Асосий мавзулар
28 сентябр 2020

Мухолифат фаоли Аминбой Қодиров оламдан ўтди

Ватанпарвар юртдошимиз Аминбой Қодиров 27 сентябрь куни Урганчнинг Ғойбу қишлоғида 81 ёшида оламдан ўтди.

У ҳали СССР бор пайтда мустақиллик учун курашганди. «Эрк» партияси Хоразм вилояти ташкилоти раҳбарларидан бири бўлган эди.

Биз Аминбой акани Устюрт, Қорақум, Қизилқум чўллари бўйлаб «Камаз» ҳайдаган «дальнобойщик» сифатида танирдик. У денгиз флоти жангчиси сифатида ҳарбий кемаларда Кариб инқирози даврида Куба соҳилларида жанговар фаолиятда қатнашган.

Кейин «Камаз» ҳайдаб, ҳали Устюртда йўл йўқ пайтида Ўзбекистондан Россияга юк ташиган эди. Йўлда машинаси бузилиб қолган ҳайдовчиларга доимо кўмак берган саҳро қоплони эди. Яхши, мард, ҳалол одам эди.

Фейсбук мессенжери орқали сўнгги бор Аминбой оға менга ўлимидан уч-тўрт кун бурун чиққан эди.

«Илгаригидек эмас аҳволим. «Тико»ни авария қилишимга сал қолди. Бир марта велосипеддан ҳам йиқилдим. Энди рулга бошқа ўтирмайман. Уйда ўтираман», деди Аминбой ака. Унинг ўзи ҳақидаги гапи шу билан тамом бўлди.

Яқинда совет даврида босилган қалин жилдли «Хоразм Ўзбекистон давлатчилиги тарихида» деган китобни ўқиб «маза қилгани»ни гапириб берди. Сўнг Ўзбекистондаги бугунги сиёсий муҳит, узоқ-яқин атрофдаги мухолифат вакиллари феъли-хуйидаги ўзгаришлар ҳақида фикрлашди. Гапларимизнинг бир қисми қиёматга қолди…

Хотирамдан адашмасам, Аминбой ака ўз сиёсий фаолиятини суронли 80-йиллар сўнггида норасмийлар ҳаракати сафида бошлаган, аввал «Бирлик», кейинчалик «Эрк» демократик партияси сафида давом эттирган.

2018 йилнинг январида Аминбой ака чет элларда қувғинда юрган мухолифат фаоллари, хусусан, мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳни оқлаб, ватанга қайтариш акцияси ташаббусчиларидан бири сифатида майдонга чиққан эди.

Бугун эса у умрининг сўнгги сониясигача ижтимоий медиа фаоли ўлароқ кўп ёшларга ўрнак бўлганини ҳам англадим. Мессенжер саҳифасида унинг сўнгги қолдирган изоҳи 27 сентябрь кунига тўғри келган. Айнан шу куни унинг тимсолида биз яқин сафдошимизни йўқотдик.

Қудрат Бобожон
eltuz.com

Тағин ўқинг
30 август 2016
Кеча, 29 август куни, қатор интернет нашрлари, Ўзбекистон президентининг ўлими ҳақидаги хабарни чоп қилди, жумладан биз ҳам. Ҳозирга қадар ...
20 октябр 2023
Бу не кундир, атрофингга боқсанг секин, У ҳам керак, сен ҳам керак, мен ҳам керак. Барчамизни даврасига тўплаб, лекин Бир ...
21 май 2018
Президент Мирзиёев 19-20 май кунлари Андижон вилоятига қилган сафарида коррупционер собиқ бош прокурор Рашид Қодировни яқин орада телевидениеда гапиртиришини ...
26 август 2016
Бағдод тумани маҳалла фаолларидан бири, eltuz.comга ҳар бир қишлоқда яшовчи 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган ҳар уч киши бир ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...