Шоир Маҳмуд Ражаб қамоқдан чиқди
«Тошкентга юриш» қилгани учун қамалган 56 яшар шоир Маҳмуд Ражаб ўн кунлик ҳибсдан сўнг 3 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 15.30 да озод этилди.
ИИБ ҳибсхонаси олдидан «Элтуз»га хабар етказган хоразмлик журналистнинг айтишича, Маҳмуд Ражаб озод этилган ва уйига жўнатилганини билдиришган.
Блогер Нафосат Оллошукурованинг тақдири эса номаълумлигича қолмоқда. Гарчи 3 октябрь куни соат 15.30 лар атрофида Оллашукурованинг мессенжер тармоғидаги аккаунти 10 дақиқага қўшилгани кузатилди. «Элтуз» унинг яқинлари билан боғланишга ҳаракат қилмоқда.
25 сентябрь куни Урганч шаҳри маъмурий суди раиси Дилмурод Очилов «Тошкентга юриш» ташкил қилгани учун айбланган Маҳмуд Ражаб ва ҳаракатни ёритган блогер Нафосат Оллошукуровага ўн сутка маъмурий жазо қўлланилганини очиқлагани, шоир Маҳмуд Ражабнинг адвокатдан воз кечгани ҳақида хабарлар чиққан эди.
Нафосат Оллошукурова 24 сентябрь куни тунда уни уришгани, аҳволи оғир экани тўғрисида қамоқдан СМС чиқаришга ҳам улгурган эди. «Элтуз» манбаларига кўра, «Тошкентга юриш» иштирокчиларини ИИБ ходимлари автобусга тиқиб олиб кетишаётган пайтда Нафосат Оллашукурова ва камида яна бир аёл калтакланган.
Эслатиб ўтамиз, Маҳмуд Ражаб шоир Муҳаммад Солиҳ асарларини Ўзбекистонга олиб кирганликда асоссиз айбланиб терговга тортилган.
“Элтуз” нашри шоир Маҳмуд Ражаб ва воқеаларни ёритган блогер Нафосат Оллошукурова тақдири билан боғлиқ воқеаларни кузатишда давом этади.
Eltuz.com