Асосий мавзулар
1 июл 2019

Амалдорларга айланаётган матбуот котибларининг жилови янада тортилади

Ўзбекистонда ҳокимият органларининг ахборот маконини вертикал назорат қилишнинг янги тизими йўлга қўйилмоқда. Бу эса ахборотнинг ягона марказдан туриб бошқарилишини янада кучайтиради. 

Мамлакат президентининг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги яқинда қабул қилинган фармонидан айнан шундай хулоса келиб чиқади. 

Ҳужжатга кўра, бу фармон “ОАВ фаолияти учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш, …тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш, …давлат ҳокимияти органлари фаолияти шаффофлигини ошириш” каби мақсадларни кўзлайди. 

Лекин ҳужжат моҳиятидан келиб чиқилса, барча давлат ташкилотларининг матбуот хизматлари назорати президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига ўтаётганини кўриш мумкин. 

Жумладан, идора ва муассасалар “ахборот сиёсати соҳасида зиммасига юкланган вазифаларни амалга оширишда” мазкур агентлик билан ҳамкорликда ишлаши белгиланди.

Ўзбекистонда мавжуд тузум шароитида бу “ҳамкорлик” қандай тушунилишини, унга қандай амал қилинишини тахмин этиш учун фолбин бўлиш шарт эмас.

Қолаверса, ҳокимият органлари матбуот хизматлари раҳбарларини тайинлаш шундай ҳам мамлакатдаги ахборот маконини монополлаштириш ҳаракатларини давом эттираётган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ваколатига ўтказилди. 

“Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари… агентлик ёки унинг ҳудудий бўлинмалари хулосасини ҳисобга олган ҳолда лавозимга тайинланади”, деб ҳужжатдан тўғридан-тўғри кўрсатилган.

Бундан ташқари, мазкур агентликка матбуот хизматлари раҳбарларини ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтказиш ваколати ҳам берилди. 

Матбуот котибининг ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилиши фонида агентликнинг уларни тайинлашга бош-қош бўлиши кўп нарсани англатади. 

Бундай имтиёзлар сабаб матбуот котиблари агентликнинг қош-қовоғига қараб ишлаши кундек равшанлашади. 

Агентликнинг давлат органларининг ахборот хизматларини мувофиқлаштириш бўлими Ахборот хизматлари фаолиятини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси сифатида қайта ташкил этилиши эса улар устидан назорат ҳар қачонгидан кучли бўлишидан дарак бериб турибди. 

Ахборот қачон шаффоф бўлади-ю, қачон объектив бўлишини давлат идорасининг инон-ихтиёри ҳал этадиган Ўзбекистонда ҳокимият органларининг маълумотлар тарқатишини монополлаштириш матбуот эркинлиги учун салбий оқибатлар келтириб чиқариши эҳтимоли юқори. 

Масалан, ўзи ҳозир ҳам улардан тезкор маълумот олиш анча мушкул иш. Энди эса улар бундай маълумотларни тарқатишдан олдин Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан келишишга интилади. 

Бу эса маълумот олиш жараёнини янада қийинлаштирса қийинлаштирадики, асло ижобийликка хизмат қилмайди. 

Марҳум рус сиёсатчиси Виктор Черномирдин айтганидек, яхшироқ қилишни хоҳлагандек, лекин ҳар доимгидек бўлиб чиқди (“Хотели как лучше, получилось как всегда”).

“Элтуз”нинг Ўзбекистондаги ҳамкори
Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 апрел 2020
Пандемия тезда ўтиб кетади, мен ҳеч нарса қилишим шарт эмас, деб хаёл қилаётганлар бўлса, қуйидаги маълумотлар уларга таҳлил учун ...
13 октябр 2015
Бугун интернет саҳифаларида ник остига яшириниб воҳай ўлдим деб зорланаëтганлар ўзгариш йўлида бир қадам ташлашга қўрқадилар. «Бундан ҳам ëмон ...
22 сентябр 2020
Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Муҳиддин Жўраев Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди, деб ...
24 март 2024
Салим Абдувалиев 2023 йилнинг 1 декабр кечаси Тошкентдаги уйида ҳисбга олинган эди. Элтуз инсайдерларига кўра, навбатдаги “маски шоу” амалиётида ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...