Косонсойда «Cувоқова» директори ўз ишчисини калтаклади
Наманган вилоятининг Косонсой тумани «Cувоқова» корхонаси директори Муҳаммадали Камолов дохил жами тўрт киши ташкилот чилангари Абдулло Эшонхўжаевни 7 апрель куни корхона қоровулхонасида ўласи қилиб калтаклаган.
Натижада мияси чайқалган ва умуртқаси қаттиқ лат еган 33 ёшли Абдулло Эшонхўжаев касалхонага ётқизилган.
Абдуллонинг қариндошларига кўра, Муҳаммадали Камолов ва унинг яқинлари томонидан калтакланишига Абдулло ва бошқа ходимларнинг бошлиқ устидан расман шикоят қилгани сабаб бўлган.
«Сувоқова» корхонаси ходимларидан бирининг «Элтуз»га маълум қилишича, Муҳаммадали Камолов ташкилот ходимларини ўзининг бешта қорамолини боқишга мажбурлаган, уларнинг маошларини ўз вақтида тўламаган.
Абдулло Эшонхўжаев бошлиғи устидан ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят ёзган эса-да, унинг аризасини ҳеч ким расмийлаштирмаётир.
“Уч кун бўлди, бу ишни Косонсой ҳокими Баҳодир Юсупов бости-бости қиляпти, ҳеч ким арзимизни эшитмаяпти. Милиция, прокуратура ва шифохонада жабрдийдага босимлар бўляпти,” деди Абдулло Эшонхўжаевнинг яқинларидан бири.
«Элтуз» мазкур ҳодисани кузатишда давом этади.