Асосий мавзулар
1 март 2019

Бабаяннинг шубҳали қайтиши

Самвел Бабаяннинг яна ўзбек футболига қайтиши масаласида бир неча нуқталар борки, кишида кўплаб шубҳалар уйғотади.

Биринчи нуқта шуки, у ўтган 2018 йил 15 январда Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ўзбек футболидан бутунлай, яъни бир умрга бадарға этилган бўлса-да, орадан 2 ҳафта ўтиб, 1 февралда бу қарор бекор қилиняпти.

Ўша пайтда ЎФА миллий терма жамоанинг собиқ бош мураббийини “Пахтакор” клуби футболчиларининг шартномаси билан боғлиқ қаллобликларни амалга оширганликда, шунингдек, миллий терма жамоадан ўз манфаатлари йўлида фойдаланганликда” айблаган эди.

Тез орада эса ЎФА ўз қарорини бекор қилиб, буни С.Бабаяннинг “миллий терма жамоада бош мураббий бўлиб ишлаганида намоён қилган ватанпарварлиги учун”, деган сўзлар билан изоҳлаяпти.

Бу фактлар Самвел Бабаяннинг ўз тилидан эндигина янграмоқда ва у нега илгари бу ҳақда гапирмаганини “буни ошкор қилмасликни илтимос этишди”, дея тушунтиряпти.

Бабаяннинг ҳайдалишига эса айнан унинг терма жамоадаги муваффақиятсизлиги ва жамоанинг халқаро майдонлардаги ўйинлари орқали ўзи учун “севимли” бўлган футболчиларни мўмайгина сотиш мақсади бўлгани ҳам айтилганди.

Бабаяннинг “севимли” футболчилари қаторида эса тўпни эгаллагандан сўнг дарвоза қаердалигини билмай қоладиган ҳужумчи Игорь Сергеев ва отқорин дарвозабон Александр Лобанов бор эди.

Иккинчи нуқта, яъни масаланинг яна бир қизиқ жиҳати шуки, собиқ бош мураббийни умрбод дисквалификация қилмасликни “Бунёдкор” жамоаси сўраяпти ва унга шахсий кафил бўляпти.

Ҳолбуки, “Бунёдкор” Самвел Бабаян кўп йиллар асосий фигура бўлган “Пахтакор” жамоасининг принципиал рақиби ҳисобланади (ҳар ҳолда улар ўртасидаги рақобат ишқибозларга шундай тақдим этилади).

Энди эътиборни ЎФА томонидан собиқ бош мураббийнинг ўзбек футболига қайтиши изоҳланган баёнотга қаратсак.

“ЎФА бундан буён Самвел Бабаян Ўзбекистоннинг ҳеч қайси терма жамоасида фаолият юритишига йўл қўймайди. Қўшимчасига, кейинги фаолиятини Самвел Бабаянсиз тасаввур қила олмаган “Локомотив” футбол клубининг қарорига ҳам қаршилик кўрсатмайди”, дейилади баёнотда.

Заҳархандани сезяпсизми? Гўёки ЎФА умрбод ўзбек футболидан ҳайдалган одамнинг қайтишига қаршилик кўрсатишга ожиз эканини айтмоқчидик.

Бу заҳархандани Самвел Бабаян иш бошлаган “Локомотив” клуби мутасаддилари ҳам сезиб, унга жавоб қайтаришга мажбур бўлди.

Ана шу заҳарханда “Локомотив”га ёқмади ва клуб С.Бабаянсиз ҳам анча йиллардан буён муваффақиятли фаолият юритаётганини эслатиб, ЎФАдан изоҳ сўради. Ҳозирча ЎФА изоҳ бера олгани йўқ.

Самвел Бабаяннинг ўзбек футболига қайтиши ижтимоий тармоқларни “портлатди”. Чунки ўзбеклар сўнгги вақтларда стадионларга кам бораётган бўлса-да, барибир футболсевар халқ.

“Янги кино чиқибди. Номи: “Бабаян. Перезагруза”, дея ёзғирди бир юзер.

“Самвел ака Бабаян яна футболга қайтибди. Ия, братанни Ўзбекистон футбол ассоциацияси умрбод футболдан четлатган эди-ку? Оббо, шунқорлар-ей! “Сен ўзинг кимсан-у, дисквалификациянг нима бўларди”, дегандек гап бўпти-да”, деб ёзди бошқаси.

“Бабаян қайтибди. Бўлди, футбол отмен, тарқаламиз”, деган изоҳ ёнида “Майли, бизнинг қишлоғимизга чироқ ҳам, газ ҳам, асфальт ҳам керакмас. Битта саволимга жавоб керак, холос: нега Бабаян қайтди, нега айнан Локога?” деган ёзув пайдо бўлди.

Ишқибозларнинг хавотирларига жон бор. Чунки Самвел Бабаян “Локомотив”га ҳам айнан футболчиларни пуллайдиган лавозимга қайтмоқда. Яъни унинг вазифаларидан бири селекция ишлари билан шуғулланишдир.

Хуллас, бўри яна қўйлар тўдасининг масъули вазифасига қайтди…

Сардор Азим
Eltuz.com

PS. “Элтуз” билан суҳбатлашган спорт мутахассисларидан бирининг айтишича, армани гуруҳларининг ўзбек спортига таъсири жуда катта. Улар дзюдо, воллейбол, футбол каби соҳаларда жуда катта таъсир кучига эга. Унинг фикрича, аввалига ўзбек футболидан умрбод ҳайдалган Самвел Бабаяннинг қайтишини ҳам шу фонда таҳлил қилиш тўғри бўлади.

Тағин ўқинг
30 март 2022
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузурида тузилганига бир йилдан сал кўпроқ вақт бўлган Жамоатчилик кенгаши ими-жимида тугатиб юборилгани ҳатто унинг ...
30 октябр 2017
Манқурт десам, манқуртга ўхшамайди. Ҳаммаси зиёлидай кўринади. Оддий одамлар эмас. Бири ҳатто мажбурий обуна йўқ деб қовун туширган бўлса-да, ...
12 август 2017
Суронли 2015 йил, денгиз тубидаги майда тошларни ҳам кўра оладиган ғаввослар ҳам пахтага олиб чиқилганди. Хадемай тағин терим бошланади, ...
22 январ 2021
Салом, менинг садоқатли дўстларим ва душманларим! Сизлар билан экран орқали дийдорлашишни бир ҳафта орзиқиб кутдим. Шодлигу ғамимни сиз билан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...