Асосий мавзулар
15 сентябр 2022

Металлолом машмашаси.Фермерларнинг темир-терсак топшириши ихтиёрийми ёки мажбурий?

Бугун маҳаллаларда темир-терсак йиғиб юрганлар шу йўл билан тирикчилик ўтказаётганлар эмас, балки металлолом топшириш мажбурияти ҳали зимасидан соқит бўлмаган фермернинг одамлари ҳам бўлиши мумкин.

Афсуски, марҳум президент Ислом Каримов даврида авж олган бу муаммо амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “янги Ўзбекистон” замонида ҳам ечим топмаган кўринади.

Хусусан, олтинкўллик фермер Т.Р. “Элтуз” билан суҳбатда тумандаги ҳар бир фермерга ерига қараб металлолом топшириш режаси белгиланганини маълум қилди.

“Бизда ортиқча темир парчаси бўлса экан. Қаердан топардик? Борини ҳам лўлилар уйма-уй, кўчама-кўча кезиб, йиғиштириб кетишади. Биз металломни пулга бичиб, пул ўтказиб берамиз.

Масалан, мен гектарига 500 минг сўмдан пул бераман. Талашиб-тортишиб туширганман. Ҳа, савдолашсангиз бўлади, худди бозорда мол олаётган каби. 2 млн, баъзан 3 млнгача топширган кунларим бўлган”, дейди Олтинкўл туманилик фермер.

Унинг бу сўзларини марҳаматлик фермер Одинахон Маматқулова ҳам тасдиқлади.

– Фермер хўжалигимиз 2006 йилда ташкил этилган, – деди у. – Ўша пайтларда эрим темир-терсак йиғиб топшириб юрарди, лекин ҳозир ўрнига пул берамиз. “Агропром”дан келишади, “Опа, металлоломдан қарзингиз бор экан, ўтказиб қўйинглар”, дейишади, ўтказиб берамиз. Авваллари шартнома қилинарди, аммо бу йил беришгани йўқ.

“Элтуз” билан суҳбатлашган марҳаматлик бошқа фермерлар эса металлолом учун пул уларнинг ҳисоб рақамидан автоматик тарзда ечиб олинишини билдирди.

Исми сир қолишини истаган пахтаободлик фермер Р.А.нинг айтишича, хўжалигининг 28 га ери бор. Ҳар гектар ер учун 21 кгдан металлолом топшириш мажбурияти юкланган.

Демак, фермер ҳар йили 2 тоннадан ошиқ металлолом топшириб келади. Шу кунгача топширган металлоломининг бир тоннаси учун унга шартнома бўйича 700-800 минг сўмдан пул тўланган.

“Бу йил бир кило темир-терсак 1000 сўмдан бўлди, яъни бир тоннаси 1 млн сўм. Фермерлар эски, ишлатилишга яроқсиз техника, эҳтиёт қисмларни металл чиқиндиси сифатида топширади. Ўрнига техникадан ёрдам, имтиёз бор. Аммо ҳар йили ҳам фалон пулга олинган техникани чиқиндига улоқтиравермайсиз-ку. Шунақа пайтлар металлолом излашга тўғри келади”, дейди пахтаободлик фермер.

Унинг таъкидлашича, металлолом режаси юкланган фермерларнинг 90 фоизи фақат пул топширади. Аммо бу пул қаерга, нима учун йиғилади ва нималарга сарфланади, бу ҳақда маълумотга эга эмас.

– Андижонда темир-терсак билан шуғулланадиган “Иккиламчиқораметалл” филиали бор, – дейди фермер. – Бизни ана шу филиал билан шартнома қилишга мажбурлашади. Ҳар йили янги шартнома тузилади, режа белгиланади. Менимча, йиғилган маблағ металлолом учун шу филиалга ўтказилса керак.

“Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ мамлакатдаги етакчи қора металлургия корхонасидир. Комбинатнинг “Иккиламчиқораметалл” филиали унинг металл парчаларини қабул қилиш учун масъул таркибий бўлинмаси ҳисобланади. Металл қабул қилиш филиаллари ҳар бир вилоятда мавжуд. Фермер айтган “Иккиламчиқораметалл” айнан шу бўлади.

