Асосий мавзулар
24 феврал 2022

ДХХ генерали АҚШ элчихонасини жосусликда айбламоқда

Ўзбекистон шахмат федерацияси АҚШ элчихонасини Ўзбекистон ҳудудида жосуслик фаолиятини амалга ошираётганликда айблади.

@eltuz олиб борган суриштирув АҚШ элчихонасини айблаш иддаоси ортида собиқ МХХ генерали Ҳусан Турдиалиев турганини кўрсатди.

МХХ (ҳозирги ДХХ) хавфсизлик хизматининг истеъфодаги генерали ўтган уч ой давомида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган шахматга оид кўплаб жанжалар марказида турди.

Элтузга маълум бўлишича, сўнгги 23 йил давомида Ўзбекистон шахмат федерациясининг биринчи ўринбосари бўлиб келган генерал Турдиалиев шахмат федерациясининг ҳомийлик маблағлари ва аъзолик бадалларини нотўғри ишлатиш билан боғлиқ коррупция можаросига алоқадордир.

Ички хизмат текшируви хулосасига кўра, генерал Турдиалиев, жумладан, «Марказий Шахмат Клуби» МЧЖ деб номланган ва у директорлигидаги хусусий тузилма ҳисоб рақамларига салкам 185 минг АҚШ доллари (1,86 миллиард сўм) миқдоридаги йирик молиявий активларни олиб қўйганликда айбланмоқда.

Шахмат федерацияси қошидаги «Марказий Шахмат Клуби»дан Рустам Қосимжонов, Нодирбек Абдусатторов ва бошқа кўплаб ўзбек шахмат усталари етишиб чиққан.

Шахматчилар ва уларнинг ота-оналари иддаоларига кўра, Ҳусан Турдиалиевнинг федерацияга диктаторларча бошчилик қилаётгани туфайли ўзбекистонлик шахматчиларга халқаро мусобақаларда бирламчи ёрдам кўрсатилмаётир.

Айни масала юзасидан ота-оналар ва шахматчилардан кўплаб шикоятлар келиб тушгани айтилади.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида шов-шувга сабаб бўлган «олтин балиқ» ҳақидаги воқеа бунга мисол бўла олади.

Хуллас, ўтган йил бошида ўзбекистонлик 16 ёшли халқаро гроссмейстер Жавоҳир Синдаровнинг отаси ва Ҳусан Турдиалиев ўртасидаги можаро ортидан Шахмат федерацияси, атайлаб, Жавоҳир Синдаровга ҳар қандай ёрдам беришдан бош тортади ва ёш шахматчи уни тарк этишга мажбур бўлади.

Бунга жавобан Федерация Бош котиби С. Базарбоев 2021-йил 12-январ куни оммавий ахборот воситалари орқали “федерация олтин балиқ эмас, жамоат ташкилоти” деб таъкидлади.

Шу куни Федерация ҳисоб рақамларидан “Марказий шахмат клуби” МЧЖга 1,76 миллиард сўм (тахминан 175 минг АҚШ доллари) миқдоридаги биринчи транш, кейингисида яна 100 миллион сўм (9,5 минг АҚШ доллари) ўтказилди.

Маҳаллий сайтлар ва телеграм каналларида эълон қилинган маълумотларга кўра, Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган ва кўплаб ўзбекистонлик халқаро гроссмейстер ва жаҳон чемпионлари таҳсил олиб вояга етган Шахмат федерацияси қошидаги «Марказий Шахмат Клуби» хусусийлаштирилгани маълум бўлди.

Танқидчиларига кўра, уч нафар шахс давлат тартиб-қоидаларига хилоф равишда бор-йўғи 7 миллион сўмга (тахминан 650 АҚШ доллари),  «Марказий шахмат клуби»ни сотиб олган.

Бу шахслар Ўзбекистон шахмат оламига нотаниш, аммо генерал Ҳусан Турдиалиевнинг яқин одамлари бўлгани айтилади.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари айни МЧЖнинг шахмат федерациясига тегишли бўлган «Малибу» русумли автомобилни 5 минг АҚШ долларига (53 миллион сўм) арзонлаштирилган (бозор қийматининг ярмидан ҳам камроқ) нархда сотиб олаётгани ҳақидаги маълумотни қизғин муҳокама қилди.

