Асосий мавзулар
27 феврал 2021

Хидирназар Аллақуловга қай аҳволда? Нега уни оиласига кўриштирмаяпти?

26 февраль куни тузилажак «Ҳақиқат ва тараққиёт» социал- демократик партияси ташаббускори, иқтисод фанлари доктори Хидирназар Аллақулов уйидан куч ишлатар тузилмалар ходимлари томонидан Андижон вилоятига олиб кетилган.

«Элтуз» мухбири ҳолатни ўрганиш учун унинг яқинлари, қўни-қўшнилари ва Андижон вилояти Булоқбоши тумани ИИБ билан боғланди.

Хидирназар Аллақуловнинг оиласи – хотини, икки ўғли ва қизи бугун Андижон вилояти Булоқбоши туманига етиб борган. Хидирназар Аллақулов билан кўришиш имкони бўлмаган.

Х.Аллақуловнинг воқеа гувоҳи бўлган (исмини сир тутишни хоҳлаган) қўшниси «Элтуз»га кеча нималар бўлганини сўзлаб берди.

«Хидирназар аканинг уйига куч ишлатар тизимининг ўнтача ходими келди, – дейди қўшни. – Уни олиб кетиши кераклиги кўрсатилган қоғозни кўрсатди. Домла қаршилик қилди. Оиласи ҳолатни видеога олмоқчи бўлганда, уларнинг телефонлари тортиб олиб қўйилди.

Хидирназар ака эшикни ичкаридан қулфлаб олди, партиянинг хайрихоҳларига ҳам уни очмади. Бироз ўтгандан сўнг тақдирга тан бериб, орган ходимлари билан Андижонга кетишга рози бўлди.

Шовқин-сурон кўтарилди. Домланинг қизи уларга қаттиқ қаршилик кўрсатди. Одамлар орасида бирорта формалиси йўқ эди. Барчаси фуқаролик кийимида. Ўзини Булоқбоши тумани ИИБ терговчиси деб таништирган киши одамларга домлани нима сабабдан олиб кетаётганини қўлидаги қоғоздан ўқиб берди».

Булоқбоши тумани ИИБнинг майор рутбасидаги терговчисининг айтишича, партия фаоли Муҳаммадамин Эрматовга нисбатан ҳужжатларни сохталаштириш айби қўйилган. Бу кўрсатма Хидирназар Аллақулов томонидан берилган.

– Бунга аниқлик киритиш учун Х.Аллақуловга икки марта чақирув қоғози юборганмиз, – дейди мулозим. – Келмагандан сўнг ИИБ ходимлари ёрдамида олиб келишга мажбур бўлдик. Х.Алақуловнинг аҳволи яхши. Унга ҳеч қандай руҳий ва жисмоний тазйиқлар бўлмаган.

Тергов бўлими ходими Х.Аллақулов яқинлари билан учраштирилмаётгани ҳақидаги саволларга жавоб бермади.

Аллақулов Булоқбоши тумани ИИБ тергов бўлими бошлиғи Сарвар Сиддиқовга телефон қилиб, “чақирув қоғози кеч келгани, қиш куни Тошкентдан Андижонга бориш мушкуллигини” тушунтирган.

«Элтуз» мухбири эшитган аудиода тергов бўлими бошлиғи вазиятни тушуниб, чақирувни бошқа кунга ўтказишга рози бўлади. Афтидан, Ички ишлар вазирлиги ўз вазифаси қолиб, жорий ҳукумат мухолифларидан сиëсий ўч олиш маъракасида ўз ихтиëрига зид тарзда қатнаштирилмоқда.

Иқтисод фанлари доктори, профессор Хидирназар Аллақулов уч ой олдин янги партия тузиш пайига тушгандан буён унга кўринмас кучлар томонидан зарбалар берилмоқда.

“Блогер” номи остида парваришланган троллар армияси ҳам Аллақуловни ëмонотлиқ қилиш учун тиришаëтганлиги кузатилади.

Хидирназар Аллақулов ҳақида икки оғиз сўз. У 1956 йилда Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида туғилган. Термиз давлат университети ректори бўлиб ишлаган вақтида қўл остидаги ножўя ҳаракат қилган амалдорларни ишдан бўшатиб, ўзига душман орттирган.

2002 йилда университет ректорлигига тайинланиб, икки йил ишлагач, маблағларни талон-тарож қилганликда айбланиб ишдан бўшатилган. Сўнг суд орқали ўзининг оқлашишига эришган.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолаган.

Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра, президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар бундан буён октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда бу йилги президент сайлови 24 октябрь куни бўлиб ўтади. Сайловда Каримов даври мероси бўлган мавжуд қўғирчоқ партиялар вакилларигина номзод сифатида қатнашиши кутилмоқда.

Тағин ўқинг
13 июл 2018
Наманган муҳандислик технология институтининг собиқ домласи, талабалари томонидан калтакланганини айтаётган Сирожиддин Ашуров жиноятчилар тегишли жазони олишида президентдан нажот кутмоқда. ...
20 август 2018
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов минган «Мерседес» 20 август куни Бекобод-Тошкент йўлида «Дамас» енгил автомобили билан тўқнашган. Ички ишлар ...
26 сентябр 2016
«Адолат» газетаси (20.09) «Адолат» социал демократик партияси сиёсий кенгаши мажлиси бўлиб ўтгани, унда партиядан Ўзбекистон президенти сайловида иштирок этадиган ...
15 май 2020
Фарғона вилоятининг Бувайда тумани ҳокими Бекзод Ибрагимов 2019 йил 28 январдаги қарори билан 2015 йилдан буён фаолият юритаётган “Сиддиқжонобод ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...