Асосий мавзулар
10 сентябр 2024

Вақт машинаси: Абдуқодир Муҳиддин ўғли

«Элтуз» «Вақт машинаси» рукни остидаги мақолаларни чоп этишда давом этади. Навбатдаги ҳикоямиз Ёш бухороликлар ҳаракати фаоли Абдуқодир Муҳиддин ўғли ҳаёти ҳақида.

Бухоро жадидлари орасида Усмон Хўжа ўғли каби ўз вақтида большевиклар қатағонидан қутулиб кета олган одамлар кўп эмасди. Уларнинг кўпчилиги ватанда қолиб, большевиклар хизматини қилади.

Албатта, уларни бу ишлари учун айблаш ноўрин. Улар ҳам ҳақиқий ватанпарвар, истеъдодли ажойиб инсонлар, миллатимизнинг асл зиёлилари эди. Афсус, уларни мудҳиш қисмат кутиб турарди.

Шундай жадидлардан бири Ёш бухороликлар ҳаракати аъзоси Абдуқодир Муҳиддин ўғли (1892-1934) эди. Бу инсон нафақат Ўзбекистон, балки Тожикистон ССР давлат арбобларидан бири бўлган.

Абдуқодир Муҳиддинов ҳам худди Файзулла Хўжаев ва Усмон Хўжа ўғли каби бухоролик бадавлат савдогарнинг ўғли эди. У Бухоро, сўнгра Истанбул дорилфунунларида таҳсил олади.

1916 йилда отаси ва ака-укалари билан Ёш бухороликлар ҳаракати сафларига киради. 1918 йилда муваффақиятсиз инқилобдан сўнг у ҳам Бухородан қочади. Большевиклар партияси сафларига ўтади.

1919 йилда уни коммунистик партия (большевиклар) марказий қўмитаси мусулмонлар бюросига аъзо қилиб сайлайдилар. Москвада чиқадиган “Қутулиш” газетасида масъул котиб бўлади.

Бухорода амирлик ағдариб ташлангач:

1920-1921 йилларда Бухоро Халқ Совет Республикасининг инқилобий қўмитаси (ревком) раиси;

1921-1923 йилларда қишлоқ хўжалиги, савдо-саноат нозири;

1923-1924 йилларда БХСР иқтисодий совети раиси;

1923 йил 15 майдан вақтинча Бухоро Халқ Совет Республикаси Халқ нозирлари совети раиси (бош вазир) бўлади.

Большевиклар Ёш бухороликлар ҳаракати раҳбарларини пароканда қилиш йўлларини ўйлаган. Абдуқодир Муҳиддиновни ҳам Бухородан четлатиш учун Шарқий Бухоро ҳудудида ташкил қилинаётган Тожикистон Автоном Совет Социалистик Республикасига ишга сафарбар қиладилар.

Абдуқодир Муҳиддинов 1924-1926 йилларда Ўзбекистон ССР таркибида ташкил қилинган Тожикистон АССР инқилобий қўмитаси аъзоси бўлади. 1926-1930 йилларда эса Тожикистон АССР Совнаркоми (Халқ комиссарлари совети) раиси лавозимида ишлайди.

Абдуқодир Муҳиддинов Бухоро ҳудудлари яхлитлигини асраб қолиш тарафдори эди. У большевикларнинг ўзбек ва тожик миллатини бир-бирига қайраб, уларни ҳудудий жиҳатдан бўлиб юбориш сиёсатини тушуниб етган эди.

1930 йилда Муҳиддинов Ўзбекистонга ишга қайтади. Большевиклар ниятларига етгандилар, улар Тожикистон ССРни ташкил қилиб бўлгандилар.

1930-1933 йилларда Абдуқодир Муҳиддинов Ўзбекистон ССР таъминот нозири сифатида фаолият юритади. Большевиклар уни 1933 йил август ойида ҳибсга оладилар. 1934 йил июнь ойида аксилинқилобчи сифатида отиб ўлдирилади. Ҳақиқий ватанпарвар жадид Абдуқодир Мухиддинов 1958 йил 25 январь куни тўлиқ реабилитация қилинган.

Ихтиёр Эсонов
eltuz.com

Тағин ўқинг
15 апрел 2024
Ўзбек тили ва элининг эркин бўлиши учун курашган, умрининг сўнгига қадар демократиянинг Ўзбекистон учун энг маъқул тизим эканини айтиб ...
29 март 2016
26 февраль куни қабул қилинган қарор ижроси шу кунларда вилоятдан Тошкентга келганлар учун жиддий муаммога айланиб улгурди. Гувоҳнома олиш ...
8 март 2021
Бундан ўн йиллар олдин, баҳорнинг энг ёқимли палласи – апрель ойининг ўрталари эди, Олмаотага қараб йўлга чиққандим. Черняевка чегара ...
2 апрел 2024
Шаҳрисабзлик машҳур полвон Тўра Авроқуловнинг отиб ўлдирилгани расман тасдиқланди. Шаҳрисабз тумани прокуратураси томонидан Тўра Авлоқуловнинг ҳаётига суиқасд қилинганлиги ҳолати ...
Блоглар
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...
7 январ 2025
Ижтимоий тармоқларда “1000китоб” лойиҳаси бўйича турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Мансаб талашуви, зиёлиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бири ...