Асосий мавзулар
29 апрел 2019

Серёғин апрель деҳқонни ташвишга қўйди

Ўтган йили қурғоқчиликдан қаттиқ азият чеккан ўзбек деҳқонлари бу йил меъёрдагидан ортиқ ёғингарчилик айрим экинларга салбий таъсир кўрсатаётганидан ташвишда.

Жорий йилги серёғин апрель мамлакатда сел ва тошқинлар билан кечди, катта моддий талафотлар кўрилди.

Энди эса деҳқонлар республикада асосий экинлар ҳисобланадиган буғдой ва пахта ҳосили кўнгилдагидек бўлмаслигидан хавотирга тушмоқда.

Сирдарёлик фермер Акбар ака бу йил 50 гектардан ортиқ ерга буғдой эккан. Аммо ҳозир буғдой ётиб қолиб, кун етарли даражада исимаётгани сабабли қаддини қайтиб тиклашга улгурмаяпти.

“Кун исимаётгани ҳосилга салбий таъсир қилишидан чўчияпман. Чунки ёмғир билан бирга шамол ҳам келиб, буғдойни ётқизиб кетди. Бундан ташқари, ёғингарчилик кўп бўлгани учун буғдойга занг касаллиги тегиши хавфи юқори. Далада ишлашга қўймади бу ёмғир анча вақт”, деди фермер Акбар ака.

Аммо ёмғир суғориладиган ерлардаги буғдойга салбий таъсир кўрсатган бўлса-да, лалми ерларда жуда авж билан ўсяпти. Шунинг учун бу йил лалми ерларда арпа ва буғдой ҳосили мўл бўлиши кутиляпти.

Жиззахлик чўпон Шерали қир-адирларда ўт-ўлан кўплигидан хурсанд.

“Ўтган йили тоғда ўт бўлмай, қўйларимиз тупроқ ялаб қолди, қанча-қанчаси ўлиб кетди. Бу йил эса ўт зўрлигидан ичида қўзичоқлар кўринмай кетади”, дейди у.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили баҳор ойларида ёғингарчиликнинг меъёрга нисбатан 30-40 фоизгача кам бўлганлиги сабабли лалми майдонларга экилган жами 197 минг гектар ғалла майдонидан ҳосил олишнинг имкони бўлмади. Айниқса, лалми майдонлардан олинадиган ҳосил 2017 йилга нисбатан Жиззах вилоятида 34 минг, Қашқадарёда 32 минг ва Самарқандда 24 минг тоннага кам бўлди.

Ўтган йилги қурғоқчилик пахта етиштиришга ҳам салбий таъсир кўрсатганди. Камида 5 марта сув ичиши керак бўлган ғўзазорларни 3 марта суғора олган фермерлар ўтган йили қалпоғини осмонга отган эди.

Бу йил эса ёмғир сабаб энди-энди бўй кўрсатаётган ғўзаларга ишлов беришнинг имкони бўлмаётир.

Қашқадарёлик фермер Зафар март ойи охирларида чигит эккан эди. Энди эса униб чиққан кўчатларнинг илдизи чириб, қайта чигит экишга тўғри келмасайди, деган хавотирда.

“Ёмғир сабабли далага техника кирита олмаяпмиз. Ҳозир ғўзага ишлов беришнинг айни вақти. Лекин дала лой бўлиб ётибди”, дейди Зафар ва кунлар тезроқ исишини кутмоқда.

Қолаверса, намлик юқори бўлгани сабабли ғўза далаларини қатқалоқ босиши эҳтимоли юқори. Бу эса ғўза ниҳоллари нимжон униб чиқиб, касалликларга тез чалинадиган бўлиб қолишига олиб келади.

Юқори намлик ғўза майдонларидаги ёввойи ўтларнинг авж билан ўсишига ҳам сабаб бўлди. Энди ғўзани тезроқ ягана ва чопиқ қилмаса бўлмайди.

Одатда бу каби ишлар қўшимча ишчи кучи талаб қилади. Яқин-яқинларгача бундай пайтларда маҳаллий ҳокимият тезда турли бюджет ташкилотлари, жумладан, ўқитувчи ва шифокорларни далага ҳайдар эди.

Аммо халқаро ҳамжамият босими остида мажбурий меҳнатдан аста-секин воз кечаётган Ўзбекистон ҳукумати учун бу йилги об-ҳаво сабаб юзага келган қийинчиликлар яна бир синов вазифасини ўтайди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
4 ноябр 2020
​Фарғонада бир гуруҳ кўнгиллилар дайди ит-мушуклар учун махсус жойлар ташкил этилишини талаб қилмоқдалар. Уларнинг фикрича, ҳайвонларга меҳрли муносабатда бўлиш ...
25 июн 2019
Қашқадарёнинг Чироқчи туманидан Швецияга келиб ишлаётган 35 яшар Ўзбекистон ватандоши Акмалжон Чўлиев 21 июнь куни Стокгольмда вафот этди. «Элтуз» ...
23 август 2023
Шарипов Баҳром Қурбонович Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимидан бўшатилди. Охирги пайтларда Баҳром Шарипов ишдан бўшатилишидан бирмунча ...
19 июн 2018
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ўзининг facebokдаги саҳифасида билдиришича, 2014 йили АҚШ ватандошлигини олган асли қашқадарëлик Зокир Алиев АҚШда халқаро ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...