Асосий мавзулар
18 август 2021

Қозоғистон ва Ўзбекистон жамоатчилик ишончини қозонмаган вакциналар билан тажриба ўтказмоқда

Марказий Осиёнинг йирик давлатлари коронавирусга қарши чуқур ўрганилмаган вакциналардан фойдаланмоқда. Уларда танлов борми?

Тўққиз ойлик глобал эмлашдан сўнг Ғарбнинг бадавлат мамлакатлари ревакцинациянинг моҳияти ҳақида баҳслашаётган ва дунёнинг қашшоқ аҳоли қатламлари пандемияни секинлаштириш мақсадида етарли дозани олиш учун курашаётган бир пайтда Марказий Осиёнинг иккита мамлакати вакцина бўшлиғини ёпишга ҳаракат қилмоқда. Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам клиник тадқиқотлар маълумотлари чекланган вакциналар тарқатилмоқда.

Вакцинадан қўрқаётган аҳолини эмлашга ишонтириш муаммо бўлган бир вақтда ҳар икки мамлакат расмийлари ўзларининг катта ютуқлари билан мақтаниш учун статистикадан фойдаланмоқда.

Аниқроқ айтганда, вакциналарнинг, хоҳ у Қозоғистонда ишлаб чиқарилган бўлсин, хоҳ Хитойда, хавфлилик даражаси ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.

Ғарблик айрим экспертлар ҳукуматлар оғир вазиятда эканини тўғри қабул қилишмоқда.

“Мен бошқача бўлишини хоҳлардим, лекин йўқдан кўра бори яхши, – дейди Теннеси штатидаги Вандербилт университети тиббиёт марказидаги CОVID тадқиқоти лойиҳаси вакили, вирусолог Санжай Мишра.

Клиник синовлар бу тарзда ишламаслиги керак. Аммо биз бўшлиқ қолдирдик. АҚШ, Ғарб ва Ҳиндистон қилишлари мумкин бўлган ишларида муваффақиятсизликка учради. Агар вакцина ишлаб чиқиш пойгасини глобал ҳаракат деб билишса, улар бошқа мамлакатларга ҳам вакциналар беришлари мумкин эди”.

“Хитой-ўзбек” вакцинаси

Февраль ойида Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқа ҳеч бир жойда мавжуд бўлмаган Хитой вакцинаси Ўзбекистон уни синовдан ўтказишда ёрдам бергани шарафига қайта номланганини эълон қилди.

“Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси “ZF-UZ-VAC 2001”га “UZ”ни қўшиб, Ўзбекистонга 1 ва 2-босқич клиник синовларини ўтказгани учун миннатдорлик билдирди. (Хитой чет элда синовлар ўтказиши керак эди, чунки ўтган йили жуда кам хитойликлар касал бўлган).

7000 кўнгилли иштирокидаги синовларнинг учинчи босқичи бошланганидан кўп ўтмай, ўзбек назоратчилари дорини хавфсиз деб ҳисоблади ва бир неча ҳафта ўтгач, фавқулодда рухсатнома берган биринчи мамлакат бўлди (ҳозирча фақат Хитой қўшилди).

Инновация вазири ўринбосари маҳаллий журналистларга у ва оиласи инъекция қилинганини ҳамда ўзларини яхши ҳис этаётганини таъкидлади. Бу нафақат “тўлиқ хавфсиз”, балки “97 фоиз” антитанача ишлаб чиқаришда самарали бўлган. (Таъсирли туюлади, лекин вакцинанинг самарадорлиги бу тарзда ўлчанмайди).

“Хитой-ўзбек” инъекцияси таниш усулдан фойдаланади: коронавирусни қоплайдиган оқсиллардан бирини юбориш, танага вирусни танишни ва инфекцияга қарши курашишни ўргатиш. Бу 60 кун давомида олинадиган уч дозани талаб қилади. Инновация вазирлиги шу ойда маҳаллий ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштираётганини билдирди.

