Асосий мавзулар
9 октябр 2019

Рўзимбой Ҳасаннинг 30 йилда ҳам эскирмаган мақоласи

Тарихга Горбачёв ҳуррияти дея кирган 1985 йилдан 1991 йилгача бўлган даврда ўзбек журналистикасида кўтарилиш пайдо бўлгани кузатилди.

Ошкоралик, демократия ва қайта қуриш даврида илгари тақиқда бўлган мавзулар кўтарилди. Шундай мавзулардан бири «маҳаллийчилик » эди. Бу мавзуни ўша даврнинг илғор минбари бўлган «Ëш ленинчи» газетасида журналист Рўзимбой Ҳасан кўтарди.

30 йил бурун ëзилган бўлса ҳам долзарблигини йўқотмаган бу мақолани «Элтуз» нашри сизга тақдим қилади.

Рўзимбой Ҳасан: Сурхонданмисиз, Қўқонданми?

— Ким дединг?.. Хоразмлик бўлса керак-да! Исми айтиб турибди: Оллошукур! Э-э, уларнинг ҳаммаси шунақа. Қизларини четга узатишмайди, фақат бир-бирига сотишади, холос.

— Ўзимизнинг водийликлар зўр! Ҳатто «Куйди жоним»ни ёзган шоир ҳам водийга куёв бўлган, ҳа!

Талабалар ётоқхонасида қулоққа чалинган ушбу суҳбатнинг астарини ағдариб кўринг… Айни чоқда уларнинг ҳаммаси ал-Форобий, Фарғоний, Бобур авлодларини боплаб тузлайдилар. Ҳатто номларини тилга олишни исташмайди — «ўшалар» деб қўяқолишади.

Маҳаллийчилик!

Маҳаллийчилик ҳукуматимиз томонидан доимо қораланган. Айниқса, жамият ҳаётини қайта қуришдек эзгу ишнинг бошланмаси бўлган КПСС Марказий Комитетининг 1985 йил апрель Пленумидан буён ўтган уч ярим йиллик муддатда мамлакат ички ва ташқи сиёсати муҳокама қилинган неки йиғин бор маҳаллийчилик тўғрисида албатта гап-сўз бўлди. Сир эмаски, турғунлик йилларида рўй берган салбий ҳодисаларнинг бир учи ўша иллатга — маҳаллийчиликка бориб тақалади. Асосан — кадрлар масаласида.

Маҳаллийчилик — жамиятга ёт унсур: тинч-тотув кун кечираётган қўшнилар орасига нифоқ тушади, пахса-девор ошириб қўшни чорбоғга тош отилади. Маҳаллийчилик — бир қориндан талашиб тушган, бир қозондан овқат еб, бир дастурхондан туз тотган ака-укаларни, опа-сингилларни бир-бирига гиж-гижлайди. Фарзанд падарга, қиз модарга ўгай бўлиб қолади. Биродаркушлик — маҳаллийчиликнинг серҳосил меваси!

Ўзбек тили — буюк тил. Буни тилимизда мавжуд бўлган қирқдан ошиқ лаҳжа ва шевалар ҳам исботлайди.

Ўзбекистон республикаси деб аталадиган гўша — икки дарё оралиғига ҳам сиғмаган юртимизнинг бир-биридан гўзал манзилгоҳлари, қадамжойлари бисёр. Шимолда Хоразм, жанубда Сурхон, шарқда Тошкент қўр тўкиб турибди. Бир томонда Фарғона — таърифи хамсага сиғмайдиган гавҳар, бир томонда юртимизнинг юраги, тарихимизнинг бебаҳо зийнати — Самарқанд, яна бир томонда қиблагоҳимиз, ишонч ва ироданинг мустаҳкам қўрғони — қадим Бухоро…

