UzPoster
22 январ 2021

РТдан ваъз: Қандай халқ бўлса, шундай тузум…

Салом, менинг садоқатли дўстларим ва душманларим! Сизлар билан экран орқали дийдорлашишни бир ҳафта орзиқиб кутдим. Шодлигу ғамимни сиз билан бўлишиш орзуси менга тинчлик бермади. Борингизга шукур! Ўтган ҳафта супер хабарларга бой бўлди.

Аввалига қисқа хабарлардан бошласам.

Путин буйруғи билан айғоқчилари заҳарлаб ўлдирмоқчи бўлган рус мухолифатчиси Алексей Навальний немис шифокорлари инояти билан тузалиб, Берлиндан Москвага қайтди. Аммо аэропортнинг ўзида ҳибсга олиниб, 30 кунга қамоққа ҳукм этилди. Алексей Навальний – бу ўзбек олигархи Алишер Усмонов ва президент Путиннинг душмани. Қамалишидан олдин тарафдорларини норозилик намойишлари ўтказишга чақирди.

Кўчага чиқишдан қўрқманг. Бункерга беркинган ўғрилар сизнинг кўчага чиқишингиздан қўрқади. Кўчага чиқинг ва ўз ҳуқуқингизни талаб қилинг.

НАВАЛЬНИЙ

Навальний тарафдорлари кўчаларга чиқишса керак, улар ўзбек эмас-ку.  Оч қорним – тинч қулоғим, деган мақол ҳам йўқ русчада.   

Вашингтонда эса демократ сиёсатчи Жо Байден Американинг 46-президенти сифатида қасамёд қилди. Дональд Трамп янги президент билан хайр-хушни насия қилиб, вертолётига ўтириб, ўзининг Флоридадаги гольф клубига жўнаб кетди. Кетаркан, ҳали яна қайтаман, деди.

Ўзбекистон сиёсий саҳнасида ҳам катта ўзгариш: собиқ таниқли хонанда Жаҳонгир Отажонов бу йил бўлиб ўтиши кутилаётган президент сайловида ўз номзодини илгари суришини эълон қилди.

Ҳозир хорижда бўлган Жаҳонгир Отажонов яқинда шариат тақиқлади, дея мусиқани тарк этганини билдирган эди.

Қонунан, Жоха братнинг номзод бўлишга ҳаққи бор, албатта. Лекин номзоди рўйхатдан ўтган бирор партиядан илгари сурилиши керак. Бундай имконият собиқ қўшиқчида “0” фоиз атрофида. Чунки у ерда тоғни урса талқон қиладиган Кетмоновлар турибди. Аммо чем чёрт не шутит. Ҳофизга омад тилаб қоламиз. Агар ҳаққоний, ҳалол ва шаффоф президент сайлови бўлса, ишончим комил, Жаҳонгир Отажонов ғалаба қилади. Агар… Қисқаси, халқ ҳозир любой одамга овоз беради. Ишонаверинглар…

Мен ҳам экс қўшиқчи Жоха қоридан олдинроқ президентликка номзод бўламан, деганман. ФБда турибди ҳужжатланиб. Ўксиз ўз киндигини ўзи кесар, деган мақолга асосан ва бўзчи белбоққа ëлчимабди, деган мақолни инкор қилароқ, сайловолди плакатимни ўзим чиздим.

Кам бўсаям кўп ўрнида кўринг.

“Эрсизларга эр!!! Ерсизларга ер !!!”. Бу  илк шиор.

….

Андижонлик 31 ёшли тадбиркор Алишер Неъматуллаев тортиб олинган мулкини ҳимоя қилиб, судга 1089 марта мурожаат қилди. 252 та суд қарори чиққан. Қонунлар ишламайди, деди “Элтуз” билан суҳбатда тадбиркор:

“Тинкамиз қуриди судма-суд юриб. Пулимга сотиб олинган мулкимни сўраяпман”.

Тадбиркор вилоят прокурорига 20 марта мурожаат қилган. Катталар “халқ ўз ҳуқуқини билмайди”, деб келади. Аммо бу ҳолатда Алишер ўз ҳуқуқини билиб курашиб самарага эриша олмади.