Филиалнинг ўз исми ошкор этилишини истамаган ходими “Ўзметкомбинат” фермерларга металлолом топшириш бўйича ҳеч қандай мажбурият юкламаслигини маълум қилди.

“Биз металл чиқиндиларини олиб келган жисмоний ва юридик шахслар билан шартнома асосида қонуний ишлаймиз. Аммо фермер ёки тадбиркорга металлолом топшириш мажбуриятини юклаш ваколатимиз йўқ.

Мана, уч йилдирки, бирорта давлат ташкилотлари мажбурий равишда металлолом йиғаётгани ҳақида эшитмайсиз. Тўғри, мактаблар ҳам металлолом топширади.

Лекин улардан ҳам реконструкцияга тушган мактаблардаги ортиқча металл чиқиндиларини олиб келиб топшириш сўралади. Шундаям, фақат шартнома билан. Илгариги даврлардагидек текинга металлолом йиғдириш йўқ”, деди “Иккиламчиқораметалл” ходими.

У металл парчаларининг бир тоннаси учун комбинат томонидан 1 млн 740 минг сўм, ҚҚС билан эса 2 млн 1 минг сўм тўланишини айтди.

2018 йил 1 январдан тиббиёт ва таълим муассасаларига қора металл чиқиндилари ҳамда лом тайёрлаш ва топшириш бўйича вазифалар белгилаш тақиқланган.

Мазкур норма Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 18 декабрда имзоланган “2018 йилда металлолом тайёрлаш, қора металл прокатини ишлаб чиқиш ва истеъмол қилиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Металлолом топшириш режаси акс этган жадвал

Аммо бу ҳужжат фермерларнинг мажбурий равишда металлолом топшириш муаммосини ҳал этмаган кўринади.

Биргина Пахтаобод туманида 651 та фермер хўжалиги бор. Улардан пахта ва ғаллага ихтисослашган 273 таси металлолом топширади.

Буни туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Равшанбек Ортиқов ҳам тасдиқлади. Аммо у темир-терсак ўрнига пул йиғилишидан мутлақо бехабарлигини билдирди.

Пахтаобод тумани қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси Г.Эргашеванинг маълумот беришича, металлолом режаси “Иккиламчиқораметалл” томонидан фермерларнинг ер майдонига асосан белгиланади.

Топшириладиган муддат яқинлашганда бўлим мутахассислари фермерлар билан боғланиб, металлолом топшириш кераклиги ҳақида эслатишади ва шартноманинг бажарилишини назорат қилишади.

Фермер Р.М.нинг сўзларига кўра, металлолом масаласи ҳаммага бирдек тааллуқли эмас.

– Масалан, мендан сўрашмайди, сўрашса ҳам бермайман, – дейди у. – Сабаби, Президент қарори билан тадбиркорлардан металлолом топшириш мажбурияти олиб ташланган. Мен бу қарорни сақлаб қўйганман, бошқа фермерларга ҳам берганман. Аммо бизда айрим фермерларнинг ери олиб қўйилавериб, улар безиллаб қолишган. Шу боис, тинчгина айтган пулини бериб қўя қолишади.

Хуллас, фермерлар учун металлолом топшириш ихтиёрий–мажбурий. Бу худди бир пайтлар пахта теримига “ўз ихтиёрим билан чиқяпман!” деб тилхат ёздириб олингани каби.  

Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 феврал 2016
Ўзбек газеталарининг бугунги мавзулари “чиғатой адабиёти ва тили” атамасини муомаладан чиқаришга бел боғлаган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Бухорода тадбиркорлар қурган ...
20 август 2024
Рассом Туз
14 феврал 2022
Бу ҳикоя Қорақалпоғистондаги туркман қишлоғида туғилган жамоатчилик фаоли ва блогер Жумасафар Дадабоев ҳақида. 2016 йилда, ҳали у жамоатчилик фаолияти ...
4 январ 2017
Ўзбек тили давлат мақоми олганидан 27 йил ўтиб ҳам, идора ва ширкат номлари рус тилида қолаётгани ажабланарли. Бундан ҳам ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...