• Суратда: Равшан Зокиров, Quyun MЧЖ рахбарларидан бири
Асосий мавзулар
1 феврал 2022

Гипсокартон уйлардаги носоз дудбўронлар ҳозирча беш кишини ўлдирди

Тошкент шаҳрининг турли ҳудудларида ака-ука Зокировларга қарашли “Quyun” МЧЖ томонидан барпо этилган уйларда қурилиш ва хавфсизлик талаблари қўпол равишда бузилгани оқибатида шу кунгача беш фуқаро ҳалок бўлгани ортидан ушбу МЧЖ раҳбари ҳибсга олинди. 

Аслида “Quyun” МЧЖга оид жиноят ишлари тарихи амалдорларнинг қурилиш соҳасидаги муаммоларга бефарқлиги, кенг кўламдаги коррупция ҳолатлари мавжудлигидан дарак беради. 

“Элтуз”да мавжуд суд материаллари маълумотларидан маълум бўлишича, мазкур МЧЖ Юнусобод тумани Хушнаво кўчасида қурган икки қаватли 6-уйдаги хонадонлардан бирида 2018 йил 1 ноябрда уч фуқаро ис газидан заҳарланиш оқибатида ўлган. 

Ёлланма ишчи сифатида турли қурилиш-пардозлаш юмушларини бажариб келган Р.Мамажонов, А.Ёқубжонов ва Р.Каримовнинг ўлимига хонадондаги газ иситиш ускуналари носозлиги оқибатида газ сизиб чиқиши сабаб бўлган. 

Тергов суриштирувлари давомида 6-уйда ўрнатилган газ иситиш ускуналари хорижда аввал фойдаланишда бўлгани, дудбўрони эса пластмасса қувурдан ясалгани аниқланган. Натижада фойдаланиш вақтида дудбўрон эриб, носозлик юзага келган. 

Суд материалларини ўқир экансиз, янада аянчли фактларга дуч келасиз: уй пойдеворсиз қурилган, ички деворлар эса гипсокартондан қилинган!

Судда жабрланувчи сифатида кўрсатма берган Валентина Бросалинанинг айтишича, дастлаб яхши ҳолатда бўлган уйда кўчиб келганидан ярим йил ўтганидан сўнг муаммолар юзага чиқа бошлаган. Илк зилзиладаёқ деворларда ёриқлар пайдо бўлган, вентиляция яхши ишламаган.

Бошқа жабрланувчилар ҳам судда берган кўрсатмаларида шу каби муаммолар қаторида газ ҳиди чиқиши ҳам кузатилганини билдирган. 

Жумладан, жабрланувчи Феруза Мустоқова хонадон ҳожатхонасидан сув тошгани, плинтуслар тагидан ўт ўсиб чиққани, дераза ромлари эриб кетгани каби камчиликлар ҳақида судда кўрсатма берган. 

Уч йигитнинг ўлими ортидан судга тортилган қурувчи ташкилот ва носоз газ иситиш ускуналари етказиб берган фирма раҳбари эса суддан деярли қуруқ чиқиб кетди. 

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судининг 2019 йил 22 августдаги ҳукми билан “Quyun” МЧЖ директори Азиз Зокиров бир йил муддатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси билан қутулди. 

Носоз газ иситиш ускуналари етказиб берган “Kilovatt plyus” МЧЖ раҳбари Акбархўжа Қўчқоров бир йил муддатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, икки йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди. 

Ишга айбланувчи сифатида жалб этилган, фаолияти хонадонлардаги дудбўрон ва шамоллатиш йўлларини кўрикдан ўтказишдан иборат бўлган “UCHQUN TA’MIR SERVIS” МЧЖ (айнан шу фирма 6-уйдаги дудбўронлар созлиги ҳақида далолатнома берган) раҳбари Ҳасан Йўлдошев эса 10 миллион сўмдан кўпроқ жарима билан “сийланди”.

Албатта, судьянинг бундай “инсонпарвар”лиги жабрланувчиларни қониқтирмади. Бироқ кейинроқ апелляция инстанцияси ҳам дастлабки суд ҳукмини ўз кучида қолдириб, судьялар “бирдамлиги”ни намойиш этди.

Дастлабки суд “Quyun” МЧЖ томонидан қурилган, яшаш учун хавфли бўлган хонадонлар эгаларининг моддий ва маънавий зарарларни ундириш тўғрисидаги сўровларини ҳал этмай, уларга бу масалада фуқаролик ишлари судига мурожаат этишни тавсия этиш билан чекланди. 