Олий Мажлис депутати Урал Ўразбоев ўз телеграм каналида жинсий қувватни оширувчи дорини реклама қилди. У сайловчиларга газ, электрни ҳал қилиш ва йўлларни таъмирлашга ваъда берганди.

Янги Ўзбекистон раҳбарияти “ягона янги мафкура” тузамиз, деб бир арава пул ажратди. Шу пулга Арнасойни асфальт қилса, энг маъқули бўларди. Иккинчидан, улар бўш вақтларида конституцияни ҳам ўқиб кўрсалар бўларди. Конституцияда ягона мафкура йўқ, деб ëзиб қўйибди. Тўғри ўқиш-ëзишни билмайдиганлар раҳбар бўлади. Лекин жааа бунча бардак қиворманглар.

Мана бу конституциянинг 2-боби 12-моддаси:

Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас.

САРЛАВҲА:  Қандайин халқ бўлса, ўшандайин тизим

Mening sizday yashagim kelmas,
Chuvalchangni nahang-shoh atab,
Sitamgarni shahanshoh atab.

Mening sizday yashagim kelmas,
Aziz boshni yolg’onga bukib,
Temir tersak unvonga bo’kib…

Gulchehra Nurullayeva

Ўтган ҳафтада ўзекнинг таниқли шоираси, жасоратда миллионлаб ўзбек эркакларига ўрнак бўлган Гулчеҳра Нуруллаева оламдан ўтди. Шоира умрининг охиригача миллатга содиқ бўлиб қолди. Каримов режимининг зуғумларига қарамасдан на Каримовга ва на унинг каззоб югурдакларига бўйин эгди.

Совет даврида, Шароф Рашидов тириклигида Ўзбекистон компартияси биринчи котибининг асарлари бир тийинга қимматлигини расмий газетада ёза олган ягона ўзбек Гулчеҳра Нуруллаева бўлади.

Давлат делегацияси сафида Мисрга борганида Ислом Каримовнинг юзига тик қараб, унинг золимлигини дангал айтган жасур ўзбек аёлларидан бири ҳам Гулчеҳра Нуруллаева эди.

У пайтларда манаман деган шоирлар Каримовнинг пайтавасини ювиб юришар эди.

“Мухолифатнинг ягона кучи – бу митинглар. Намойишчиларни уйига жўнатиш мухолифатни ягона кучидан маҳрум қилиш билан баробар. Намойишлар тўхтаса, Каримов мухолифатга қарши оммавий қатағонларни бошлаб юборади”, деб қатағонларни олдиндан зукколик билан башорат қилган ҳам шу шоира эди.

Гулчеҳра Нуруллаеванинг башорати рўёбга чиқди. 90-йиллар ўрталарига келиб ҳокимиятни мутлақ қўлига олишга муваффақ бўлган Каримов мухолифатни таг-туги билан чилпарчин этди. Ўзбекистонда диктатура салкам чорак аср давом этди.

Тақдир судралади, шошмайди тақдир,
Ситам сўқмоқлари узундан-узун.
Донишманд сўзлари эҳтимол ҳақдир,
Қандайин халқ бўлса, ўшандай тизим.

Kўравериб бўлди хаëлларим талх,
Одамхўр, фирибгар, юҳо касларни.
Сўрамай ҳаддим йўқ, онажоним халқ¸
Қачон туғақолдинг бундай пастларни?!

Қачон туғақолдинг отабезори,
Онабезорилар сулоласини?
Ҳароми кимсалар макри озори,
Юртнинг булғади-ку зилоласини.

Шу боис бизлардан юз бурмиш барор,
Шу боис Ҳуррият очмагай талъат,
Шикаста ватаннинг корига ярар,
Алплар ўстирмаган аëлга лаънат.

Гулчеҳра Нуруллаева

САРЛАВҲА: Худо қарғаган миллат!

Гулчеҳра  Нуриллаева ёниб тилга олган алплар қайда қолди, дейсиз.

