Асосий мавзулар
1 июл 2019

Амалдорларга айланаётган матбуот котибларининг жилови янада тортилади

Ўзбекистонда ҳокимият органларининг ахборот маконини вертикал назорат қилишнинг янги тизими йўлга қўйилмоқда. Бу эса ахборотнинг ягона марказдан туриб бошқарилишини янада кучайтиради. 

Мамлакат президентининг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги яқинда қабул қилинган фармонидан айнан шундай хулоса келиб чиқади. 

Ҳужжатга кўра, бу фармон “ОАВ фаолияти учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш, …тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш, …давлат ҳокимияти органлари фаолияти шаффофлигини ошириш” каби мақсадларни кўзлайди. 

Лекин ҳужжат моҳиятидан келиб чиқилса, барча давлат ташкилотларининг матбуот хизматлари назорати президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига ўтаётганини кўриш мумкин. 

Жумладан, идора ва муассасалар “ахборот сиёсати соҳасида зиммасига юкланган вазифаларни амалга оширишда” мазкур агентлик билан ҳамкорликда ишлаши белгиланди.

Ўзбекистонда мавжуд тузум шароитида бу “ҳамкорлик” қандай тушунилишини, унга қандай амал қилинишини тахмин этиш учун фолбин бўлиш шарт эмас.

Қолаверса, ҳокимият органлари матбуот хизматлари раҳбарларини тайинлаш шундай ҳам мамлакатдаги ахборот маконини монополлаштириш ҳаракатларини давом эттираётган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ваколатига ўтказилди. 

“Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари… агентлик ёки унинг ҳудудий бўлинмалари хулосасини ҳисобга олган ҳолда лавозимга тайинланади”, деб ҳужжатдан тўғридан-тўғри кўрсатилган.

Бундан ташқари, мазкур агентликка матбуот хизматлари раҳбарларини ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтказиш ваколати ҳам берилди. 

Матбуот котибининг ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилиши фонида агентликнинг уларни тайинлашга бош-қош бўлиши кўп нарсани англатади. 

Бундай имтиёзлар сабаб матбуот котиблари агентликнинг қош-қовоғига қараб ишлаши кундек равшанлашади. 

Агентликнинг давлат органларининг ахборот хизматларини мувофиқлаштириш бўлими Ахборот хизматлари фаолиятини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси сифатида қайта ташкил этилиши эса улар устидан назорат ҳар қачонгидан кучли бўлишидан дарак бериб турибди. 

Ахборот қачон шаффоф бўлади-ю, қачон объектив бўлишини давлат идорасининг инон-ихтиёри ҳал этадиган Ўзбекистонда ҳокимият органларининг маълумотлар тарқатишини монополлаштириш матбуот эркинлиги учун салбий оқибатлар келтириб чиқариши эҳтимоли юқори. 

Масалан, ўзи ҳозир ҳам улардан тезкор маълумот олиш анча мушкул иш. Энди эса улар бундай маълумотларни тарқатишдан олдин Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан келишишга интилади. 

Бу эса маълумот олиш жараёнини янада қийинлаштирса қийинлаштирадики, асло ижобийликка хизмат қилмайди. 

Марҳум рус сиёсатчиси Виктор Черномирдин айтганидек, яхшироқ қилишни хоҳлагандек, лекин ҳар доимгидек бўлиб чиқди (“Хотели как лучше, получилось как всегда”).

“Элтуз”нинг Ўзбекистондаги ҳамкори
Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 июн 2024
Кейинги кунларда Элтуз томонидан қўйилган ҳар бир материалга, ўзини дин ҳимоячиси дея ҳисобловчилар номидан ҳақоратли коментлар қўйилиши авж олган. ...
2 июн 2017
1 июндан мамлакат ички бозорида GM Uzbekistan автомобиллари миллий валюта – сўмга сотиладиган бўлди. Бу ҳақда ширкат рахбарияти 31 ...
18 октябр 2022
Қашқадарё вилоят Нишон тумани Халқ таълими бўлимига қарашли мактаб ўқувчилари шанба якшанба кунлари пахта теримига чиқарилди. «Таълим сифатининг йўқлигига ...
21 октябр 2022
Малака сертификатини олиш 2023 йилдан талаб қилиниши кутилмоқда. Мамлакатнинг давлат тилини тарғиб қилиш тўғрисидаги сўнгги баёнотида Ўзбекистон юқори давлат ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...