Асосий мавзулар
10 сентябр 2021

Вақт машинаси: Абдуқодир Муҳиддин ўғли

«Элтуз» «Вақт машинаси» рукни остидаги мақолаларни чоп этишда давом этади. Навбатдаги ҳикоямиз Ёш бухороликлар ҳаракати фаоли Абдуқодир Муҳиддин ўғли ҳаёти ҳақида.

Бухоро жадидлари орасида Усмон Хўжа ўғли каби ўз вақтида большевиклар қатағонидан қутулиб кета олган одамлар кўп эмасди. Уларнинг кўпчилиги ватанда қолиб, большевиклар хизматини қилади.

Албатта, уларни бу ишлари учун айблаш ноўрин. Улар ҳам ҳақиқий ватанпарвар, истеъдодли ажойиб инсонлар, миллатимизнинг асл зиёлилари эди. Афсус, уларни мудҳиш қисмат кутиб турарди.

Шундай жадидлардан бири Ёш бухороликлар ҳаракати аъзоси Абдуқодир Муҳиддин ўғли (1892-1934) эди. Бу инсон нафақат Ўзбекистон, балки Тожикистон ССР давлат арбобларидан бири бўлган.

Абдуқодир Муҳиддинов ҳам худди Файзулла Хўжаев ва Усмон Хўжа ўғли каби бухоролик бадавлат савдогарнинг ўғли эди. У Бухоро, сўнгра Истанбул дорилфунунларида таҳсил олади.

1916 йилда отаси ва ака-укалари билан Ёш бухороликлар ҳаракати сафларига киради. 1918 йилда муваффақиятсиз инқилобдан сўнг у ҳам Бухородан қочади. Большевиклар партияси сафларига ўтади.

1919 йилда уни коммунистик партия (большевиклар) марказий қўмитаси мусулмонлар бюросига аъзо қилиб сайлайдилар. Москвада чиқадиган “Қутулиш” газетасида масъул котиб бўлади.

Бухорода амирлик ағдариб ташлангач:

1920-1921 йилларда Бухоро Халқ Совет Республикасининг инқилобий қўмитаси (ревком) раиси;

1921-1923 йилларда қишлоқ хўжалиги, савдо-саноат нозири;

1923-1924 йилларда БХСР иқтисодий совети раиси;

1923 йил 15 майдан вақтинча Бухоро Халқ Совет Республикаси Халқ нозирлари совети раиси (бош вазир) бўлади.

Большевиклар Ёш бухороликлар ҳаракати раҳбарларини пароканда қилиш йўлларини ўйлаган. Абдуқодир Муҳиддиновни ҳам Бухородан четлатиш учун Шарқий Бухоро ҳудудида ташкил қилинаётган Тожикистон Автоном Совет Социалистик Республикасига ишга сафарбар қиладилар.

Абдуқодир Муҳиддинов 1924-1926 йилларда Ўзбекистон ССР таркибида ташкил қилинган Тожикистон АССР инқилобий қўмитаси аъзоси бўлади. 1926-1930 йилларда эса Тожикистон АССР Совнаркоми (Халқ комиссарлари совети) раиси лавозимида ишлайди.

Абдуқодир Муҳиддинов Бухоро ҳудудлари яхлитлигини асраб қолиш тарафдори эди. У большевикларнинг ўзбек ва тожик миллатини бир-бирига қайраб, уларни ҳудудий жиҳатдан бўлиб юбориш сиёсатини тушуниб етган эди.

1930 йилда Муҳиддинов Ўзбекистонга ишга қайтади. Большевиклар ниятларига етгандилар, улар Тожикистон ССРни ташкил қилиб бўлгандилар.

1930-1933 йилларда Абдуқодир Муҳиддинов Ўзбекистон ССР таъминот нозири сифатида фаолият юритади. Большевиклар уни 1933 йил август ойида ҳибсга оладилар. 1934 йил июнь ойида аксилинқилобчи сифатида отиб ўлдирилади. Ҳақиқий ватанпарвар жадид Абдуқодир Мухиддинов 1958 йил 25 январь куни тўлиқ реабилитация қилинган.

Ихтиёр Эсонов
eltuz.com

Тағин ўқинг
5 апрел 2023
Дастлабки тергов натижасига кўра, бу 4 нафар ўзбек қашшоғи Сурияда одам сўйиб террорчилар қўлида шотир бўлган.  Индонезия полицияси бригадаси ...
16 май 2016
Озодлик берган хабарга кўра, «Ҳолид ибн Волид» масжидга тушган ҳайр-эҳсон эвазига солиқ қайдидан ўтказилмаган, шахсий бойлик орттириш ғарази билан ...
6 май 2022
Бугунги ваъзни тез айтиш билан  бошласам. «Оқ чойнакка оқ қопқоқ¸ кўк чойнакка кўк қопқоқ»… Матчон Суқилиш: Тез айтиш ўрнига маймунлар ...
30 март 2020
Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси кенгаши қарори билан Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...