Халқаро ҳакам бўлган генерал Ҳусан Турдиалиев Ўзбекистондаги маҳаллий ва ҳам хорижий мусобақалар натижаларини манипуляция қилишда, шахматчилар, уларнинг мураббийлари ва ота-оналарига босим ўтказиш ва уларни тизимли равишда қўрқитиш, бир қатор шахматчиларни Ўзбекистон шахмат федерацияси аъзолигидан ноҳақ ва хўрловчи тарзда чиқариб юборишда айбланмоқда.

Танқидчиларга кўра, айнан генерал Турдиалиев ўзбекистонлик етакчи гроссмейстерлар, мураббийлар ва халқаро арбитрларнинг Ўзбекистонни мажбуран тарк этишларига сабаб бўлган.

Масалан, шахмат федерацияси билан зиддиятдан сўнг АҚШ терма жамоасида ўйнай бошлаган истеъдодли шахматчи, халқаро гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонова Ўзбекистон шахмат терма жамоасидан кетишига жаноб Турдиалиевни айбдор деб билади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сайдали Йўлдошев ҳам Ҳусан Турдиалиевнинг мураббийлик фаолиятига аралашуви ва “диктатураси” туфайли, тубдан келишмовчиликлар юзага келганидан сўнг, федерацияни тарк этиб, Яқин Шарқ давлатларидан бирига жўнаб кетган.

ШАХМАТ ҚИРОЛИ КАРПОВ ЎЗБЕК  ГЕНЕРАЛИНИ НЕГА ТАНҚИД ҚИЛДИ?

МХХ генералининг «ўзига хос тутуми» дан норози бўлганлар орасида шахмат дунëсининг афсонаси бўлган Анатолий Карпов ҳам бор.

Карпов «шахмат дунëсига сизган генералнинг» «чидаб бўлмас» фаолиятини ўз YouTube порталидаги видеочиқишида танқид қилган эди.

Бундан олдин таниқли англиялик гроссмейстер, FIDE вице-президенти Найжел Шорт каби жаҳон шахмат оламининг таниқли арбоби ҳам «шахматчи генерал» ҳақида гапириб, уни фирибгарлик, интригалар ва ноқонуний равишда халқаро ҳакамлик гувоҳномасини олишда айблаган эди.

Найжел Шорт мақоласидан иқтибос:

«Ушбу устунда мен икки ҳакам кўз олдида содир бўлган «уч марта такрорлаш» қоидасини тан олмаган ҳолатга ишора қилдим. Бу Шоди Паридарни 2007 йилда Макаодаги олтин медалидан маҳрум қилган эди. Бу «ëвузлик» хужжатлашганига эътибор қаратсам. Ёзма далилларга кўра, ана шундай «ёвуз»лардан бири – FIDE делегати ва ўтмиши зиддиятли истиҳборотга бориб тақаладиган Ҳусан Турдиалиев Ўзбекистон шахмат федерацияси бош котиби А.Юнусовни 2001 йилда чемпионлик унвонини олиш учун ариза беришга мажбурлаган. Тегишли тартиб-қоидалар ва зарур ҳужжатларга риоя қилинмаган бу ўзбошимчалик барча қуюшқонларга зиддир. Ҳужжатларда имзоларнинг йўқлиги Грециялик Панагиотис Николопулос раислигидаги Арбитрлар кенгашини аризани маъқуллашдан тўхтата олмади. FIDE хужжатлари бир вақтнинг ўзида бир нечта бошқа аризалар тўлиқ бўлмаган маълумот учун рад этилганлигини кўрсатади.»

Матбуот ва ижтимоий тармоқ платформаларида халқаро ҳакам, гроссмейстер Дмитрий Қаюмовнинг рафиқаси Ирина Қаюмова хонимнинг Ўзбекистон чемпиони Нодирбек Абдусатторовнинг мураббийи, шахматчи Қаюмовлар оиласига қарши «шахматчи генерал» уюштирганлиги айтилган таъқиб тазйиқлар ҳақидаги баёнотлари мавжуд. «Шахматга сизган МХХ генерали» жаноб Турдиалиевнинг халқаро арбитрликка лойиқ эмаслиги ҳақидаги иддаони халқаро ҳакам Ирина Қаюмова ҳам билдирди. Ирина Қаюмова Ҳусан Турдиалиевни халқаро ҳакамлик мақомини олишда қоидабузарликларга йўл қўйганликда айблади. Шу сабабли Турдиалиев халқаро ҳакамлик мақомини олган пайтдаги қоидаларга риоя қилиш бўйича FIDEга расмий сўров юборган.

