Асосий мавзулар
17 май 2019

Cайловми ё тайинлов?

Шу кунларда Ўзбекистонда давом этаётган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови кўпроқ тайинлов тусини олаётгандек.

Чунки, жойлардан олинаётган маълумотларга кўра, номзодлар олдин ҳокимият органлари  тасдиғидан ўтиб, сўнг сайловда иштирок этишига рухсат берилмоқда.

Сирдарёнинг Оқдарё туманида тўрт йил маҳалла раиси бўлган  50 яшар Ширингул Тўхтаева «Элтуз»га берган интервьюсида туман ҳокими Дилмурод Фозилов бу йилги сайловда ўз номзодини қўйишига тўсқинлик қилганини айтди.

«Кўпчилик менинг номзодим кўрсатилишини кутган эди, лекин ҳеч бир асоссиз туман ҳокими Дилмурод Фозилов номзодимни олиб ташлатди. Мен судга мурожаат қилдим. Аммо суд қарорини ҳам инобатга олмасдан, ўзи истаган одамни қўйдирди», деди «Элтуз»га оқдарёлик собиқ маҳаллақўм Ширингул Тўхтаева.

Сурхондарёлик эндиликда собиқ маҳалла раисларидан бири ҳам “Элтуз”га қаторасига уч муддат маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлгани, бу сафар эса унинг қайта сайланишига тўсқинлик қилинганини билдирди.

“Тўғриси, раисликдан анча чарчаганман. Шунга қарамай, қишлоқдошлар ишни давом эттиришим тарафдори. Сайловдан олдин Тошкентдан келган вакиллар чақиришди.

Ўшалар мен билан суҳбатлашди. Қилган ишларимни айтдим, ҳозирги шароитда қандай ишлаш кераклиги ҳақидаги тасаввурларимни гапирдим. Халқ сайласа, ишлайверамиз, дедим. 

Бунинг устига, пенсия ёшига ҳам 2-3 йил қолди. Ҳеч бўлмаса, пенсияга чиққунимча ишлаш ниятида эдим. Акс ҳолда шу ёшимда бирор ишга олишмайди мени”, дейди суҳбатдош. 

Ҳаммаси ана шу суҳбатдан кейин бошланди. Суҳбатдошимиз сайлов масалалари билан ҳокимликка борганида, ҳоким унинг номзодини сайловга қўйишга қарши экани маълум бўлиб қолди. 

“Ҳоким сени ўтказмайман, Тошкентдан келганлар номзодингни маъқулламади, деган гапларни айтди. Ҳайрон қолдим. Аввалроқ ҳоким сайловда қатнашишимга рози эканини айтганди”, деди “Элтуз” суҳбатдоши. 

Унинг сўзларига кўра, сайлов комиссияси ҳам ҳокимнинг рухсатисиз унинг ҳужжатларини қабул қилишдан бош торган. Шундан сўнг сайловда қатнашишдан этак силкиган. 

Сайловда кўпинча ҳокимлик танлаб олган номзодлар ғолиб чиқаётгани ёки нохолислик бўлаётгани ҳақида мустақил ОАВларда ҳам бир қанча мақолалар чоп этилди.    

Умуман, бу сафарги фуқаролар йиғинлари сайлови аввалги сафардагилардан бирмунча очиқроқ ўтаётгани айтилаётир. Маҳаллий матбуот мазкур сайлов муқобил номзодлар иштирокида шаффоф тарзда ўтказилаётганидан оғиз кўпиртирмоқда. 

Шунга қарамай, фуқаролар йиғинлари сайлови кўпроқ тайинловга ўхшаши, у ҳокимият органларининг кучли назорати ва бевосита аралашувидан холи эмаслиги ҳақидаги иддаолар пуч эмаслигига асослар бор. 

Масалан, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунда мазкур сайловни ўтказувчилар орасида Марказий сайлов комиссияси умуман тилга олинмаган. Асосий ишни эса Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси бажаради. 

Юқорида “Элтуз” суҳбатдоши айтган “Тошкентдан келган вакиллар” айни шундай комиссия аъзолари бўлиши эҳтимоли кучли. 

Ўзбекистонда барча сиёсий ва йирик ижтимоий жараёнлар ҳукумат назоратисиз ўтмаслиги инобатга олинса, комиссиянинг “кўмаги” нимани англатишини тахмин қилиш қийин эмас.

Шунингдек, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунга кўра, раисни сайлашда шу ҳудудда яшовчи барча эмас, балки фуқаролар йиғини, фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса фуқаролар вакиллари иштирок этади. 

Бу эса фақат керакли одамлар вакилликка танлаб олиниб, аввалдан келишилган номзодни сайлаш учун яхшигина имконият ҳамдир… 

Мамлакатда навбатда парламент сайлови турибди. Фуқаролар йиғини раислари сайлови мана шу йирик ва муҳим тадбир олдидан бир репетиция вазифасини ўтаб бериши лозим эди. 

Лекин “репетиция”дан кўринадики, Ўзбекистон ҳаётининг қанчалик демократлашаётгани кўзгуси бўлиши кутилаётган парламент сайлови ҳам расмийлар назарида “очиқ ва шаффоф”, демократик ҳамжамият нуқтаи назаридан эса тайинлов сайлови бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.

Сардор Азим
eltuz.com

Тағин ўқинг
20 ноябр 2018
Президент Шавкат Мирзиёевнинг энг катта ислоҳотларидан бири аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизимини тубдан яхшилаш бўлди, десак янглишмаймиз. Ҳозир Ягона ...
29 ноябр 2023
Миллий гвардия ўз ходимларига қилинган ҳужумлар учун жиноят оламидан қасос олгани айтилмоқда. Салом Қадрли мухлислар бугун 29 ноябр  Элтуз ...
20 июн 2017
15 июн кунги селектор йиғилишида Президент Мирзиёев қўш хотинлик муаммосини тилга олди. «ЗАГС ҳужжати бўлмаган шахсларга никоҳ ўқиган ҳар ...
14 январ 2019
Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига айни саволни ташлаган рассом Туз 14 январга қадар бир-бирига қарама-қарши юздан зиёд жавоб олди. Айрим умумий ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...