Асосий мавзулар
26 январ 2021

Ота: “Қизимни бўйи етгунча тўйма-тўй олиб юраман, бунинг уят жойи йўқ”

Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи 38 ёшли Дилмурод Абдураҳмонов 5 ёшли қизи Афрўзани икки йилдан буён тўйма-тўй олиб юрган. Бунинг учун у “Ўзбекконцерт”нинг Фарғона бўлимидан лицензия ҳам олган. 

Қизча тўйларга бир миллион, туғилган кун ва шунга ўхшаш базмларга беш юз минг сўмга боради.

Қизчанинг тўйларда рақс тушиши тасвирланган видеолар ижтимоий тармоқларга чиқиб кетганидан сўнг унинг отасини аёвсиз ҳақорат қилганлар ҳам кўп бўлди. 

– Қиз меники, уни ўзим билан олиб юриш-юрмасликни ўзим ҳал қиламан, – деди унинг отаси Дилмурод Абдураҳмонов “Элтуз” билан суҳбатда. –  Тирикчилигимиз шу тўйлардан тушадиган пуллар эвазига бўлиб турибди. 

Интернетда қизимга раҳми келиб тарафини олаётганлар унга бир бурда нон берармикин. Беролмайди. Қизимни бўйи етгунга қадар тўйларда олиб юрмоқчиман. Кейин ўзи билади, балки санъат соҳасидан кетар, балки бошқа соҳадан. Буни ўзи танлайди.

Афрўза қатнашган тўйлар видеоларида кўринишича, қизча рақс пайтида болага хос бўлмаган беўхшов хатти-ҳаракатлар қилади ва даврадан пул йиғади. Отаси уни бошқариб туради. 

Бу видеоларни илк маротаба интернетга жойлаган андижонлик Сардор Бектемиров “Элтуз” билан суҳбатда видеони ижтимоий тармоқларда тарқатишни қизнинг отаси илтимос қилганини билдирди. 

“Бу видеони жойлаганимизга беш ойдан ошган. Декабрь ойлари охирларида Дилмурод ака видеони каналдан ўчириб ташлашни сўради. Мен ўчирдим. Кейин ИИБдан ҳам телефон қилишди. 

Буни нега тарқатиб юборганимга изоҳ сўрашди. Бўлган воқеани айтиб бердим. Вазиятни тушунтирдим. Мени жаримага тортмоқчи ҳам бўлишди”, дейди Сардор.

“Элтуз” Афрўза билан суҳбатлаша олмади. Ота қизининг интервью беришини истамади. 

Видеони кўриб, бола ҳуқуқлари бу ерда қай даражада топталяпти, нега шу вақтгача ота бу ишини тўхтатмади, деган саволлар пайдо бўлади. 

Қўқон шаҳри ИИБ ходими 2020 йил декабрь ойида бу ҳолат ўрганилиб, отага зарур кўрсатмалар берилгани, агар бу ҳолат яна кузатилса, қонуний чора кўрилишини маълум қилди.

“Элтуз” Маданият вазирлигидан ҳам муносабат олишга муваффақ бўлди. 

“Томонлар лицензия тартибини бузмаса, биз уни бекор қила олмаймиз. Биз уларнинг лицензия шартларини бажаришини назорат қиламиз. Ёш болаларга лицензия бериш мумкин эмас, деган нарса йўқ бизда”, деди вазирлик ходими. 

Меҳнат ҳуқуқлари бўйича эксперт Умида Ниёзованинг айтишича, БМТнинг болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ, агар боланинг ёшига мос ривожланишига, соғлиғига ва таълимига салбий таъсир этмаса, унинг ишлашига тақиқ йўқ. 

Болалар ота-оналарнинг хайрияга муҳтожлик объекти ҳисобланмайди, балки катталарнинг барча ҳуқуқларига эга. 

“Кўринишидан, Афрўзанинг отаси унинг талантидан, биринчи навбатда, пул ишлаш мақсадида фойдаланмоқда. Болалар ҳуқуқларини ҳимояловчи маҳаллий органлар бундай фаолият болага жабр бўлмаяётганига ишонч ҳосил қилишлари керак”, деди Умида Ниёзова.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
29 апрел 2016
“Ҳуррият” газетасида Халқаро ёшлар бирдамлик куни муносабати билан эълон қилинган мақолада бугунги кунда дунё ёшлари муаммолар гирдобига ботиб қолгани, ...
17 феврал 2020
Ёз келди, тугади қиш,Партиямга минг олқиш!Мўридан ўрлар тутун,Партиям борлигичун!Тонг отиб ёришди кун,Партиядан биз мамнун!Жумадан сўнг келди шанба,Партиям сабаб, манба!Шанба ...
24 октябр 2016
Ўзбекистондаги сиёсий партиялар 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган президент сайловига ўз номзодларини кўрсатиб бўлди. Энг сўнггида муваққат президент ва ...
15 май 2018
Тошкентлик туркшунос олим Андрей Кубатинга ўтган йилнинг декабрида Ҳарбий суд томонидан берилган 11 йиллик муддат, яқинда беш йилга туширилди. ...
Блоглар
2 март 2021
Бир оғайним қўққисдан мен ҳақимда даҳоларча башорат қилиб бундай деб қолди: Керак бўлса, минг фоиз ...
25 феврал 2021
Болалигимда мендан 5-6 ёш катта қўшни каптарвоз бола бўларди. Кўпинча каптарлари бизнинг ҳовлимизга учиб келиб ...
17 феврал 2021
Ҳали газга ўтилмаган ёнилғи сифатида фақат бензиндан фойдаланиладиган вақтлар эди. Бензин эса автомобилларга ёнилғи қуйиш ...