма жилдини елимлаб топширган бир таниқли публицист ўзига мукофот тегмагач, йиғма жилдини олгани борса, унинг ҳатто очиб кўрилмаганига гувоҳ бўлганини айтади.

Мақолада жорий йилги бош мукофот ҳар доим бошқа нашрлардан бир-икки поғона юқорида юрадиган «Тафаккур» журналига берилган бўлса-да, бу журналнинг аввалги йиллардаги хизматлари учун тақдим этилгани, айнан бу йил унинг танлов ғолиби бўлгани эса адолатдан эмаслиги таъкидланади.

Матбуот номинациясида «Ёш куч», «Ёшлик», «Жамият» каби босма нашрлар қолиб, деҳқонга экиш, суғоришларни ўргатадиган «Қишлоқ ҳаёти» ҳамда адабиёт ва санъатдан кўра кўпроқ ҳукмрон мафкура тарғиботи билан шуғулланаётган «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газеталарига берилгани ҳам кескин танқид қилинган.

Интернет журналистикаси номинациясида эса давлатга тегишли ЎзАнинг интернетда умуман фаоллик кўрсатмаган журналисти биринчи мукофотга лойиқ кўрилгани ачиниш билан тилга олинган.

«Истеъдодга баҳо бераётганда алоҳида буюртма билан ёзилган мақолалар мезон саналса, келгуси йили mtrk.uz сайти ходимлари «Ахборот»ни ўз вақтида интернетга жойлаб бораётгани учун интернет йўналишида мукофотланса, ажаб эмас», дея истеҳзо қилинади мақолада.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 октябр 2019
Тарихга Горбачёв ҳуррияти дея кирган 1985 йилдан 1991 йилгача бўлган даврда ўзбек журналистикасида кўтарилиш пайдо бўлгани кузатилди. Ошкоралик, демократия ...
14 октябр 2022
Ўзбекистонда биринчи замонавий касаба уюшмаси бир йил аввал ташкил этилган бўлса-да, у дуч келган муаммолар меҳнат ҳуқуқлари қанчалик кенг ...
25 апрел 2023
Элтуз каналига етиб келган видеода икки нафар ҳижобли қиз 1 миллион сӯм қарзи бӯлган бошқа бир қизнинг устидаги кийимини ...
20 август 2021
Жорий йилнинг 5 августида Олий суднинг судлов ҳайъати Ўзбекистон фуқароси Давид Багманянни руҳий носоғлом деб топиш тўғрисида аввал қабул ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...