Улар ўрнига бола туғиб сотиш конвейерини йўлга қўйвордик.

Бу ҳақда “Севимли” телеканалининг “Замон” янгиликлар дастурида бонг урилди:

Бухорода ҳали туғилмаган фарзандини 50 млн сўмга сотмоқчи бўлган 22 ёшли аёл қўлга олинди.

Яна ўша эски мавзу. Болажон миллатмиз.

Она пойига сажда қилиш ҳақида давраларда шеърлар ўқиймиз, кейин уйга келиб ўз аёлимизни калтаклаймиз.

Аёл муқаддас деймиз, лекин фарзандларимизни етим қолдириб, аёлларимизни кўчага ҳайдаймиз.

Аёлларимиз эса ё ўзига ўт қўяди, ёки туғилган гўдакни сотишга уринади.

Қарғалган миллатми биз?

Деҳлида кунига 1000 доллар топаман, уйимда нимаям қилардим, дейди самарқандлик аёл.

Яна Дилшод Барно, Нодирабегимлардан оғиз кўпиртирамиз.

Амалда фоҳиша етиштириб берувчи қавмга айланиб қолмаяпмизми?

Икки йил олдин, 2018 йил апрелида андижонлик аëл ўз боласини бўғиб ўлдирганди.

Уйланиб, мазасини еб бўлган эр боласи билан хотинини кўчага ҳайдаворади. Қизнинг онаси эса неварасини уйга сиғдирмайди.

Бахти қаро аëл қайдасан Тошкент деб йўлга чиққан ва Қўқон автовокзали олдида боласини қўллари билан бўғиб ўлдирган.

Кейин ўлик болани бағрига босиб ўтиради.

“Бу бола кўчада хор-зор бўлиб ўлиб кетмасин, дея ўзим ўлдирдим”, дейди болакуш хотин.

Миллат ўзининг буюк келажагини бўғиб ўлдирганди ўшанда.

Тошлоқ ҳокими тўғри баҳо берганди буларга.

Емай, ичмай, умрага ва ҳажга боришга пул йиғадиган қизи, хотини, келини, фарзандини кўчага ҳайдайдиган қавмнинг устига нега тош ëғмайди?

Айни Андижондаги машъум ҳодисадан бир неча кун олдин 66 яшар аëл ўзига ўт қўйганди ва касалхонада жон берганди.

Бу бир исëн эди.

Бу аёлнинг 9-синфда ўқийдиган невараси ўз акасидан туққан эди.

Ота қани? Она қани?

Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ айтганидек, Худо қарғаган миллат.

Қарғалган миллатнинг келажаги тул,

Дарёлари қуриб, чирир ерлари,

Қарғалган миллатнинг болалари – қул,

Аёллари тумсо, бепушт эрлари.

CАРЛАВҲА: Кремлпарастларнинг фаоллашуви

Ўтган ҳафтада Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириш мавзуси яна кўтарилди. Бу сафар қуллар иттифоқига кириш тарафдорлари ё Москванинг, ё Тошкентнинг топшириғи билан бу ғояга қарши ўзбекларга ташланиб қолишди.

Хусусан, путинпарастлалр тошкентлик таҳлилчи Азиза Умаровани нишонга олишди. Ўзбекистон ва Россия президентларига яқин олигархлардан бири Фаттоҳ Шодиев ўғлининг кремлпараст дўсти Баҳром Исмоилов ўзбек таҳлилчисини русофобияда айблади.

Чунки Азиза Умарова Фейсбукдаги ўз саҳифасида: “Бу иттифоқ бизни монополиялардан халос қилади, деб хомтаъма бўлманглар. Ўзбекистон бу иттифоққа кирса, ўзбек монополистларининг ўрнини Россия монополистлари эгаллайди”, деб ёзган эди.

Ўз сўзларига исбот тариқасида у Қозоғистон шу тузилмага киргач, республиканинг дон сотиш ва ташиш компаниялари русларнинг ширкатлари билан рақобатлаша олмай, уларнинг қўлига ўтиб қолганини мисол келтирган.

