Асосий мавзулар
22 апрел 2022

Ҳайкалга ҳалақит бермаслиги учун бино бошидан жудо қилинди

“Smart Houses” МЧЖ томонидан Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида қурилаётган уй-жойларнинг улушдорлари мазкур биноларда қурилиш ишлари якунига етказилмаётгани, кўплар фирибгарлик қурбонига айланганидан шикоят қилмоқда. 

Маълум бўлишича, ушбу корхона тумандаги Ғалаба боғи ёнида 8 қаватли, 7 та блокда 200 дан зиёд хонадондан иборат “Олмазор” турар жой мажмуасини улуш киритиш шарти билан қуришни 2018 йилда бошлаган. 

Улушдорлар билан тузилган шартномага кўра, “Smart Houses” 2020 йил 31 декабрь кунига қадар уйларни қуриб битказиши белгиланган бўлса-да, ишлар ниҳоясига етказилмаган. 

Улушдорларнинг Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева номига жўнатилган шикоят аризасида айтилишича, МЧЖ раҳбари Расулжон Файзиевдан бу ҳақда изоҳ сўралганида, у асосланмаган турли баҳона ва важлари келтириб, улушдорлар билан алоқага чиқишдан бош тортиб келмоқда. 

“Натижада юздан ортиқ оила ўз хонадонига эга бўла олмай жабр чекмоқда. Янги уйли бўлиш ниятида тўлов қилган аксарият оилалар турар жойини сотиб, ижарага квартира олиб яшашга мажбур бўлиб келмоқда. Ҳатто баъзи оила вакиллари шу муаммоли вазият туфайли касалликка чалиниб, уйи битишини кўролмай вафот этиб кетди”, дейилади аризада. 

Нусхаси “Элтуз”да мавжуд мазкур аризадан маълум бўлишича, корхона раҳбари 8 қаватга мўлжалланган қурилиш объекти шу яқинда жойлашган Ғалаба боғидаги монумент баландлигидан юқори бўлиб қолаётгани сабабли тепа қаватларни қуришга давлат ташкилотлари томонидан рухсат берилмаганини айтган. 

Олдиндан 100 фоиз тўлов қилиб қўйган юқори (6, 7, 8) қаватлардаги хонадон эгалари бундан огоҳлантирилмаган ва улушига мос равишда бошқа қаватга ўтказилмаган.

Улушдорларнинг билдиришича, муаммоли вазиятни ҳал қилиш мақсадида бир неча ой олдин Олмазор тумани ҳокимлиги ва туман прокуратураси иқтисодий жиноятлар департаментига мурожаат билан чиқилган бўлса-да, вазият ижобий томонга ўзгармаган. 

Аҳоли вакиллари Ўзбекистон Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери, Бош прокурор, ДХХ раиси, ички ишлар ва қурилиш вазирлари номига ҳам жамоавий ариза йўллаган. Шундан сўнггина 2022 йил январь ойида мурожаатни кўриб чиқиш ва қонуний чора кўриш учун иш туман ИИБга юклатилган. 

Аризадан маълум қилинишича, бир неча ой олдин Расулжон Файзиев МЧЖ раҳбарлиги ва таъсисчиликни бошқа шахсга ўтказиб берган ва ўзи ғойиб бўлган (чет элга чиқиб кетган деб гумон қилинмоқда). Унинг хатти-ҳаракатларида жиноят (фирибгарлик) аломатлари аниқлангани сабабли иш туман прокуратурасига ўтказилган. 

“Бу давр мобайнида МЧЖга тайинланган янги раҳбар юқори қаватларни қуришга рухсат олиш ҳаракатларини бошлаган. Аммо жорий йил 2 апрелга келиб туман ҳокимининг оғзаки буйруғи асосида (суд қарорисиз) чала бўлса ҳам қурилган 6 ва 7-қаватлар тўлиқ бузиб ташланди. 

Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг ўз норозилигини билдириш учун ижтимоий тармоқлар орқали ҳукуматга видеомурожаат билан чиқишига ва мамлакат раҳбаридан ёрдам сўраб мурожаат қилишига сабаб бўлди. 

3 апрель куни аҳоли вакиллари Тошкент шаҳри ҳокими қабулига борганида эса туман мутасаддилари томонидан учрашув ўтказилишига йўл қўйилмади”, дейилади шикоятда. 

Улушдорларнинг сўзларига кўра, ҳозир тергов сабаб МЧЖ фаолияти тўхтатилди ва суриштирув-тергов ишлари олиб борилмоқда. Устидан жиноят иши қўзғатилган собиқ раҳбар Расулжон Файзиев 1 та квартирани 2 та одамга сотганликда ҳам гумон қилинмоқда. 

Ҳозирги вақтда юқори (6,7,8) қаватлардаги бузиб ташланган ва қуришга рухсат этилмаётган хонадонларнинг 20 дан ортиқ улушдори вазиятдан энг кўп азият чекмоқда. Уларнинг аксарияти вилоятлик бўлиб, бегона давлатларда ҳалол меҳнати билан бир неча йиллаб йиққан маблағини уйга тиккан. Энди улар на тиккан пулини, на янги уйини ололмаётгани ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. 

“МЧЖга тайинланган янги раҳбар эса имкон беришса қуриб берамиз, аммо шунча инсоннинг пулини қоплаб беришга ҳозир шароитимиз йўқ, деб жавоб беряпти. Тергов ва суд, қолаверса, ундириш жараёни узоқ вақт талаб қилиши сабаб пастки қаватлар битказилиб, эгаларига топширилиши ҳам кечикиши тайин. 

Бу эса, ўз навбатида, шу (1-5) қаватлардан уй олган фуқаролар норозилигига ва келишмовчиликларга ҳам сабаб бўлмоқда”, дейилади улушдорларнинг Сенат раисига жўнатилган шикоят аризасида. 

Улар Танзила Норбоевадан муаммоли вазиятни ечимини топишда амалий ёрдам сўраб, “одил ечим” сифатида ўз таклифини ҳам билдирган. 

“Қурилиши тугалланмаган бино ёнида ушбу МЧЖга қарашли яқинда битган ва эгаларига қисман топширилган уй-жой мажмуасидан бўш (ёхуд ноқонуний расмийлаштирилган) хонадонларни;

Қурилиши тугалланмаган пастки қаватлардаги бўш (ёхуд ноқонуний расмийлаштирилган) хонадонларни ундириб бериш;

Қурилишга туташ ҳудуддан қўшимча жой ажратиб, қурилишига рухсат этилмаётган 3 та қаватдаги хонадонлар улушдорларига уй қуриб бериш масъулиятини МЧЖнинг янги раҳбариятига юклаш масаласини шахсан назоратингизга олишингизни илтимос қиламиз”, дейилади аризада. 

Тағин ўқинг
26 октябр 2020
Ҳаммани турли тўловларга мажбурлайдиган Мажбурий тўлов бюроси ходимларининг ўзи мажбурий пахта теримига мажбурланмоқда.  “Мажбур” сўзи устида қурилган бу гап ...
16 январ 2024
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистонда ҳибсга олинган криминал авторитет Салим Абдувалиев қирғизистонлик депутат Эмил Жамғирчиев билан биргаликда президент Садир ...
31 январ 2024
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатида шу йилнинг 18 январь куни ўқувчилар овқатдан заҳарланганлиги ҳақида Элтуз хабар бергани ортидан ...
30 ноябр 2018
2018 йилнинг 29 ноябрь куни Хоразм вилояти жиноят ишлари суди биносида журналист Давлатназар Рўзметов иши бўйича апелляция суди мажлиси ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...