ART-DURBIN
11 май 2018

Неъмат Қўзибоев. Синиқ чорчўпларда қолган абгор сувратлар…

Cобиқ совет даврида рангтасвир асарлар яратиб, ёрқин шуҳрат қозонган саноқли ўзбек рассомларидан бири Неъмат Қўзибоев бундан 14 йил бурун, 2004 йилнинг 11 майида оламдан ўтган эди.

Бугун унинг асарлари дунёнинг кўплаб йирик музейларида сақланмоқда.

Неъмат Қўзибоев, «Тадқиқотчилар», рангтасвир. Санкт-Петербург Бадиий академияси музейи

Табиатга уйғун ранглар устаси бўлган рассомни унинг шогирдлари ҳам, устозлари ҳам бирдек севишган.

Бироқ уни яқиндан билганлар рассомнинг ҳаёти, айниқса, унинг сўнгги йиллари анча мураккаб кечганини айтишади.

Қўзибоев устахонасининг бузилиб текисланган қисми

Тошкентдаги Санъат музейида унинг асарлари 70-йиллардаги синиқ рамкаларда, абгор ҳолатда қолмоқда.

Унинг улуғ асарлари яратилган устахонасини эса ҳокимликнинг Рассомлар уйига тижорат мақомини бериш қарори билан яқинда бузишни бошлашганди.

Ижод даврининг бошланиши

Неъмат Қўзибоев 1929 йилда Фарғона вилоятида туғилди.

Унинг отаси Мирзабой Қўзибоев инқилобгача Санкт-Петербургда, рус мустамлакаларидаги бойларнинг болалари учун очилган мактабда таълим олган.

Мирзабой Қўзибоев Ҳамза Ҳакимзода, Қори Ёқубов, Тамарахоним каби таниқли шахслар билан дўст бўлган.

Рассомнинг талабалик даври

1930 йили Қўқон мухториятидаги фаолияти Мирзабой Қўзибоев ва унинг акаларининг сирли ўлимига сабаб бўлди. Натижада Неъматнинг онаси болаларини олиб Тошкентга кўчиб келади.

Уруш йиллари Қўзибоев бадиий билим юртига ўқишга киради ва тезгина ўз истеъдодини намойиш қилади.

Таниқли рассом Чингиз Аҳмаров билан биргаликда Навоий театрининг деворий расмлари устида ишлайди.

1947 йили Неъмат Қўзибоев Ленинграднинг Репин номидаги Бадиий академиясида ўқишни давом эттиради.

Рассомнинг 1953 йили олтин медалга сазовор бўлган «Тадқиқотчилар» асари Санкт-Петербург Бадиий академияси музейи кўргазмалар залида ҳозир ҳам осиғлиқ турибди.

Табиат билан дилкаш рассом

Ўзбекистонга қайтгач, Неъмат Қўзибоев Беньков номидаги рассомлик билим юртида, кейинчалик эса Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик институтида дарс беради.

Келажакда унинг шогирдлари орасидан кўплаб таниқли рассомлар етишиб чиқди.

Сталин ва Хрушчев даврида Неъмат Қўзибоев ўзбек рангтасвири етакчиларидан бирига айланади.

У турли – портрет, пейзаж, кўп фигурали композиция жанрларида маҳорат билан асарлар яратади.

Неъмат Қўзибоев дастлаб график рассом сифатида эътироф этилган

Қўзибоевни нозик чизмакаш рассом сифатида эътироф этишади, бироқ у ранг устаси сифатида, айниқса, манзара рангтасвири соҳасида шуҳрат қозонади.

Рассомнинг ўзи эса фақат қадрдон табиат билан якка қолиб, табиийлик ва уйғунликка эришганини эътироф этган.

Рассом ҳаётининг кўпчиликка қоронғу бўлган тарафи

Қўзибоев ўзидаги истеъдодни эрта намоён қилди. У 1970 йили ЎзССРнинг энг ёш халқ рассоми бўлди.

Бироқ унинг карьераси кўплар ўйлагандек жудаям ёрқин бўлмагани, давр мураккабликларига тўла бўлганини айтишади.

Масалан, Қўзибоевга узоқ вақтгача халқаро сафарлар учун рухсат беришмаган.

У анча кейин бундай рухсатни олади ва илк бор ўзидан анча ёш ҳамкасбларига нисбатан ҳам кеч ҳорижий сафарга чиқишга муваффақ бўлади.

«Юмшоқ ва зиддиятсиз феъли билан бирга, ҳақсизлик, қўполлик, маданиятсизлик ва ўз устида ишлашни истамаслик унга кўпроқ оғир ботарди», дея эслайди унинг ўғли Ғайрат Қўзибоев.

Неъмат Қўзибоев, «Тоғ манзараси»

2000 йиллар бошида Ўзбекистондаги бадиий қадриятларнинг йўқ қилиниши ҳолатлари унга қаттиқ таъсир қилган.

Очиқчасига ўғирлик фактлари ва ҳокимият тепасига маданиятдан йироқ одамларнинг келиши уни даҳшатга солган.

Бу улуғ рассом ва унинг замондошлари катта машаққатлар билан яратган бадиий мерос бир гуруҳ ўғритабиат, бехосият амалдорлар томонидан йўқ қилина бошланган давр эди.

Неъмат Қўзибоев 2004 йили вафот этди.

Бугун эса бу маданий мерос ва уни яратган одамлар хотирасини сақлаш учун истак ҳам, пул ҳам йўқ.

Акмал Ризаев 
Ўзбекистонлик муаллиф тахаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 апрел 2021
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги 134-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Шоҳнур Оққўзиев ўқувчига 2 баҳо қўйгани учун шогирдининг қариндошлари томонидан калтакланди. ...
5 апрел 2023
Бугун эсламоқчи бўлганимиз – улуғ француз ёзувчиси Антуан де Сент Экзюперининг «Кичик шаҳзода»си. 1943 йилнинг 5 апрелида Америкада илк ...
20 август 2020
Россиянинг «Независимая газета» нашрига кўра, Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС)ни қуриш бўйича шартнома ҳали тайёр эмас, Россия томони билан ...
6 декабр 2021
«Албатта, керагидан кўп хато қилганмиз, улардан жуда афсусдаман. Энг катта хатоим суд, жин урсин, мустақил суд тизимини туза олмаганимиз ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...