Асосий мавзулар
26 сентябр 2019

Журъатнинг рухсат этилган даражаси

Шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб тақдири борасида Ўзбекистондаги маҳаллий журналистларнинг журъати Хоразм вилояти ИИБнинг у ҳақдаги расмий баёнотларини эълон қилишгагина етди. 

Оммабоп бўлган маҳаллий интернет нашрлари турли муаммоларни кўтариб чиқаётганлари ортидан олқишлар олишдан чарчамаяпти.

Аммо бу чиқишлар асло ҳақиқий журналистиканинг инъикоси эмаслигини Маҳмуд Ражаб иши мисолида уларнинг ўзлари ҳам тан олиши керакка ўхшайди.

Маҳмуд Ражаб, аввало, маҳаллий журналист. Унинг Муҳаммад Солиҳ китобларини олиб киришда айбланиши халқаро ташкилотларнинг ҳам, Ўзбекистондан ташқаридаги нашрларнинг ҳам эмас, биринчи навбатда, маҳаллий журналистларнинг бош мавзуси бўлиши керак эди аслида.

Аммо, афсуски, шу ўринда журъатнинг улар учун кимлардир белгилаб берган даражаси кўриниб қолди. 

Бу даража Муҳаммад Солиҳ ижодига ишқибозларнинг адабиёт мухлиси бўлгани учун жазоланиши эҳтимоли олдида жуда пастлиги аён бўлмоқда.

Ўша оммабоп сайтларнинг изоҳларида муштарийларнинг “Унинг айби нима экан? Нега Тошкентга юриш қилибди?” каби мазмундаги саволлари ҳам жавобсиз қолмоқда.

Чунки бу саволлар журъатнинг белгиланган даражасидан ошиб ўтишни талаб этади. Аммо бу даражадан сакрайдиган маҳаллий нашр топилмаяпти.

“Хабар”чилар, “дарё”чилар, ўқувчиларингиз учун расмийлар айтаётган фуқаро Маҳмуд Ражабов бошқа, шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб бутунлай бошқадир.

Бошқалиги шундаки, билмаганлар учун Маҳмуд Ражабов ўз манфаати ҳимоясида ҳокимиятни шантаж қилишга уринган бир фуқаро, билганлар учун мухолифат етакчиларидан бири, шоир Муҳаммад Солиҳнинг китобларини кўтариб юргани учун ноҳақ айбланаётган шоир ва журналистдир. 

Шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг тақдири, ҳеч ким билмайдиган фуқаро Маҳмуд Ражабовдан фарқли ўлароқ, сиёсий масаладир.

Бу тақдир бугунги ҳукумат юритаётган сиёсатга тутилган лакмус қоғозидир. 

Шу кунларда оммабоп интернет нашрлар ҳимоя қилаётган (аслида бор-йўғи бу ҳақда маълумот характеридаги ахборотни тарқатаётган) “Кun.uz” мухбирининг иши сўз ва фикрлаш эркинлиги нуқтаи назаридан Маҳмуд Ражаб воқеасидан асло кам эмас. 

Лекин уларнинг битта фарқи бор. Бу фарқ сўз эркинлигининг сиёсий элитанинг бугунги кайфияти ва журъатнинг кимлардир белгилаган даражасида эканлигида кўринади.

Ҳамкасблар, унутманг, журъатнинг бугун сиз учун белгиланган даражасидан баландроқ бўлмас экансиз, бу даража эртага янада пасаяди!

СЎЗингизни ҳимоя қилинг, ФИКРингизни ҳимоя қилинг! 

Чунки сиз ҳимоя қилишингиз мумкин ва шарт бўлган бу тамойиллар амалдаги президент сиёсатининг қай даражада самимийлиги ва Ўзбекистоннинг яқин истиқболи қайси йўналишда кетишини белгилаб бериши билан ўта муҳимдир.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
28 ноябр 2018
Урганч туманлараро фуқаролик судининг 27 ноябрь куни судья Ўткир Машарипов раислигидаги мажлисида журналист ака-ука Бобожоновларнинг уйини мусодара қилиш борасидаги ...
8 сентябр 2018
Стокгольм судида Telia ширкати ва Гулнора Каримова ўртасидаги коррупция ишини кузатаётган SVT телеканали журналисти Элин Йоннссон «Элтуз» мухбири билан ...
26 апрел 2021
Замонавий ўзбек туркшунослигининг йирик вакили Андрей Кубатин 2020 йил 29 октябрда коронавирус хасталигидан вафот этганди.  2017 йилда олим Жиноят ...
26 январ 2024
Май ичсанг, оқилу доно билан ич, Ёки бир гул юзли зебо билан ич. Оз-оз ич, гоҳ-гоҳ ич, ё яширин ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...