АЙҒОҚЧИЛИК, МАХФИЙ ДИПЛОМАТИЯ ВА УРУШ
Ушбу мақола The Washington Post газетасининг АҚШ иттифоқчиларини ва Зеленскийни уруш муқаррарлигига қандай ишонтиришга ҳаракат қилгани борасидаги текширувлари асосида тайёрланган.
“Элтуз” мақоланинг қисқартирилган таржимасини эътиборингизга ҳавол этади
ВАШИНГТОН
Октябрь ойининг қуёшли тонгида разведка, Пентагон ва Давлат департаменти раҳбарлари президент Байден билан шошилинч учрашиш учун Оқ уйдаги Овал кабинетга йиғилди. Уларнинг қўлида ўта махфий – сунъий йўлдошдан олинган суратлар, радио ва электрон йўл билан қўлга киритилган маълумотлар, манбаларнинг ахборотлари бор эди. Буларнинг барчаси Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан дарак берарди.
Бир неча ойдан буён Оқ уй Путин Украина чегараси бўйлаб ўнлаб минг аскар, танклар ва учириш қурилмаларини жойлаштираётганини хавотир билан кузатди. Бутун ёз давомида миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан Россия ва Украинага оид тобора кўпайиб бораётган разведка маълумотлари билан ишлашига тўғри келди. Охир-оқибатда у Овал кабинетда президент Байден иштирокида мажлис ўтказишни талаб қилди.
Унда, шунингдек, вице президент Камала Ҳаррис, давлат котиби Энтони Блинкен, мудофаа вазири Лллойд Остин ва Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генарал Марк А.Милли иштирок этди. Бундан ташқари, Миллий разведка бошлиғи Эврил Ҳейнс ва МРБ раҳбари Уильям Бернс ҳозир бўлди.
Мажлисда Салливан ҳисобот берди, лекин барча идоралар раҳбарлари бир фикрда якдил эдилар: Путининг тезкор режалари тўғрисидаги разведка маълумотлари, Украина чегараси бўйлаб қўшинлар жойлаштиришнинг янги схемалари кенг кўламли ҳужумга тайёргарлик кўрилаётганини кўрсатиб турибди.
Бу маълумотлар Россия сиёсий раҳбарияти ва армиясидаги, шунингдек, бевосита ҳарбий қисмлардаги бошлиқлар даражасидаги кўплаб манбалардан олинганди. Буларнинг барчаси таҳдидли манзарани ифодаларди: 2014 йилдагидан фарқли ўлароқ, Путин мамлакатнинг катта қисмини босиб олишни режалаштирган.
Генерал Милли харитадан Россия қўшинларининг жойлашувини ва Украинанинг улар босиб олишни режалаштирган ҳудудларини кўрсатди. Бу НАТОнинг шарқий қанотига таҳдид туғдириши ва Европанинг Иккинчи жаҳон урушидан кейин яратилган хавфсизлик архитектурасини вайрон қилиши мумкин бўлган ҳайратомуз режа эди.
Ўша куни генерал Милли Путиннинг ҳарбий режасини тавсифлаб берди: “Улар Украинага бир пайтнинг ўзида бир неча йўналишда йирик стратегик ҳужум уюштиришни мўлжалламоқда. Бу уларнинг ўзига хос “Шок ва қўрқув” версиясидир (АҚШ 203 йилда Ироқда амалга оширган ҳарбий операциянинг номи).
Дастлабки режага кўра, Россия армияси Киевга шимол томондан икки йўналишида ҳужум қилиши керак эди. Пойтахтни қамал қилиб, рус қўшинлари Киевни уч-тўрт кунда эгаллашни кўзлаганди. Ўз навбатида, махсус кучлар президент Владимир Зеленскийни ҳокимиятдан четлатиб, агар зарур бўлса ўлдириб, Кремлга содиқ бўлган қўғирчоқ ҳукумат тузиши лозим эди.
Биро вақтнинг ўзида ҳужум шарқдан ҳам бошланиб, марказий Украина Днепргача ишғол этилиши, Қримдаги қўшинлар жануби-шарқий қирғоқларни эгаллаши назарда тутилганди.
Кремль бутун операцияни бир неча ҳафтада якунлашни режалаштирганди.
