Асосий мавзулар
8 октябр 2018

Сўз эркинлиги ҳимоячисими ёки коррупциялашган амалдор?

Ўзбекистон президентининг матбуот котиби ва унинг маъмурияти раҳбари ўринбосари Комил Алламжоновнинг кутилмаганда лавозимидан озод қилиниши ортидан бу шахс тўғрисида бир-бирига қарама-қарши маълумотлар пайдо бўлмоқда.

Хусусан, uzmetronom.com сайтидаги мақолада К.Алламжонов ўз мансабидан бойиш мақсадида фойдаланиб келган олғир, шуҳратпараст, манман сифатида гавдаланса, Би-Би-Си мақоласида сўз эркинлигининг ҳимоячиси ўлароқ кўрсатилади.

Таъкидлаш керакки, ҳар икки мақола ташқи манбаларнинг маълумотлари асосида тайёрлангани айтилади.

Uzmetronom.com манбасининг билдиришича, президентнинг собиқ матбуот котибининг каръерасини унинг манманлиги барбод қилган.

Мақолада у ўз тижорий манфаатлари йўлида ҳар доим маъмурий ричаглардан фойдаланиб келгани таъкидланади.

Мақолада Алламжонов Давлат солиқ қўмитаси матбуот котиби лавозимида ишлаганида қўмита тизимлари учун дастурий таъминотларнинг асосий етказиб берувчиси унинг бизнес тузилмалари бўлгани, у жамиятда катта норозилик келтириб чиқарган “Автотест” МЧЖнинг, барча тадбиркорлик учун обуна мажбурий бўлган “Солиқ-инфо” газетасининг, бошқа кўплаб активларнинг эгаси экани айтилади.

Би-Би-Сида эълон қилинган мақолада эса К.Алламжоновнинг истеъфосига президент администрациясининг янги раҳбарияти сабаб бўлгани иддао қилинади.

Унда Алламжоновнинг жамоаси кундалик равишда мамлакатда юз бераётган, хусусан, ижтимоий тармоқлардаги муҳим хабарлар мажмуини тузиб, президентга киритиб тургани, янгича хабар тарқатиш усулини татбиқ этгани, хуллас, сўз эркинлиги ҳимоячиси бўлгани айтилади.

Унинг бу ҳаракатлари айрим доираларга, хусусан, президент маъмуриятининг янги раҳбарияти ва ДХХга маъқул бўлмагани айтилади.

Бир-бирига қарама-қаршилик руҳи анқиб турган бу мақолалардан Комил Алламажоновнинг истеъфоси “сарой ўйинлари” оқибатидир, деган иддао келиб чиқади.

Агар масалага холисроқ ёндашилса, аслида бу истеъфо ҳокимият тизимларини ўз мансабидан шахсий манфаатлари йўлида очиқча фойдаланиб келиб, мамлакат имижига путур етказаётган шахслардан тозалаш ҳаракатларининг мантиқий давоми, дейилса ишонарлироқ кўринади.

Чунки К.Алламжонов аввал бошданоқ Ботир Парпиев кланининг арбобларидан ва Ўзбекистон халқи бойлигини ўзлаштиришнинг фаол иштирокчиларидан бири эди.

Юқорида унинг активлари санаб ўтилди. Мисол тариқасида айтиш керакки, бир вақтлар БЭМ (Бухгалтерга электрон мадад) лойиҳаси ортидан К.Алламжонов миллиардлаб маблағга эга бўлган.

Бухгалтерия ҳисобини юритишга мўлжалланган бу дастурий таъминот бир тийинга қиммат бўлиб чиқди. Лекин ўз вақтида ҳар бир тадбиркорлик субъекти уни сотиб олишга мажбур эди. Бугунги кунда ҳеч ким уни амалиётда қўлламайди.

Собиқ матбуот котибига тегишли экани айтиладиган “Автотест” билан боғлиқ можаролар эса ҳали ҳам тингани йўқ.

Шу ўринда Комил Алламжоновнинг президент орбитасида пайдо бўлишига ҳам айнан Ботир Парпиев кланининг қўли борлигини инкор қилиб бўлмайди.

Энди унинг “сўз эркинлиги ҳимоячиси” эканига келсак, аввало, матбуотнинг эркинлашуви президент сиёсий иродасининг маҳсулидир.

К.Алламжонов эса бу сиёсий иродани чекланган тарзда амалга ошириш замон зайли туфайли чекига тушган шахс, дейилса тўғрироқ бўлади.

Ўзбек матбуотида қисман тезкорлик пайдо бўлгани, амалдорларнинг матбуот хабарларига муносабат билдиришга интилаётгани асло унинг хизмати эмас, балки президент талабларига ҳамоҳанг иш юритилаётганини кўрсатишга уринишдир.

Агар К.Алламжонов сўз эркинлиги ҳимоясида кўпчилик билайдиган қандайдир ҳаракатлар қилган бўлса, буни фақат олқишлаш мумкин.

Лекин барибир у, биринчи навбатда, ўз манфаатини ўйлаган коррупциялашган амалдор, ўз манфаати йўлида ҳукуматга ҳам таъсир ўтказа олган қудратли олғир клан аъзоси сифатида эсда қолади.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 март 2021
Андижон давлат университетининг олти ходимида коронавирус аниқлангани ҳақида хабарлартарқалди. АДУдаги манбанинг “Элтуз”га айтишича, аслида касаллик юқтирган талаба ва ходимлар сони бундан ҳам кўп бўлиши ...
26 феврал 2024
Тарихчи олим Анвар Назир 2018 йилнинг 26 феврал куни «Элтуз» нашрига Қўқонда Қўқон мухториятининг 100 йиллиги тадбирини ўтказишга рухсат ...
20 январ 2021
Шариат тақиқлагани боис қўшиқчиликни тарк қилган Жаҳонгир Отажонов жорий йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига ўз номзодини қўйишини маълум ...
5 сентябр 2016
Ўзбекистон ичидаги журналистика яна бир бор навбатдаги синовдан ўта олмади. ТВси ҳам, газетаю журналлари ҳам ўта олмади. Ўзбекистонда президент ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...