Асосий мавзулар
13 октябр 2023

Ўзбекистон ипакчилик саноатига қарши иқтисодчи: Кимнинг далиллари муҳимроқ?

Мустақил равишда текширилган маълумотларнинг қабул қилиниши тўғрисидаги суд қарори Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқлари бўйича ҳисобот бериш учун узоқ давом этадиган салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Август ойи охирида Тошкентда фуқаролик суди ҳақами мустақил иқтисодчи Юлий Юсуповга Ўзбекипаксаноат уюшмасидан унинг шу йил март ойида чоп этилган ипак қурти пилласи етиштириш жараёнида коррупция ва мажбурлаш қўлланилгани фош этилган мақоласи учун оммавий ахборот воситаларида узр сўраш ва раддия эълон қилишини буюрди. Тошкентда жойлашган “Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш” маркази директори Юсупов ипакчилик соҳасига берган баҳосида қатъий туриб, апелляция шикояти билан мурожаат қилди.

Апелляция суди қарори Ўзбекистондаги мустақил тадқиқотчилар далилларга асосланган таҳлилларни чоп этиш ҳуқуқига эга ёки йўқми, айниқса, агар улар давлат ёки у ҳимоя қиладиган бизнес учун хуш келмаса, муҳим синов бўлади.

Тошкент суди гўёки Юсуповнинг мақоласи ортидан ўзига етказилган репутациявий ва молиявий зарар учун узр сўраш ҳамда товон пули талаби акс эттирилган “Ўзбекипаксаноат” раисининг даъвосини қисман қаноатлантирди. Мақолада Ўзбекистон ипакчилик саноати самарасиз бюрократик бошқарувдан азият чекаётгани, хусусийлаштирилганига қарамай, пилла етиштириш учун амалда давлат режалари ўз кучида қолаётгани таъкидланади. Бу эса фермерларни “ипак кластерлари” деб аталадиган корхоналар учун пилла етиштириш ва етказиб беришига мажбурланишига сабаб бўлиб, уларнинг аксарияти хорижда рўйхатдан ўтган ва ҳукумат амалдорларининг оилаларига, жумладан “Ўзбекипаксаноат” акциядорлик жамияти собиқ раҳбарининг ўзига боғлиқ янги ташкил этилган хусусий корхоналарни ташкил қилган.

Ўзбекистон аҳоли жон бошига пилла етиштириш бўйича дунёда биринчи ўринда, ҳажми бўйича эса Хитой ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринда туради. Маҳаллий фермерлар учун ҳар йили пилла етиштириш режаларини бажариш одатий ҳолдир. Ҳар баҳорда пилла йиғим-терим мавсумида фермерлар ижтимоий тармоқлар орқали мажбурлов ва коррупция ҳолатлари ҳақида ўз шикоятларини билдиради. Мажбурий меҳнатдан фойдаланиш жиноят деб эътироф этилганига қарамай, бу шикоятлар Ўзбекистон расмийлари томонидан мунтазам равишда эътиборсиз қолдирилмоқда.

Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон ипакчилик тармоғи яқин вақтгача 300 дан ортиқ халқаро брендлар ва чакана сотувчилар томонидан бойкот қилинган болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш амалиёти билан ном таратган пахта сектори муаммолари соясида қолиб кетган эди.  2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати ниҳоят халқаро ва иқтисодий босимга бўйсуниб, ҳукумат бошчилигида пахта теримчиларини мажбурий сафарбар қилинишини бартараф этган ислоҳотлар жараёнини бошлади. Муваффақият узоқ вақтдан бери мажбурий меҳнатга барҳам бериш учун кураш олиб борган фуқаролик жамияти вакиллари томонидан мамлакат тарихидаги муҳим воқеа сифатида эътироф этилди. Бу ислоҳот жараёни тараққиётнинг барқарорлигини таъминлайдиган фуқаролик ва сиёсий ўзгаришларни қамраб олишига умид уйғотди.

