Асосий мавзулар
21 июн 2019

Мирзиëев: Отабек Муродов катта миқдорда пора олган

Олий Мажлис Сенатининг 21 июнь куни бўлиб ўтган 20-ялпи мажлиси вақтида чиқиш қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев собиқ бош прокурор Отабек Муродов катта миқдорда пора олганликда айбланиб, устидан жиноят иши очилганини таъкидлади:

«Бу нима деган гап? Мансаб берса, дарров ўзгариб қолади. Вилоят прокурорларидан 100 минг, 50 минг долларлаб олинади. Прокуратура ва солиқ тизимидагиларнинг ҳаммаси порахўр. Мен буни яхши биламан. Мен Муродовга ишонч билдиргандим. Прокуратурада коррупция бўлаверадиган бўлса, мен қандай қилиб инвесторларни жалб қиламан? Инвестор депутат ёки ҳукумат одамидан эмас, тадбиркордан сўрайди давлатдаги ҳолат ҳақида. Тадбиркор нима дейди? Прокурор ҳам, вазир ҳам пул олади дейди-да!”

Сенат мажлисида қатнашаëтган «Элтуз» манбасининг айтишича, президент Мирзиëев “порахўр бош прокурор максимум катта муддатга қамалади”, дея таъкидлаган.

“Элтуз”нинг ҳукуматдаги манбасига кўра, 44 яшар Отабек Муродов 17 июндан бери Мустақиллик майдонидаги собиқ МХХ биноси ертўласида сўроқ қилинмоқда.

Суҳбатдошнинг таъкидича, Муродов кейинги икки ой ичида кузатувда («наружное наблюдение»да) бўлган.

Манбанинг айтишича, Отабек Муродов шу кунларда устидан тергов бораëтган ДХХнинг собиқ раиси Ихтиëр Абдуллаев билан боғлиқ жиноят иши фигурантидир.

Иддаога кўра, бир ҳафта олдин қатор мулозимлардан Отабек Муродовга қарши кўрсатмалар олинган.

Президент дағдасидан олти ой ўтиб

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев жорий йилнинг 10 январь кунги кенгайтирилган селектор йиғилишида: “Эй, прокурор, эшит, агар жиноят камаймаса, Бойсунга прокурор қилиб юбораман. Юрасан сургунда”, дея дағдаға қилган эди.

Бу гап ортидан бош прокурор Отабек Муродов ишдан олингани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди.

“Элтуз” манбаларига кўра, Отабек Муродовнинг ишдан олиниши ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев тергови билан боғлиқ жараённинг давомидир.

“Элтуз” шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистон бош прокурори Отабек Муродов президент қабулида бўлиб, унинг коррупция ва бошқа кирдикорларига алоқадор қудратли шахсларнинг таъсири остида ДХХнинг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаевни ҳимоя қилишга интилгани ҳақида ёзган эди.

Эски мақоладан парча

7 январь куни Ўзбекистон бош прокурори Отабек Муродов президент қабулида бўлиб, олий бош қўмондонга ДХХнинг бир гуруҳ ходимлари томонидан содир этилган жиноятларда генерал Ихтиёр Абдуллаевнинг қўли йўқлиги ҳақида ҳисобот берди.

“Лекин оз сонли одамлар бош прокурорнинг нега бундай ҳисобот беришга мажбур бўлганини билади,” дейди МХХ зобити.

Унинг ёзишича, бир кун муқаддам президент администрацияси молия-хўжалик департаменти раҳбари Зелимхон Ҳайдаров билан бўлиб ўтган суҳбат Отабек Муродовнинг фикрини ўзгартириб юборган эди.

МХХ ходимининг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг энг яқин одами сифатида кўрилган ва яқин-яқингача мамлакатдаги энг қудратли шахслардан бири ҳисобланган Зелимхон Ҳайдаров ёш бош прокурорга кўндаланг шарт қўяди – ё президентга Ихтиёр Абдуллаевнинг ДХХ раҳбарлари кирдикорларига мутлақо алоқаси бўлмаганини айтасан ёки ўтмишдаги қилмишларинг фош этилади.

Лекин мактуб муаллифи Отабек Муродовнинг ўтмишдаги қилмишларига тўхталгани йўқ.

“Бундай таҳдидга Отабек Муродов дош бера олмадими ёки бош прокурор этиб тайинлангунигача билвосита раҳбари бўлган шахс жиноятларини очиб ташласа, ўзига ҳам осон бўлмаслигини сездими, нима бўлганида ҳам, девонбоши шартига кўнди”, деб ёзади ДХХ ходими.

Отабек Муродов ва Зелимхон Ҳайдаров учрашуви, “Элтуз”нинг хулоса қилишича, ҳукумат коридорларида Шавкат Мирзиёев сиёсатига яширинча қарши чиқаётган ва унинг ислоҳотларини саботаж қилмоқчи бўлган қудратли шахсларнинг борлигини кўрсатади.

ДХХ ходими йўллаган электрон мактубда ҳам айнан шу ҳолатга алоҳида тўхталган.

“Элтуз”га электрон мактуб йўллаган МХХ ходимининг иддао қилишича, Ўзбекистонда биринчи президент ҳукмронлиги йилларида амалда мамлакатни бошқарган бир гуруҳ шахслар Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсатдан норози бўлиб, уни халқ кўзи ўнгида ёмонотлиқ қилиш ва алал-оқибат ҳокимиятдан ағдариш режасини тузиб чиқиб, бу режани 2018 йилдан бошлаб босқичма-босқич амалда татбиқ этиб келмоқда.

2018 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси президентининг фармонига мувофиқ, президентнинг давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Отабек Муродов Ўзбекистон Республикаси бош прокурори этиб тайинланган эди.

Отабек Муродов 2018 йилнинг январида ДХХ раҳбарлигига ўтган Ихтиёр Абдуллаев ўрнига Бош прокурор бўлганди. 2019 йилнинг 20 июнида у лавозимдан озод этилиб, унинг ўрнига Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев янги бош прокурор этиб тайинланди.

Қайд этиш керакки, бу сўнгги 4 йил давомида тўртинчи марта Ўзбекистон бош прокурори ўзгариши бўлди. 2000 йил февралидан Ўзбекистон бош прокурори бўлган Рашид Қодиров 2015 йилнинг апрелида лавозимини тарк этган ва унинг ўрнини Ихтиёр Абдуллаев эгаллаганди. Абдуллаев 2017 йил январида Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимини эгаллагач, унинг ўрнида Отабек Муродов иш бошлаганди. Айни вақтда икки собиқ бош прокурор – Рашид Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаевга қарши жиноий иш очилган ва уларнинг иккиси ҳам терговда.

“Элтуз”ни кузатишда давом этинг.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
30 сентябр 2015
Кеча мажбурий пахта терими жумладан болалар эксплуатацияси авж олган Хоразм вилоятига рейдга чиққан ҳуқуқ ҳимоячилари Елена Урлаева ва Малоҳат ...
10 июн 2021
“Абдулла Ғариб продакшн”, рассом Элсевар, рассом Туз ва “Элтуз” янги сиёсий сатирик анимацион фильмлар туркумининг 9-қисмини тақдим этади. Рус ...
9 май 2024
Наманган ва Қашқадарёда дарахтлар кесилмоқда, Андижоннинг остонасида сув йўқ, Тошкентда эса Элтузга шикоятдан кейин пиёдалар йўлаги эса тикланди. Cалом ...
6 ноябр 2020
Ҳью Уилямсон, “Ҳьюман райтс уотч”нинг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича директори Тасаввур қилинг, бир эркак неча йиллардан буён ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...