Азиза Умарова: “Шунинг учун бугунги кунда қозоқ монополистларининг ўрнини рус монополистлари эгаллаб, қозоқ унининг нархини асоссиз ошириб ётишибди”, деб ёзди.

Азиза Умарова Евроосиё иқтисодий иттифоқи аслида миллий монополияларни рус монополияларига алмаштириш, миллий иқтисодиётларнинг рус иқтисодиёти томонидан йўқ қилиниши учун ўйлаб топилган тузоқ эканини айтди.

Унинг бу гаплари совет пломбир музқаймоғини ва рус этигининг тепкисини соғинганларни ранжитди.

Улар бир ёқадан бош чиқариб, Умаровани миллатчилик ва русофобияда айблашди.

Бундай ташланишлар билан бир қаторда Россия элчихонаси Ўзбекистондаги машҳур телебошловчилар, аудиторияси катта журналистларни сотиб олиш жараёнини бошлаб юборди.

Элчихонага чақириб, орден беряпти, Россияҳхукумати сизни такдирлади, деб. У одам Россия учун ҳеч бир иш қилмаган бӯлса ҳам. Эртага булар россияпараст кўрсатувлар қилиши ёки ўрислар позициясига қарши гап қилмаслиги учун.  Яъни путинчилар Россиянинг ӯзидаги ташвиқотни бизда ҳам қӯллашга ўтди.

Тошкент дарвозасини босқинчи ўрисга очиб берган муллага сигир беришган эди. Ўзбекистонни ўрислаштириш учун тиришган Баҳром Исмоилов ва у кабиларга Россия президенти маъмурияти стакан билан қошиқ совға қилибди.

Ватанни сотиш ставкаси пасайиб кетяпти кундан кунга.

Буюк келажак – келажакми келмаяжак?

Гапнинг пўсткалласини айтишим зарур: Ўзбекистон пулига тузилган “Буюк келажак” ташкилоти мулозими Баҳром Исмоиловнинг Азиза Умаровага ëзган эътирозидан колониализм ҳиди келяпти.

Россияга сиëсий ва  иқтисодий қуллик. Рус тилини ривожлантирамиз деган баҳонада мамлакатни руслаштириш. Ўзбек тилини сиëсий муомала ва давлат тили мақомидан маҳрум қилиш.

Сталинни улуғлаттириб, Иккинчи жаҳон урушидаги бизга ўгай низо – Советлар ва Германия ўртасидаги урушни “Улуғ Ватан уруши” деб атаб, “Ғалаба” деган тушунчани ўзбекларнинг қовоқ калласига қуйиш.

Ўзбекистонни Ғарб йўналишидан бебаҳра қилувчи ягона Кремль ташвиқотининг ахборот ваакумида сақлаш. ЕОИИ каби аслида қопқон бўлган тузилмага алдаб олиб кириш. Бу гапларни “Буюк келажак” мулозими Баҳром Исмоилов ëзяпти. Азиза Умарова эмас. Кун тартибида битта душман қиëфаси қалқиб чиқди. Чалғиманг ва уни танинг.

Лекин миллатпарвар ўзбеклар ҳали бор. Улар Азиза каби зиёлиларни ёлғизлатиб қўйишмайди. Улар кремплпарастлар хуружига жавобан таҳлилчи Азиза Умарованинг ҳимоясига пост ва мақолалар ёзишди.

Мана, аста-секин биз – ўзбеклар миллат бўлиб бирлашишни бошлаяпмиз.

Катта ғалабалар мана шундай кичик ғалабалардан кейин келади, азизларим.

Жиннихонада ишлар авжида

Ўзбекистондаги воқеаларни кўпдан бери кузатар эканман, мамлакатимизни улкан жиннихонага қиёслагим келади. Лекин ўтган ҳафтагача ўзимга ўзим: “Қўй, юртни жиннихонага ўхшатмай”, деб ўзимни чегаралар эдим.

Ўтган ва ундан олдинги ҳафталарда содир бўлган воқеалар эса Ўзбекистон аллақачон улкан жиннихонага айланиб бўлганига яна бир далил бўлди.