Пахтачилик соҳасидаги ўзгаришлар хусусий ипакчилик корхоналарини хомашё билан таъминлаш мақсадида ҳар йили ипак қурти пилласи етиштиришга мажбур бўлаётган минглаб фермерларни эксплуатация қилишда давом этаётган ипакчилик соҳасига таъсир кўрсатмади.

Ўзбекистондаги ипак ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарини бирлаштирган “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ўз даъвосида пилла етиштириш учун давлат режалари мавжудлигини инкор этиб, Юсупов “Ўзбекистон форуми” инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига таянганини таʼкидлаган. Унда Юсупов “Ўзбекистон форуми” инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларидан иқтибос келтирганини даъво қилиниб, таъкидланишича, у Германияда жойлашгани ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмагани учун уни ишончли маълумот манбаи деб бўлмайди. [Муҳаррир эслатмаси: Муаллиф “Ўзбекистон форуми” директори.] “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, шунингдек, Юсуповнинг нашри ортидан Въетнамнинг икки компанияси гўёки Ўзбекистон ипакчилик корхоналари билан экспорт шартномаларини имзолашдан бош тортгани, бу эса уюшмага жами 34 минг АҚШ доллари миқдорида молиявий зарар етказганини таъкидлаб, Юсуповдан етказилган зарарни қоплашни талаб қилган.

Суд “Ўзбекипаксаноат”нинг молиявий даъволарини рад этган бўлса-да, судя “Ўзбекистон форуми” ташкилоти Ўзбекистон Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтмагани боис унинг материалларини ишончсиз деб топди. Шундай қилиб, судьянинг сўзларига кўра, Юсуповнинг баёнотлари “норасмий материаллар асосида бир томонлама тадқиқот олиб борганлиги ҳамда расмий статистика, суд материаллари билан танишмаганлиги ҳамда суд, прокуратура ёки “Ўзбекипаксаноат” уюшмасидан маълумот сўрамаганлиги” натижасидир.

 “Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари форуми” ташкилоти Ўзбекистонда фаолият юритаётган мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари тармоғи орқали пилла етиштириш режалари нафақат фермерларга, балки давлат ташкилотлари, жумладан, мактаблар ва болалар боғчалари учун ҳам ўрнатилганлиги ортидан вазият янада ёмонлашган 2015-йилдан буён ипакчилик соҳасида меҳнат ҳуқуқларининг бузилишини мониторинг қилиб келмоқда.

2018-2022 йилларда “Ўзбекистон форуми” юзлаб фермерлар билан суҳбат ўтказганида уларнинг аксарияти ўз хоҳишига қарши пилла етиштираётганини маълум қилган. Ерни тортиб олиш таҳдиди остида фермерларни хусусий корхоналар учун пилла етиштиришга мажбурлаш давлат сиёсати ҳисобланади. Фермерларнинг “Ўзбекистон форуми” мониторларига айтишича, фермерларни пилла етиштиришга мажбурлаш учун қонуний асос бўлмаса-да, маҳаллий туман мутасаддилари ва/ёки прокурорлар уларни ер ижарасини бекор қилиш каби жазо таҳдиди билан бўш шартномалар имзолашга мажбурлаган. Агар фермерлар пилла етиштириш бўйича белгиланган режани бажармаса, улар ё жарима тўлаши ёки кластерларга топшириш учун пилла сотиб олишга мажбур бўлади.

Бу “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг ипакчилик соҳасида меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ҳақида хабар берганлардан ўч олишга уриниши билан боғлиқ илк ҳодиса эмас. 2018 йил август ойида Андижондаги давлат газетасида ҳам ипакчилик соҳасида мажбурий меҳнат ва товламачилик ҳақида танқидий мақола чоп этилиб, натижада газетага туҳмат учун 100 миллион сўм (тахминан 8 минг доллар) миқдорида даъво қўзғатилган ва иш Андижон фуқаролик суди томонидан рад этилган эди.