«Мен самарқандликман!» «Мен бухороликман!» «Биз тошкентликмиз!» «Камина сурхондарёлик», «ўзларидан сўрасак? Дўппингизга қараганда Намангандансиз шекилли, янглишмадим-а?» Булар — ҳар кунги одатий суҳбатлар; замонавий мусофирхоналар остонасида бўш ҳужра излаб, қош-кўзи попукдеккина таъвияларга илтижо билан боқиб турган пайтингизда ўзингизга ҳамроҳ бўлган нотаниш кимсага айтадиган сўзларингиз. Туғилиш гувоҳномасида ҳам, гўрковнинг сўнгги расмий ҳужжатида ҳам ҳар бир одамнинг туғилган жойи хатланган бўлади. Бу яхши. Юртинг бор, ўз уйинг — ўлан тўшагинг бор. Лекин… туғилган жойини фахр билан айтаётган киши бошқа бир жўғрофий нуқтани беписанд оҳангда тилга олса-чи? Масалан, мана бундай: «Ўзимизнинг Сурхон одамларига тенг келадигани йўқ! Э-э, қўй, ўша бухороликларни эслатма!»

Маҳаллийчилик!

«ФАН» (Фарғона, Андижон, Наманган), «Сурқаш» (Сурхондарё, Қашқадарё) каби нолегал группа ва ташкилотлар борлигини биласизми, эшитганмисиз? Пойтахтда бир-икки йил таҳсил кўриб, талабалик нонини еган бўлсангиз — биласиз. Балки вақтида ўшалардан бирига аъзо бўлиб, гердайиб юргандирсиз? Тўғрими? Ҳа, балли!

Эсдан чиқадими, «Хуршидани бир хоразмлик йигит кинога олиб тушибди», деган миш-мишдан кейин ётоқхонада хоразмликлар билан бўлган олишув!

Ёки сигарет сўраган бухоролик «борзи» бачанинг танобини тортиб қўйиш учун экс ётоқхонани «погром» қилганларингиз… Айтаверсак — гап кўп. Салгина баҳона топилса — бас, муштумзўрлик бошланиб кетарди.

Хоразмликлар О. Отажоновнинг қўшиқларини севишади, водий ҳамда бошқа бир қатор вилоят ёшлари Шерали Жўраевнинг мухлислари, самарқандлик йигит тўртинчи қават айвончасида О. Отажоновни «сайратаётган» андижонлик йигитга зуғум қилади: «Ўчир!» «Сен ўчир Шералингни!» Ана, тамом! Қарабсизки, мусиқа илмида алифни ҳасса дейдиган икки йигит бир-бирини ғажиб ташлашга тайёр икки оломонни бошига тўплайди.

Ишқибозлар орасидаги «мангу жанг» — маҳаллийчиликка айланади. О. Отажонов ҳам, Ш. Жўраев ҳам шунчаки баҳона, ёлғондакам байроқ холос. Ўртада бировнинг: «Мен Хоразм фарзандиман!», деганию бошқасининг: «Билиб қўй, шерларнинг макониданман!» деб куйлаган қўшиғи сарсон.

Концертда ногоҳ айтиб юборилган бир-икки жумла эса шундоқ ҳам ловуллаб бораётган гулханга керосин сепади. «Менинг шогирдларим кўп. Улар қўшиққа қалбини ҳам қўшиб юборишади. Улар танти юртнинг ўғлонлари…» Ана шундан кейин истайсизми-йўқми, шу сўзлар чақириққа айланади-кетади. Гумроҳлар уни инқилобий «Байналминал» каби жўр бўлишиб куйлай бошлайдилар. Кимга қарши, кимларга қарши? Ака-укаларига, оға-иниларига, қондош, жондош биродарларига қарши, албатта.

Маҳаллийчилик!

Олтмишинчи йилларда Пелега, етмишинчи йилларда Круиффга, саксонинчи йилларда Марадонага сиғинган ёшларнинг — ишқибозларнинг тақлидчиларини кўрганмисиз? «Буларнинг адабини бериб қўйиш керак! «Навбаҳор» дарвозасига урилган ҳар бир голни ўшаларнинг бурнидан булоқ қиламиз. Қани, кетдик!»