Ишонмасангиз, воқеаларга эътибор беринг!

Ўзбекистон ҳукуматининг талаби билан Туркияда ҳибсга олинган ривоятшунос блогер Абдукарим Мирзаев қамоқдан чиқиши биланоқ Ўзбекистон ҳукуматига раҳмат айтди. Уни озод қилишни талаб қилиб чиққан ўзбек ҳамда хорижий журналист, ҳуқуқбонларни эса фитнакорликда айблади. Юмшоқ супурги деб шундайларга айтишади. Мавлоно Гулханий айтганидек, кўза синдирган азиз-у, сув келтирган хор.

Собиқ сиёсий маҳкум Акром Малик эса фейсбукда рус мохолифатчиси Навальнийни ёмонлаб, Россия ҳукуматини ҳурмат қилишга чақирди.

Лекин нимадир бўлди-ю, эртаси куни шу постини олиб ташлади, ҳамда “Россия ҳукуматига ишониб бўлмайди!” деб янги пост қўйди.

“Худога шукр, умуртқасизда умуртқа пайдо бўлибди!”, деб турувдим, қарасам, “Корреспондент.ўз” сайтида Акром Маликнинг катта мақоласи лоп этиб чиқиб турибди!

Мақолада навоийшунос президент Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатини оғзидан бол томиб мақтабди. У Навоийнинг асарларини ҳам шунчалик мақтамаганди.

Ҳақиқий жиннихона бу Ўзбекистон.

Жиннихоналарда ўзини ўзи Наполеон, Гитлер, Сталин ва Исфандиёрхон деб эълон қиладиган касаллар сақланади. Жиннихона маъмурияти уларга бир касал деб қарайди, уларнинг валдирашларига ишонмайди.

Бизнинг жиннихонада эса маъмурият фақат шуури беморларга ишонади. Чунки маъмуриятнинг ўзи ҳам гўр эмас.

Мана, бир мисол:

Аҳолиси атиги 35 миллион кишидан, ҳудуди атиги 450 минг квадрат километр атрофида бўлган Ўзбекистонда 24 та вазирлик, 10 та давлат қўмитаси, 5 та қўмита, 11 та агентлик бор экан. Роппа-роса 50 та ижроий ташкилот!

Таққослаш учун Американи мисол келтираман.

Аҳолиси 330 миллион кишидан, ҳудуди эса 9,5 миллион квадрат километрдан иборат АҚШда атиги 15 та вазирлик бор.

Тошкентдан келаётган хабарларга кўра, 35 миллион касал сақланадиган жиннихона маъмурияти яқинда Бахт вазирлиги, Тухум етиштириш давлат қўмитаси, Тухум етказиш давлат агентлиги, Тухум қовуриш давлат уюшмаси ҳамда Чиройли ваъдалар давлат марказини очишни режалаштиряпти экан.

Буни Або Муслим дейдилар! Буни марду майдон дейдилар!

Жиннихона маъмуриятининг ўзи ҳам жиннилардан ташкил топганига яна бир мисол.

Шу йилнинг январь ойида Ҳалилилло Тўрахўжаев Ўзбекистон Олий суди раисининг ўринбосари этиб тайинланди. Атиги  4 ой олдин, яъни 2020 йил сентябрь ойида худди шу Ҳалилилло Тўрахўжаев Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги раиси этиб тайинланган эди.

Ундан 3 ой олдин – 2020 йил июнь ойида эса худди шу одам Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигига раҳбар этиб қўйилган эди.  Қандайдир 9 ой ичида бир одам давлат хизматлари ва кадастр соҳаларида юриб, Олий суд раҳбариятига олиб келинди.

Энди айтинг, бундай мамлакатни нима деб номлай?!

Фақат Ўзбекистонда соҳа раҳбари мутахассислиги ва соҳадаги тажрибаси бўйича эмас, садоқати бўйича тайинланади.

Бу ўлка бир пасда бу ҳолга тушгани йўқ. Жинни хонлар, қонхўр босқинчилар, параноик Ислом Каримов ва унинг издошлари бу ишни 150 йил давомида, босқичма-босқич амалга оширишган.