Бугунги кунга қадар миллионлаб ўзбекистонлик бу дорини олишган. Август ойи бошига келиб Ўзбекистон 10,5 миллион доза вакцина импорт қилди. Деярли барча ҳарбийлар бир неча дозани қабул қилишган. Бироқ унинг хавфсиз ёки самарали эканини аниқлаш учун 3-босқич маълумотлари ҳали йўқ.

Инновация вазирлиги матбуот котиби Назокат Абдуқундузованинг айтишича, 3-босқич маълумотларининг етишмаслигида ғайриоддийлик йўқ.

“Ҳатто [Россиянинг] Спутник [V] ҳам 3-босқич синовларини тугатмаган, – деди у Eurasianetга. – Кўплаб вакциналар учун 3-босқич синовлари ҳали якунланмаган ва жараён давом этмоқда. Яъни бу жараён фақат бизда давом этаётгани йўқ”.

Унинг қўшимча қилишича, 3-босқич синовлари натижалари келаси ой эълон қилинади.

“Бу ғайриоддий туюлса-да, биз қила оладиган энг яхши нарса – бу расмийлар ўз ишини тўғри бажараётганига ишонч ҳосил қилиш”, деди Вандербилт университети вакили Мишра.

QazVac

Бутун дунё олимлари COVID-19га қарши вакциналар ишлаб чиқаришга киришган бир пайтда Қозоғистон Давлат биологик хавфсизлик илмий-тадқиқот институти ҳам ташиш осон бўлган инактив вакцинани (иммун жавобини яратиш учун инъекция қилинган ўлик вирусни) яратиш вазифасини ўз зиммасига олди.

27 январга келиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маҳаллий QazVac (“QazCovid-in” деб ҳам аталади)ни икки дозадан сўнг “96 фоиз самарали”, деб эълон қилди. Бу 1-босқич тадқиқотлари тугашидан уч ой олдин эди.

1 aпрелга келиб президент Қосим-Жомарт Тўқаев вакцинани амалиётда қўллаш сустлигидан ғазабланиб, агар ой охиригача бу жараён тезлаштирилмаса, соғлиқни сақлаш вазири ва бошқа юқори лавозимли амалдорларни ишдан бўшатиш билан таҳдид қилди.

26 апрелда QazVacнинг оммавий тарқатилиши бошланди. Биринчилардан бўлиб соғлиқни сақлаш вазири эмланди.

“Бу мутлақо хавфсиз эканлиги исботланди”, деб эълон қилди бош вазирнинг веб-сайти ва QazVac “Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг [эмлаш] кузатув тизимига киритилгани”ни қўшимча қилди.

Қозоғистон расмийлари ЖССТ номини оммавий тилга олишни хуш кўради. Май ойи охирида президент ташкилот раҳбари доктор Тедрос Адҳан Гебреесусга телефон қилиб, QazVac ҳақида гапириб берди, деб хабар қилмоқда давлат матбуоти. У бунинг “96 фоиз самарали” эканини таъкидлади. Аммо ЖССТ ишлаб чиқилаётган вакциналарни кузатади (ҳозир 110 та), бу тасдиқ белгиси эмас.

Қозоғистонлик шифокорлар ноқулай вазиятда қолишган. Ижтимоий тармоқларда Covid-19 ҳақидаги саволларга жавоб берадиган шифокорлар гуруҳи – Medsupportkz июнь ойи бошида ишлаб чиқарувчилар клиник синов маълумотларини эълон қилмагунча, вакцинани тасдиқлай олмаслигини билдирди. Гуруҳ, шунингдек, 96 фоизлик даъвога шубҳа билдирди.

