Асосий мавзулар
17 декабр 2018

Халқаро миқёсда қўллаб-қувватланаётган ёлғон

Ўзбекистонда 2017 йилда 13 фоиз киши ўз ихтиёрига қарши равишда пахта теримига жалб қилинган бўлса, 2018 йилда бор-йўғи 7 фоиз теримчи мажбурий равишда пахта далаларига жўнатилган.

Бу ҳақда Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ўтказилган мониторинг ҳисоботида айтилади.

Мана шу ҳисобот эълон қилиниши ортидан ХМТ бош директори Гай Райдер Тошкентда энг юқори доираларда, жумладан, мамлакат президенти томонидан ҳам қабул қилинди.

Барча музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга ваъдалар беришди.

Аввал ҳам берилган айнан шундай ваъдалар ХМТнинг бу йилги мониторинги оҳангини белгилаб берган бўлса ажаб эмас.

Сиёсат ўз йўлига. ХМТнинг Ўзбекистонга нисбатан сўнгги вақтлардаги муносабати сиёсатнинг кимдир тўғри тушунадиган, кимдир эса тоқат қила олмайдиган юзларидан биридир.

Зеро, ХМТ ҳисоботи Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўлидаги саъй-ҳаракатларини рағбатлантиришга қаратилаётгандек таассурот уйғотади.  

Гарчи ижобий ўзгаришлар сезиларли бўлса-да, баландпарвоз мақтовларга арзимаслигини кўпчилик англаётгани ҳақиқатга яқинроқдир.

ХМТ вакилларининг Ўзбекистонда мажбурий меҳнатдан тизимли равишда фойдаланишга чек қўйилди, деган гапларига ким ишонади? Бу гапларга ишонмаслик учун далилларни истаганча келтириш мумкин.

Милициядан тортиб армиягача ойлаб пахта даласида “жавлон урган”и тизимли мажбурий меҳнат бўлмаса, унда нима?

Завод-фабрикалар, турли давлат муассасаларининг ўн минглаб ходимлари ташкилий равишда далага жўнатилгани бундай ишларнинг тизимли эканидан дарак бермайдими?

Ҳукуматнинг айрим майда амалдорларни кишиларни ўз ихтиёрига қарши ишлашга мажбурлагани учун жазолагани аслида кенг кўламли мажбурий меҳнатни хаспўшлаш мақсадидаги саъй-ҳаракатлар эканини ақли расо инсонлар тушуниб турибди.

Лекин ХМТ вакиллари бу чиройли рақамларга ишонишга рози бўлиб, ўзлари ҳам мазкур ёлғонларнинг халқаро майдонда ҳақиқат сифатида эътироф этилишига ҳисса қўшмоқдалар.

ХМТнинг бу сиёсати вазиятни аста-секин яхшилаб бораётган Ўзбекистон расмийлари билан келишувлар натижасидек таассурот уйғотади.

Майли, пахта теримига мажбурий чиқарилганлар сони бор-йўғи етти фоиз дейлик ҳам. Лекин теримчилар сони юз минглар билан ўлчанишини ҳисобга олсак, бу кичик рақам эмас.

Қолаверса, мажбурий меҳнат фақат пахтачиликда эмас, бошқа соҳаларда ҳам кузатилмоқда.

“Пахтачаликдан бошқа соҳалардаги мажбурий меҳнат кўринишлари ободонлаштириш, қурилиш каби тармоқларда ҳам кенг тарқалган”, дейди Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниёзова.

Бу ташкилот кўп йиллардан буён Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатни мониторинг қилиб келади.

“Ҳозир кўчаларни супуриш, амалга оширилаётган қурилишлар, ободонлаштириш ишларига бу соҳаларга умуман алоқаси бўлмаган кишилар ўз ихтиёрига зид равишда жалб этилади”, дейди Умида Ниёзова “Элтуз” билан суҳбатда.

Унинг билдиришича, Ўзбекистон-Германия форуми мажбурий меҳнатнинг мана шу кўринишлари юзасидан мониторинг ўтказган ва яқин орада бу борадаги ҳисобот эълон қилинади.

ХМТ бош директори Гай Райдер ЎзА мухбирига берган интервьюсида унинг ташкилоти Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Лекин бу қўллаб-қувватлаш танқидий асосда қурилганида мамлакат халқи учун янада фойдали бўларди.

Аудио: https://youtu.be/25rsq2F4fP4

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 октябр 2017
Бу йил теримга Ўқитувчи ва шифокорлар поездларда сафарбар қилинмоқда. Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларидан минглаб теримчилар минган поездлар Қорақалпоғистон ва ...
18 июн 2021
Қўйлар чиқди бугун денг намойишга, Дерсиз нима ғами бор ўтлоқдан ўзга? Яйлов, яшил майса дардида айнан Ёмон кўринибди, ҳоким ...
20 сентябр 2023
Озарбайжон Қорабоғда ўт очишни тўхтатишни тасдиқлади. Арманиларнинг Тоғли Қорабоғдаги армияси таслим бўлди. Бир кун ичида тан олинмаган «Арцах» армияси жангларда ...
16 июн 2016
Пилла қурти боқиш турли ташкилотлар, тиббиёт ва таълим муассасалари қаторида фермер хўжаликлари учун ҳам қўшимча мажбуриятдир.  Қуйида бир фермер ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...