Қўқон хони Худоёрхоннинг хуфия хизмати хонликка яқинлашиб келаётган рус босқинчилари ҳақида маълумот тўплаш ўрнига қишлоқма-қишлоқ юриб хонга чиройли қизларни излаш билан шуғулланган.  Оқибати нима бўлгани ҳаммамизга маълум.

САРЛАВҲА: Маҳкум орзуси

Қамоқдаги одамлар кўзига боқсангиз, битта орзу улар кўзида акс этади – эрк!!!

Қамоқдан озод бўлиш истаги. “Элтуз”га Ўзбекистон аҳолисидан келаëтган хатларнинг аксарида “қандай қилиб четга чиқсам?” деган савол бор. Ҳазиллашиб “Шимолий Кореяга боришни истамайсизми?” деб ëзсам, “У мамлакатга бориш осонми?” деб сўрашди.

Ўзбекистон ҳамма чиқиб қочишни истайдиган антимагнитга қачон айланиб улгурди?

Поққи Гермон ғояси

Ўтган ҳафтада Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмонов Урганч шаҳри марказида сўнгги хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердига яна бир ҳайкал ўрнатишга киришди.

Президент Мирзиёевнинг садоқатли курсдоши аэропортдан темир йўл вокзалига келадиган Ал-Хоразмий кўчасини беркитди. Ҳайкал ўрнатилиши режалаштирилган майдон тагидан тунелли йўл қура бошлади. 

Халқ орасида Поққи Гермон лақаби билан танилган Фарҳод Эрмоновнинг чизмаларига қараганда, Мангубердининг Урганчдаги ҳайкали биринчисидан бошқача бўлар эмиш. Бу сафар Мега брат отда қилич ўйнатиб турар эмиш.

Мангубердининг биринчи ҳайкали тахминан 400 метр нарида от-потсиз, шунчаки турибди.

Поққи Гермонга иккинчи ҳайкал нега керак бўлиб қолди?

Наҳотки, Поққи Мангубердини таниса ёки ҳурмат қилса?!

Йўқ, албатта! Поққи оға ҳозирги ҳукуматдагилар қатори Суғорувчилар институтига ўқимай кирган ва ўқимай битириб чиққан.

Бир одамнинг икки ҳайкали кичик бир шаҳарга кўплик қилмайдими? Йўқ, кўплик қилмайди!

Чунки Поққи оға, узун қулоқ гапларга қараганда, Жалолиддин Мангубердининг биринчи ҳайкалини таг-туги билан бузиб ташламоқчи.

Афтидан, Поққи Гермонга Жалолиддин Мангубердининг биринчи ҳайкалини ўраб турган катта сўлим боғ керак.

Тўрткўллик курсдош биринчи ҳайкални текислаб, ана шу боғ ичида ҳашаматли етти қаватли уйлар қуришни ният қилган, деди билгувчилар.

Шовот каналининг ёнидаги ва Урганч марказидаги бу ерни Поққи оға “инвестор”га пуллаворганига анча бўлган.

Ана шу ерни қўлга киритиш учун Поққи Гермон ва унинг атрофидаги бойларга иккинчи ҳайкал керак бўлиб қолган.

Энди шу биринчи ҳайкал ва унинг атрофидаги боғ тарихига  тўхталсам.

Биринчи ҳайкал ҳам, унинг атрофидаги боғ ҳам Хоразмнинг биринчи ҳокими Маркс Жуманиёзов ташаббуси билан барпо этилганди.

Маркс Жуманиёзов шу ҳайкални ўрнатаман деб президент Каримов билан айтишиб ҳам қолгани бор нарса.

Ислом Каримов: “Ўзбекистонда фақат Амир Темурга ҳайкал ўрнатилади. Жалолиддин-Палолиддинингни танимайман”, дейди.

Хоразм тарихи ва маданиятидан чуқур билимларга эга Маркс Жуманиёзов бир кичик ҳийла билан Каримовни хоразмлик саркардага ҳайкал ўрнатишга кўндирган.