Кетишди… Ўйин тугаган. Мағлуб команда аъзолари ҳорғин қиёфада, бошларини хам қилишиб (яшириш қийин) кийиниш хонасига йўл олишади. Стадионда эса курашнинг «учинчи тайми» бошланмоқда. Мағлуб команда билан ғолиб команданинг ашаддий ишқибозлари ўзаро «ҳисоб-китоб» қилишмоқда.

Ур-йиқит! «Бўш келманг, наманганликлар!» «Андижонликлар, олға, ахир сизлар шерларнинг маконидансиз!» «Учинчи тайм»ни бошқарадиган «ҳакам»— қози йўқ. Улар ноилож бир четда ҳай-ҳайлаб туришибди. Истаклари, қани ҳозир елкаларига зилдек ботган погонларни чўнтакка уриб, енгни шимариб издиҳомга ўзларини уришса! Тўпурар команданинг ишқибозларини «нокаут» қилишса!

Шунда сменалари яхши ўтиб, кечаси тинч ухлашармиди? Уларни тўхтатиш қийин. Гап-сўз ортиқча. Ваҳшийлашган тўданинг «зуваласи» болаликда пиширилган, аввало, ўз уйини қўшни болалардан ҳимоя қилади. Кейин маҳалла маҳалла билан ҳисоб-китобни тўғрилайди. Сўнгра колхоз колхоз билан, қарабсизки, район районга «уруш эълон қилиб» ўтирибди. Мактабда шундай таҳсил кўриб, катта «саваш»ларда ҳам олиб, ҳам олдирган ўсмир пойтахтга илм излаб келибдики, тағин ўша «севимли машғулот» якун топмайди. Курашларда чиниққан «акахон»лари уни дарров «земляк»ка айлантиришади…

Маҳаллийчилик!

Бу лаънати иллат бизга бобомерос. Икки дарё оралиғида яшаган аждодларимиз учун не-не асрлар биродаркушлик одатий ҳол бўлиб келди. Кушонлар, сомонийлар, хоразмийлар, қорахонийлар, темурийлар… Бир тилда сўзлашиб, бир тупроқда улғайган, бир дарёдан сув ичган халқ «Ватан» тушунчасини «ҳокимият» тушунчасига айирбошлаган тахт эгаларининг айби билан бир-бирларига қирпичоқ бўлишди. Қодирий алам билан ёзган, «тарихимизнинг энг қора кунлари» — уч хонлик даврини олинг: Хива хонлиги, Бухоро хонлиги, Қўқон хонлиги. Бу бўлиниш замирида ҳам ўша иллат — маҳаллийчилик. Маҳаллийчилик туфайли бўлинган халқ — ташқи душман ҳамласига дош беролмайди, пароканда бўлган давлатлар таназзулга юз тутади…

Маҳаллийчилик!

Бир райком секретарининг колхозга янги раис сайлаш пайти тавсия этилаётган номзодни (у бошқа хўжаликдан бўлиб, одамлар унга норозилик билдиришган эди) куйиб-пишиб ҳимоя қилганининг шоҳиди бўлганман. У шундай деган: «Мана ҳозир айрим колхозчилар ўзимизнинг қишлоқда туғилиб, ўсган одам раис бўлсин дейишмоқда.

Майли, улар айтганча бўла қолсин. Лекин мен ҳозирданоқ бунинг «минус» томонларини кўриб турибман. Дейлик, колхознинг «оёқ» участкасидан биров раис бўлди. Қарабсизки, бир йил ўтар-ўтмас хўжалик фондининг катта қисми ўша участканинг йўлларини тузатишга, кўчаларини обод қилишга, ўша ерда янги иморатлар қуришга сарфланади.