Қайта гуруҳланиш ва қайта қуролланиш учун оператив танаффусдан сўнг қўшинлар ғарбга, Молдовадан Беларус ғарбигача бўлган йўналишда ҳаракат қилиши зарур эди. Украина ғарбига ҳужум режалаштирилмаганди – у ерда Украина давлати қолдиғи қолиши керак эди. Путиннинг фикрича, бу ҳудудда тузатиб бўлмайдиган “неонацистлар-русофоблар” яшайди.
Кейинроқ Эврил Ҳейнснинг айтишича, Кремлнинг урушга оид махфий режаси борасида АҚШ разведкаси қўлга киритган маълумотлар “фавқулодда батафсил” эди.
Уларда нафақат қўшинлар ва қурол-яроғ тизими, оператив стратегия деталлари, балки ҳатто, “масалан, пандемияга қарши кураш каби кечиктириб бўлмайган эҳтиёжлар учун ресурслар етишмаётган бир пайтда фавқулодда ҳарбий операциялар ва резерв кучлар ташкил этиш жамғармаларини молиялашнинг ноодатий ва кескин ўсиши” каби нозик жиҳатлар ҳам бор эди.
Энди бу Россия ўз армиясини 2021 йил апрелда Украина чегараси бўйлаб жойлаштиргани каби пўписа қилишга уринишга ўхшамасди.
Бу маълумотлар Оқ уйдаги баъзиларни ўта таажжублантирди: Россия раҳбарининг амбициялари кўлами ақл бовар қилмас даражада эди. “Онгли мамлакат ҳеч қачон бундай қилмайди”, деди кейинчалик Овал кабинетдаги учрашув иштирокчиларидан бири.
Ҳарбий операция қарийб 40 миллион аҳоли яшайдиган ярим миллион квадрат километрдан ортиқ майдонга эга ҳудудни босиб олишни кўзда тутарди. Агар Путин Киевдаги ҳукуматни ағдарган тақдирда ҳам аҳолининг аксилроссия кайфияти партизанлар уруши бошланишидан дарак берарди.
Байден ўз маслаҳатчиларидан бир саволга тўғридан-тўғри жавоб беришни талаб қилди: Бу сафар Путин зарба берадими? “Ҳа, – дейишди улар, – бу ҳақиқат”.
Кейинги бир неча ойлар давомида маъмурият Путин ҳали якуний қарорга келмаганини такрорлаш билан банд бўлди. Шунга қарамай, октябрь ойида президентга унинг жамоаси фақат бир гапни – Россия президенти айнан қачон тепкини босишини аниқ айта олмади.
Таҳлилчилар фикрича, Россия президенти Байден маъмурияти АҚШнинг Афғонистондан шармандаларча чиқиб кетишидан азият чеккан, шунинг учун янги урушлар юзага келишидан қочади, деб ҳисоблаган. АҚШ ва Европада ҳали пандемия давом этарди. Германия канцлери, Европанинг амалдаги етакчиси Ангела Меркель ўз лавозими тарк этган, ҳокимиятни ҳали синовдан ўтмаган меросхўрига топширганди.
Франция президенти Эммануэл Макрон қайта сайланиш учун ўнгчи рақиблари билан курашишга киришишга ҳозирланаётган, Буюк Британия эса Brexitдан кейинги иқтисодий пасайишдан азият чекаётганди.
Қитьанинг катта қисми рус нефти ва газига қарам эди. Бундан эса Путин ғарбий альянс ўртасига нифоқ солиб, уни парчалашда фойдаланиши мумкин эди. Путин юзлаб миллиард доллар пул захирасини йиққан ва Россия иқтисодиёти худди илгари бўлгани каби шак-шубҳасиз киритиладиган санкцияларга бардош беришига ишонганди.
Салливаннинг сўзларига кўра, октябрдаги брифингда Байденга разведка маълумотлари ва таҳлилий ахборотлар тақдим этилганида у икки хил реакция билдирган. Биринчидан, Путинни тутиб туриш учун “Москвага юқори даражали кимнидир юбориб: “Агар уруш бошласангиз, оқибати ёмон бўлади”, деб етказиш кераклиги айтган.
Иккинчидан, АҚШнинг разведка маълумотларини иттифоқчиларга етказиб, уларни, маъмурият фикрича, Россияга қарши санкциялар сиёсатида якдил ва қаттиққўл бўлиш, НАТО мудофаасини ҳамда Украинага ёрдамни кучайтириш ва кенгайтиришга жалб этиш зарур бўларди.
Шунинг учун Бернс Москвага, Ҳейнс эса НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳига йўл олди.