“Ишончим комилки, унинг халқаро ҳакамлик унвони фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган. Бу мени шахмат билан шуғулланишдан четлаштиришига сабаблардан биридир. Аммо Турдиалиевнинг турнир ҳужжатлари йўқотилмагани ва улар мавжудлигидан хабари йўқ шекилли. У олган унвон масаласи очиқлигича қолмоқда”, – дейди Ирина Қаюмова.

Ўзбекистон шахмат федерациясидаги манбаларга кўра, истеъфодаги генералнинг федерациянинг аввалги раиси, ўтган йиллардаги НАПУ номи билан машҳур бўлган кучли тузилма директори Дмитрий Лига ҳам, вице-президент Азиз Абдуҳакимовга ҳам умуан алоқаси бўлмаган.

Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, 2021-йил январ ойи охирида Федерация раислигига сайланган.

Бироқ, мавжуд маълумотларга кўра, у ўтган ҳафта спорт вазири портфелидан айрилганидан кейин бу лавозимда узоқ қолмайди.

МХХ генаралини мақтаганга 700 доллар!

Жорий йилнинг 15-16 феврал кунларига белгиланган Федерация конференцияси Бош вазир ўринбосаридан кўра Турдиалиевга қулайроқ бўлган кечроқ муддатга кўчирилди.

Кечиктирилган Конференция делегатларидан бирининг сўзларига кўра, маърузачиларга Турдиалиевни мадҳ этувчи олдиндан тайёрланган матнлар берилган. Тайёрланган матнни Конференцияда ёдлаб айтиб беришга розилик берганликлари учун гонорар сифатида 700 АҚШ доллари тўланган.

Бу айбловларнинг матбуотда эълон қилиниши ва кўплаб шахматчиларнинг Ҳусан Турдиалиевни истеъфога чиқишни талаб қилишларига жавобан жорий йилнинг 16 ва 17 феврал кунлари МХХ генарали тарафдорлари ўзига хос юриш қилди.

Ўзини шахмат спорти фахрийси деб атаган бир гуруҳ шахслар Ўзбекистон шахмат федерациясининг расмий манбаларида (телеграм канали ва Фаcебоок ижтимоий тармоғида) чиқиш қилиб, МХХ генералига «шак келтирган» шаккокларни қоралашди, уларнинг айбловларига раддия билдиришди.

Элтуз мухбири ўқиган бу коллектив мактубда шахмат бошқарувидаги жорий тутумга турли мақтовлардан ташқари Турдиалиевнинг шахмат федерациясидаги 23 йиллик фаолияти мадҳ этилган.

Баёнотда Ўзбекистон шахматчиларининг барча ютуқлари шахматчиларнинг ўзлари, мураббийлар ва ота-оналарнинг эмас, фақат бир шахс – МХХ генералининг хизматлари деб аталади.

Советча жосус жосус паранояси

Ўзларини «таниқли шахматчи» деб атаган гуруҳ номидан ташкиллаштирилган баëнотда АҚШ элчихонаси Ўзбекистон ҳудудида ноқонуний жосуслик фаолиятини амалга оширишда айбланади.

Баëнотда шахмат юлдузи бўлган Тоҳиржонованинг грант олиши ҳам шубҳа остига олинган.

«Яна бир қизиқ факт шуки, мамлакатимизнинг бошқа фуқаролари АҚШга бориш учун мунтазам виза олишда муаммоларга дуч келаётган бир пайтда Гулруҳбегим Тоҳиржонова АҚШ элчихонаси кўмагида 150 минг доллар миқдорида грант олди. Ахир, халқимизда шамол бўлмаса, теракнинг учи қимирламайди, деган ҳикматли нақл бор-ку!»

