Асосий мавзулар
20 май 2024

Front line defenders: Умида Ниязовага таҳдидлар ҳақида

2024 йил 30 апрел куни ҳукуматпараст блогер YouTube тармоғида таниқли аёл ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниязовага қаратилган туҳматли видеони чоп этди. Аввалроқ, 18 апрел куни ўша блогер номаълум шахс ҳамроҳлигида Умида Ниязова ва унинг ҳамкасби ҳуқуқ ҳимоячиси Шарифа Мадраҳимовани Фарғона вилоятидаги Мадраҳимованинг уйи олдида таъқиб қилган эди.

Умида Ниязова – 2008 йилда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти билан боғлиқ айбловлар ортидан тўрт ойлик қамоқда ўтирганидан сўнг Ўзбекистонни тарк этган ўзбек ҳуқуқ фаоли. Эндиликда у Германия фуқаролигини олиб, меҳнат ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларни ҳужжатлаштириш ва мониторинг қилиш мақсадида Ўзбекистонга сафар қилишда давом этмоқда. Умида Ниязова – Ўзбекистондаги инсон ва меҳнат ҳуқуқлари бузилиши масалаларини ўрганишга бағишланган Германияда ташкил қилинган – “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми” нодавлат ташкилоти директори ва асосчиси. “Cotton Campaign” коалициясининг асосий ҳамкори бўлган мазкур ташкилот 2010 йилдан буён Ўзбекистондаги пахта теримини, шунингдек, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг фермерларга таъсирини кузатиб боради.

Шарифа Мадраҳимова – фарғоналик ўзбек ҳуқуқ фаоли, журналист ва таниқли жамоат етакчиси. Мустақил мухбир сифатида Ўзбекистондаги турли оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилади.

“Ўзбекистонга қарши ахборот хуружи нархи қанча, Умида Ниязова хоним?” сарлавҳали YouTube тармоғидаги туҳматли видеода Ниязова Ўзбекистондаги инсон ва меҳнат ҳуқуқлари ҳақида мунтазам равишда ёлғон хабар тарқатаётганликда айбланган. Ҳукуматпараст блогер Ниязовани Ўзбекистонни обрўсизлантириш мақсадида «Ғарб давлатлари» томонидан молиялаштирилгани ҳақида кенгроқ туҳмат кампанияси олиб бориш билан таҳдид қилган. Видеода, шунингдек, қувғиндаги ўзбек инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақида ёлғон маълумот тарқатишда айбланади.

Апрель ойи ўрталарида Умида Ниязова ва Шарифа Мадраҳимова Ўзбекистонда фермерлар ва пахта корхоналари вакиллари билан учрашди. 18 апрель куни Фарғона вилоятидаги Шарифа Мадраҳимованинг уйи ёнида ҳукуматпараст блогер ва номаълум шахс уларни таъқиб қилиб, фаолларга таҳдид қилган. Икки киши Умида Ниязовани қўрқитиб, ҳақорат қилган ва ўша ой охирида, 30 апрель куни чоп этилган туҳматли видеонинг асосий мавзусига айланган Ўзбекистонга қарши ахборот ҳужумларини уюштирганликда айблаган. Блогернинг ҳамроҳи эса бутун ҳодисани видеога ёзиб олди. Блогер уларнинг жойлашуви ва навбатдаги режаларини аниқ билганига қараганда, аёл ҳуқуқ фаоллари тўлиқ кузатув остида бўлишганига ишончлари комил.

Икки нафар аёл ҳуқуқ ҳимоячилари машинага ўтириб, таъқибдан қутулишга уринмоқчи бўлганида, блогер ва унинг ҳамроҳи уларни жисмонан қўрқитиб, машина эшигини ёпишларига халал берди. Охир-оқибат улар йўлида давом этишга муваффақ бўлса-да, аммо мазкур ҳодиса хавфсизлик нуқтаи назаридан уларни сафарларини қисқартиришга ундади.