2 ноябрда Бернс Путиннинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси ва АҚШдаги собиқ элчи Юрий Ушаков билан учрашди. Яна бир муҳим учрашув Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари Николай Патрушев билан бўлиб ўтди. Натижалар кўнгилдагидек бўлмади. Разведка раҳбари Вашингтонга қайтганидан сўнг Байденга “хавотирларим фақат кучайди”, дея ҳисобот берди.
7 декабрда Путин ва Байден видеоалоқа орқали суҳбатлашди. Путин унинг Украина чегараларига қўшин жўнатиш қарорининг асосий сабаби ғарбий альянснинг шарққа томон кенгайиши эканини айтди. Унинг таъкидлашича, Россия фақат ўз манфаатлари ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилмоқда.
Байден эса Украина яқин вақтларда НАТОга кириши даргумон экани, АҚШ ва Россия Америка қурол тизимларининг Европага жойлаштирилиши муносабати билан Москвада ташвиш уйғотаётган бошқа масалаларда келишувга эришиши мумкинлигини билдирди. Байден назарий жиҳатдан ўзаро муросага келиш мумкин, деб ҳисоблади.
Январь бошларида АҚШ давлат котиби ўринбосари Венди Шерман Женевада россиялик ҳамкасби, ўзи яхши биладиган Сергей Рябков билан учрашди. Рябков Москванинг Украина бўйича битимга келиш учун декабрь ойи ўрталарида расман билдирилган икки таклифга асосланган позициясини такрорлади: НАТО кенгайишни бас қилиши ва альянсга 1997 йилдан сўнг қўшилган Польша, Руминия, Болгария ва Болтиқбўйи мамлакатларидаги ҳар қандай фаолиятдан тийилиши керак.
НАТО эшикларини ёпиш ва мавжуд аъзоларнинг мақомини пасайтириш таклифларини рад этган Байден маъмурияти НАТОнинг Россия чегаралари бўйлаб ўтган шарқий қанотида қўшин ва қурол-яроғ жойлаштириш каби қатор хавфсизлик масалаларида музокаралар ўтказиш ва ишончни мустаҳкамлаш чораларини кўришни таклиф этди.
Бунинг шарти Украинада уруш хавфини бартараф этиш эди. Рябков Шерманга Россия америкаликларнинг муносабатидан ҳафсаласи пир бўлганини маълум қилди.
– Оқ уй Шерман ва Рябков учрашувига “руслар бизнинг хавотирларимизга қанчалик жиддий муносабатда бўлиши имкониятини ва дипломатия истиқболларини текшириб кўриш” сифатида қараганди, – дейди ўша пайтда Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эмили Ҳорн. – Аммо улар дипломатия эмас, балки дипломатик ишларни бажаргани тезда ойдинлашди. Ҳатто улар шуни ҳам жиддий бажаришмади.
Бу вақтда АҚШ дипломатик йўлдан бориш билан бир қаторда НАТОни ҳимоя қилиш учун кучларни ҳам жойлаштираётган эди. Буни Москва ҳам, Европа ҳам кўриб турган, Американинг ўйинда иштирок этишга тайёрлигини намоён этаётганди.
Пентагон Польшадаги қурол захираларини кўпайтирди ва бу ерга Грециядан вертолёт батальонини ташлади. 173-ҳаво десанти қўшилмалари Болтиқбўйи мамлакатларига жойлаштирилди. Руминия шарқига Италиядан қўшимча кучлар жўнатилди, бошқалари эса Венгрия ва Болгарияга йўналтирилди.
Кейинги бир неча ой давомида АҚШнинг Европадаги ҳарбий иштироки 74 минг ҳарбийдан 100 минг ҳарбийгача кўпайди. Ҳаво десанти эскадрилиялари сони 4 тадан 12 тага, минтақадаги сув усти жарговар кемалари сони эса 5 тадан 26 тагача етказилди.
Декабрда Байден АҚШ захираларидан қурол-яроғ учун Украинага қўшимча 200 миллион доллар ажратилишини маъқуллади. Бироқ Киев ҳукумати, Конгрессдаги кўпчилик ва маъмуриятнинг айрим аъзолари ҳам агар АҚШ кенг кўламли ҳужум кутилаётгани ҳақида ўйлаётган бўлса, бу ёрдам кам, деб ҳисоблаётганди. Оқ уй эса қурол етказиб берилишини Москва провакация сифатида баҳолашидан чўчирди.