Суд инстанцияларининг бундай ҳотамтойлиги яна икки фуқаро учун қимматга тушди. “Quyun” МЧЖ қурган уйларда 2020 йилнинг 8 февраль куни Шуҳрат Хўжамқулов, ўша йили 10 октябрда Муқаддас Беркинова исм-шарифли шахслар ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этди. 

Мазкур ўлимлар юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида фақат 2021 йил 19 декабрга келибгина суд “Quyun” МЧЖ директори Азиз Зокировни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисида ажрим чиқарди.

“Элтуз”га мурожаат этган жабрланувчилар қурилиш ва хавфсизлик талаблари қўпол равишда бузилган ҳолда уйлар қурилишида асосий иштирокчилардан бири бўлган Равшан Зокиров ҳамон озодликда қолаётгани, унга нисбатан ҳеч қандай жазо чоралари қўлланилмаётганидан шикоят қилди.

Уларнинг билдиришича, уйларни сотишга Равшан Зокиров бош-қош бўлган. Носоз газ ускуналари ўрнатилиши, уйларнинг мавжуд қурилиш талабларига зид равишда бунёд этилишида унинг иштирок жуда катта. 

“Агар коррупция бўлмаганда, бундай қурбонликлар бўлмасди. Билмайман, амалдорлар зудлик билан чора кўриши учун яна неча киши ҳалок бўлиши керак”, дейди мурожаатчилардан бири “Элтуз”га йўллаган мактубида.

Мурожаатчиларнинг амалдорлардан ёзғиришига сабаб бор, албатта. Чунки улар ўзлари яшаётган хонадонлардаги муаммолар тўғрисида ҳокимликларга, президентнинг халқ қабулхонасига, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ҳам йиллар давомида шикоят ёзиб келган. Аммо ҳунузгача бирорта тайинли чора кўрилгани йўқ.

Қизиғи шундаки, “Quyun” МЧЖ қурган сифатсиз уйлар мавзуси маҳаллий матбуот томонидан ҳам ёритилган. Хусусан, 2019 йилнинг 13 декабрида Халқаро пресс клубнинг “Ўзбекистон – 24” телеканали орқали намойиш этилган очиқ мулоқотида Мирзо Улуғбек тумани Риштон торкўчасида жойлашган, авария ҳолатидаги 110-уй масаласи тилга олинган. Бу уй ҳам “Quyun” МЧЖнинг “ижоди”.

Айни уй мавзуси “Ўзбекистон овози” газетасида 2020 йил февралда эълон қилинган “Қоғоздан қурилган уйлар кимнинг ихтироси?” сарлавҳали мақолада ҳам кўтарилган. 

“Иккинчи қават биноси деворлари гипсокартондан экани шундоққина кўриниб турибди, биринчи қаватга нисбатан бир метрлар чамаси ташқарига чиқарилган”, деб ёзади мақола муаллифи. 

Кўриниб турибдики, ҳатто маҳаллий матбуотнинг бонг уриши ҳам амалдорларга кор қилмаган.

Умуман, Ўзбекистонда қурилиш соҳасида коррупция чуқур илдиз отгани мамлакат президенти томонидан ҳам кўп бора танқид қилинган. Ҳатто қишлоқ жойларда унинг ташаббуси билан қурилаётган намунали уйлар сифатсиз экани тўғрисида кунда-кунора хабарлар чиқиб туради.

2021 йил 10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилаётган олти қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган эди.  

Тағин ўқинг
4 май 2017
Ўрислар «живучий» дейди. Ўзбекчада «яшовчан», «чидамли» деб таржима қилинади кўпинча. «Мослашувчан» деб ўгириш ҳам мумкин. Ўзбек матбуотига нисбатан шу ...
14 декабр 2017
Рассом Туз акс эттирган расмдаги бу ҳайвонни биласизми? У қандай ҳайвон? Қаерларда яшайди? Нимадан қўрқади? Кимга бўйсунади? Кимларга ташланади? ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу «Келаëтган меҳмонга ҳалақит бермаслик» ...
22 апрел 2020
Жорий йилнинг март ойида Женева кўли соҳилида жойлашган муҳташам Вильсон саройида (Wilson Palais) Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масалалари муҳокама қилинди. У ерда БМТ Инсон ҳуқуқлари ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...