Баëнот муаллифлари «жосус»нинг исмини ҳам келтирганлар:

«Федерациямизга тушган маълумотларга кўра, Гулруҳбегимнинг турли мусобақаларда АҚШ байроғи остида иштирок этиши ортида АҚШ махсус хизматларининг Алекс Клиппер исмли вакили турибди. Офицер 2017-2018 йилларда АҚШ элчихонасида бўлган вақтида Тоҳиржоновлар томонидан асос солинган Sky Chess клубининг доимий меҳмони бўлган ”, дейилади Ўзбекистон шахмат федерациясининг расмий манбаларида эълон қилинган баёнотда.

Вазиятни Федерация ичидан яхши биладиган одамларга кўра, мазкур баёнотни Турдиалиевнинг ўзи тайёрлаган ва имзо қўйганлар шахматчилар жамоасининг вакиллари эмас, шунчаки, унинг итоаткор яқин доира мансублари холос.

Аксарият гроссмейстерлар, етакчи шахматчилар ва мураббийлар у таклиф қилган баёнотга имзо чекишдан бош тортганини Элтузга айтишди.

Баёнот матни икки  тилда – ўзбек ва рус тилларида чоп этилган.

Эътиборлиси, баёнотнинг асл матнида жосуслик ҳақидаги матннинг бир қисми бир шахс номидан ёзилган. Матннинг қолган қисмида эса кўплик қўлланган.

Бу жаноб Турдиалиев ўзининг махсус хизматлардаги манбаларидан махфий маълумотларни эҳтиётсизлик билан сизиб чиқарган деган версияни билвосита тасдиқлайди.

Баëнот ҳозирги кунда тармоқдан ўчириб ташланган.

Аммо Элтузда Ўзбекистон шахмат федерациясининг расмий манбаларида эълон қилинган баёнотнинг фақат кеш версияси мавжуд.

Таҳририят баёнот матнини синчковлик билан ўрганиб чиқди ва шу муносабат билан бир қатор жиддий саволлар туғилади:

1.  Бу демарш АКШ ва Ўзбекистон ўртасида икки томонлама дипломатик алоқалар ўрнатилганининг юбилей йилида икки давлатнинг сиёсий муносабатларига салбий таъсир қилмайдими?

2.  АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Ўзбекистон шахмат федерацияси баёнотида АҚШ разведка хизматларининг эҳтимолий вакили жаноб Алекс Клиппернинг уй эгаси ҳудудида ноқонуний жосуслик фаолиятини амалга оширишдаги фаолияти ҳақидаги маълумотни тасдиқлайдими ёки рад этадими?

3.  Расмий Тошкент АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ниқоби остида ўз ҳудудидаги жосуслик фаолиятииддаоларга қандай қарайди?

4.  Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (Миллий хавфсизлик хизматининг вориси) хорижий давлат махсус хизматининг собиқ ходимларидан бири томонидан Ўзбекистон ҳудудида резидентлиги тўғрисидаги маълумотларнинг сизиб чиқиб кетиши эҳтимоли бўйича расмий муносабат билдирадими?

Элтуз Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизматига, шунингдек, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Роземблумга тегишли сўровлар йўллаган ва яқин кунларда батафсил жавоб олишга умид қилмоқда.

Элтуз собиқ МХХ зобитларининг Ўзбекистон янги сиëсати ғилдирагига хода тиқаëтгани эпизодларини ўрганишда давом этади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 декабр 2019
7 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев, ҳар йилги анъанага кўра, Ўзбекистон Конституциясининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда нутқ сўзлади. ...
7 март 2017
Андижон шаҳрида яшовчи Ҳ. жуда келишган, кўркам йигит. Махалладошлари уни машҳур футболчи Криштиану Роналдуга ўхшатишади. Қўшниларининг айтишича, Ҳ. ақлли, ...
12 феврал 2016
«Замондош» сайти муҳаррири бўлган Ризо Обиднинг калласи ишлаб қолди. Боши бориб тошга текканидан сўнг ишлаб кетди шекилли. Галима Бухарбаева ...
28 ноябр 2022
2014 йилнинг декабрида Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди Ўзбекистон давлат санъат музейи бош муҳофизи Мирфайз Усмоновни 9 йилу ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...