Жаҳон ҳамжамиятини урушнинг жиддий хавфидан огоҳлантириш кампанияси доирасида Кремлни ўз йўлидан қайтаришга мажбурлашга ундаш мақсадида Оқ уй 2021 йил охирида айрим муҳим разведка маълумотларини ошкор этишга қарор қилди.
Америка разведкасида Россия провакация уюштириб, ўз ҳудудига ҳужумни саҳналаштириши тўғрисида маълумотлар бор эди. Маъмурият аъзолари бу режаларни ошкор этиш Путинни уруш учун баҳона топиш имкониятидан маҳрум этади, деб ҳисоблаганди.
Февраль ойи бошида Байден маъмурияти Москвада Украинанинг Россия ҳудудига ҳужуми саҳналаштирилган тасвирлар олиш режаси муҳокама этилаётганини маълум қилди. Маъмуриятнинг билдиришича, тарғибот фильми томошабоп, портлаш, қурбонлар, ҳалок бўлганларга таъзия очган кишилар саҳналарига тўла бўлиши керак эди.
Умуман. АҚШнинг жамоатчиликни хабардор қилиш кампанияси иш берди. Бутун дунёнинг эътибори Украина чегараларида Россия қўшинлари кучайтирилаётганига қаратилди.
19 январдаги матбуот анжуманида Байден, унинг фикрича, Россия Украинага бостириб киришини айтди. “Путинга чекиниш учун жой қолмади. У нимадир қилиши керак”, деди президент.
Байден Ғарб Россия тажовузига жавоб қайтаришига ваъда берди. “Иттифоқчиларимиз ва шерикларимиз жиддий харажатлар қилиш ҳамда Россияга ва унинг иқтисодиётига сезиларли зарба беришга тайёр”, деди у ва босқин Россия учун “ҳалокатли” бўлишидан огоҳлантирди.
Бу ўша пайтда Байденнинг энг қатъий огоҳлантиришларидан бири эди. Аммо Россия қўшинларининг кенг кўламли босқинидан фарқли ўлароқ, “сезиларсиз силжиши” у ва иттифоқчилари таҳдид қилганидек қатъий жавоб берилишига сабаб бўлмаслигини таъмин қилиб, президентнинг ўзи вазиятни чигаллаштирди.
“Агар сезиларсиз силжиш рўй берса, биз нима қилиш ва нима қилмаслик ҳақида баҳслашишимизга тўғри келиши масаланинг бир жиҳати”, деди Байден ва Россия нисбатан куч қўллашда НАТО ичида якдиллик йўқлигига ишора қилди.
Эртаси куни Байден хатосини тўғрилашга уриниб, “агар Россиянинг бирор бўлинмаси Украина чегараларини кесиб ўтса, бу Путин ҳақ тўлаши керак бўлган босқин сифатида кўрилади”, дея фикрларини аниқлаштирди.
Россия қўшинлари Вашингтон вақти билан 23 февраль куни кечқурун чегарани кесиб ўта бошлади.
Оқ уйга дарҳол разведка маълумотлари берилди. Унда “босқин бошлангани эҳтимоли жуда юқори” экани қайд этилганди. Қўшинлар ҳаракатга келди, Украинадаги нишонларга ракеталар ёғила бошлади. Президентнинг бир қатор юксак мартабали маслаҳатчилари Оқ уй ертўласидаги Инқироз залига йиғилди, бошқалари мажлисда ёпиқ алоқа канали орқали иштирок этди.
Салливан Украина президенти маъмурияти раҳбари Андрей Ермак билан гаплашди. Бу суҳбатни эшитганлардан бирининг айтишича, Киевда “Асабийлик даражаси жуда юқори. Лекин улар ўзини қўлга олган. Уларнинг барчаси, кутилганидек, ўта туғёнли эди”.
Ермак Салливандан Байден билан бевосита гаплашиш учун Зеленскийни телефонга чақиришини кутиб туришни сўради. Салливан уни президент билан улаб берди. Зеленский Байденни тезда дунёнинг имкон қадар кўпроқ етакчилари ва дипломатлари билан боғланишга чақирди.
Байден улардан ошкора чиқишлар қилишни сўраши, шунингдек, бевосита Путинга қўнғироқ қилиб, “буларнинг барчасини тўхтатиши шартлигини” айтиши керак эди.
ЛОНДОН, ПАРИЖ, БЕРЛИН, БРЮССЕЛЬ
Ноябрь ўрталарида Ҳейнс Брюсселга аввалдан режалаштирилган сафаридан иттифоқчиларнинг аксарият қисмини альянснинг қарор қабул қиладиган 30 аъзодан иборат бош органи – НАТОнинг Шимолий Атлантика кенгашини хабардор қилиш учун фойдаланди.
