Асосий мавзулар
21 май 2017

Видеокузатув тергов холис бўлишини таъминлайдими?

Ўзбекистон президентининг тергов жараёнига оид янги қарори ижобий баҳоланаётган бўлса-да, мамлакатда кучли адвокатура, фуқаролик жамияти ва мустақил оммавий ахборот воситалари мавжуд эмаслиги бу борадаги ислоҳотлар ҳали-бери кутилган натижаларга олиб келмаслигидан далолат беради.

Давлат раҳбарининг “Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини шарҳлаган «Ташаббус» гуруҳи ана шу хулосага келди.

Гуруҳнинг билдиришича, мазкур қарорнинг 6-бандида 2018 йил 1 январгача ички ишлар органларида сўроқни стенография усули билан ёзиб олиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видеога муҳрлаш тизимлари билан жиҳозланган махсус хоналарда ўтказиш ташкил этилиши айтилади.

Чекланганлик ҳақида

Қарор ички ишлар органлари хоналари ҳақида бўлиб, тергов фаолиятини амалга оширувчи бошқа давлат органлари, хусусан, Миллий хавфсизлик хизматининг (МХХ) тергов хоналарини ҳам видеокузатув жиҳозлари билан таъминлашни назарда тутмайди. Бу эса амалий муаммоларни келтириб чиқариш билан бирга, МХХнинг амалдаги қонунлар доирасидан ташқарида қолаётганини кўрсатади.

«Фуқароларнинг жиноят процессидаги ҳуқуқлари том маънода ҳимоя қилиниши учун видеокузатув мосламаси ёрдамида ёзиб олинган тасмадан фойдаланиш қоидалари батафсил ишлаб чиқилиши керак. Хусусан, видеокузатув материаллари қаерда ва қай ҳолда сақланиши масаласига алоҳида эътибор берилиши лозим. Ёзиб олинган материал ички ишлар органларида эмас, балки Олий Мажлис ҳузуридаги махсус қўмитада ёки прокуратурада сақланиши мақсадга мувофиқ бўлади. Шу билан бирга, видеокузатув материали асл ҳолида, ҳеч қандай ўзгартиришларсиз сақланиши таъминланиши зарур. Мазкур ҳолатларга эътибор берилмаган тақдирда далилларга баҳо бериш билан боғлиқ бўлган масалалар, хусусан, далилларнинг ишончлилиги ва мақбуллиги хусусида жиддий муаммолар келиб чиқиши табиий ҳол», дейилади «Ташаббус» гуруҳининг хулосасида.

Видеокузатувнинг фойдаси

Гуруҳнинг таъкидлашича, тергов хоналарида видеокузатув ўрнатилиши нафақат гумондорнинг ҳуқуқ ва эркинликлари яхшироқ ҳимояланишига ёрдам беради, балки терговчининг хатти-ҳаракатлари устидан туҳмат ёки асоссиз шикоят қилинишининг ҳам олди олинади.

Қолаверса, сўроқ қилинаётган киши ўз кўрсатмаларини осонлик билан ўзгартира олмайди. Бутун сўроқ қилиш жараёни ёзиб борилаётгани терговчига эътиборни кўрсатмаларни ёзиб боришга эмас, балки уларнинг мантиқийлиги, мутаносиблиги ва кетма-кетлиги каби ҳолатларга қаратишга имкон беради. Кўрсатмаларни сўроқдан кейин қайта-қайта эшитиш имконияти аввал эътибор берилмаган ҳолатларни фош этишда ёрдам бериши мумкин.

Мустақил адвокатуранинг аҳамияти

Тергов соҳасини ислоҳот қилишни адвокатурасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Адвокатлар тергов жараёнида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг тури ва моҳиятини яқиндан билади.

«Афсуски, ички ишлар органлари фаолиятини ислоҳот қилиш соҳасида уларнинг иштироки умуман сезилмаяпти. Адвокатлар палатасининг ижтимоий ҳаётдаги иштироки кўринмаяпти. Адвокатларнинг мустақил фаолият кўрсатишига зудлик билан шароит яратилмас экан, тергов хоналарини видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш самара бермайди», дейди «ташаббусчилар».

Уларнинг эътирофича, адвокатура фаолияти устидан ижро ҳокимияти назоратининг мустаҳкамланиб борилгани адвокатура мустақиллигининг тамоман йўқотилишига сабаб бўлган.

Шунингдек, Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритувчи нодавлат ташкилотларнинг деярли йўқлиги ҳам ички ишлар органлари фаолиятини ислоҳот қилишга қаратилган чоралар самарасини йўққа чиқаради.

«Фуқароларни конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар ҳақида хабардор қилувчи, куч ишлатар орган ходимлари томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни ҳужжатлаштириб, ҳисобот берувчи, қонун устиворлиги мустаҳкамланишига қаратилган тренинг ва семинарлар ўтказувчи нодавлат ташкилотлар кўпаймагунча тергов хоналарини видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш самара бермайди», дейилади «Ташаббус» хулосасида.

Мустақил оммавий ахборот воситаларининг аҳамияти

«Ташаббус» фикрича, давлат идорлари, хусусан, ички ишлар органлари соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш учун очиқлик, ижтимоий масалаларнинг эркин танқид ва муҳокама қилиниши муҳим. Бу вазифани мустақил ОАВ бажаради. Мансабдор шахслар томонидан содир этилган энг жиддий қонунбузарликлар айнан мустақил журналистлар фаолияти туфайли фош этилади.

«Шундай экан, тергов жараёни ва умуман қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар самара бериши учун ОАВ мустақиллиги таъминланиши керак. Шунингдек, ички ишлар идоралари матбуот хизматлари ОАВ вакиллари берадиган саволларга ўз вақтида, тўлиқ жавоб бериб бориши лозим», дейди «Ташаббус».

Гуруҳ вакилларининг таъкидлашича, тергов хоналари видеокузатув мосламалари билан жиҳозлангандан кейин қийноқ ва бошқа тақиқланган босим ўтказиш усулларидан фойдаланиш тўхтади, деб тасаввур қилинган тақдирда ҳам ҳозиргача шу усул билан ишлаб келган терговчиларга қонуний фаолият юритиш учун малака, тажриба ва маҳорат талаб этилади.

Шу боис, ички ишлар органлари ходимлари малакасини ошириш бўйича зудлик билан чоралар кўрилиши керак. Бу масалани амалга оширишда халқаро ташкилотлар тажрибасидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.

«Афсуски, Ўзбекистонда халқаро ташкилотларнинг сони ҳам жуда чекланган», деб хулоса қилади «Ташаббус» гуруҳи.

Тағин ўқинг
6 феврал 2020
Марказий Осиё давлатларига паст назар билан қарашини яширмайдиган Россия либерал демократик партияси лидери Владимир Жириновский ўзининг телеграм канали орқали ...
27 декабр 2020
23 декабрь куни Наманган вилоятининг Норин тумани ИИБ тергов бўлинмаси томонидан норинлик икки йигитга нисбатан “одам ўлимига сабаб бўлган хавф остида қолдириш” ...
1 декабр 2023
Кузакнинг охирги ойидамиз. Аномал қиш «атмен» Декабрда ҳаво ҳарорати 22 даража иссиқ бўлади.  Ўткан йилдаги каби совуқдан қалтираш йўқ. ...
2 октябр 2015
29 сентябр куни ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари Елена Урлаева ва Малохат Эшонқуловалар Хоразм вилоят Хазорасп ТИИБ милиционерлари томонидан ушланган ва ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...