Агар колхознинг «атов» участкасидан раис қўйилса, асосий маблағ энди тескари томонга оқа бошлайди. Бу ҳаёт тажрибасида кўп марта кузатилган ҳодиса. Улар ҳамма ишни қонуний равишда амалга оширишади. Олдинги раисларингизнинг фаолиятига бир назар ташланг, ахир! Яна ўзингиздан сайланадиган раиснинг бутун қариндош-уруғи ҳам шу ерда…

Агар бошқа хўжаликдан раис сайласак, унга «оёқ»ликлар ҳам, «атов»ликлар ҳам — бир. Дўстига колхоз ҳисобидан иморат қуриб беролмайди, яқин қариндошини «ёғлиқ» жойга ишга қўёлмайди. Айтадиган гапим шу. Ўзларинг ўйлаб кўринглар…»

Ўшанда райком секретари ёқлаётган номзод — қўшни колхозлик агроном йигит раисликка сайланди. Одамлар қамровни кенгроқ олдилар, шекилли. Партия ходими гарчи бу зиддият тагида маҳаллийчилик ётганини айтмаса-да, турғунлик даврида болалаб кетган иллат — маҳаллийчиликни қайта қуриш мезони инкор этаётганини биларди.

Бошқа бир хўжаликда район партия комитети бюроси тавсия этган ёш кадр бошқа хўжаликдан бўлгани сабабли ҳам сайловдан ўта олмади. Гарчи бу хўжалик «бурнигача» қарзга ботган, олдинги раислар одамларни кўп сарсон қилишган бўлишига қарамасдан колхозчилар, ўзимиздан раис сайлаб берасан, деб туриб олишди. Кекса бир колхозчининг райком секретарига айтган гапи сира эсимдан чиқмайди: «Бу йигит осмонни ерга олиб тушадиган бўлса-да, керакмас. Агар итни раис қилсанг ҳам ўша ит ўзимизнинг колхоздан бўлсин!..» Бу ўринда изоҳ ортиқча.

Маҳаллийчилик!

Бу лаънати бидъатни даврнинг онгли, илғор кишилари — солномачилар ҳам енга олишмаган. Адабий гуруҳлар орасида айрим пайтлари маҳаллийчилик юқори чўққига кўтарилади. Айтайлик, водийлик бирор қаламкаш нуфузли нашриётга «катта» бўлдими, демак водийлик аҳли қаламнинг ошиғи олчи: қўлёзмаси тортмаларда йиллаб чанг босиб ётмайди, асарлари кўп нусхада, ялтироқ муқоваларда босилади. Самарқандлик мунаққид ёки хоразмлик шоир ноширлар курсисига ўтирдими, юртдошлари (бу сўзни шартли равишда ишлатяпмиз, албатта) қўлини қўлига ишқаб (Эҳ, замон келди-ку!) келишаверади, келишаверади: «Қачонгача водийликлар потирлатиб китобларини чиқариб ётишаверади?!»

Шу тариқа маҳаллийчиликни байроқ қилиб олган тўдалар бирлашиб, мазмун ва моҳиятан якдил адабий доираларда жуда катта кучга — ҳатто бир-бирига тазйиқ ўтказадиган, зуғум қиладиган қудратга айланади. Катта-катта давраларда бирор асарнинг бадиийлиги, ёзилиш услуби, тил бойлиги ҳақида баҳс бошланиб кетса, «Адабиёт назарияси» бир четда қолиб, тўмтоқ фикр, чиркин ғоя, маҳаллийчилик «зарбдор куч»га айланади. «Ур, деса номард қочур, мард қолур майдон ичинда». Аслида гуруҳбозлар орасида мард деб аташга арзийдиган кишининг ўзи йўқ. Акасига қўл кўтарган, синглисини ҳақоратлайдиган, отасига ақл ўргатадиган одам қачон мард саналган? Бу қайси рисолада бор?

