«BRAVO» ва Ҳалима Ибрагимова лицензиядан маҳрум қилинди
26 февраль куни «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси «лицензия талаблари ва шартлари қўпол равишда бузилгани, миллий урф-одатлар, одоб-ахлоқ, маънавий қадриятларга ёт бўлган, фаҳшни тарғиб қилувчи ҳажвиялар орқали ўзбек сўз санъати обрўсига путур етказгани» учун «BRAVO» жамоаси ва сўз устаси Ҳалима Ибрагимованинг лицензияларини бекор қилди.
«Ўзбекконцерт» бу қарорини «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-қарори 1-иловаси билан тасдиқланган низомнинг 37-банди билан изоҳлади.
Бу ҳужжатга кўра, 2019 йилнинг 26 февраль кунидан бошлаб «BRAVO» жамоаси ва сўз устаси Ҳалима Ибрагимованинг концерт бериш ҳамда чиқишлар қилиши тақиқланади.
Ўтган йилнинг ноябрида «Ўзбекконцерт» бирлашмаси «уятсиз» клип боис хонанда Шаҳло Аҳмедованинг лицензиясини бекор қилган эди.
Суратда: Ҳалима Ибрагимова машҳур турк сериали юлдузи Бурақ Ўзчивит билан.
Eltuz.com