Бироқ Тошкент судининг Юсуповга нисбатан чиқарган қарори хавфли прецедент бўлиб, ўз ҳукмини “Ўзбек форуми” маълумотларининг фақат Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаганлиги сабабли “ишончсизлиги”га асослайди – ҳеч бўлмаганда, бу судья нега “Ўзбек форуми” маълумотларини қабул қилмаганига ягона сабабни кўрсатади. Аниқки, судья ўзбек пахтасига нисбатан халқаро бойкот “Ўзбек форум”нинг 2021 йилги Ўзбекистонда пахта теримига оид мониторинги асосида Cotton Campaign томонидан бекор қилинганини билмайди. Худди шу мантиққа таянилса, бу бойкотнинг бекор қилиниши ҳам ноқонуний маълумотларга асосланганлигини англатади.

Ўзбекистон ҳукумати ва бизнес вакилларига тадқиқот ва маслаҳатлар таклиф қилаётган кўплаб халқаро маслаҳатчиларни ҳисобга олсак, фақат Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ташкилотлар маълумотларини ишончли деб ҳисоблаш мумкин, деган фикр заиф. Бу, шунингдек, тўқимачилик брендлари ва чакана сотувчилар “Amfori” ва “Better Cotton” каби таъминот занжири ва аудит сертификатларига мувофиқлигини текширишга таянадиган мамлакатдаги меҳнат ҳуқуқларининг мустақил мониторинги учун жиддий саволлар туғдиради. Қолаверса, “Ўзбек форум” ташкилоти Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмагани сабаби бошқа мустақил ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар сингари Ўзбекистонда рўйхатдан ўтиш ҳақидаги ариза Адлия вазирлиги томонидан рад этилиши мумкин. Муваффақиятли рўйхатдан ўтган бир нечта ташкилотлар ҳам ҳукумат расмийлари томонидан ҳаддан ортиқ назоратга дуч келмоқда.

“Ўзбекипаксаноат” ва судларнинг жавоби Ўзбекистон пахта саноатини йўқ қилишга қаратилган глобал фитнанинг бир қисми сифатида рад этилган Каримов режими давридаги болалар ва мажбурий меҳнат ҳақидаги ҳисоботларга берилган стандарт муносабатга ўхшайди. Аммо Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябр ойида БМТдаги нутқида муаммони тан олиши ҳақиқатан ҳам ислоҳотларга ва охир-оқибат бойкотни бекор қилишга йўл очди.

Яна фундаментал даражада, Юсуповга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдириш ва шу орқали таниқли мустақил иқтисодчининг овозини самарали тарзда ўчиришга уриниш ҳам Ўзбекистон судлари қонун устуворлигини таъминлай олмаётгани ва мустақил суд тизимига доимий қаршилик кўрсатаётганини намоён қилади. Бу олдини кўра оладиган ва барқарор ҳуқуқий муҳитга таянадиган тадбиркор ва инвесторларга қўшимча салбий сигнал юборади.

Умида Ниязова,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми директори

Мақола оригинали The Diplomat нашрда чоп қилинган. Элтуз таржимаси

Тағин ўқинг
11 сентябр 2018
«2006 йилга қадар «Косон» зонасининг ташқи штаби томи устидаги солдат ва снай­перлар ярим йил тўхтовсиз “террорчилар”ни кутиб яшашди. Улар ...
27 феврал 2024
Ўзбекистонда кейинги кунларда мансабидан фойдаланиб товламачилик қилиш, таъмагирлик, рейдерлик, одамларни алдаб пулини олиб қайтармаслик, қўрқитиб жиноятларига шерик қилиш холатлари ...
19 декабр 2019
Собиқ совет империяси ва Каримов ҳукуматининг қаттиқ қаршилигига қарамай, “Эрк” демократик партияси Мустақиллик декларациясини парламентга тақдим қилган ва 1990 ...
21 сентябр 2021
Ўзбекистон меҳнат қонунчилиги кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат. Булар қонунлар, ҳукумат қарорлари, низомлар, йўриқномалар ва ҳоказолардир. Жамоа шартномаси нима ва ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...