Водийда киндик қони томган мунаққид ўз юртдошининг дўконларда чанг босиб ётган достонлар мажмуасини кўкларга кўтаради: «Ҳазрати Навоий давридан буён ҳали бундай етук мисралар яралган эмас!» Воҳалик танқидчи эса элдошининг сўнгги асари (кошки шу сўнггиси бўлса!) — хўппасемизлигидан носфурушлар кунда «ўқиб», элга «тарғиб» қилаётган романини ҳамду саноларга кўмиб юборади: «Ҳатто Қодирий бу даражада ёза билмаган!»

Раҳмат, минг карра раҳмат сизларга!

Журналистлар даврасига бир назар солинг! Маҳаллий нашрларда маҳаллийчилик сал бўлмаса қонуний тус олган. Адабий журналларда бирор нима чиқариш учун камида икки «камёб» нарсадан бири сизда бўлиши шарт: ё тенгсиз талант ёки юртдошингиз редакцияда ишлаши лозим. Республика матбуотларининг областлардаги ўз мухбирлари адо этадиган ишлардан бири — ўз юртдошларини бир-биридан ошириб мақташ. Маълумки, сон кетидан қувиш ўша даҳшатли «олти миллион» рақамини дунёга келтирган. Юртимизни «олти миллион»ли қуруқ рақамга айлантиришга энг кўп ҳисса қўшганлар ҳам ўшалар — шошқалоқ журналистлар. «Фалон райондан шикоят хати тушган. Танишиб, ўқишли бир матариал тайёрласангиз бўларди», деб топшириқ беради бўлим мудири областдаги ўз мухбирига қўнғироқ қилиб. «Энди… биласиз, шу ерда яшаб тургандан кейин… Бизга ҳам қийин. Яхшиси, бошқа бировни юбора қолинг», дейди ўз мухбир ўта одоб билан. Пойтахтдан келган махсус мухбир воқеани батафсил ўрганиб, айбдорнинг ҳар туки тикланиб кетадиган фельетон эълон қилган куни ўша «ўз мухбир» кун ора юз-юзга тушадиган ҳамтовоқларидан бирига замзама қилади: «Мен-ку ёзмагандим. Ўша йигитга ҳам шунча айтдим, ҳеч рози бўлмади-да. Асли водийлик-да, аяб ўтирармиди…»

«Ўсадиган эл бир-бирини «ботирим» дейди!»

Университетда таҳсил кўриб юрган пайтимизда гувоҳ бўлган бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Ҳар эсга тушганда майдалашиб, бачканалашиб бораётганимиз, бутунлик, улуғлик биздан кун ора юз ўгираётганини ўйлаб кетаман.

Жиккаккина гавдаси учундир балки, талабалар орасида «Саккокий» деган лақаб олган адабиётчи домламиз машғулотлардан бирида темурийлар даври ҳақида ҳикоя қиларкан, томдан тараша тушгандек бирдан: «Фалон йили Мирзо Улуғбек исён кўтарган тошкентликларнинг додини бериб… » У шундай дея тингловчиларга маънодор назар ташлаган эди. Тошкентликлар ерга қапишиб кетишган, самарқандликларнинг бўйлари бир газ ўсган…

Пойтахтдаги катта бир министрликка нозир бўлган «акахони» ортидан чумолидек эргашиб борадиган маддоҳларни айтинг. «Раз, нозир биздан бўлдими, қолганлари ҳам ўзимиздан бўлади-да! Фақат эшиги олдида ўтирадиган «ғалча»си бошқа жойники. Рости, бошқаларни ўпган дуруст». Қарабсизки, ҳаммаси гўё рисолада ёзилгандек. Дейлик, республикага раҳбарлик қилаётган тармоқ нозирлиги бир гуруҳ маҳаллийчилар қўлида. Ноёб ускуналар, дастгоҳлар юртига оқаверади. Ўша жойдан шу «акахон»ини қора тортиб келишаверади. Бошқаларга эса лимит рўкач қилинади. Чидасангиз — шу!