Юртбоши ҳеч гапга киравермагач, Маркс оға: “Ёшулли, Жалолиддинга биз ҳайкал қўймасак, эрта-индин Супермурот Туркманбоши қўяди. Чунки султоннинг онаси туркман бўлган”, деб Ўзбекистон тарихидан бехабар президентнинг оғриқли жойига босади.

Сапармурот Ниёзовни ўлгудек ёмон кўрган Ислом Каримов: “Давай, Жалолиддинга ҳайкал ўрнатишни эртадан бошланглар!”, дейди.

Қурилиш ишлари бошлангач, Маркс Жуманиёзов Туркиянинг Сариқамиш вилоятига бориб, Жалолиддин Мангубердининг қабридан ярим челак тупроқ ҳам олиб келган эди.

Маркс оға тупроқни ҳайкалнинг тагига тўкканини телевизордан кўрсатишган.

Маркс оғадек закий ҳокимлар бугун йўқ.

Кунимиз Фарҳод Эрмон, Шуҳрат Ғани, Зоир Мирза каби сўконғичларга қолган.

Фақат ейиш, чичиш ва сексдан бошқа қайғуси йўқ молларга эса на тарих, на ҳайкал ва на халқ керак. Улар миллат ерларини пуллаб, чўнтакларини қаппайтиришмоқчи, холос.

Мени кўп алдади саратонда ел
Баҳорларда ногоҳ қуйилгувчи сел.
Ҳаддин билмас бўрон, хўп, девона дил,
Сен ҳам алдармисан 1 апрель?

Умрим не йўлларда қолди, адашди
Кўзим ёш, бахтлисан дея алдашди.
Ишон деб кўксимга нишон қадашди,
Сен ҳам алдармисан 1 апрель?

Ялпиз кунларим йўқ, бари бургандай
Қуёш юртимизни ёнлаб юргандай.
Алдов бизда муқим макон қургандай,
Сен ҳам алдармисан 1 апрель?

Мени чўққиман дея чоҳи алдаса,
Янгининг эскича роҳи алдаса.
Гадоси алдаса, шоҳи алдаса,
Сен ҳам алдармисан 1 апрель?

Нигоҳларнинг кўм-кўк дашти йўқолди,
Кўнгилларнинг жўмард шашти йўқолди.
Косасидан сабр тошди, йўқолди
Сен ҳам алдармисан 1 апрель?

Чув туширмоқ сенга мартаба-шараф,
Қўймассан ҳолимга бир бора қараб.
Ҳатто мозоримни майсага ўраб,
Сен ҳам алдармисан 1 апрель?

(Гулчеҳра Нуруллаева)

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!  

Рассом Туз

Тағин ўқинг
14 феврал 2017
14 феврал севишганлар куни Андижонлик Абдусалом Каримов Прагада юрак шаклидаги сомсалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Шу пайтгача, Прагада юрак ...
8 июн 2020
Иккинчи жаҳон урушида инсоният қозонган ва нишонлаган ғалаба куни аслида 8 июнь эканини кўпчилик билмайди. 1946 йил 8 июнь ...
27 май 2020
2020 йил 14 майда Ўзбекистон ҳукумати мамлакат собиқ президентининг қизи Гулнора Каримова томонидан “ноқонуний харид қилинган” активларни сотишдан тушган ...
25 январ 2016
Қамоқхона бошлиғи ўринбосари порахўр бўлиб чиқди “Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаси бошлиғининг умумий масалалар бўйича ...
Блоглар
2 март 2021
Бир оғайним қўққисдан мен ҳақимда даҳоларча башорат қилиб бундай деб қолди: Керак бўлса, минг фоиз ...
25 феврал 2021
Болалигимда мендан 5-6 ёш катта қўшни каптарвоз бола бўларди. Кўпинча каптарлари бизнинг ҳовлимизга учиб келиб ...
17 феврал 2021
Ҳали газга ўтилмаган ёнилғи сифатида фақат бензиндан фойдаланиладиган вақтлар эди. Бензин эса автомобилларга ёнилғи қуйиш ...