Катта залдаги чиқишида у разведка ҳамжамияти фактларини келтириш билан чегараланиб, сиёсий тавсиялар бермади. “Баъзи аъзолар Путин кенг кўламли босқин имкониятларига жиддий тайёрланаётгани ҳақидаги маълумотларга юзаки қаради”, деб хотирлайди Ҳейнс.
Франция ва Германия вакиллари Путин чегарада жойлаштирилган бор-йўғи 80-90 минг ҳарбий хизматчи билан шундай катта мамлакатга қандай қилиб бостириб кириши ва уни босиб олиши мумкинлигини тушуна олмади. Айримлар руслар, Кремлнинг ўзи маълум қилганидек, ҳарбий машғулотлар ўтказаётгани ёки босқин билан боғлиқ бўлмаган мақсадларини яшириш учун ўйин ўйнаётганини тахмин қилди.
Бир неча ой давомида европаликларнинг фикри якдил бўлмади. “Асосан, уч хил фикр бор эди,– дейди маъмуриятнинг юқори мартабали вакилларидан бири. – Ғарбий Европадаги кўпчилик учун русларнинг ишлари “дипломатик мажбурлаш” эди. Путин нималарга эришишини кўриш учунгина кучларини кўпайтирмоқда. У босқинчилик қилиш ниятида эмас… Босқин ақлсизликдир.
НАТОнинг Шарқий Европадаги янги аъзолари “Путин нимадир қилиши мумкин, аммо унинг кўлами чекланган бўлади, у Украина олмасини яна бир бор тишлаб кўрмоқчи, деб ҳисоблади”.
Аммо Россиянинг ҳаракатларига ҳар доим жиддий ёндашадиган Буюк Британия ва Болтиқбўйи мамлакатлари кенг кўламли босқин яқинлигини билдирди.
Макрон ва Меркель кўп йиллар давомида Путин билан бирга ишлаган. Шунинг учун улар Путиннинг ҳалокатли уруш бошлайдиган даражада идроксиз эканига ишониши қийин эди.
Путин ва Байденнинг Женевадаги учрашувидан кейин бир неча ҳафта давомида улар ЕИ-Россия саммитини ташкил этишга уринишди. Аммо блокнинг ишончсиз кайфиятдаги аъзолари бу уринишларга Россиянинг тажовузкор позициясига ён босиш сифатида қаради.
Ойлар ўтса-да, Америка разведкасининг янги маълумотларига қарамай, французлар ва немислар ҳали дипломатик имкониятлар борлигига ишониб юрди. Америкаликлар ва британияликлар эса қандайдир дипломатик саъй-ҳаракатлар мева беришига ишонмади. Шунга қарамай, агар европаликлар нимадир таклиф этса, улар дипломатия эшиклари очиқ бўлишига тайёр эди.
11 февралда Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу билан учрашиш учун Москвага келди. Уоллес Путиннинг НАТОнинг кенгайиши ва альянснинг Шарқий Европадаги фаолиятига оид талаблари бўйича музокаралар учун ҳали имконият бор-йўқлигини яна бир бор сўраш ниятида эди. Уоллеснинг сўзларига кўра, Кремль музокараларга ҳеч қандай қизиқиш билдирмаган.
Уоллес Шойгуни агар Россия Украинага бостириб кирса, қақшатқич қаршиликка дуч келиши тўғрисида огоҳлантирган: “Мен украиналикларни биламан, Украинада беш марта бўлганман, улар курашади”.
“Менинг онам украиналик”, – қўшимча қилди Уоллес. Шойгу эса у бу халқни янада яхшироқ билишини айтиб, жавоб берди: “Бу битта мамлакатимизнинг бир қисми”. Сўнг Уоллес санкциялар масаласига тўхталди. “Биз бошқа ҳеч ким чидамайдиган жабрларга бардош берамиз”, дея жавоб берди Шойгу.
Уоллес эса у бирор киши жабр кўришини умуман хоҳламаслигини билдирди.
Шойгу узун ва одатий бўлиб қолган талабларини такрорлар экан, Россия Ғарбнинг Украинага нисбатан сиёсати билан келиша олмаслигини маълум қилди.