Кейин вакцинани ишлаб чиққан лабораторияни назорат қилувчи таълим ва фан вазири Асхат Аймагамбетов аралашди. У 11 июнь куни QazVacни омма олдида ҳимоя қилган ҳолда иккита халқаро тиббий журнал тадқиқотларнинг 1 ва 2-босқич синовлари натижаларини текшираётганини хабар қилди.

Eurasianet ўтган ҳафта вазирнинг офисига қўнғироқ қилди ва у қайси тиббий журналларни назарда тутгани ҳақида жавоб ололмади.

“QazVac билан боғлиқ муаммо шундаки, бу вакцина ҳақида маълумот йўқ. Ҳукумат унинг қандай ишлаб чиқилгани ва клиник синовлар натижалари ҳақида батафсил маълумот бермаяпти, – деди Medsupportkz шифокорларидан бири Бўтакўз Каукенова Eurasianetга. – Аҳоли бу доридан шубҳаланмоқда ва бунинг жуда кўп сабаблари бор”.

Қозоғистонда қўлланиладиган 10,8 миллион дозалик вакциналарнинг аксарияти Спутник V бўлиб, у мамлакатда лицензия асосида ишлаб чиқарилади. QazVacнинг роли тўлиқ аниқ эмас. Тахминан бир ой олдин расмийлар ундан атиги 120 минг доза ишлатилганини айтишган, яна 25 минг доза Қирғизистонга юборилган.

Шифокорлар скептицизмга қарши

Марказий Осиёда вакциналар борасидаги ишончсизлик пандемиядан олдин аллақачон муаммо эди. Бу эркин оммавий ахборот воситалари камлиги, таълим тизими заифлиги ва ҳокимиятга тизимли ишончсизлик бўлган минтақадаги ижтимоий тармоқларнинг ғийбатлари билан боғлиқ.

Бу ёзда Қозоғистонда бепул эмланиш мумкин бўлган бир пайтда сохта вакцина паспорти учун пул тўлаётган ўнлаб одамлар қўлга олинди. Жорий ойда Ўзбекистонда ўтказилган сўров кўрсатдики, респондентларнинг 36 фоиздан кўпроғи эмлашдан бош тортишади. Сўровда индивидуал вакциналар ҳақида маълумотлар келтирилмаган, бироқ март ойида ўтказилган яна бир тадқиқотнинг кўрсатишича, ўзбекистонликларнинг атиги 8 фоизи хитой-ўзбек вакцинасига рози.

Аммо агар ҳукумат кўрсаткичлари тўғри бўлса, ҳар икки давлат ҳам вакцина таъминотида қўшниларидан анча олдинда, иккаласи ҳам минтақадаги вакциналар бўйича кенг қамровли талабларни киритди.

Мишра сингари мутахассис учун, “дельта” варианти бутун дунёдаги касалхоналарни қамраб олаётганини ҳисобга олсак, кутишдан кўра вакцина олиш яхшироқдир.

“Ростини айтсам, Ғарбда эмлашларнинг ҳеч бири анъанавий тартибда ўтказилмаган, – деди у. – Агар вакциналар “ҳар қандай шароитда вирус тарқалишини секинлаштирса, бу жуда яхши”.

Манба: Eurasianet.org

Тағин ўқинг
15 май 2016
Республика Бош прокуратураси Тошкент шаҳрида жойлашган олий ўқув юртлари ўқитувчи-профессорларидан пора олмаслик ҳақида кафолат хати ëздириб олди. Бу кафолат ...
13 сентябр 2018
Андижон вилоятида оммавий пахта йиғим терими ҳали бошланмаган бўлса-да, 10 сентябрь куни бюджет ишчи-хизматчиларининг дастлабки гуруҳи 10 кунлик ётоққа ...
22 январ 2019
Афтидан Ахборот технологиялари ва коммуникациясини ривожлантириш вазирлигидагиларнинг юмор ҳисси кучли. Интернетдан тўсиб қўйилган, илгари VPNсиз кириб бўлмайдиган сайтларнинг ишлаб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...