Энди партиянинг сайлаб қўйиладиган юқори органлари хусусида. Узоқ йиллар пойтахт кўчаларида «тирикчилик қилган» ГАИчилар учун яккаю ягона орзу — «ДД»дан бошланадиган номерли машиналар ҳайдовчиларининг талонини бир марта тешиш бўлиб келди. Рашидов қулаган йилдан бошлаб эса «ДД»лар иложи борича пойтахт ГАИчилари кўзига кўринмасликка интилишди. Лекин бу пайтда бечора ГАИчилар қўрқадиган бошқа ҳарф пайдо бўлган эди — «Ф». Энди эса…

«Ўзбекистон ССР маъмурий-территориал бўлинишига ўзгартишлар киритиш тўғрисида» республика Олий Совети Президиумининг Фармони ҳали эълон қилинмасдан туриб, бўлиб ўтган гап-сўзлар, машмашаларни айтинг. «Менинг районим тугармиш». «Бизнинг областни йўқ қилишмоқчи эмиш…» Гўё райони тугатиладию бўзликлар, олотликлар, пешкуликлар, чортоқликлар, норинликлар, зарбдорликлар, навбаҳорликлар ўз юртидан айри тушишади. Майда-чуйда курсиларга елимланиб қолган айрим калтабинлар бундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишни кўзлашди: «Ана, сизларни йўқ қилиб юборишмоқда. Минг йиллик районингизни бошқаларга қўшишмоқчи. Қарам бўлиб қоласизлар…»

Ахир биз ЎЗБЕКлармиз. Ер юзида атиги ўн олти миллион бўлган (мақола 1988-йили ëзилган вақтдаги статистика – таҳр), шундан ўн уч миллиондан ошиқроғи қадимий тупроғида яшаб, кун кечираётган ўзбеклармиз. Уни яна юз пора қилиш, кичик-кичик бўлакларга ажратиб юбориш кимга фойда?! Бўлинганни бўри ейди, деган экан донолар. Бизни бўри емайди, Биз бир-биримизни ғажиймиз, холос.

Айтаверсак — гап кўп. Пойтахтликлар ҳар дақиқада гувоҳ бўлиб турган кўринишлар — маҳаллийчилик иллатининг томири узун, у чуқурликлардан озуқ олмоқда. Укаларимиз (тарбияни ёшлардан бошламоқ керак), тенгқурларимиз ва ақли ноқис катталар танасига ўйлаб кўриб, ақл билан иш юритадиган, маҳаллийчиликни таг-томири билан тугатиб юборадиган фурсат етмадими? Етди! Агар бугун шу ҳақда ўйламасак, дўппини бошдан олиб, мушоҳадани кенгроқ юритмасак, эртага кеч бўлиши мумкин. Эртага, севимли шоиримиз ёзганидек, «худо урган халқнинг» ҳолига маймунлар йиғламайдими?

Мен ЎЗБЕКМАН! Хоразмлик ёки қўқонлик эмасман! Сизчи?!

“Ёшлик” журнали, 1988 йил, 12-сон

Тағин ўқинг
25 январ 2021
Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков боғча болаларига ҳар куни мақом ва миллий куйлар эшиттириш таклифи билан чиқди. Эндиликда мактабгача ...
19 июн 2020
Азизларим, сизлар билан ҳафта айланиб, яна бир бора юзлашиб турибман. Бу жуда азиз учрашув. Бир пайтлар Тошкентда метрода юрганимда, ...
4 май 2017
Ўрислар «живучий» дейди. Ўзбекчада «яшовчан», «чидамли» деб таржима қилинади кўпинча. «Мослашувчан» деб ўгириш ҳам мумкин. Ўзбек матбуотига нисбатан шу ...
25 март 2016
«Жаҳон» ахборот агентлигининг бир қанча маҳаллий нашрларда босилган хабарида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти расмий сайтида «Ўзбекистон иқтисодиётидаги барқарор ўсиш тамойили ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...