2024 йил 19 апрелда Шарифа Мадраҳимова айбдорлардан бири ҳисобланган ҳукуматпараст блогернинг номини келтирган ҳолда таъқиб ҳақида Учкўприк туман ички ишлар бўлимига хабар берди. Бироқ 2024 йил 28 апрель куни ҳуқуқ-тартибот идоралари блогер томонидан ҳеч қандай қоидабузарлик аниқланмаган деган хулосага келди. 2024 йил 30 апрелда, орадан икки кун ўтиб, туҳматга йўғрилган видео YouTube’да эълон қилинди.

Марказий Осиёда меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва мажбурий меҳнатга чек қўйиш тарафдори бўлган “Cotton Campaign” коалицияси худди шунга ўхшаш ҳодисалар, яъни мустақил мониторлар ва ишчилар сифатида ҳуқуқ ҳимоячилари таъқиблар, таҳдидлар ва саёҳат чекловларига дуч келгани ҳақида хабар берди. Уларнинг баёнотида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти Касби туманидаги фермерни “Ўзбекистонга қарши” ҳаракатлар содир этганликда айблаб, уни сўроқ қилгани қайд этилган. Қолаверса, 2024 йилнинг январида Ички ишлар вазирлиги ходими “Ўзбек форуми” кузатувчисини жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилиб, у “Индорама Агро” пахта ширкатининг қишлоқ хўжалиги ишчилари билан мулоқотда бўлгани ва у ерда меҳнат ҳуқуқлари бузилгани ҳақида хабар бергани учун унинг ҳаёти хавф остида эканлигидан огоҳлантирган. 2023 йил август ойида расмийлар “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми” ташкилоти билан ишловчи яна бир ҳуқуқ ҳимоячисига меҳнат ҳуқуқлари бўйича тренингда қатнашиш учун сафарга чиқишига тўсқинлик қилди; Туман милицияси уларнинг паспортларини олиб қўйиб, режалаштирилган саёҳат санаси тугаганидан кейингина қайтариб берди.

“Front Line Defenders” ташкилоти Умида Ниязова ва Шарифа Мадраҳимовага қилинган таъқибни ва ундан кейин қилинган туҳматни қоралайди. Ташкилотнинг фикрича, аёл ҳуқуқ ҳимоячилари меҳнат ҳуқуқлари бузилишига қарши қонуний тарзда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилганликлари ортидан таъқибга учраган. “Front Line Defenders” ташкилоти меҳнат ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритаётган ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъқиб қилинишидан жиддий хавотир билдиради. Чунки бу ҳолатлар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини Ўзбекистонда ўзларининг ўта муҳим фаолиятини амалга оширишига халал бериб, салбий оқибатларга олиб келади.

“Front Line Defenders” ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини қуйидагиларга чақиради:

1. Умида Ниязовага қилинган туҳмат ҳамда Умида Ниязова ва Шарифа Мадраҳимовага нисбатан таъқибни оммавий равишда қоралаш;

2. Мазкур ҳужум аёл ҳуқуқ ҳимоячиларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолиятига эҳтимолий алоқадорлигини тан олган ҳолда зудлик билан тергов ўтказиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш мақсадида натижаларни эълон қилиш;

3. Умида Ниязова ва Шарифа Мадраҳимоваларнинг жисмоний ва руҳий хавфсизлигини таъминлаш;

4. Ўзбекистондаги барча ҳуқуқ ҳимоячилари ўз қонуний фаолиятини таҳдид ва таъқибдан қўрқмасдан амалга оширишларини кафолатлаш.

Тағин ўқинг
11 декабр 2017
5 декабрда Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўлими ва уларнинг ўлдирилиши ҳолатлари кўпайиши тенденцияси мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳисоботини ...
27 декабр 2016
Телеграмда тарқалган видеода Тошкентнинг ТТЗ бозорида каллаи саҳарлаб тухум олиш учун навбатда турган тумонот одамни кўриш мумкин. Изохларга кўра, ...
10 июл 2016
Москвадаги ARTSTORY галереясида кўргазмага қўйилган асарлардан олтмишинчи йиллар Совет Ўзбекистонининг нафталин ифори таралади. Июл сўнггига қадар Москвада “Шарққа мафтунлик” ...
24 март 2018
Сил (туберкулёз) касаллигига қарши кураш халқаро куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ташаббуси билан ҳар йили нишонланадиган эсдалик санадир. Бу ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...