“Бу қайсидир маънода тушунарсиз эди, – дейди учрашувда қатнашган британиялик амалдорлардан бири. – Ҳамма музокаралар давом этишини хоҳлайди, ён бергандек бўлиб йўлидан қайтади, аммо ҳеч қаерга кетмайди”.
Учрашувни тугатиб, британияликлар кетишга ҳозирланганда Шойгу тўғридан-тўғри Уоллесга юзланди. “У менинг кўзимга тик қараб, бизнинг Украинага бостириб кириш режамиз йўқ, деди, – дея эслайди Уоллес. – Бу ғирт ёлғон эди”.
Ҳали февралнинг ўрталарида европалик амалдорлар орасида ҳужум шаксиз эканини ўйлаганлар кам эди ва бунинг сабаблари бор эди.
“Агар сиз кимдир мамлакатга ҳужум қилиш режасига эгалигини билсангиз ва бу режа ўта ақлсиз туюлса, бу шунчалик ақлсизликки, шунинг учун рўй бермайди, деб ўйлашингиз ҳеч гап эмас, – деб ҳисоблайди хавфсизлик масалалари бўйича эксперт François Heisbourg. – Европаликлар Путинни тушуна олишларига ортиқ баҳо беришди. Америкаликлар эса Путиннинг қалбига кириш ўрнига қўлга киритилган маълумотлар асосида иш кўришга ҳаракат қилишди”.
Тушунмовчилар учун сабаб кўп эди. Америка разведкаси маълумотлари Кремлнинг режалари ҳали уларни бажаришга киришилмагунча жанг майдонига етиб келмаслигини кўрсатди. Офицерларда буйруқ йўқ эди. Қўшинлар урушга киришини билмаган ҳолда чегараларга жўнатилди. Америкалик айрим таҳлилчилар Россия қуролли кучларида алоқа йўқлигидан таажжубда эди.
Бўлиб ўтган воқеаларни таҳлил қилган Ғарб разведкаси вакиллари Россия қуролли кучларининг самарадорлигини ортиқча баҳолаганини тан олади.
“Улар мамлакатга худди биздек бостириб киради, деб ўйлагандек”, дейди британиялик мулозимлардан бири.
Бироқ Франция инқироздан чиқиш йўлларини излашда давом этди. 20 февралда Макрон Путинга қўнғироқ қилиб, ундан Женевада Байден билан учрашишга рози бўлишни сўради.
Бу суҳбат Франция президентини ниҳоят Путин келишув йўлларини излашга тайёрлигига ишонтирди. Ушбу суҳбатнинг бир неча ойдан сўнг France TV телеканалининг “Президент, Европа ва уруш” ҳужжатли фильмида намойиш этилган аудиоёзувига кўра, Путин “бу эътиборга лойиқ таклиф”, деган.
Макрон Россия раҳбарига босим ўтказди: “Биз ҳозир, шу суҳбат охирида амалда бу таклифга рози эканимизни айта оламизми? Мен сиздан бу саволга аниқ жавоб олишни истар эдим. Мен сизнинг музокаранинг аниқ кунини белгилашга қаршилигингизни тушунаман. Аммо сиз олға интилиб: “Мен америкаликлар билан учрашув ўтказиб, кейин уни европаликлар иштирокида давом эттиришни истар эдим”, дея оласизми? Ёки йўқ?”.
Путин бундай мажбурият олмади ва, афтидан, янада муҳим ишлар билан банд эди. “Очиқ айтаман, мен хоккей ўйнамоқчи эдим, ҳозир сен билан спортзалдан туриб гаплашяпман… Аввал хоккей ўйнайман, кейин маслаҳатчиларим билан гаплашиб оламан. Je vous remercie, Monsieur le President”, дея суҳбатни якунлади Путин унга француз тилида ташаккур билдириб.
Макрон телефон гўшагини қўйганидан сўнг завқланиб кулгани эшитилади. Франция президенти ва унинг маслаҳатчилари музокараларда туб бурилишга эришилганига ишонди. Макроннинг дипломатия бўйича маслаҳатчиси Эммануэль Бонне эса ҳатто рақсга тушди.
Аммо эртаси куни Путин телемурожаатида айирмачи Донецк ва Луганск халқ республикаларини расман тан олди. Бу эса Путин Украинани бўлиб ташлаш ниятида эканининг яққол намойиши эди.
Шейн Ҳаррис, Карен ДеЯнг, Изабель Хуршудян, Эшли Паркер ва Лиз Слай
(давоми бор)
“Элтуз” таржимаси